Norma.uz

Ҳар бир лавозимга яраша талаб

 

Даъвогарларнинг таълим йўналишлари классификаторлари бўйича код мавжуд лавозимга доим мос тушавермайди.

Ушбу кодлар лавозимлар номига мос келиши керакми?

А.Умаров.

 

Умуман олганда ҳа, лекин ҳар доим ҳам мос келавермайди.

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчиларнинг асосий касблари номлари Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг классификаторида (ВМнинг 19.06.2015 йилдаги 164-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – ­ХАЛИКК) келтирилган. У хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларини тизимлаштириш, ишчиларнинг иш разрядлари диапазонини ва хизматчиларнинг лавозимлари тоифаларини белгилаш, шунингдек таълимнинг йўналиши ва даражасига қўйиладиган талабларни аниқлаш учун мўлжалланган. ХАЛИКК хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари номларидан фойдаланиш юзасидан – ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувларни қайд этишда, меҳнат шартномалари тузишда, буйруқларни расмийлаштиришда, хизматчиларнинг лавозимларини ходимлар тоифаларига киритишда мажбурий ҳисобланади. У ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича тариф разрядларини белгилаш юзасидан – Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида, хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек устав капиталида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган ташкилотларда қўлланилиши мажбурий ҳисобланади. Бошқа ташкилотлар учун эса – тавсия хусусиятига эга.

Таълим йўналиши юзасидан – барча ташкилотлар учун тавсия хусусиятига эга (ВМнинг 19.06.2015 йилдаги 164-сон қарорига илованинг 4-банди).

ХАЛИКК «Ишчиларнинг асосий касблари» деган ­1-бўлим ва «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари» деган 2-бўлимдан иборат.

Хатингизда лавозимлар ҳақида сўз юритилгани сабабли (улар эса хизматчилар учун белгиланади) 2-бўлимга эътибор қаратамиз. У хизматчиларнинг лавозимлари номларини (алифбо бўйича) ва уларга мувофиқ бўлган Машғулотларнинг миллий стандарт классификатори (ММСК) кодларини, ходимларнинг тоифалари кодларини, таълимнинг энг паст даражасини, шунингдек Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими мутахассисликларини тайёрлаш йўналишлари, касблар ва мутахассисликлар классификатори (ЎМКТМТЙМК) ҳамда Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори (ОТЙМК) бўйича кодларни ўз ичига олади.

ЎМКТМТЙМК ва ОТЙМКда таълим даражалари, билимлар ва таълим соҳалари, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар 7 та рақамли код билан белгиланади:

1-рақам таълим дастурининг даражаси кодини белгилайди: «3» коди – ўрта махсус касб-ҳунар таълими, «5» ва «5А» кодлари – тегишли равишда «бакалавр» ва «магистр» академик даражалари учун;

2-рақам – билимлар соҳаси коди;

3-рақам – таълим соҳаси коди;

4 ва 5-рақамлар – таълим йўналиши коди*;

6 ва 7-рақамлар – мутахассисликлар коди (ОТЙМКда кўрсатилмаган мутахассисликлар кодлари «00» рақамлари билан белгиланади).

Хизматчининг аниқ лавозимини танлашда ЎМКТМТЙМК ва ОТЙМК бўйича кодлар унинг номига доим мос келмаслиги мумкин. Масалан, ХАЛИККда 5230900 (бухгалтерия ҳисоби ва аудит (тармоқлар бўйича) таълим йўналиши коди билан белгиланган бухгалтер лавозимига ХАЛИККда мавжуд бўлмаган, ОТЙМК бўйича 5230500 (таълим йўналиши – божхона иши) коди билан олий маълумотли даъвогар ишга қабул қилиниши мумкин. Аслида, гувоҳи бўлганимиздек, тўртинчи ва бешинчи рақамлари «05» бўлган ОТЙМК бўйича даъвогарнинг таълим йўналиши коди «09» рақамлари билан белгиланган ушбу лавозимнинг худди шундай кодига мос келмаяпти.

Шуни ҳам қайд этиб ўтамизки, ХАЛИККда ОТЙМК бўйича таълим йўналишларининг қуйидаги кодлари ҳам мавжуд эмас:

5220300 – архив ишини юритиш (документалистика, ҳужжатларни юритиш ва архив ишини юритиш);

5231200 – суғурта иши;

5231500 – баҳолаш иши;

5240200 – юриспруденция (ислом ҳуқуқи).

Шунга қарамай, ХАЛИКК барча ташкилотларга шахсларни, уларнинг таълим йўналишидан қатъи назар, ишга қабул қилиш имконини беради. Асосийси – улар талаб қилинадиган маълумотнинг энг паст даражасига жавоб берсалар, шунинг ўзи кифоя.

Шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, айрим ҳолатларда талаб қилинадиган маълумотнинг энг паст даражасига ёки йўналишига эга бўлмаган, лекин етарли даражада амалий тажрибага эга бўлган, ўзларига юкланган лавозим вазифаларини тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажарадиган ходимлар, агар қонунчиликда бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, маълумотнинг тегишли даражасини ёхуд маълумотнинг бошқа йўналишини талаб қиладиган лавозимга қабул қилиниши мумкин (ХАЛИККнинг 19-банди).

Бундан ташқари, ХАЛИККнинг 2-бўлимига хизматчиларнинг ҳосила лавозимлари номлари (бўлинма раҳбарининг ўринбосари, ёрдамчи, бош, етакчи, катта, кичик, участка ва ҳоказо) киритилмаган. Бундай ҳолларда ХАЛИККда кўрсатилган ЎМКТМТЙМК ва ОТЙМК бўйича кодлар хизматчиларнинг аниқ, бироқ ҳосила лавозимларига мос келмаслиги тушунарли. Бироқ ушбу ходимларнинг лавозим мажбуриятлари, билим, кўникма ва таълим даражасига талаблар тегишли асосий лавозимларга қўйиладиган талабларга қараб белгиланади.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online» етакчи эксперти.

 


*Таълим йўналиши – таълим муассасасида битирувчи томонидан тегишли даражадаги таълим дастури бўйича эгалланган ва улар томонидан касбий ёки лавозим фаолиятининг муайян тури бажарилишини таъминлайдиган базавий ва фундаментал билимлар, ўқув ва кўникмалар йиғиндиси.

Прочитано: 2834 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика