Корхонамиз чакана савдо билан шуғулланади. Вақти-вақти билан мижозларимизга (жисмоний шахсларга) пуллик маслаҳатлар бериб, хизматлар кўрсатамиз. Жисмоний шахс билан шартнома тузамиз, бажарилган ишлар тўғрисида далолатнома берамиз. Бухгалтерияга қуйидагилар топширилади: шартнома + далолатнома, шартнома тузилган шахс паспортининг нусхаси ва терминал чеки (тўлов пластик карталар орқали амалга оширилади). Охирги марта семинарда тўрт киши қатнашди. Тўртталаси учун бир аёл турмуш ўртоғининг пластик картасидан пул тўлади.
1. Пуллик маслаҳат берганда шартномани қандай қилиб тўғри расмийлаштириш лозим – ҳар бир киши билан алоҳидами ёки пул тўлаган киши биланми?
2. Шартнома битта фамилияга расмийлаштирилгани, терминал чекида эса бошқаси (турмуш ўртоғининг картасидан) қайд этилгани аҳамиятга эгами?
Е.Майорова,
директор.
1 |
Фуқаролик қонунчилиги (ФКнинг 17–19-моддалари) нормалари талабларидан келиб чиқилса, мазкур вазиятда мижозларнинг ҳар биттаси билан алоҳида икки томонлама шартнома тузиш ёхуд уларнинг барчасини кўрсатган ҳолда кўп томонлама шартнома тузиш зарур (ФКнинг 102, 353-моддалари). Бунда ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги шартнома шартларида томонлар ўртасида келишган ҳолда уларни амалга ошириш муддатлари, усули ва бошқа жиҳатларини қайд этиш лозим.
2 |
Йўқ, аҳамиятга эга эмас.
Қонун ҳужжатларида банк муассасаларидан ташқарида амалга ошириладиган (мазкур вазиятда бўлгани каби) операциялар бўйича учинчи шахсларнинг банк пластик карточкасидан (БПК) фойдаланишда ҳеч қандай чекловлар белгиланмаган. Бировнинг (айниқса яқин қариндошига тегишли бўлган) БПКдан фойдаланиш далилининг ўзи унинг эгаси розилик билдирганини англатади.
Карта сақловчисидан* унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилувчи банк муассасалари орқали ҳисоб-китоб қилишда вазият буткул ўзгача бўлади (АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 31-банди). Бинобарин, агар тўловчи БПК эгаси бўлмаса, ундан ушбу БПКдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатни ҳам талаб қилишлари мумкин.
Товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчисининг мажбуриятлари рўйхатида мижозлар учинчи шахсларнинг БПКдан қонуний фойдаланаётганини назорат қилиш мажбурияти белгиланмаган (Низомнинг 40-банди).
*Мижоз билан банк карталарини тарқатувчи эмитент ёки банк ўртасида тузилган шартнома асосида банк картасидан фойдаланувчи мижоз ёки мижоз томонидан ваколат берилган шахс (АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1-банди «о» кичик банди).
Маҳкам Воҳидов, юридик фанлар номзоди, «Norma Online» эксперти.