Сурхондарё вилояти Ангор тумани аҳолисининг аксарияти деҳқончилик билан шуғулланади, бу ерда карам, гулкарам, лавлаги, кўкат каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Ички бозор эҳтиёжларидан ортиб қолган маҳсулотлар эса экспортга йўналтирилаяпти.
Шу ўринда юртимизда ўрнатилган тартиботлар, яъни экспорт божхона тўловларининг бутунлай бекор қилинганлиги, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун тўловларнинг 2 баробар камайтирилганлиги, шунингдек 2017 йилнинг 1 январидан маҳсулотларнинг экспорти бўйича тузилган шартномалар божхона органларида ҳисобга қўйилмаслиги, хорижга йўналтирилган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатлар аввалгидек 3 иш кунида эмас, балки 1 иш кунида тақдим этилиши тадбиркорнинг вақти ва молиявий харажатлари қисқаришига хизмат қилаётганини таъкидлаш керак.
Пировардида шу кунгача 870 минг АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги 5 минг тонна карам маҳсулоти Сурхон воҳасидан четга экспорт қилинди.
– Томорқа ва ҳовлимдаги жами 2 500 м2 (25 сотих) еримга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экдим ва бугунги кунгача экспорт учун ҳар бир килосини 3 500 сўмдан, жами 4 тонна карам топширдим, – дейди биз билан суҳбатда Ангор тумани «Илғор» маҳалласида яшовчи Мурод Жумаев. Унинг таъкидлашича, 2 500 м2 ер майдонида 10 тоннагача карам етиштириш мумкин.
– Биз оилавий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланамиз, асосий даромадимиз ана шундан. Биз – деҳқонлар учун қулайлик сифатида маҳалламизнинг ўзида махсус марказлар ташкил қилиниб, шу ернинг ўзида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспортчилар томонидан харид қилинаяпти. Бу эса ишимизни енгиллаштириб, етиштирган маҳсулотларимизни сотиш учун харидор қидиришдек сарсонгарчиликлардан ҳоли бўлишимизга имконият яратди, – дея қўшимча қилди унинг акаси Эркин Жумаев.
Айтиш керакки, юқорида таъкидланган махсус марказларда божхона кўриги ва расмийлаштируви жараёнлари 24 соат давомида амалга оширилмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ва товарбоп кўриниши бузилмай, тез фурсатда четга экспорт бўлишига хизмат қилаяпти.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинаётган мазкур майдонларда бу жараён амалга оширилишидаги тартиб-таомиллар, сертификатлар учун тўлов нархлари ҳамда бевосита иштирок этувчи ташкилотлар рўйхати, уларнинг масъул ходимлари тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар келтирилган бўлиб, унда Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг (376) 225-24-51 рақамли «Ишонч телефони» ҳам кўрсатилган.
Гавҳар Маҳмудхонова,
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати ходими.