Ҳозирда пенсияга чиққанлар учун асосий пенсиясидан ташқари, қўшимча ҳақ ишлаб топишга ҳам имконият яратилди. Ушбу нашрда сиз Пенсия жамғармаси бўлимида муаммолар юзага келмаслиги учун пенсионер ходим ва маъмурият ўртасида меҳнат муносабатларини қандай расмийлаштириш кераклиги ҳақида билиб оласиз.
Бундан ташқари, ўқувчиларимиз ва norma.uz сайтига ташриф буюрганлар дуч келган бир қанча вазиятлар юзасидан тушунтиришлар сиз учун қизиқарли бўлади.
Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.
Қонунчиликдаги янгиликлар
Пенсионерлар метрода бепул юриш ҳуқуқига эга бўлдилар
Ҳукуматнинг «Тошкент метрополитенида пенсионерларни бепул ташиш тўғрисида»ги (9.03.2017 йилдаги 128-сон) тегишли қарори имзоланди. Пойтахт фуқаролари ва меҳмонлари 15 мартдан бошлаб пенсия гувоҳномасини кўрсатиб, соат 10.00 дан 16.00 гача метрода бепул юриш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Пойтахт ҳокимиятида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур ҳуқуқдан қандай фойдаланиш ҳақида сўз юритилди.
Пенсионерлар махсус жетонларни метро жетонлари сотиладиган исталган кассадан олишлари мумкин. Бунинг учун Ўзбекистон фуқаросининг пенсия гувоҳномаси (шу жумладан соғлиғи ҳолатига кўра пенсияга чиққанлар гувоҳномаси) кўрсатилиши керак. Бошқа минтақалардан келган пойтахт меҳмонлари ҳам ушбу имтиёздан фойдаланишлари мумкин.
Пенсионерлар учун жетонлар оддий жетонлардан фарқ қилади. Бу имтиёздан фойдаланувчи йўловчиларнинг сонини ҳисобга олиш учун зарурдир. Имтиёзли махсус жетонлардан алоҳида турникетлардан ўтишда фойдаланилади.
– Бугунги кунда метро станцияларида пенсионерлар ўтиши учун махсус турникетлар ўрнатилган, 15 мартгача эса барча кассалар зарур миқдордаги пенсионерлар учун махсус жетонлар билан таъминланади, – дея тушунтириш берди «Тошкент метрополитени» УК ҳаракатланиш хизмати бошлиғи Дилшод Матсинов.
Қўшимча кўпроқ жетонлар олишнинг имкони бўлмайди, чунки пенсия гувоҳномаси кўрсатилганда фақат 1 жетон берилади. Бепул юриш учун жетон олиш ҳуқуқи пенсионернинг ўзигагина тақдим этилади.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, ушбу ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори (23.01.2017 йилдаги 31-сон) ижросини таъминлаш, шунингдек кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳар бири тўғрисида ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжатда шунингдек бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланувчи пенсионерларнинг ҳар кунги сони ҳисобини юритиш тартиби белгиланган. Келиб тушиши мумкин бўлган даромадлар эса давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Саида Жонизоқова,
мухбиримиз.
Кадрлар бўйича инспекторлар эътиборига
Шартнома тузган маъқул
Ҳозир пенсияга чиққан кишиларда асосий пенсиясига қўшимча равишда пенсиянинг энг кам миқдордаги маблағни ҳам ишлаб топиш имкони мавжуд. ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев пенсионер ходим билан маъмурият ўртасидаги меҳнат муносабатларини Пенсия жамғармаси бўлими билан муаммо юзага келмайдиган қилиб қандай расмийлаштириш кераклиги ҳақида сўзлаб берди.
– Ишга қабул қилиш чоғида маъмурият билан шартнома тузамиз. Ишловчи пенсионер учун бу меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўлиши мумкин. Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома қандай муносабатларни тартибга солади? Уни ким тузади? Меҳнат шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий шартномадан нимаси билан фарқланади? Фуқаролик-ҳуқуқий шартномани қанча муддатга тузиш мумкин? Қандай турдаги ишлар ва хизматлар учун бундай шартнома тузилади ёки ишлар ва хизматларнинг муайян рўйхати мавжудми?
– Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномадан (ФҲШ) келиб чиқувчи ҳуқуқ ва мажбуриятлар Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.
ФҲШ буюртмачи (юридик ёки жисмоний шахс) ва ижрочи (жисмоний шахс) ўртасидаги муносабатларни тартибга солади. Уни буюртмачи (юридик ёки жисмоний шахс) ижрочи (жисмоний шахс) билан тузади.
Меҳнат шартномаси иш берувчи билан штатдаги ходим ўртасида тузилади.
Одатда, фуқаролик-ҳуқуқий шартнома муайян даврга (вақтинчалик бир марталик иш) тузилади, унинг давомида ижрочи унда назарда тутилган мажбуриятларни бажаришни зиммасига олади. Меҳнат шартномалари эса: номуайян муддатга; 5 йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга; айрим ишни бажариш вақтига тузилиши мумкин.
ФҲШ тузиш учун ишлар ва хизматларнинг белгиланган рўйхати мавжуд эмас. Бироқ амалиётда бундай шартномалар техник, тиббий (ветеринария), бухгалтерия, аудиторлик, ҳуқуқий ва бошқа маслаҳатлар бериш, алоқа хизматлари, товарлар ва материалларни ўрнатиш (масалан, кондиционерларни), етказиб бериш хизматлари, биноларни таъмирлаш, транспорт, дизайнерлик, таржима хизматларини кўрсатиш учун тузилади, яъни бир марталик тусга эга вазифаларни, такрорланмайдиган режадан ташқари ишни бажариш назарда тутилади. Одатда бу ташкилот штат жадвалига кўра ходимларнинг лавозим мажбуриятлари билан назарда тутилмаган иш бўлади.
Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича меҳнат дафтарчалари юритилмайди.
Шунингдек ФҲШ бўйича ишлайдиган фуқароларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан кафолатланган ҳуқуқ ва имтиёзлар (масалан, йиллик меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш, болани 2 ёки 3 ёшга тўлгунча парваришлаш бўйича таътил, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ва ҳ.к.) татбиқ этилмайди.
Қонун ҳужжатларига кўра фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишлайдиган ва ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан паст даромад (гонорар, тақдирлаш пули ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади (Низомнинг 159-банди 2-хатбошиси, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).
– Амалиётда меҳнат фаолияти ФҲШ бўйича амалга оширилганда пенсияни тўлиқ миқдорда олиш ҳуқуқини берадиган даромадни аниқлашда ҳам қийинчилик юзага келади. Айтингчи, даромад ҳисобланган суммадан аниқланадими ёки солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегирилгандан кейин қолган суммаданми?
– Даромад суммаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ушлаб қолингунча ҳисобланган сумма миқдорида қабул қилинади.
– Агар пенсионер меҳнат шартномаси бўйича тўлиқсиз иш кунида (0,25, 0,5 ставкада) банд бўлса ва унинг ойлик даромади ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан ошмаса, унга пенсия тўлиқ тўланадими?
– Юқорида айтганимдек, ушбу норма фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузганларга татбиқ этилади. У меҳнат шартномаси бўйича ишловчи шахсларга татбиқ этилмайди.
Пенсионер тўлиқ ёки тўлиқсиз иш кунида банд бўлишидан қатъи назар, пенсия 50% миқдорида тўланади (пенсияларини тўлиқ миқдорда олиш ҳуқуқига эга пенсионерлардан ташқари) (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 24-банди).
Алла Ромашко,
мухбиримиз.
Маълумот учун!
ПЕНСИЯ ЙИҒМАЖИЛДИ рақами шахсий ҳисобрақам РАҚАМИ билан бир хил бўлади.
Расмий жавоб
Вақтинча ёки доимий
Руҳий касалликлар шифохонасида даволанаётган кексаларга, шунингдек интернат уйларида яшаётганларга пенсия қандай тўланади?
Р.Акбаралиев.
Тошкент ш.
– Пенсионернинг стационар даволанишда бўлган даври учун пенсия тўлиқ тўланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 61-моддаси, бундан кейин – Қонун). Асосий талаб тиббиёт муассасасининг номи ва туридан қатъи назар, масалан, руҳий касалликлар шифохонасида айни стационар даволанишда бўлиш ҳисобланади.
Бироқ Қонуннинг 60-моддасига мувофиқ, руҳий беморлар интернат уйларида яшовчи пенсионерларга пенсия тўланмайди.
Стаж, норма, имтиёз
Қишлоқ жойлардаги ихтисослашган тиббий муассасаларнинг тиббиёт ходимлари пенсияга чиқишлари учун қанча муддатли иш стажи керак бўлади?
Курсенова.
Жиззах вилояти.
– Ихтисослашган тиббий муассасаларнинг шифокорлари ва ўрта тиббиёт ходимлари махсус иш стажи қишлоқ жойда камида 25 йил бўлган тақдирда (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган 3-сон Рўйхатнинг VIII қисми) охирги иш жойидан қатъи назар, Қонуннинг 7-моддасида белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда (аёллар – 50 ёшда, эркаклар – 55 ёшда) пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 12-моддаси «л» банди).
Шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқига, ишлаш даврида амал қилган қонунчиликка асосан мазкур тоифадаги ходимларга белгиланган иш вақтининг давомийлиги меъёрлари талабларига риоя этилган тақдирда эга бўлади (АВ томонидан 12.03.2012 йилда 2337-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 25-банди).
Тиббиёт ходимлари учун иш вақти давомийлиги кунига 5,5 соат этиб белгиланган. Бу Алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги қисқартирилган иш куни белгиланадиган ходимлар рўйхати (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 4-илова) билан тартибга солинади.
МИСОЛ. Ихтисослашган тиббий муассаса шифокори қишлоқ жойда 25 йил, шундан 15 йил – иш вақти давомийлиги нормаларига риоя этиб, яъни кунига 5,5 ва ундан кўп соат ишлади. 10 йил кунига 5,5 соатдан кам бўлган иш вақти давомийлиги нормаси билан ишлади. Тегишинча, имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажи 15 йилни ташкил этади (кунига 5,5 ва ундан ортиқ ишлаган давр). Мазкур ҳолда у имтиёзли пенсия таъминотига ҳақли бўлмайди.
Исталган пайтда
Ёшим 54 да. Ҳозирча пенсияга ҳужжатларни расмийлаштиришни режалаштирмаяпман, чунки яна бир неча йил ишламоқчиман. Бироқ маъмурият барибир пенсияга чиқишимни талаб қилмоқда. Бундай хатти-ҳаракатлари тўғрими?
Галина К.
Тошкент ш.
– Агар буни ўзингиз истамаётган бўлсангиз, ташкилот маъмурияти сизни пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилишга мажбурлашга ҳақли эмас. Сабаби пенсияга ихтиёрий тусда чиқилади. Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этишлари мумкин.
Аскар учун пенсия
Армиядаги хизмат вақти стажга қўшиладими, пенсияни ҳисоблаб чиқаришда бу йиллар қандай ҳисобланади – бир ҳисса баробаридами ёки икки ҳисса баробарида?
Расулев.
Тошкент ш.
– Ҳарбий хизмат, шунингдек давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси «б» банди). Агар у тинч вақтда ўтган бўлса, бир ҳисса баробарида ҳисоблаб чиқарилади.
Айни пайтда ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этганлик учун уч ҳисса баробарида ҳисобланади (Қонуннинг 38-моддаси «а» банди).
Бироқ шуни ҳисобга олиш лозимки, пенсия олиш ҳуқуқини белгилашда унга бўлган ҳуқуқни берувчи иш стажи имтиёзли ҳисоблаш қоидаларини қўлламасдан белгиланади.
МИСОЛ. Киши байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда 2 йил иштирок этган. Ватанига қайтганидан кейин у атиги 4 йил ишлаган. Ёшга доир пенсия тайинланишини сўраб мурожаат қилганда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини белгиловчи иш стажи имтиёзли ҳисоблаш қўлланмаганда 6 йилни ташкил этади. Тегишинча, талаб этиладиган 7 йиллик иш стажи мавжуд эмаслиги муносабати билан унга ёшга доир пенсия тайинланмайди (Қонуннинг 8-моддаси).
Агар ватанига қайтганидан кейин иш стажи 5 йилни ташкил этганда эди, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини белгиловчи стажи имтиёзли ҳисоблашни қўлламаган ҳолда 7 йилга тенг бўлган ва, тегишинча, умумий иш стажи – 11 йил (2 х 3 + 5) бўлар эди.
Кимга қанча
Турмуш ўртоғим Жанубий Кореяда ишлайди, ҳозир ёши 58 да. Пенсия олиши учун унга 3 йиллик стаж етмаяпти. Агар пенсия бадаллари тўланса, чет элда ишланган вақт меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши мумкинлиги ҳақида қаердадир ўқиган эдим. Кореяда ишлаган вақти меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши учун қаерга қанча тўлаш керак?
Н.П.
Тошкент ш.
– Чет элда ишланган даврлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 40-моддаси).
Тўлаш тартиби Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова) назарда тутилган.
Чунончи, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахслар бошқа давлатда ишлаган ҳар бир ойи учун Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлайдилар.
Улар пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда, бироқ ҳар ой учун уларни тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг 1 баробаридан кам бўлмаган миқдорда белгилашлари мумкин.
Суғурта бадалларини тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилиши мумкин:
► ҳар ойда ёки ҳар чоракда;
► бирйўла – Ўзбекистонга келган кунидан бошлаб 3 ой мобайнида.
Шунга эътибор қаратиш лозимки, суғурта бадаллари тўланган кундаги ЭКИҲ миқдори қабул қилинади.
МИСОЛ. Киши 2011–2017 йилларда Жанубий Кореяда ишлаган ва 2017 йил март ойида суғурта бадалларини тўлашга қарор қилди. Суғурта бадаллари тўланган кунда ЭКИҲ 149 775 сўмни ташкил этди. Тегишинча, 2011–2017 йиллар давридаги ҳар бир ой (72 ой) учун у 10 783 800 сўм (72 х 149 775) суммасидаги суғурта бадалларини тўлаши керак.
Суғурта бадалларини оила аъзолари ёки ишончли вакиллари тўлашлари мумкин. Шунингдек уларни тўлаш хорижий валютада (бошқа давлат ҳудудидан) Пенсия жамғармасининг махсус валюта ҳисобрақамларига амалга оширилиши мумкин.
Уларни тўлаш учун яшаш жойидаги солиқ органларига мурожаат қилиш зарур.
Шуни ҳам қайд этиш зарурки, пенсия миқдори Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари миқдори ва иш стажининг давомийлигига боғлиқ бўлади (Низомнинг 4-банди 2-хатбошиси).
Юқорида тилга олинганидек, суғурта бадалларининг энг кам суммаси ойига ЭКИҲнинг 1 бараваридан кам бўлмаслиги керак.
Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахснинг пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқаришда инобатга олинадиган муайян ойдаги (йилдаги) даромади эса Пенсия жамғармасига тўланган ойлик (йиллик) суғурта бадали суммасини Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган пайтда амал қилган ягона ижтимоий тўлов (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун) ва суғурта бадалларининг қонун ҳужжатларида белгиланган жами ставкасига бўлиш ва олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Бу қуйидаги кўринишда бўлади:
149 775 / (15 + 8) х 100 = 651 195,65 сўм, бу ерда:
149 775 сўм – 2016 йил 1 октябрдан белгиланган энг кам иш ҳақи – чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс учун суғурта бадалининг ойлик суммаси;
15% – 2017 йилги ягона ижтимоий тўлов ставкаси (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун);
8% – 2017 йилги суғурта бадаллари ставкаси.
Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахснинг ҳисобланган ойлик даромади (651 195,65 сўм) айни унинг пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинади.
Агар у, айтайлик, 1,5 ЭКИҲ суғурта бадалларини тўласа, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахснинг пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун даромади тегишинча юқори бўлади:
149 775 х 1,5 = 224 662,5 сўм (чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс 1,5 ЭКИҲ ҳисобидан тўлаган суғурта бадали суммаси).
Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахснинг пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ойлик даромади 976 793,48 сўмни (224 662,5 / (15 +8) х 100) ташкил этади.
Зафаржон Хўжаев,
ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари
Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.
Ихтиёрий асосда
Якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари аъзолари, шунингдек бошқа фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрий қатнашишларидан хабарим бор.
Солиқ инспекцияси ходимлари ушбу шахслар жамғариб бориладиган пенсия бадалларини мажбурий тўлашлари учун счёт тақдим этишга ҳақлими?
Аброр К.
Чирчиқ ш.
– Якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари аъзолари, шунингдек бошқа фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрий асосда қатнашадилар (Қонуннинг 6-моддаси).
Солиқ инспекцияси ходимларининг якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари аъзоларидан ШЖБПҲга бадаллар тўлашини талаб қилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас ва унинг устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
ТАҲРИРИЯТДАН. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия бадаллари шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига, мажбурий суғурта бадаллари эса – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан суғурта бадаллари солиқ тўловчининг календарь ойда ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, ойига 1 ЭКИҲдан кам бўлмаган миқдорда мажбурий тартибда тўланади. Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари эса суғурта бадалларини ихтиёрий асосда – йилига ЭКИҲнинг 4,5 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлайди (Солиқ кодексининг 311-моддаси).
Пенсияни сақлашга
Мен 5 ойга Ўзбекистон ташқарисига чиқиб кетяпман. Синглим пенсиямни ишончнома бўйича пластик карточкага олсин деяпман. Мен мурожаат қилган банкда менга пенсия карточкасини очишдан бош тортишди.
Пенсияни карточкада олишга ҳақлиманми? Пенсияни карточкада олишга ишончномани синглимга қолдиришим мумкинми?
Г.Азизова.
Тошкент ш.
– Ҳа, пенсия тўловларини пластик карточкада олишга ҳақлисиз (ЎзР Президенти Девонининг 15.02.2017 йилдаги 13-227-сон хати). Сиз яна тижорат банкига мурожаат қилишингиз ва пластик карточка олиш учун шартномаларни расмийлаштиришингиз, кейин эса яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига тегишли ариза топширишингиз зарур.
Агар тўловларни яшаш жойи бўйича почта бўлими ёки банкдаги депозит ҳисобрақами орқали олмоқчи бўлсангиз (252-сон Низомнинг 157-банди), синглингиз кетган пайтингизда уларни олиши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ишончномани расмийлаштириши керак бўлади. Бунда ишончнома берган шахс пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига бир йилда камида 1 марта келиб тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Ишончли вакил пенсия тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган, ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлимига хабар бериши шарт (252-сон Низомнинг 158, 160-бандлари).
Абдурашид Исмоилов,
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг пенсиялар ва
нафақалар тайинланишини таҳлил ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи.
Экспертга савол
Мерос учун давлат божи
Судда мерос ҳақидаги иш кўрилди: эрининг вафотидан кейин квартира хотинига ўтаётган эди. Аёл – ёлғиз яшовчи III гуруҳ ногирони. Фарзандлари йўқ. У 383 000 сўм миқдорида давлат божи тўлаши кераклигини белгилашди.
1. Фуқаролик судида мерос билан боғлиқ ишлар кўрилаётганда ёлғиз пенсионер-ногиронлар учун бож тўлаш бўйича имтиёз борми?
2. Агар имтиёз бўлмаса, бож миқдори қанча?
3. Нима учун ишни нотариус эмас, балки суд ҳал қилади?
Г.Тожиева.
1 |
Афсуски, амалдаги қонун ҳужжатларида айрим шахслар – ногирон пенсионерлар учун даъволарни бериш чоғида судларда давлат божини тўлаш бўйича имтиёзлар назарда тутилмаган.
Ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари барча даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланган (Солиқ кодексининг 329-моддаси 19-банди). Шу муносабат билан ариза берувчини ҳимоялаш мақсадида даъво беришлари учун ушбу ташкилотларга мурожаат қилишни тавсия этамиз.
Давлат божи тўланмаганда ариза ҳаракатсиз қолдирилиб, даъвогарга қайтарилади (ФПКнинг 154-моддаси).
2 |
Судларга мулкий даъволар берилганда давлат божи даъвонинг баҳосига қараб қуйидаги миқдорларда белгиланади (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Ставкаларнинг 1-банди «а» кичик банди):
ЭКИҲнинг 20 бараваригача бўлганда – даъво баҳосининг 5%и миқдорида;
ЭКИҲнинг 20 бараваридан 40 бараваригача бўлганда – даъво баҳосининг 10%и миқдорида;
ЭКИҲнинг 40 бараваридан 80 бараваригача бўлганда – даъво баҳосининг 15%и миқдорида;
ЭКИҲнинг 80 бараваридан кўп бўлганда – даъво баҳосининг 20%и миқдорида.
Мулк талаб қилиш тўғрисидаги даъволар бўйича нарх мулкнинг қийматига қараб белгиланади (ФПКнинг 105-моддаси 2-банди).
3 |
Мерос мол-мулкни бўлиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар, тарафи юридик ёки жисмоний шахс бўлишидан қатъи назар, умумий юрисдикция судлари судловига тааллуқли (ОС Пленумининг 13.11.2015 йилдаги 16/287-сон қарори 4-банди 5-хатбошиси).
Агар меросхўрлар ўртасида низо бўлмаса, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришни сўраб нотариусга мурожаат қилиш, шундан кейин квартирага мулк ҳуқуқини расмийлаштириш лозим.
Эркин Ҳосилов, «Norma Online» эксперти.
Бизга мактуб йўллабсиз
Меҳнат дафтарчаси қайтариладими?
Холам яқинда пенсияни расмийлаштиришга ҳужжатларни топширди. Улар орасида меҳнат дафтарчаси ҳам бор эди, уни қайтариб бермадилар. Бу ҳужжат пенсионернинг шахсий йиғмажилдида қолаверадими?
Р.Д. Тошкент ш.
– Ҳужжатларни топширганда холангизга тақдим этган ҳужжатларнинг асл нусхаларини қайтариб, маълумотномалар ва меҳнат дафтарчасини йиғмажилдда қолдирганлар. Меҳнат дафтарчасининг асл нусхаси Пенсия жамғармаси бўлимининг комиссияси томонидан пенсияни тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан сўнг аризачига қайтарилади (АВ томонидан 17.11.2011 йилда 2282-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 11-банди).
Тўловларни олмайдилар
Қандай ҳолларда коммунал хизматлар бўйича компенсация тўловлари тўланиши тўхтатилади?
Г.Аширина.
Тошкент ш.
– Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми билан қуйидаги ҳолларда тайинланган компенсацияни тўлаш:
► пенсия (нафақа) тўлаш муддати тамом бўлганда;
► кетма-кет 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида почта алоқаси ташкилоти орқали компенсация олинмаганда;
► фуқаро озодликдан маҳрум этилганда;
► фуқаро руҳий беморлар интернат уйларида яшаганда;
► компенсацияни тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида фуқаро томонидан ариза берилганда тўхтатиб турилиши назарда тутилган.
Тайинланган компенсацияни тўлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам тўхтатиб турилиши мумкин.
Компенсацияни тўлаш фуқаро ёки унинг васийси томонидан компенсацияни тўлашни тиклаш тўғрисида ариза тақдим этилгандан, шунингдек шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатгандан сўнг тикланади.
Фуқаронинг суд ҳукми бўйича озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлган вақти учун компенсация тўланмайди. Фуқаро озод бўлгандан кейин компенсация тўлаш компенсацияни тўлашни тиклаш тўғрисида ариза берилган кундан бошлаб тикланади (АВ томонидан 30.12.2010 йилда 2175-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 11-банди).
Тайинланган компенсацияни тўлаш:
► фуқаро вафот этганда;
► тайинланган компенсацияга ҳуқуқлар йўқолганда;
► доимий яшаш учун Ўзбекистон ташқарисига чиқиб кетилганда тўхтатилади (Низомнинг 11-1-банди).
Талаба учун ШЖБПҲ
Биз коллеж талабаларимиз. Амалиёт пайтида ишга жойлашмоқчимиз. Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини махсус очишимиз керакми? Агар керак бўлса, қаерга мурожаат қилишимиз лозим?
Рустам К.,
коллеж ўқувчиси.
– Сизнинг ҳолатда ишга қабул қилишда (қонун ҳужжатларига мувофиқ), жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсий ҳисобда турмаслигингиз (ШЖБПҲ ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасига эга бўлмаганингиз) боис, иш берувчи иш бошланган кундан бошлаб 5 кун муддатда Халқ банки филиалига жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш учун сизнинг шахсий маълумотларингизни тақдим этиши шарт (Низомнинг 11-банди, ВМнинг 21.12.2004 йилдаги 595-сон қарорига 1-илова). ЖБПТда ҳисобга қўйиш шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари очилишини, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси берилишини ўз ичига олади.
ШЖБПҲдаги маблағлар ойлик жамғариб бориладиган пенсия бадаллари ҳисобига шаклланади. Уларнинг миқдори ходимларнинг иш ҳақи ва бошқа даромади суммаси асосида ҳисоблаб чиқарилади. У ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан навбатдаги йилга мўлжалланган Давлат бюджетини шакллантириш вақтида белгиланади («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси).
Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.