Norma.uz

Пенсионерларнинг шахсий карточкалари

 

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 4.04.2017 йилда 2657-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тузатишлар киритилди.

 

Энди шахсий карточкалар (тайинланган пенсия ва нафақалар тўғрисидаги маълумотлар қайд этиладиган ҳужжатлар) фақат электрон кўринишда юритилади ва ахборот тизимида расмийлаштирилади.

Шунингдек Пенсия жамғармаси бўлимлари пенсия ва нафақаларни банк пластик карточкалари орқали тўлаш учун маблағларни ўтказиш мақсадида тўлов топшириқномалари ва қайдномаларни энди ахборот тизими орқали юборадилар.

Қўшимча равишда таъкидланганидек, пенсионер ва нафақа олувчиларнинг маблағлари уларга кирим қилинган сана улар тўланган сана деб ҳисобланади.

Карточкаларга маблағлар пенсионерлар ва нафақа олувчилар вафот этган санадан сўнг кирим қилинган ҳолларда, Пенсия жамғармаси бўлимлари уларни вафот этганларнинг ҳисобварағидаги қолдиқ маблағлар ҳисобидан қайтариш тўғрисида тегишли тижорат банклари филиалларига хат юбориш орқали қайтариш чораларини кўради.

Ҳужжатга бошқа айрим ўзгартиришлар ҳам киритилган.

 

Буйруқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 10.04.2017 йилдаги 14-сонида расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.

 

 

Ҳарбий пенсионерлар учун танлов

 

Мудофаа вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази қарори (АВ томонидан 13.04.2017 йилда 2874-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ҳарбий хизматчилар орасидан пенсионерларни ҳарбий-академик лицейлар, шунингдек академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Ҳарбий пенсионерлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш жараёнига янада кенгроқ жалб этиш мақсадида ишга қабул қилиниши белгиланди.

Тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган ҳарбий пенсионерлар ҳарбий-академик лицейда педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Директор, унинг ўринбосари, ўқитувчи бўш (вакант) лавозимларига номзодларни танлаш тартиби махсус низомлар (Президентнинг 28.02.2005 йилдаги Ф-2146-сон фармойиши билан тасдиқланган; АВ томонидан 28.03.2005 йилда 1461-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.

 

Муайян таълим муассасаларида ишловчи ҳарбий пенсионерлар 100 фоизлик пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

 

Бўш (вакант) директор лавозимига танловда иштирок этиш хоҳишини билдирганлар танлов эълон қилинган кундан эътиборан 1 ой муддат ичида ҳудудий ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасига қуйидаги ҳужжатларни топшириши лозим:

► ариза;

► паспорт нусхаси;

► пенсия гувоҳномаси нусхаси;

► Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги ҳарбий хизматчининг гувоҳномаси;

► сўровнома;

► таржимаи ҳол;

► олий маълумот тўғрисидаги дипломининг нусхаси;

► меҳнат дафтарчаси (мавжуд бўлса).

Ҳарбий-академик лицей директори мудофаа вазири билан келишилган ҳолда олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан лавозимга тайинланади. Директорларнинг ўқув, маънавий-маърифий ва маъмурий-хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда ўқитувчилари эса Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган ҳолда ҳарбий академик лицей директори томонидан лавозимга тайинланади. Директорнинг ўринбосарлари ёки ўқитувчилари лавозимига тайинлашда улар ҳақда туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимининг фикри олинади.

Лицейлар ва коллежларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани раҳбари лавозимига қабул қилиш Чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этиш ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 18.12.2014 йилдаги 348-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланган.

Ходимни туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими билан келишган ҳолда лицей ёки коллеж директори ушбу лавозимга тайинлайди.

Лицей ва коллежларнинг бўш (вакант) маънавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосари ҳамда тарбиячиси лавозимига номзодлар умумий асосларда тайинланади.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 17.04.2017 йилдаги 15-сонида расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.

 

Олег Заманов, Сардор Жумашов,

«Norma Online» экспертлари.

 

Маълумот учун!

ШЖБПҲга ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасига эга бўлмаган ходимни ишга ҚАБУЛ ҚИЛИШДА, иш берувчи 5 кун муддатда Халқ банки филиалига жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҲИСОБГА ҚЎЙИШ учун ишга қабул қилинган ходимнинг шахсий маълумотлари кўрсатилган сўровномани тақдим этиши шарт.

 

 

 

Мавсумий ишчиларга пенсия ҳисоблаб ёзиш хусусиятлари

 

Мавсум йил ўрнига ҳисобланганда

 

Вақти-вақти билан қўшимча ишчи кучи – мавсумий ишчиларни жалб этишга эҳтиёж сезувчи саноат тармоқлари мавжуд. ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев уларга пенсия қандай ҳисоблаб ёзилиши ҳақида сўзлаб берди.

 

– Қандай тоифадаги ходимларни мавсумий ишчилар сирасига киритиш мумкин?

– Агар умуман сўз юритсак, ушбу тоифага тармоқ (қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, мелиоратив ва сув хўжалиги қурилиши, уй-жой-коммунал хўжалиги ва ҳ.к.) хусусиятига қараб муддатли шартнома бўйича ишларда банд бўлган ходимларни киритиш мумкин.

– Пенсия ҳисоблаб ёзишда муайян имтиёзлар мавжудми, мавсумий ишчиларнинг стажи қандай ҳисоблаб чиқарилади?

– Мавсумий ишларда банд бўлган ходимлар фақат иш стажини ҳисоблаб чиқариш учун назарда тутилган имтиёзга эгалар. Чунончи, саноатнинг мавсумий тармоқлари ташкилотларида банд бўлган ходимларнинг тўлиқ мавсум давомида ишлаши 1 йил сифатида, тўлиқсиз мавсум давомида ишлаши эса – амалдаги давомийлиги бўйича ҳисобга олинади.

Бироқ мазкур имтиёз барча мавсумий ходимларга татбиқ этилмайди. Қуйидагиларда тўлиқ бир мавсум ишлаш пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқлари ҳисобланади (Рўйхат, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Низомга 5-илова):

1) пахта тозалаш саноати корхоналаридаги ишлар:

а) пахтани қуритиш;

б) пахтани тозалаш;

в) пахтани юклаш, тушириш;

г) пахтани пневмотранспортга ортиш;

д) қуритиш-тозалаш цехини йиғиштириш ва иситиш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини чиқариб ташлаш;

2) саноатнинг қанд-шакар ва консерва ишлаб чиқариш тармоқлари корхоналаридаги ишлар.

 

МИСОЛ. Ишчи тўлиқ 7 мавсумда пахта тозалашда банд бўлган. Бу вақт унга пенсия ҳисоблаб ёзишда 7 йил сифатида иш стажига киритилади.

 

Президентнинг «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (29.03.2017 йилдаги ПҚ-2856-сон) билан юқорида кўрсатилган Рўйхатни кенгайтириш назарда тутилган.

Чунончи, пилла ишлаб чиқарувчи ипакчилик тармоғи ташкилотларида меҳнат шартномалари, шу жумладан касаначилик асосида тут ипак қурти тирик пилласини етиштириш ишини Рўйхатга киритиш топширилди.

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга бошқа имтиёзлар назарда тутилмаган.

Бошқаларда бўлганидек, уларнинг ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи ҳам умумий қоидага биноан белгиланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси). Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар Қонун 37-моддаси 1-қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда (Қонуннинг 29-моддаси) тайинланади (Қонуннинг 8-моддаси).

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги 10 йили давомидаги исталган кетма-кет 5 мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини 60 га бўлиш йўли билан аниқланади (Қонуннинг 31-моддаси 5-қисми).

 

 

 

Мутахассис тушунтиради

 

Тўлайликми ёки тўламайликми?

 

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий вилоят бошқармалари 2016 йил 1 январгача пенсияга чиққан ходимларга имтиёзли пенсиялар тўлаш харажатларини қопловчи компенсацияларни ундириш ҳақидаги даъво аризалари билан суд органларига мурожаат қилиши ҳоллари сўнгги пайтда амалиётда кўп учрамоқда.

Шу ўринда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 66-моддаси 2-қисми 2016 йил 1 январдан амалга жорий этилганлигини қайд этиб ўтиш лозим.

Шу муносабат билан жорий этилган ўзгартиришлар ходимлари 2016 йил 1 январгача бўлган даврда имтиёзли пенсияга чиққан корхона ва ташкилотларга татбиқ этилиш-этилмаслигини тушунтириб беришингизни сўраймиз. Агар татбиқ этилса, бунга қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асос бўлади?

Р.Қосимов.

 

– Ҳақиқатан ҳам, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар меҳнатга ҳақ тўлаш учун мўлжалланган маблағлардан ходим пенсия ёшига етгунига қадар (Қонуннинг 7-моддаси) Қонун ­12-моддасининг «б»–«е» бандларига мувофиқ пенсиялар тўловига кетадиган харажатларни қоплайдиган ҳақни 1994 йилда тайинланадиган пенсиялар бўйича 80% миқдорида, 1995 йилда тайинланадиган пенсиялар бўйича 90% ҳамда 1996 йил ва ундан кейинги йилларда тайинланадиган пенсиялар бўйича 100% миқдорида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўлайдилар (Олий Кенгашнинг 3.09.1993 йилдаги 939-XII-сон қарори 3-банди).

Қонун 66-моддаси 2-қисмининг 1.01.2016 йилгача амал қилган таҳририга мувофиқ, корхоналар ва ташкилотлар меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик учун тайинланган пенсияларни тўлаш, шунингдек ходим пенсия ёшига тўлгунга қадар ушбу Қонун 12-моддасининг «б»–«ж» бандларига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлаш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига харажатларни қоплайдилар.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунга (22.12.2010 йилдаги ЎРҚ-272-сон) мувофиқ, 66-модданинг 2-қисми янги таҳрирда баён этилди (1.12.2016 йилдан кучга кирди). Энди корхоналар нафақат ногиронлик бўйича пенсияларни ва Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ (1.01.2016 йилдан «в»–«ж» бандлар чиқариб ташланди), балки боқувчисини йўқотганлик учун пенсияларни ҳам тўлаганлик учун Пенсия жамғармасига пул ўтказадилар.

Юқорида келтирилган норма «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 23.12.2014 йилдаги 357-сон қарорига 1-илова) 1-банди 5–7-хатбошилари, шунингдек 2-бандида акс эттирилган. Унга мувофиқ, корхоналар ва ташкилотлар томонидан пенсияларни тўлашга харажатларни қоплашга тўлов Низомда назарда тутилган тартибда:

► ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик пенсиялари бўйича 2016 йил 1 январдан бошлаб;

► Қонуннинг 12-моддаси «в»–«ж» бандларига мувофиқ тайинланган пенсиялар бўйича 2016 йил 1 январгача амалга оширилади.

 

 

 

Расмий жавоб

 

Нафақа лозим бўлмайди

 

Синглим битта боласини ёлғиз ўзи тарбиялайди. У болани 16 ёшгача парваришлаш нафақасини олиш учун маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилди. Бироқ иш билан таъминланган оила аъзолари борлигини ҳисобга олиб, ушбу нафақани тайинлашни рад этдилар. Синглим ота-онасининг қарамоғида. Маҳалла фуқаролар йиғинининг хатти-ҳаракатлари қанчалик тўғри, ушбу масалани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар борми?

Ж.Туллаев.

 

– Ушбу ҳолат Кам таъминланган ­оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарорига 1-илова) билан тартибга солинади. У фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Нафақа ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган ЭКИҲнинг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади. Агар у мазкур миқдордан кўп бўлса, нафақа тайинлаш рад этилиши мумкин.

Нафақа олиш учун оила таркибига:

► болаларнинг отаси, онаси ёки никоҳдаги ҳар икки ота-онаси (фарзандликка олувчилар);

► ота-оналар билан бирга яшайдиган ва уларнинг қарамоғида бўлган болалар, шунингдек ота-оналар билан биргаликда яшайдиган ва ўз оилаларига эга бўлмаган 16 ёшдан катта ёшдаги болалар (шу жумладан, фарзандликка олинган болалар);

► болаларнинг улар билан биргаликда яшайдиган боболари ва бувилари;

► болаларнинг ота-оналари (фарзандликка олувчилар) билан биргаликда хўжалик юритувчи бошқа шахслар киритилади.

Оиланинг биргаликда яшовчи ­аъзолари таркиби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан белгиланади.

Оиланинг жами даромадига унинг аъзолари томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади:

► меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;

► мулкий даромадлар;

► якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади;

► чет элда ишлайдиган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзоларидан пул тушумлари суммаси;

► пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар (Низомда назарда тутилган тартибда оила олаётган нафақа ёки моддий ёрдамдан ташқари);

► шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган даромад;

► қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа даромадлар.

Меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар ҳисоблаб ёзилган сумма бўйича ҳисобга олинади (солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегириб ташлангунга қадар).

 

 

Фермер эътиборига

 

Агар деҳқон хўжалиги 2016 йил июнда рўйхатдан ўтказилган бўлса, унинг бошлиғи 2016 йилда қанча миқдорда суғурта бадалларини тўлаши керак эди? Агар бадаллар 4,5 ЭКИҲдан кам бўлса, бу йилнинг қайси даврлари иш стажига киритилади?

 

– Деҳқон хўжаликлари учун йилига ЭКИҲнинг 4,5 баравари миқдоридаги суғурта бадаллари назарда тутилган (Солиқ кодексининг 311-моддаси). Агар у июнда ташкил этилган бўлса, деҳқон хўжалигининг бошлиғи белгиланган бадалнинг ярмини, яъни ЭКИҲнинг 2,25 бараварини тўлаши керак. Тегишинча, иш стажи деҳқон хўжалиги ташкил этилган кундан бошлаб ҳисобга олинади, яъни бу 2016 йил июнда амалга оширилган ва суғурта бадаллари, тегишинча, тўланган бўлса, 2016 йил июндан декабргача бўлган давр иш стажига киритилади.

 

* * *

Деҳқон хўжалиги 2.10.2016 йилда рўйхатдан ўтказилган. Деҳқон хўжалиги бошлиғи 2016 йилда суғурта бадалларини қанча миқдорда тўлаши керак эди? Агар уларни тўлаш мажбурияти бўлмаса, бу даврлар иш стажига киритиладими?

– Юқорида айтилганидек, деҳқон хўжалиги бошлиғида 3 ой, яъни 2016 йил октябрь–декабрь учун суғурта бадалларини тўлаш мажбурияти юзага келади. Шуни қайд этиш зарурки, суғурта бадаллари тўланган даврларгина иш стажига киритилади.

 

Маълумот учун!

Деҳқон хўжалиги аъзоси Пенсия жамғармасига тўлаган суғурта БАДАЛЛАРИ ҲИСОБИНИ унинг ДОИМИЙ ЯШАШ жойидаги солиқ органи ва Пенсия жамғармаси бўлими юритади.

 

* * *

Деҳқон хўжалиги бошлиғи 2017 йил январда энг кам иш ҳақининг 4,5 баравари миқдорида 2017 йил учун суғурта бадалларини тўлади, февралда эса Пенсия жамғармаси бўлимига пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилди. Унинг иш стажига неча ой киритилади?

– Агар деҳқон хўжалиги бошлиғи 2017 йил февралда пенсия ёшига етган ва, тегишинча, унга февралдан бошлаб пенсия тайин ланган бўлса, 2017 йил учун суғурта бадаллари тўлиқ тўланганидан қатъи назар, иш стажига фақат январь киритилади. Сабаби ёшга доир пенсия тайинланганидан кейинги ишланган вақт уни ҳисоблаб чиқариш учун стажга қўшиб ҳисобланмайди (Қонуннинг 37-моддаси 5-қисми).

 

* * *

2016 йилдан бошлаб деҳқон хўжаликлари бошлиқлари суғурта бадалларини мажбурий тартибда тўлашлари керак. Деҳқон хўжалигида ишловчилар учун иш стажини ҳисоблаб чиқариш тартиби қандай?

– Мазкур тартиб Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова) акс эттирилган.

Низомга мувофиқ, Солиқ кодексининг 311-моддасида белгиланган суғурта бадаллари миқдори (йилига камида ЭКИҲнинг 4,5 баравари) тўланганда деҳқон хўжалиги аъзоларига иш стажини ҳисоблаб чиқишда шу йилни қўшиш ҳуқуқи берилади.

 

 

ШЖБПҲ мерос сифатида

 

Ходим пенсия ёшига етмай, тўсатдан вафот этди. Унинг ШЖБПҲда пенсия жамғармаси бор. Меросхўрлари уни мерос сифатида олишга ҳақлими? Агар ҳақли бўлмаса, эгаси вафот этган тақдирда бу маблағлар нима қилинади?

Л.Мохина. Тошкент ш.

 

Ҳа, ҳақлилар. Фуқаро вафот этган тақдирда, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади. Жамғариб бориладиган пенсия тўловлари олувчининг яшаш жойидаги Халқ банки филиали томонидан берилади («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси).

Қонунга кўра мерос қолдирувчининг қариндошлари ва қарамоғидагилар меросхўр бўлиши мумкин. Мерос олиш жараёни мерос очилишидан бошланади. Фуқаро вафот этган кун мерос очилган кун ҳисобланади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома мерос очилган кундан бошлаб 6 ой ўтгач берилади (АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома).

 

 

Тасдиқлаш жараёнида

 

Ҳарбий-саноат комплексига кирувчи корхоналар рўйхатини белгиловчи муайян ҳукумат қарори мавжудми?

Мудофаа вазирлиги пенсионерлари.

 

– ЎзР Мудофаа вазирлигидан олинган ахборотга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий-саноат комплекси таркибига кирувчи корхона ва ташкилотлар рўйхатини тузиш ҳозирча ишлаб чиқиш босқичида турибди. Рўйхат норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тасдиқланиши назарда тутилмоқда.

 

 

ЭКИҲдан келиб чиқиб

 

Меҳнат кодексининг 155-моддасига мувофиқ, муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас. Бироқ ушбу қоидага риоя этмаслик ҳоллари мавжуд. Агар ходимга биринчи разряддан оз иш ҳақи ҳисоблаб ёзилган бўлса, ушбу давр пенсияга чиқишда иш стажида ҳисобга олинадими ёки мазкур норма иш берувчини тегишли жавобгарликка тортиш учун асос саналадими?

А.Резепов. Тошкент ш.

 

– Маълумки, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а» банди).

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақига қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади (Қонуннинг 32-моддаси 1-қисми).

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун ўртача ойлик иш ҳақи ЭКИҲдан кам бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ мавжуд бўлмаган ҳолларда пенсия энг кам иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади.

Юқорида баён этилганлардан кўринганидек, қонун ҳужжатларида пенсия тайинлаш ва иш стажини ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи миқдорлари юзасидан алоҳида талаблар мавжуд эмас. Саволингизда қайд этилган талаб эса иш берувчининг жавобгарлигини акс эттиради.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси
ижроия аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

 

Буни билиш муҳим

 

Ишловчи пенсионерлар қаторида

 

Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди (АВ томонидан 3.04.2017 йилда 2222-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган), унга мувофиқ тўлиқ миқдорда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган ишловчи пенсионерлар тоифасига қуйидагилар ҚЎШИЛДИ:

 

► Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳудудий кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари;

► Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг барча ходимлари;

► Мудофаа вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси, олий ҳарбий таълим муассасалари ўқитувчилари ва илмий ходимлари;

ҳарбий-академик лицейлар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва ўқитувчилари, шунингдек республика академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг бошланғич ҳарбий тайёргарлик бўйича раҳбарлари;

ҳарбий-саноат комплексининг таркибига кирувчи корхоналарнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимлари жумласига кирадиган мутахассислари сифатида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳарбий хизматчилари;

► ИИВ, ФВВ, МХХ ва ДБҚнинг:

МХХ институти, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби, Махсус тайёргарлик ўқув маркази, Радиоэлектрон тизимлар ва ахборот технологиялари маркази, шунингдек ФВВ Фуқаро муҳофазаси институти, аҳоли ва раҳбар ходимларни тайёрлаш ҳудудий марказлари ва бошқа олий ҳарбий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва илмий ходимлари;

республика академик лицейлари ва касб-ҳунар коллежлари маънавият ва маърифат ишлари бўйича раҳбар ўринбосарлари ва тарбиячилари;

ҳарбий-саноат комплексининг таркибига кирувчи корхоналарнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимлари жумласига кирадиган мутахассислари сифатида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳарбий хизматчилари ва ходимлари.

Башарти ҳарбийлаштирилган тузилмалар вакиллари бошқа жойларда ўриндошлик асосида ишламасалар, пенсияни 100% миқдорида оладилар.

 

 

 

Уларда қандай

 

Солиқ имтиёзлари ва 50 фоизлик чегирма

 

Имтиёзлар кексаларга ғамхўрлик қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Солиқларни тўламаслик, транспортда бепул юриш имконияти ва бошқа имтиёзлар уларнинг турмушини енгиллаштиради.

 

Россиялик пенсионерлар учун имтиёзлар рўйхатига бир қатор солиқларни тўлашдан озод қилиш киради. Улар мол-мулк солиғини (уй, квартира, гараж ёки бошқа хонадан) тўламайдилар. Имтиёзни ишловчи пенсионерлар ҳам оладилар. Агар пенсионер мол-мулк солиғини тўлаган бўлса, гувоҳнома тақдим этганидан кейин солиқ хизмати солиқ тушумларини қайта ҳисоблаши ва тўланган пулларни қайтариши шарт.

Транспорт солиғини тўлашга имтиёз РФ субъектларининг қонунлари билан белгиланади, яъни ҳар бир минтақа ушбу солиқ бўйича ўз имтиёзларини ўрнатади (ёки ўрнатмайди).

Кўчмас мулк харид қилинганда, янги қурилишда ва якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари харид қилинганда пенсионер ЖШДС бўйича солиқ чегирмаси олиш ҳуқуқига эга.

Пенсионерларга манзилли ёрдам назарда тутилган. Мушкул ҳаётий вазиятга тушиб қолганлар уни пул ёки озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена воситалари, кийим-кечак ва бошқа энг зарур нарсалар кўринишида олишлари мумкин.

Пенсионерлар (60 ёшдан 99 ёшгача) ҳар 3 йилда диспансеризациядан ўтади. Ҳар йили ёшидан қатъи назар – уруш ногиронлари, «Қамалдаги Ленинград фуқаросига» белгиси билан тақдирланган шахслар ва ногиронлар ундан ўтадилар. Ногирон фахрийлар ҳам бепул санаторий йўлланмаларини олишга ҳақлилар. 60 ёшдан ошган фуқаролар гриппга қарши эмлаш дорисини ҳар йили текинга олишлари мумкин.

80 ёшдан ошган кексалар пенсиясининг суғурта қисми миқдори 2 баравар ошади. Шунингдек улар қаровчи кишига пул тўлаб, парвариш олишлари мумкин. Боқувчи қариндошлари ёки мутлақо бегона шахсларнинг парваришлаш вақти келгуси пенсия учун суғурта стажига албатта киритилади.

Меҳнат фахрийлари шаҳар йўловчи транспортининг барча турларида (таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар.

Уй-жой, коммунал хизматлар ва ҳ.к. ҳақини тўлашда ҳам 50 фоизлик мавсумий чегирмалар назарда тутилган.

 

Ўзбекистон пенсионерлари учун Солиқ кодекси билан мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича имтиёзлар назарда тутилган. Чунончи, пенсионерлар мулкидаги мол-мулкка 60 кв.м чегарасида (солиқ солинмайдиган энг кам ҳажм) мол-мулк солиғи солинмайди. Ёлғиз (алоҳида уйда бир ўзлари ёки вояга етмаган болалар ёхуд ногирон бола билан бирга яшайдиган) пенсионерлар эса ер солиғини тўлашдан озод қилинади. Бундан ташқари, пенсионер жисмоний шахслар учун қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа имтиёзлардан ҳам умумий асосларда фойдаланишга ҳақли.

Пенсионерларнинг муайян тоифаси ҳар ойда уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойда пуллик компенсация олади.

Пенсионерлар метрополитенда (соат 10.00 дан 16.00 гача) бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар.

Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчилари, пенсионерлар авиа– ва темир йўл чипталарини сотиб олишда чегирмалардан фойдалана оладилар.

Ҳар йили санаторий-курортларда бепул даволаниш ҳуқуқига эга бўлган кекса ёшдаги шахслар рўйхати кенгайтирилди. Бошқа имтиёзлар ҳам мавжуд.

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 2038 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2020-06-16 17:04:17, Гость_Разикова Илмира Садуллаевна:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика