Norma.uz

Жорий йилда бизни нима кутмоқда?

 

Соннинг бош мавзуси

 

Жорий йилда бизни нима кутмоқда?

 

«Берёза Коммунал Сервис» бошқарувчи компанияси (бундан кейин – «Берёза», БК) ўтган йилга якун ясаб, 2017 йилги режаларни белгилади. Шуни қайд этиш лозимки, у буюртмачилари олдида нафақат ўтган йил учун, балки ҳар чоракда ҳам ҳисобот беради, айни пайтда бошқарувчи компанияларнинг аксарияти бундай йўл тутмайдилар ёхуд қоғоздагина ҳисобот бериб қўя қоладилар.

 

Пойтахтимизнинг «Е» мавзесидаги 4 та бир уйли ХУМШга «Берёза» тўлиқ хизмат кўрсатади. Булар 4 та тўққиз қаватли уйлар бўлиб, уларда 344 хонадон бор. Бундан ташқари, яна 4 та ширкатга бухгалтерия ҳисобини юритиш хизматларини кўрсатади, лифтларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган. 115 та кўтаргич унинг қўл остида.

«Берёза» – Тошкентдаги илк бошқарувчи компаниялардан бири. 10 йилдан буён кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш бозорида барқарор ишлаб келмоқда, пойтахтдаги энг яхши БКлар сирасига киради. Бу ерда доим қизиқарли тажрибага гувоҳ бўлиш мумкин. Унинг базасида кўп қаватли турар жойларни бошқариш бўйича ахборот марказини ташкил этса бўлади. Шаҳар ҳамда республикадаги бошқа ХУМШ ва БКлардан турли саволлар билан бу ерга келадилар ва қўнғироқ қиладилар. Шу сабабдан йиллик йиғилишга бирон фойдали жиҳатни билиб олиш ниятида отландим, кутганларим амалга ошди.

БК билан ХУМШ ўртасидаги муносабатлар қандай йўлга қўйилиши кераклигини кўпчилик аниқ тасаввур қилмайди. Бошқарувчи компания ширкатнинг ҳисобрақамини истаганича тасарруф қилади деб ҳисоблайдилар. Балки, шундай қилса ҳам бўлар, сабаби бизда муваффақият билан, қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаётган профессионал БКлар саноқли. Томонларнинг муносабатлари шартнома асосига қурилиши кераклигини эслатиб ўтмоқчимиз. Ширкат маблағлари ўз ҳисобрақамида бўлади. Уларни тўлақонли тасарруф этади, бажарилган ишлар далолатномасига кўра хизматлари учун БКга пул ўтказади. Бошқарув компанияни назорат қилади, компания ХУМШ олдида ҳисобот беради.

«Берёза» офисида унинг тўлиқ хизмат кўрсатишида бўлган 4 та ширкат раиси, ишончномага кўра йиғилишда ХУМШ аъзоларининг вакили бўлган ишончли шахслар йиғилдилар. Йиғилишда «Новза» маҳалласи раиси Мансур ака Сиддиқов ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича инспектор Ҳожиакбар Тожибоев ҳам қатнашдилар. Улар ҳудудларнинг ободонлаштирилиши ва санитария ҳолати, фуқароларнинг бехатар яшаши, уларнинг кўп квартирали уйларда ҳисобда туриши масалалари юзасидан ширкатлар ва БК билан баҳамжиҳат ишлайдилар.

«Берёза» бошчилигидаги тўртта тўққиз қаватли уй ўзаро яқин бўлиб, унинг офиси улардан бирида жойлашган. Уй аҳлининг омади чопган, БК билан ХУМШ муносабатлари ишонч, очиқ-ойдинлик, масъулиятга асосланган. Бугунги кунда уйлардаги барча устувор ишлар амалда бажариб бўлинган. Бу ерда серхарж таъмирлашга кредит олишдан чўчимайдилар. Улар депозит ҳисобрақамга ажратмалар ҳисобидан қопланади. Ҳар қандай савол юзага келганда фуқаролар кўпинча ХУМШга эмас, бошқарувчи компанияга мурожаат этадилар, у ҳар бир уй хўжалигидаги муаммолар билан яқиндан таниш бўлиб, уларни профессионал равишда ҳал этади.

Моҳиятан олганда, мен бошқарувчи компания ва ширкатларнинг бирлашган йиллик йиғилишига келдим. Ўтган сонда тилга олган уни ўтказиш тартиб-таомилларига тўхталиб ўтирмайман. Ҳужжатларнинг айрим позицияларини кўрсатиб ўтаман.

Ўтган йил охирида БК ишлар режалари, даромадлар ва харажатлар сметаларининг намунали лойиҳаларини тайёрлаб, ширкатлар бошқарувларини улар билан таништирди. Шунга асосланиб мажбурий бадалнинг тахминий миқдорини белгилаб, уни 15%га оширишнинг мақсадга мувофиқлиги борасидаги ҳисоб-китобларни ХУМШ кўриб чиқиши учун тақдим этди. Ширкатлар таклифга қўшилди, 2017 йилги режа ва смета лойиҳаларининг якуний вариантини ишлаб чиқишда «Берёза» янги тарифлардан келиб чиқди. 3 та ХУМШда у умумий майдоннинг 1 м2 учун 530 сўмни ташкил этди. Тўртинчисида – 1 м2 учун 650 сўм, сабаби унга кирувчи 9 қаватли уйни сақлаб туриш кўпроқ харажат талаб қилади.

4 та ширкатнинг ҳар бири учун БК 2016 йилда бажарилган ишлар ҳақида ҳисоботлар, йиғилишда тасдиқланган 2017 йилги ишлар режалари, даромадлар ва харажатлар сметалари лойиҳаларини алоҳида тайёрлади.

Ҳар битта ХУМШ учун ҳужжатлар пакетида ҳисобот, режа ва смета лойиҳаларидан ташқари 2017 йилда ишларни бажариш жадваллари; умумий мол-мулкни сақлаб туришга мажбурий бадал таркиби; ширкатларни 5 йиллик молиялаштиришнинг намунавий ҳисоб-китоби; БК техник ходимлари бажарадиган ишлар режаси ҳам тайёрланди. Шуниси аҳамиятлики, ҳамма ҳужжатлар барча учун тушунарли қилиб ишлаб чиқилган, исталган киши уларни ўқиб англаши мумкин.

 

Бошқарувчилар ҳисобот бердилар

БК тўлиқ хизмат кўрсатадиган 4 та ширкатнинг ҳаммаси ҳақида гапирмаймиз, биттасига – «Азиз Обидов» ХУМШга тўхталиб ўтамиз. Унинг базасида тузилган тўққиз қаватли уйда 144 та квартира, 8 та лифт бор. 2016 йилда бадалнинг миқдори 1 м2 учун 460 сўмни ташкил этган. Қилинган иш ҳисобини бераркан, «Берёза» директори Валентина Азимова 2016 йилда ширкат ҳисобрақамига 76 737,9 минг сўм (турар жойлар ва нотурар жойлар мулкдорларининг мажбурий бадаллари, уяли алоқа ускунаси учун жойни ижарага беришдан, лифтлардаги рекламадан олинган даромадлар) келиб тушганлигини қайд этди. Фуқароларнинг олдиндан тўлови ҳисобига бу режалаштирилган ҳисобланмалардан (47 431,2 минг сўм) 2 306 минг сўмга кўпдир. ХУМШдаги юксак тўлов интизоми – тўламайдиган фуқаролар билан йўлакбошиларнинг иши натижаси. Умумий йиғилиш қарори билан бу моддий жиҳатдан рағбатлантирилади.

2016 йилда ширкат 110 млн сўм кредит олди. У ертўла, канализация, йўлакларни таъмирлашга, ҳудудни бетонлашга сарфланди. Ертўлани таъмирлашни тугатишни баҳорга қолдирдилар. Бироқ пудратчига пул ўтказдилар, материалларни сотиб олдилар. Ўтган йили ХУМШ аъзоларининг депозит ҳисобрақамидаги жамғармалари ҳисобидан 14 млн сўм қарз маблағларини қопладилар.

Умумий фойдаланиш жойларидаги (йўлаклар, ертўлалар, лифтлар + насослар, дреллардан фойдаланиш) электр энергияси харажатлари сметада белгиланганидан анчагина ошди. Бунга ободонлаштириш ишлари, шунингдек электр энергиясини тежаш ҳақида ўйламаслик – инсон омили сабабчиси бўлди. Лифтларга хизмат кўрсатишда сметада белгиланган параметрлардан чиқилмади. Ҳудудни ободонлаштириш ишлари сабабли супуриндиларни олиб чиқишга режалаштирилганидан кўп маблағ сарфланди. Ертўлаларга санитарик ишлов бериш, иситиш тизимларини ювиш харажатлари, профилактик таъмирлаш бироз қимматга тушди. Авария хизматига ҳам 2,5 баравар кўп тўлашди. БК директори бу масалани ХУМШ бошқарувининг кўриб чиқиши учун киритиш лозимлигини қайд этди. Авария хизматининг бир соатлик иши 42 минг сўмни ташкил этди. Фуқаролар уни керак-нокерак бўлса ҳам чақирадилар: уйда кран бузилади ёки оқади, прокладкани алмаштириш керак – ширкатга эса уларнинг ҳақини тўлашга тўғри келади. Бу ишлар фуқароларнинг пулига бажарилиши лозим.

Ўтган йили лифтлардаги 60% эҳтиёт қисмлар алмаштирилди. Материалларга бўлган харажатлар 4 744 минг сўмдан ошди, бу ХУМШ умумий йиғилишининг баённомаси билан асосланди. Уйдаги лифтлар 39 йилдан буён таъмирланмаган. Қўшни уйдаги лифтда юз берган ФҲ сабабли сметага тузатишлар киритилган. Шу боис хотиржам бўлиш учун уларни тартибга келтиришга қарор қилдилар. Маъмурий харажатлар – раис, бошқарув ва тафтиш комиссияси аъзоларига ҳақ, ахборот хизматлари ва банк хизматлари. БК ҳақи шартномага кўра ҳисобланмаларнинг 37%ини ташкил этди. 63%и ширкат тасарруфида қолди. Сметани бажаришда айрим моддаларни қайта тақсимлаш ҳисобига харажатлар даромадлардан ошмади ва смета доирасидан чиқмади.

 

Харажатлар қисқартирилди. Ниманинг ҳисобига?

2017 йилда умумий мол-мулкни сақлаб туриш бўйича ишлар режаси лойиҳасини муҳокама қилишда Валентина Азимова унга видеокузатув камералари ва уйнинг нур таратувчи рақамини ўрнатишни киритишни таклиф қилди. Ўтган йилда ширкат видеокамералардан воз кечганди, бугун эса бу ҳақда ўйлаб қолдилар. Биринчидан, бу хавфсизлик масаласи. Иккинчидан, маиший ахлат муаммоси ҳеч ҳал бўлмаяпти. Қўшнилар уни деразадан улоқтирадилар, ахлатхонагача олиб бормайдилар, йўлаклар олдида, ариқларда тўплаб қўядилар. Уларни қўлидан тутиб бўлмайди. Фуқароларнинг фиғони чиқади: «Тоза тутишга минг уринмайлик, кимлардир бунинг қадрига етмайди». Видеокамералар ўрнатиш зарурати ҳақида участка инспектори ва маҳалла қўмитаси раиси ёқлаб фикр билдирдилар. Камералар ишлаётган, фуқароларга ҳудудда тозалик ва тартибга риоя қилишда, қоидабузарларга таъсир ўтказишда ёрдам бераётган бошқа ХУМШларни мисол қилиб келтирдилар. ХУМШнинг умумий йиғилиши уларни ўрнатишга овоз берди. Техник тавсифлари, нархларини ўрганиш учун техник гуруҳни сайладилар. Барча ҳисоб-китоблардан сўнг лойиҳа қайси маблағдан бажарилишини ҳал этадилар.

Ширкатнинг 2017 йилги даромадлари, 83 868 минг сўм (1 м2 учун тариф 530 сўм бўлганда) миқдорида бўлиши режалаштирилган. Сметадаги кўпгина бандлар ўтган йилгисидан кам. Масалан, электр энергияси ҳақига (тежашга қарор қилдилар), чет ташкилотларнинг хизматлари, материалларга харажатлар. Ўтган йилда дайди мушукларни деб ертўлаларга икки марта санитариявий ишлов берилди. Ҳозир ертўлаларга қулф осилган, бир марта санитариявий ишлов бериш кифоя, бироқ йўлакларга икки марта ишлов бериш лозим. Профилактик таъмирлаш харажатлари ҳам ўтган йилгидан кам, вентиллар, зулфинларни алмаштирдилар. Лифтларни ҳам тартибга келтирдилар, бу йил уларга маблағ сарф қилинмайди.

2017 йилда БК бу уйдаги ертўлани капитал таъмирлашни якунлайди. Инсон омили бўлмаганда, лежаклар ҳали хизмат қилиши мумкин эди. Металл қувурлар тешилган, синдирилган – кимдир электр энергиясини ўғирлаяпти. Ширкат бу йил кредитни қоплаш ҳисобига 30 912 минг сўм тўлаши керак. Кредит бадал миқдорини оширмай, депозит ҳисобрақамидаги жамғармалар ҳисобидан қайтарилади. Авария хизматига кам харажат қилиниши белгиланди – бошқарув авария хизмати чақирилганда ким нима учун ҳақ тўлаши кераклигини қўшниларга маълум қилади. Маъмурий харажатлар ҳам ўтган йилгидан кам: кредит маблағларини қайтариш суммаси қисқаргани ҳисобига банк хизматлари ҳақи 4,5 млн сўмга камаяди. Сметада раис, бошқарув, тафтиш комиссияси ­аъзоларига ҳақ оширилиши назарда тутилган. Илгари ҳамма ҳам рағбатлантирилмас эди. Ҳозир ҳамма яхши ишлаяпти ва улар тақдирланишга муносиб деб қарор қилдилар.

 

Нимага пул тўлаяпмиз?

ХУМШ аъзоларига мажбурий бадал миқдори нималардан ташкил топишини аниқ кўрсатиш жуда муҳим. Улар ҳар бир хизмат қийматини кўришлари, нимага ҳақ тўлаётганликларини билишлари лозим.

Хизматлар учун қатъий белгиланган ҳақ оладиган бошқа бошқарувчи компаниялардан фарқли равишда «Берёза» ҳар йили 1 соатлик иш қиймати, 1м2 майдонга харажатларни ҳисоблаб, хизматларнинг ҳар битта тури калькуляциясини тузади. БК ҳар йили фуқаролар учун сметадаги ҳар бир банд бўйича бадал таркибини қоғозга чиқариб, якуний умумий йиғилишга тайёрлаб қўяди. Масалан, «Азиз Обидов» ширкатида электр энергияси (1м2 учун) харажати 32, 86 сўмни, супуриндиларни олиб чиқиш – 2,53 сўмни, ювиш – 3,16 сўмни, авария хизмати – 1,90 сўмни ташкил этади, капитал таъмирлаш 195,35 сўмга, лифтларга хизмат кўрсатиш 60,67 сўмга тушади ва ҳ.к. Ушбу нархлар турар жойнинг умумий майдонига кўпайтирилса, ХУМШ аъзоси белгиланган тарифда умумий мол-мулкни сақлаб туришга ойига қанча тўлаши кераклигини билиб олиш мумкин. Уй аҳлида савол юзага келмаслиги учун БК бадал тўлаш ҳақидаги квитанцияга унинг тўлиқ расшифровкасини киритмоқчи.

 

Муаммоларни муҳокама қилдилар

Йиғилишда бошқа масалалар ҳам кўрилди. «Лифтларни тутиб туриш ва уларни сақлаш илгаригидек муаммолардан бири бўлиб қолмоқда, – дейди Валентина Азимова, – Ўтган йили таъмирлашга кўп пул сарфладик, бироқ фуқаролар уларни ҳеч асрамайдилар. Кўпинча янги фуқаролар кўчиб келган йўлаклардаги лифтлар ишдан чиқади. Улар таъмирлашга киришадилар, ишчилар кабиналарда қурилиш материалларини ташийдилар. Ахир, улар авайланмаса, яна таъмирлашга тўғри келади ёки 9-уйдаги ижарачилар кабинада оғир буюмларни ташидилар – мотор бузилди. Бу нимаси? «Аваз Обидов» ширкатида лифт ҳаракатини мониторинг қилдик. У 5-10 дақиқа интервали билан куну тун ишлайди. Ижарачилар тун бўйи унда қатнайдилар. Биттаси кўчиб келади, унинг орқасидан 10-15 киши келади.

Болалар ўйин қиладилар, ота-оналари эса бунга эътибор бермайдилар. 2016 йилда ширкат электр энергиясига 5 млн сўмдан ортиқ пул тўлади. Бу жуда кўп. Келинг, лифтларни асраб-авайлайлик, пул тежайлик, ахир бу сизнинг пулингиз.

Ижарачилар – жиддий бош оғриғи. Уй эгалари шартномасиз квартирани ижарага берадилар, демак, ижарачилар вақтинча рўйхатдан ўтмайдилар. Бу ерда ким яшаётгани эгасини қизиқтирмайди, пулини тўласа бас, қўшнилари ҳақида қайғурмайди. Кўпинча биттаси пропискадан ўтади, бутун қишлоқ яшайди. Ҳисоблагич бўлмаса – сув, газ кўп сарфланади, коммунал хизматлар, мажбурий бадаллар тўлашда муаммо юзага келади, чунки томонлар бу масалаларни келишиб олмайдилар. Ахлатни олиб чиқиш масаласини олайлик. Махсустранс ёки хусусий тадбиркор рўйхатдан ўтганлар сонига қараб ахлат қутиларини ўрнатади: айтайлик, битта уйга 2 та қути. Аслида эса унда икки баравар кўп одам яшайди. Демак, қутилар ҳам кўп бўлиши керак. Уларнинг ҳақини пропискадан ўтган фуқаролар тўлайди, қолганлар эса улар ҳисобига яшайди. Супуринди олиб чиқиш билан ҳам худди шундай, маиший ахлат пакетлари уларга қўшилади. Масалан, ойига 2 та машина буюртирамиз, уйда бир талай пропискасизлар бўлса, ахлат 2 баравар кўпаяди. Демак, иккита машина билан иш битмайди, ХУМШ аъзолари ҳамёнидан қўшимча харажат қилинади.

Ўтган йили ҳудудни ободонлаштириш, уни бетонлаш бўйича катта ишлар қилдик, гуллар экдик. Айримлар эса итини сайрга олиб чиқади, кўкатларни босиб янчади. Ҳамма уйдаги болалар йиғилиб, экинларни яксон қилиб футбол ўйнайдилар. Ёш оналар болаларини кузатмайдилар. Ҳовлига чиқишлари билан барини унутадилар: телефондан кўз узмайдилар, болаларни эса ўз ҳолига ташлаб қўядилар. Биттаси қочиб кетди – бутун ҳовлимиз билан изладик, йўл бўйидан топдик. Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳудудни ободонлаштириш ишларига киришиш олдидан оналар болаларини қаровсиз қолдирмасликлари учун йўлакбошиларга умумий йиғилиш баённомасини у билан танишиб чиқиш учун тарқатдик. Ҳовлида техника, қурувчилар ишладилар, йўлаклар таъмирланди. Бунда маҳалла аёллар кенгашининг тарбиявий ишлари зарурлиги аён.

Томни таъмирлагандан кейин уни асраш мақсадида ширкатлар аъзолари уйларнинг томларида антенналар ўрнатишни тақиқлашга қарор қилдилар. Уларни соябонлар, балконларда тиргаб ўрнатяпмиз. Айрим қўшнилар бунга қарши. Бироқ томга шикаст етказсалар, ХУМШ уни таъмирлашга яна пул йиғишига тўғри келади. Йўлакбошилардан бу умумий йиғилишнинг қарори эканлигини, норозилик билдираётганлар уни бажаришлари шартлигини эътиборларига етказиб қўйишларини сўрайман».

 

Таклифлар бор

Умумий йиғилиш БК тайёрлаган ҳисоботлар, режалар ва сметалар лойиҳаларини тасдиқлади. ХУМШ аъзолари бир қатор таклифларни муҳокама қилдилар. Улардан бири – квартирани ижарага бераётганда мулкдор, ижарачи ва ХУМШ ўртасида уч томонлама шартнома тузиш. Унда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари: ким мажбурий тўловларни тўлаши, йўлакни тозалаши, шанбаликларга чиқиши аниқ белгилансин. Ижарачи уйда яшаш ва бошқа қоидалар билан тилхат олиб таништирилиши керак. Квартира эгаси ижарачиларни қўйишдан олдин қўшниларнинг фикрини инобатга олиши ҳам таклиф қилинди.

Таклифлар орасида кўп квартирали уйда яшаш қоидаларини ишлаб чиқиш, барча йўлакбошиларни моддий рағбатлантириш бор. Улар йўлаклардаги тозалик, ХУМШ аъзоларининг мажбурий бадалларни ўз вақтида тўлашлари учун жавоб берадилар, яшовчиларни ҳисобга олиш дафтарини тутадилар. Барча таклифлар ХУМШ бошқаруви аъзоларига кўриб чиқиш учун тақдим этилди.

 

 

Таҳририят почтасидан

 

Мени томга қўйинг!

 

Мен кўп қаватли уйнинг 9-қаватида яшайман. Ёмғир ва қор ёққанда балконимга сув ўтиши сабабли соябон ўрнатмоқчи бўлдим. ХУМШ ва уйбоши у ерда яқиндагина томни ямаганлари, турар жойлар мулкдорларининг йиғилишида қопламга шикаст етмаслиги учун ҳеч кимни қўймаслик ҳақида қарор қабул қилинганини рўкач қилиб, мени томга қўйишмаяпти. Соябон ўрнатувчилар томга чиқишлари зарур. Альпинизм ишлари учун ФВВнинг барча рухсатномалари ва гувоҳномаларига эгалар.

Қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ соябон ўрнатиш учун томга чиқа олишим мумкин?

Л.Козлов.

 

– Кўп қаватли уйнинг томи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг умумий мол-мулки ҳисобланади ва ундан фойдаланиш тартиби ХУМШ томонидан белгиланади Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 15, 28-моддалари).

Шу билан бирга ширкат умумий мол-мулкдан фойдаланиш шартлари ва тартиби белгиланаётганда барча аъзоларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши шарт (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 16-моддаси).

Умумий мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи жой мулкдорининг умумий мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқидаги улушига боғлиқ эмас (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 29-моддаси).

Томга чиқиш учун юқоридаги нормаларга ҳавола қилган ҳолда ХУМШга ёзма мурожаат қилишни тавсия этамиз.

Мурожаатингизга рад жавоби олганда ёки у эътиборсиз қолдирилганда ушбу ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) юзасидан прокуратурага ёки фуқаролик ишлари бўйича судга шикоят қилиб, умумий мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш имконини бериш мажбуриятини ХУМШ зиммасига юклатиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилиш лозим.

 

Маҳкам Воҳидов,

юридик фанлар номзоди,

«Norma Online» эксперти.

 

 

Таҳририятдан. Умумий йиғилиш ширкатнинг олий органидир (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 18-моддаси). Унинг кўпчилик овоз билан қабул қилинган қарорлари ХУМШнинг барча аъзолари учун мажбурийдир (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 22-моддаси). Яъни камчилик кўпчиликка тобе бўлади. Бунда ширкат умумий мол-мулкдан фойдаланиш шартлари ва тартиби белгиланаётганда барча аъзоларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши шарт (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг ­16-моддаси).

Мазкур вазиятда ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддасига асосан ширкат таъмирлашдан кейин қопламани сақлаш мақсадида кишиларни унга қўйишни тақиқлаб, томдан фойдаланиш қоидаларини белгилаган. Агар ХУМШ бунинг аксини қилганда, қонунни бузган ҳисобланарди.

Том – ХУМШ умумий мол-мулкининг энг қимматга тушадиган қисми. Шу сабабли аксарият ширкатлар томга чиқишни тақиқлаб қўядилар. Акс ҳолда уни яна таъмирлаш харажати ширкат аъзолари зиммасига тушади. Капитал таъмирлашдан кейин томни асраш мақсадида кўп квартирали уйлар томларидаги антенналарни соябонлар, балконлар таянчларига кўчириш ҳақидаги шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган эди. Амалиётда тўққиз қаватли уйларнинг тепа қаватларида соябонлар томда эмас, балконда туриб ўрнатилади. Раис мулкдорга ана шу вариантни тавсия этиши мумкин.

ХУМШ уй аҳлининг томга чиқишини тақиқлашига яна бир сабаб – техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш. Қоидаларга кўра соябонларни баландликда ишлашга рухсатномаси бўлган мутахассислар ўрнатиши шарт. Бироқ кўпинча бу билан тасодифий кишилар шуғулланадилар. Ҳолбуки баландликдаги ишларни бажариш учун жавобгарлик ширкат зиммасида бўлади.

Агар масалага кенг ёндашилса, соябонлар ўрнатиш – қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган баҳсли масала. Ҳозирча ҳеч ким бунга эътибор бермаяпти. Аввалбошдан тўққиз қаватли бинолар соябонларсиз лойиҳалаштирилган. Лойиҳада қуйи қаватларда яшовчиларни ёмғирдан ҳимоялаш назарда тутилган. Демак, уйнинг лойиҳа ечими бузилмоқда. Соябонларни беназорат ўрнатиш мулкдорларнинг умумий мол-мулки бўлган фасаднинг архитектура қиёфасини бузади. Бу бошқа мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиши (уларга сув ўтиши), қоида ва нормаларни ҳисобга олмасдан ўрнатилган соябонлар уларнинг ҳаётига хавф солиши мумкин. У қия ўрнатилган бўлса, устига қор тушиши хавфи бор.

 

 

 

Ҳаёт учун хавфли қарз

 

2016 йил 29 ноябрда Мирзо Улуғбек тумангаз ходимлари сўнгги 3 йил, яъни 2014 йилдан 2016 йилгача ҳақ тўлашни талаб қилдилар. Бизда ҳақ тўланганлиги ҳақидаги квитанциялар бор. Улар компьютердан кўчирмани кўрсатиб, квитанцияларимиз ҳақиқий эмаслигини айтдилар. Тўлов банк ёки туман газ кассаси орқали ўтган. Биз тўлашдан бош тортдик. Улар мени судга бериб, 2010 йилдан 2016 йилгача қарз ёздилар. Онам 29 ноябрда тумангаз ходимлари келганидан сўнг асабийлашиб, инсульт билан касалхонага тушиб қолди. 4 декабрда эса вафот этди.

Тумангаз ходимлари 2010 йилдан бошлаб қарзни талаб қилишга ҳақлими?

О.Жўраева.

 

Газ етказиб берувчи ташкилот ходимлари фақат газ ҳақини тўлаш бўйича қарз бўлганда қарзни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Шу сабабли ўтган ҳақ тўланган давр учун ҳақ тўламасликка ҳақлисиз. Бундан ташқари, умумий даъво муддати 3 йилни ташкил этади (ФКнинг 150-моддаси). Агар тумангаз судга мурожаат қилса, ўтган давр учун даъвоси ушбу муддатни қўллаш ҳақидаги аризангизга кўра рад этилади (ФКнинг 153-моддаси). 

Агар тумангаз ходимларининг қонунга зид хатти-ҳаракатлари онангизнинг вафотига сабабчи бўлган деб ҳисобласангиз, кўрсатилган далиллар юзасидан прокуратура органларига мурожаат қилишингиз лозим.

Суд ишни кўраётганида пул маблағларингиз тумангаз ҳисобрақамига келиб тушмаганлиги ва тегишли материаллар прокурорга топширилиши далили юзасидан хусусий ажрим чиқариш ҳақида ариза беришга ҳақлисиз (ФПКнинг 19-моддаси). Судда тўлов тўланганлиги ҳақидаги квитанциялар ва бошқа далилларни (гувоҳлар – қўшнилар, қариндошлар ва бошқаларнинг кўрсатмаларини) тақдим этиш, шунингдек 3 йилдан ортиқ давр учун қарзни тўлаш ҳақидаги тумангаз талабларига даъво муддатини қўллаш ҳақида ёзма ариза беришингиз зарур.

 

Маҳкам Воҳидов,

юридик фанлар номзоди,

«Norma Online» эксперти.

 

 

 

Луқма

 

«Зиёфат» кимнинг ҳисобидан?

 

Пойтахтимизнинг Ҳамид Олимжон майдонидаги кўп қаватли баланд уйларнинг чироқ билан безатилиши кутилмаганда уй аҳли учун муаммога айланди. Янги йил арафасида кечки пайт 16 қаватли уйларнинг юзлаб чироқлари ёниб, байрам кайфияти ва ягона архитектура қиёфасини яратди. Туман ҳукуматининг уйларни безатиш ғоясини уй аҳли мамнуният билан қарши олди. Бироқ улар иллюминация ҳақини ўз ҳамёнларидан тўлашларига тўғри келишини хаёлларига ҳам келтирмагандилар. Гап шундаки, ёруғлик конструкциялари уйлардаги умумий электр тармоғига уланган эди. Бу ҳол уйлар истеъмол қилган электр энергияси харажатлари ХУМШ зиммасига юкланишини англатади.

 

– Конструкцияларни ўрнатаётганда ҳеч ким бизнинг розилигимизни сўрамади, фасаднинг бир қисмидан фойдаланишга ижара шартномаси тузмади, – дейди «Баланд Бино Коммунал» ХУМШ ижрочи директори Нозим Каримов. – Бу янги йил байрамига атаб 2 ҳафтага мўлжалланган тадбир, кейинчалик конструкциялар ўчирилади, деб айтдилар. Туман ҳокимлиги лойиҳасини ҳомийлар амалга оширдилар. Биномизни банк маблағлари ҳисобидан безатдилар. Банкирлар: «Ҳаммасининг ҳақини тўлаймиз, ташвишланманг», – дедилар. Бироқ уйларда 2 ой юзлаб чироқлар порлаб турди, «зиёфат» ким ҳисобидан эканлиги эса номаълум эди. Ёруғлик конструкциялари истеъмол қилган электр энергияси учун ким тўлаши кераклиги ҳақидаги саволга ҳеч ким аниқ жавоб бермади. ЭТК эса ҳисоблагич бўйича ҳақ тўлашни талаб қиляпти. У ўзи ва бировнинг истеъмолини ҳисобга олаётгани ҳеч кимни қизиқтирмаяпти».

Бизни бу ҳолат қониқтирмаётган эди, – дея давом этади Каримов. – Мустақил равишда ускунани уйнинг электр таъминотидан узиб қўйдик, жанжал бошланди. 2 ой ичида уйимиздаги ёруғлик конструкцияси қарийб 250 минг сўмлик электр энергиясини истеъмол қилган. Бу фаррошнинг 2 ойлик маоши. Ўн олти қаватли уйнинг биттасида конструкция лифтнинг электр шчитига улангани сабабли лифт тўхтаб қолди. Бу эса авария ҳолати саналади. Уй аҳли ёруғлик конструкциялари тунда ғувиллаб, пириллаши, ухлашга халал бериши, деразаларга парда тортишларига тўғри келишидан шикоят қилдилар.

Мен Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигига хат билан мурожаат қилдим, у хатимни «Тошшаҳарнур» ДУК туман филиалига жўнатди. Туман ёритиш ходимлари аввалига: «Ахир бу жозибадорку, у сизлар учун қилинган!» – дедилар. Тўғри, биз қарши эмасмиз, пойтахтимиз янада сержило ва файзли бўлишини истаймиз. Бироқ бу масалаларни ўз харажатига зўрға маблағ етказаётган ширкатлар ҳисобига ҳал этмаслик керак.

Қатъият билдиришга тўғри келди. Охир-оқибат филиал ходимлари уйимиздаги ёруғлик конструкциясини марказий электр таъминоти тармоқларига улаб қўйдилар. Ўтган 2 ой учун электр энергияси ҳақини тўлаш масаласи ҳал этилмаганича қолди. Умуман олганда, «зиёфат» ХУМШ ҳисобидан уюштирилди.

 

 

 

Эҳтиёт бўлинг, фирибгар!

 

Ўзини ЭТК ходими деб таништирган киши қўшниларга электр ҳисоблагич кўрсаткичларини қиёслаш зарурлиги ҳақида хабарнома топшириб, ўз хизматини таклиф қилган: «Келинг, уни ечиб олиб, кўрсаткичларини қиёслайман, сўнг жойига ўрнатаман. Бу 85 минг сўмга тушади». Ҳисоблагичларни қиёслаш оралиғидаги муддат 2 ойдан кейин тугаши керак эди. Кишилар ҳеч қаерга бориш керак эмаслиги учун бунга рози бўлай дедилар, кейин фикрларидан қайтдилар: «Шошилиб нима қилдик... Ҳали вақт бор, улгурамиз». Ўзаро муҳокамада ЭТК яхши ишлаётганлигидан, муддат оз қолганини эслатиб турганлигидан мамнун бўлдилар. Вақти келганда электр таъминоти ташкилотига мурожаат қилиб, қиёслашдан ўтказдилар. Тўғри, бу уларга 2 баравар арзон тушди. Энди келаси қиёслашгача 4 йил хотиржам юриш мумкинлигини ўйлаб, таскин топдилар.

 

Бироқ бир неча ой ўтгач, ўша киши яна келди. Такрор хабарнома топшириб, хизматларини таклиф қилди. Қўшнилар ташвишга тушдилар: «Ҳаммасини амалга оширдик, мана ҳужжатлари, нима гап?». У киши ҳисобга олиш дафтарига кўз ташлаб, бунда унинг айби йўқлигини, маълумотлар базасида қиёслашдан ўтказганлик ҳақида ахборот қайд этилмаганини айтиб, шошганча қайтиб кетди.

Фуқаролар ЭТКга бордилар. Абонент бўлимида ҳисоблагич қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақидаги ахборот маълумотлар базасига киритилган-киритилмаганини текширдилар. Маълум бўлишича, ҳаммаси жойида, ташвишланишга ҳожат йўқ экан. Бўлиб ўтган ҳолат ҳақида ЭТК ходимларига айтиб бердилар, ўзини уларнинг ходими деб таништирган кишини тасвирлаб бердилар. Маълум бўлишича, қўшниларимиздан бошқалар ҳам уларга худди шу вазият ҳақида оғиз очган эканлар. «У фирибгар, келаси сафар 102 рақамига қўнғироқ қилинг. Доим хизмат гувоҳномасини талаб қилинг ва уни диққат билан ўрганинг», – дея огоҳлантирдилар электр таъминоти корхонасидагилар.

Ҳақиқатан ҳам ўша кишидан ҳужжатини талаб қилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмабди – у ҳеч кимда шубҳа уйғотмади. Зеро у берган хабарнома бланкасини ҳозирда компьютерда териб, қоғозга чиқариш ҳар кимнинг қўлидан келади. Қалбаки ҳужжатни ҳам тайёрлаш осон. Дафтарни қўлга олиб, ҳисоблагичга қараб, кўрсаткичларини ёзиб олиш қийин иш эмас. Яқинда ХУМШ раҳбарларининг биридан ЭТКнинг худди шундай «ходимига» олдиндан пул тўлаб, электр ҳисоблагични қиёслашга берганларини эшитиб қолдим. Энди эса изсиз йўқолди: на ҳисоблагич, на текширувчи бор. Янгисини олиш – ширкат аъзолари ҳамёнидан пул тўлаш зарур. Коммунал хизматлар вакиллари ҳузурингизга келганда, эътиборли бўлинг.

 

Электр ҳисоблагични қиёслашдан ўтказишда нималарни билиш лозим

1

Ўзини электр таъминоти ташкилоти ходими деб таништирганларнинг хизмат гувоҳномасини текширинг.

2

Тасодифий кишиларнинг ҳисоблагични қиёслаб бериш таклифини қабул қилманг.

3

Қиёслашни ўтказиш Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 1.12.2015 йилда 2736-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.

4

Электр ҳисоблагич 4 йилда 1 марта қиёслашдан ўтказилиши керак.

5

Ҳисоблагичнинг қиёслашлараро интервал муддати тугашидан бир ой олдин ЭТК истеъмолчига имзо қўйдирган ҳолда хабарнома тақдим этади. Истеъмолчи имзолаган иккинчи нусхаси электр таъминоти корхонасида қолиши шарт (Низомнинг 9-банди).

6

Хабарномага қиёслашдан ўтказиш учун белгиланган тариф бўйича тўланиши лозим бўлган сумма кўрсатилган тўлов ҳужжати илова қилинади (Низомнинг 11-банди). Унинг учун тўлов истеъмолчи томонидан қиёслашдан ўтказиш ишлари бошлангунга қадар амалга оширилиши лозим (Низомнинг 14-банди). Ҳужжатнинг ушбу бандлари ишламайди. Бироқ абонент улар ижро этилишини талаб қилишга ҳақли.

7

Қиёслашдан ўтказиш учун тўлов амалга оширилгандан сўнг, 3 иш куни ичида ҳисоблагични ечиб олиш учун ЭТК томонидан ваколатли ходим юборилади (Низомнинг 18-банди). Ечиб олинаётганда далолатнома тузилади, унда ҳисоблагичнинг тури, завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси ва унинг ечиб олинган вақтдаги кўрсаткичлари ҳамда бошқа зарур маълумотлар қайд этилади (Низомнинг 19-банди).

8

ЭТК ходими ҳисоблагични метрология хизматига қиёслаш учун топширади. Қиёслаш 3 иш куни ичида ўтказилади. У ишлатишга яроқли деб топилган тақдирда, метрологлар буни тасдиқловчи сертификат расмийлаштирадилар (Низомнинг 26-банди) ва ҳисоблагични пломбалайдилар (Низомнинг 27-банди).

9

Ваколатли ходим қиёслашдан ўтказилган ҳисоблагични ўрнатиб, унинг клеммник қопқоғини (схемасини) пломбалайди ва истеъмолчига ҳисоблагичнинг қиёслашдан ўтганлиги ҳақидаги сертификатнинг асл нусхасини беради (Низомнинг 36-банди).

10

Ҳисоблагич ўрнатилгандан сўнг, бу ҳақда 2 нусхада далолатнома тузилади. Унда ҳисоблагичнинг тури, завод рақами, унинг ўрнатилган вақтдаги кўрсаткичлари ҳамда бошқа зарур маълумотлар қайд этилади. Далолатнома ЭТК ходими ҳамда истеъмолчи томонидан имзоланади. Бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи нусхаси ЭТКда сақланади (Низомнинг 37-банди).

11

Бирмунча вақт ўтгач, ЭТКда ҳисоблагичнинг қиёслашдан ўтказилганлиги маълумотлар базасига киритилган-киритилмаганини текширишни тавсия этамиз.

 

 

 

Фойдали маслаҳат

 

Биттаси ёзилган – бошқасини кўрадилар

 

Баъзида айрим ХУМШ раҳбарларининг журъати, беғамлигини кўриб, қойил қоласиз. Улар уйга хизмат кўрсатиш ишини йўлга қўйиш ҳақида тасаввурга эга эмаслар ёки бу осон иш деб ўйлайдилар. Улар жавобгарлик ҳақида қайғурмай, оқибати нима бўлишини ўйламай, ишга киришадилар. Амалиётнинг кўрсатишича, ХУМШ аъзолари бундан ютмайди. Уйни сақлаб туришни тўғри йўлга қўйишни белгиловчи ҳужжатларни ўқимайдилар, уларга назар ташласалар ҳам, билганча талқин қиладилар. Тушуниб ета олмайдилар ёки тушунишни хоҳламайдилар. Баъзан биттасини ўқиб, бошқасини кўрадилар. Натижада қонунга ва тушунчаларга хилоф, ҳатто ўзбилармонлик билан иш қилинади. Бунда ижобий ўзгаришларни кутиш ўринсиз. Бу аввало уй аҳлида акс этади: ҳамёнларига зарба бўлиб тушади, норозилик келтириб чиқаради.

 

«Oq-Qayin Kommunal Servis» ширкатида ижрочи директор умумий мол-мулкни сақлаб туришга мажбурий бадаллар бўйича қарздорларга белгиланган муддатларда қарзни қоплаш зарурлиги ҳақида ёзма огоҳлантириш топширади. Бу яхши иш. Ушбу олдини олиш чорасини аксарият ХУМШлар қўллаб, натижага эришадилар. Бироқ ушбу вазиятда ХУМШ аъзолари қарзни тўламасалар, Президентнинг 11.02.2005 йилдаги ПҚ-5-сон қарорига мувофиқ муддати ўтган ҳар бир кун учун қарз суммасининг 0,1%и миқдорида пеня ҳисобланиши ёзилган.

Бироқ ПҚ-5-сон қарорда нима назарда тутилган? Унинг 2-бандида умумий мол-мулкни сақлаб туриш учун мажбурий бадаллар ҳақида эмас, балки фақат коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш ҳақида сўз юритилган. Унда белгиланишича, коммунал хизматлар учун ҳақ тўламаган истеъмолчиларга шартномада белгиланган муддатлардан ўтиб кетган ҳар бир кун учун пеня ҳисобланади. Юридик шахслардан муддати ўтказиб юборилган сумманинг 0,4%и, аҳолидан эса 0,1%и миқдорида, аммо 50%дан ошмайдиган микдорда, пеня қўшиб ундирилади.

Ушбу бандда мажбурий бадаллар ҳақида сўз юритилмаган. Умумий мол-мулкни сақлаб туриш учун бадалларни ўз вақтида тўламаганлик учун пеня ундирилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. ХУМШ амалиётида мажбурий бадаллар бўйича қарздорлар уларга пеня ҳисобланганда ширкатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилиб, унда ютиб чиққан ҳоллар бўлган. ХУМШ ходимлари ва квартиралар соҳибларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масаласи аввалгидек долзарблигича қолмоқда. ХУМШ уюшмалари, қаердасиз? Бу сизнинг ишингизку.

Коммунал тўловларни тўлаш муддатлари ва муддатни ўтказиб юборганлик учун пеня ҳисобланиши қандай ҳужжатларда белгиланганлигини эслатиб ўтамиз. Дарвоқе, сўнгги пайтда коммуналчилар ўтган йиллар учун пеня ундириш ишини жадаллаштирдилар.

Уй-жой кодекси (УК). Кўп квартирали уйдаги турар жойлар мулкдорлари (ижарага, арендага олувчилар) умумий мол-мулкни сақлаш харажатларини, кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун мажбурий тўловларни ўтган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тўлайди.

Кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, улар кечиктирилган ҳар бир кунга юридик шахслар учун 0,4%, жисмоний шахслар учун 0,1% миқдорида, бироқ кечиктирилган тўлов суммасининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайди.

Агар ширкат, бошқарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилот кўп квартирали уйнинг коммунал хизматлар буюртмачиси бўлса, уларга пеня миқдорлари бўйича жисмоний шахслар учун белгиланган норма қўлланилади.

Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага, арендага олувчиларига коммунал хизматлар кўрсатиш мажбурий тўловлар 3 ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, тўхтатиб турилади (УКнинг 134-моддаси).

Ушбу коммунал хизматлар кўрсатиш қоидасидан (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарори билан тасдиқланган) келиб чиқилса, уларни етказиб беришга шартномалар ҳам юқорида кўрсатилган коммунал тўловларни тўлаш муддатларини, улар ўз вақтида тўланмаганда эса – пеня қўлланишини ўз ичига олади.

 

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 1948 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика