Norma.uz

Жадвалга биноан таътил

 

Тасдиқланган таътиллар жадвалига биноан ходимнинг навбатдаги меҳнат таътилининг бир қисми апрелга тўғри келяпти, бироқ иш берувчи айрим сабабларга кўра уни апрелда таътилга чиқаришдан бош тортяпти.

1. 2 ҳафта олдин таътилга ариза ёзган ходим раҳбарнинг розилигисиз илгари тасдиқланган жадвалга биноан таътилга чиқишга ҳақлими?

2. Бу ҳолда раҳбар ходимга рад жавоби беришга ҳақлими?

Ж.Латипов.

 

1

Ҳа, унинг вақти жадвал билан белгиланган бўлса, ходим таътилга чиқишга ҳақли.

Йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади (МКнинг 144-моддаси).

Тасдиқланган жадвал барча ходимларнинг эътиборига етказилади. Одатда таътиллар жадваллари бўлинмаларда осиб қўйилади ёки ходимларга тилхат олиб эълон қилинади. Бироқ бу иш берувчининг ҳар бир ходимни таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиш мажбуриятини истисно этмайди.

Тасдиқланган таътиллар жадвалини иш берувчи ҳам, ходимлар ҳам бажаришга мажбур. Яъни на иш берувчи, на ходим жадвалда белгиланган таътилга чиқиш вақтини бир томонлама тартибда ўзгартиришга ҳақли эмас.

Агар жадвалда белгиланган таътил вақти ходимга маъқул келмаса, у иш берувчи ва ходимларнинг тегишли вакиллик органидан уни ўзгартиришни сўраши мумкин. Ходимнинг розилигига кўра унинг таътилга чиқиш вақти иш берувчининг ташаббуси билан ҳам ўзгартирилиши мумкин.

Таътиллар жадвалини тузаётганда, ходимларнинг хоҳиш-истакларидан ташқари, қонунда айрим тоифадаги ходимларга таътилдан йилнинг улар учун қулай бўлган вақтида фойдаланиш каби имтиёз назарда тутилганлигини ҳам инобатга олиш лозим. Бу ҳолда улар қачон таътилга чиқмоқчи эканликлари ҳақида ариза ёзишларини таклиф этиш мақсадга мувофиқ.

Жадвал тузаётганда ишлаётган эркакнинг турмуш ўртоғи ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида йиллик таътил олиш ҳуқуқини ҳам ҳисобга олиш зарур.

Иш берувчи 2 та ҳолатда ходимнинг ёзма аризасига мувофиқ унинг йиллик ҳақ тўланадиган таътилини бошқа вақтга кўчиришга мажбур (МКнинг 145-моддаси 4-қисми):

биринчидан, агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган бўлса;

иккинчидан, унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса.

 

2

Йўқ, бу ҳолда раҳбар ходимга рад жавоби беришга ҳақли эмас.

Агар иш берувчи тасдиқланган таътиллар жадвалига риоя этмаса ва ходимга таътил бермаса, МКнинг 134, 143, 144, 148-моддалари талабларини бузаётган бўлади.

Амалдаги қонун ҳужжатларида тўлиқ бўлмаган таътилни натура ҳолида бериш назарда тутилмаган. Шу сабабли биринчи иш йили (мазкур иш берувчида узлуксиз ишлаганига 6 ой ўтмасдан) аванс тариқасида таътил берилса, башарти ходим унга таътилнинг фақат бир қисмини беришларини сўрамаётган бўлса, у тўлиқ (белгиланган давомийликда) берилиши керак.

Таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун иш йилининг исталган вақтида, шу жумладан уни олиш ҳуқуқи юзага келишидан аввал (таътиллар жадвалига мувофиқ аванс тариқасида) берилиши мумкин (МКнинг 143-моддаси). Бироқ у тўлиқ, яъни белгиланган давомийликда бўлиши керак.

Шу тариқа, агар иш берувчи ходимларга улар учун қулай бўлган вақтда таътил берилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётган ёхуд тасдиқланган таътиллар жадвалини бузаётган бўлса, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига, прокуратура органларига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлилар.

Текширув давомида бундай ҳуқуқбузарликлар аниқланганда иш берувчи ЭКИҲнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдордаги жарима кўринишида маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин (МЖТКнинг 49-моддаси).

Агар иш берувчи ишлаб чиқариш зарурати туфайли ходимни қўйиб юбора олмайдиган бўлса, таътилни бошқа муддатга кўчиришга ходимнинг ёзма розилигини олиши, уни кўчириш ҳақида буйруқ тузиши, шунингдек таътиллар жадвалига ўзгартиришлар киритиши зарур.

 

Абдусалом Рисқуллаев,

«Norma Online» етакчи эксперти.

Прочитано: 1540 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика