Norma.uz

Импорт ўрнини босиш сари

ёки импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришнинг ўзига хос жиҳатлари

 

Бугунги жаҳон хўжалигига интеграллашув жараёнларида импорт ўрнини босиш сиёсатини амалга ошириш ҳар қандай мамлакат учун иқтисодий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг мажбурий чорасига айланиб бормоқда. Зеро, бу сиёсатни тўғри ва самарали йўлга қўйиш мамлакатнинг импортга боғлиқлик даражасини камайтириб, иқтисодий барқарорликка эришиш имкониятини вужудга келтиради.

 

Масаланинг назарий жиҳати

Ана шундай бир шароитда, табиийки, ривожланаётган давлатлар томонидан импорт ўрнини босиш механизмларидан фойдаланиш тобора оммалашиб бораётганини кузатиш мумкин. Хусусан, юқори савдо тўсиқларини қўйиш орқали маҳаллий товарлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришда квота, лицензия ва тарифларни жорий этиш, чет эл маҳсулотлари ўрнига маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланишга талаб ўрнатиш, импорт учун валютадан фойдаланишни чегаралаш каби усуллардан фойдаланиш халқаро амалиётда кенг қўлланмоқда.

Масалан, импорт ўрнини босиш ғояси илк бор XVIII асрда инглиз олими А.Хамилтон томонидан илгари сурилиб, у ўзининг «Саноатчилар ҳақидаги рапорт» асарида бу ҳақда фикр юритган. Унинг ғоясини такомиллаштирган немис иқтисодчиси Фридрих Лист миллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида импорт товарларга ҳимоя чораларини жорий этишни ёқлаб чиққан1. Бунга энг машҳур мисол сифатида протекционизмдан фойдаланишни кўрсатиш мумкин, зеро бу тартибот маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш билан бирга, уларни иқтисодиётнинг умумий ривожланиш доирасида рақобатбардош бўлишга ёрдам беришини ҳозирги амалиётда ҳам учратиш мумкин.

Иқтисодчиларнинг фикрича, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг асл моҳияти мамлакатларнинг бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиши зарурати билан изоҳланади. Чунки бундай давлатларга маҳаллий маҳсулотнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини таъминловчи, молиявий ва техник ресурсларни жамлай оладиган локомотив тармоқлар мавжуд бўлиши талаб этилади.

Мамлакат импорт ўрнини босиш сиёсатининг асосий вазифаси бўлиб маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш орқали экспортга йўналтирилган миллий модел тизимини шакллантириш ҳисобланади. Яъни ҳар бир мамлакатда унинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда аниқ чора-тадбирларни белгилаб берувчи давлат дастурлари ишлаб чиқилади. Бу дастурлардан кўзланадиган мақсад бозор талабини рақобатбардош маҳсулотлар билан қондириш асносида, давлатнинг импортга боғлиқлигини камайтириш, импорт қилинувчи хом ашё ва энергетик ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишдир.

Мазкур дастурлар мамлакатнинг маҳаллий хом ашёлардан импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечишга, хусусан, корхона ва ташкилотларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш, давлат бюджети ва аҳоли даромадларини, шунингдек иш билан таъминланганлик даражасини оширишга имкон яратади. Таъкидлаш жоизки, импорт ўрнини босувчи ривожланиш моделининг мамлакат иқтисодиётига кўрсатиши мумкин бўлган ижобий ва салбий жиҳатлари олимлар томонидан ўрганилган2.

Ижобий томонлари:

  • миллий маҳсулотлар нархининг хорижий валютага боғлиқ бўлмаслиги;
  • ички бозорда импорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашёларга божхона тарифларининг йўқлиги;
  • маҳсулотнинг тўғридан-тўғри истеъмолчиларга етиб бориши ва уни қалбакилаштириш имкониятининг камлиги ва бошқалар.

Лекин ички бозорда яратилган маҳсулотларнинг чет эл товарлари билан рақобатлаша олмаслиги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятига зарар келтириши мумкин.

Салбий томонлари:

  • мамлакат иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиёти замонавий тенденцияларидан ортда қолиши;
  • маҳаллий хом ашёдан самарасиз ва нотўғри фойдаланишнинг юзага келиши;
  • миллий маҳсулотлар сифатининг тушиб кетиши.

Бундай ҳолатлар олдини олиш учун давлатлар мазкур моделни танлашда ҳар томонлама чуқур изланишлар олиб боради. Импорт ўрнини босиш сиёсатининг давлат механизмида асосий урғу макроиқтисодий сиёсат, ижтимоий-иқтисодий салоҳиятни ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, ички ва ташқи бозорда уларни ҳимоялашга қаратилган бўлади.

 

Жаҳон тажрибасидан

ХХ асрнинг ўрталарида юқори иқтисодий ўсишга эришган давлатлар иқтисодиётида импорт ўрнини босишга қаратилган сиёсат фаол қўлланилганини кузатиш мумкин.

Хусусан, ўтган асрнинг 50-60 йилларида Лотин Америкаси мамлакатлари иқтисодиётида хом ашё экспортидан тайёр маҳсулотлар экспортига ўтиш сиёсати авж олдирилган. Бунда давлат сиёсати икки босқичда олиб борилиб, дастлаб енгил ва озиқ-овқат саноати, сўнгра оғир саноатни ўзлаштиришга эътибор қаратилган. Масалан, Бразилия, Аргентина ва Мексикада қишлоқ хўжалигидан саноатлаштиришга ўтиш орқали саноат маҳсулотларининг ЯИМдаги улуши сезиларли ошишига эришилган.

Лекин, оғир саноатни ўзлаштиришда юзага келган бир қанча муаммолар давлатлар иқтисодиётини ҳам муттасил инқирозга олиб борди. Хусусан, 1970–1980 йилларда Аргентинада олиб борилган импорт ўрнини босиш сиёсати кутилган натижаларни бермади: ички ва ташқи бозорда миллий товарлар хориж маҳсулотлари билан рақобатлаша олмади, саноатни ривожлантириш учун йўналтирилган маблағлар қопланмай қолди.

Шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари бўлмиш Корея Республикаси, Тайван, Сингапур давлатларида импорт ўрнини босиш сиёсати қисқа муддатда олиб борилган. Бу давлатлар ҳам Лотин Америкаси давлатлари сингари биринчи босқичда енгил ва озиқ-овқат саноатини ўзлаштиришган. Кейинги босқичда ички бозор ва оғир саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга боғлаб қўймаган ҳолда экспорт ва жаҳон бозорига катта аҳамият берилган. Мазкур мамлакатларда импорт ўрнини босиш сиёсати аста-секин экспортга мослашган сиёсатга ўта бошлаган. Натижада бу давлатлар қолоқликдан етакчи мамлакатлар сафига қўшилган. Олиб борилган сиёсатни етарлича муваффақиятга эришган деб ҳисоблаш мумкин.

Умуман олганда, импорт ўрнини босиш сиёсатини олиб боришда давлат механизмларини тўғри қўллаш, ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий салоҳият даражасига, географик жойлашув ва ташқи бозордаги асосий ҳамкор мамлакатлар иқтисодиётига боғлиқлигини ҳисобга олиб амалга ошириш зарурдир.

 

Диёр КАРИМОВ, и.ф.н.

Ҳотамжон ТУРДИБОЕВ,

тадқиқотчи.

 


1Лист Ф. Национальная система политической экономии. – СПб.: Издание А.Э. Мартенс, 1891. – 452 с.

2Структурная политика государства в механизме экономического роста: учебное пособие. / Ермолаев С.А., Капканщиков С.Г. – Ульяновск: УлГТУ,2005. 342 с.

Прочитано: 2648 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика