Norma.uz

Йилнинг стратегик режаси

 

2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (7.02.2017 йилдаги ПФ-4947-сон Фармон билан тасдиқланган) босқичма-босқич, йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади. Фармон билан 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.

 

Мазкур Давлат дастури Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси каби 5 та устувор йўналишни ўз ичига олади:

1) давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш;

2) қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;

3) иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш;

4) ижтимоий соҳани ривожлантириш;

5) хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш.

Йилнинг Давлат дастурида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг 5 блокка жамланган устувор йўналишларини кўриб чиқамиз:

макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш;

таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш;

қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш;

иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш;

вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш.

 

Молия бозорини барқарорлаштиришга йўналтирилган чора-тадбирларда валюта бозори ҳолати устидан тизимли мониторингни амалга ошириш; миллий валютанинг ва ички бозордаги нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, шу жумладан инфляция даражасини аниқлашда товар ва хизматларнинг истеъмол нархлари (тарифлари) ўзгаришини кузатиш услубиятини такомиллаштириш; нақд пул муомаласи механизмларини, пул-кредит сиёсати воситаларини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш орқали таъминлаш назарда тутилган. Шунингдек нақдсиз ҳисоб-китоблар ҳажми ва қамровини ошириш; пул маблағларининг банкдан ташқари айланишини қисқартириш; аҳоли томонидан товар ва хизматлар учун тўловларни амалга оширишда фойдаланиладиган кредит карталарини муомалага киритиш мўлжалланган. Тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш учун тизимлардан («СМС-банкинг», «Интернет-банкинг», «Мобил-банкинг») фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш; тўлов терминалларидан фойдаланганлик учун ижара тўлови миқдорини қисқартириш ҳамда пластик картадаги маблағларни бошқа картага ўтказиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тарифларни камайтириш, валюта ва солиқ назоратини соддалаштиришни ўз ичига олган электрон тижоратни ривожлантиришни рағбатлантириш режалаштирилмоқда. Давлат дастури доирасида саъй-ҳаракатлар якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлар, деҳқон хўжаликларига банк пластик карталаридан фойдаланиш имконини бериш; мазкур субъектларга уларнинг маблағларини тасарруф этишдаги асоссиз чекловларни бекор қилишга қаратилади. Шунингдек ваколатли органнинг қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш бўйича ролини кучайтириш ва молия бозорини тартибга солишнинг замонавий воситаларини жорий қилиш; мазкур органнинг назорат функцияси эмас, балки қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вазифасининг устуворлигини белгилаш; қимматли қоғозларни эмиссия қилишни рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштиришга эътибор қаратилади. Суғурта ва бошқа молиявий хизматларнинг янги шаклларини жорий қилиш, хизматлар кўрсатиш ҳажмини кенгайтириш ишлари амалга оширилади.

 

Солиқ солиш тартибини такомиллаштириш. Дастурда мазкур йўналиш мақсади солиқ қонунчилиги барқарорлигини таъминлашга қаратилган таклифлар тайёрлаш эканлиги кўрсатилган. Хусусан, солиқ солиш базасини ҳисоблаш жараёнини соддалаштириш, ягона базадан ундириладиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни унификация қилиш; якка тартибдаги тадбиркорлардан ундириладиган қатъий белгиланган солиқ миқдорини, шу жумладан, фаолият кўрсатиш жойларини ҳисобга олган ҳолда камайтириш; йирик корхоналарга бўлган солиқ юкини мақбуллаштириш ва пасайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш; якка тартибдаги имтиёзлар тақдим этилишини қўлламаслик назарда тутилган.

 

Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини муваффақиятли равишда модернизация ва диверсификация қилиш учун минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича 649 та инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни, шунингдек кўмир қазиб олишни йилига 7,8 млн тоннага ошириш имконини берувчи инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутувчи тармоқ дастурларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш лозим. Уларнинг қиймати 40 млрд долларга тенг. Бундан ташқари, умумий қиймати 1 млрд долларлик 145 та ишлаб чиқариш қувватларини (мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича (63 та лойиҳа), рангли металлар бўйича (6 та лойиҳа), кимёвий хом ашёлар бўйича (2 та лойиҳа), углеводород хом ашёларини қайта ишлаш бўйича (6 та лойиҳа), тайёр чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича (9 та лойиҳа), фармацевтика маҳсулотлари (7 та лойиҳа), қурилиш материаллари (29 та лойиҳа), тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари (15 та лойиҳа) ишлаб чиқаришни ошириш ва бошқалар) фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Дастурга иқтисодиётнинг базавий тармоқларидаги 4 400 дан ортиқ корхоналарнинг рентабеллик даражасини ошириш ва молиявий соғломлаштириш; ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш асосида ишчилар сонини кўпайтириш; йирик корхоналарда маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни янгилаш ҳамда модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш, технологик жараёнларни оптималлаштириш йўли билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархини 8%га қисқартириш. Экспортга мўлжалланган маҳсулотларни юқори даражада маҳаллийлаштиришга йўналтирилган иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларини ривожлантириш дастурини тасдиқлаш; ташқи савдо йўналишларининг халқаро инфратузилмалари билан интеграциялашувига қаратилган дастурни ишлаб чиқиш; экспорт корхоналари учун тарифларни пасайтиришни рағбатлантириш, темир йўл ва ҳаво транспортларида юк ташиш тарифларини оптималлаштириш мўлжалланган.

 

Капитал қурилишни такомиллаштиришда қурилишда банд бўлган кичик тадбиркорлик субъектларининг ходимлар чекланган йиллик сонини (50 тадан 200 тага) кўпайтириш; тендер савдолари ўтказишда тендер шартларини ўзгартириш механизмини такомиллаштириш; лойиҳаларни экспертиза қилиш тизимини такомиллаштириш; қурилиш ташкилотлари фаолиятини текширишларни ишларни якунлагандан кейингина амалга ошириш; лойиҳаларни молиялаштиришнинг турли замонавий усулларини жорий этиш; тадбиркорлик субъектларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш бўйича харажатларни камайтириш назарда тутилмоқда.

 

Темир йўл орқали ташишларни яхшилаш мақсадида «Talgo-250» русумидаги 2 та юқори тезликдаги йўловчи поездини сотиб олиш, Қарши—Термиз, Поп—Наманган—Андижон темир йўл линияларини электрлаштириш, Бухоро—Мискин янги темир йўл линиясини қуриш амалга оширилади.

 

Алоқани яхшилаш учун 2 300 км оптик толали алоқа линиялари қурилади, коммутация марказлари IMS технологияси асосида модернизация қилинади, мобил алоқа операторларининг 1 843 та база станциялари ўрнатилади, 394 та рақамли телевидение узаткичлари ўрнатилади ва ишга туширилади.

 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни такомиллаштириш бўйича пахта экин майдонларини 49 минг гектарга, ғалла майдонларини 10 минг гектарга қисқартириш, қисқартирилган экин майдонларига картошка (8,1 минг га), сабзавот (27,2 минг га), интенсив боғ (5,9 минг га), токзор (2,9 минг га), озуқа экинлари (10,9 минг га) ва мойли экинлар (4 минг га) экиш назарда тутилмоқда. Бу паст рентабелли экин майдонларида экин етиштиришдан кўриладиган зарарни 80 млрд сўмга қисқартириш; қўшимча 1 млн тоннага яқин мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш; 48,5 мингдан ортиқ янги иш ўринларини ташкил қилиш натижасида ушбу экин майдонларида банд бўлган аҳоли сонини 75,6 мингга етказишга имконият яратади. Шунингдек мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини 2 баробар ошириш, бунга 2016 йилдагига нисбатан сабзавот (105,7%га), картошка (106,3%га), полиз экинлари (106,1%га), мева (106%га), узум (105,7%га), гўшт (105,6%га), сут (8,1%га), тухум (111,3%га), балиқ (120%га) ва асал (118,2%га) етиштириш ҳажмларини ошириш орқали эришиш мўлжалланган. Бунинг учун умумий ҳажми 132,2 минг тонналик 184 та музлаткичли омборларни ташкил қилиш ва 1,4 минг тонналик 4 та музлаткичли омборларни модернизация қилиш ҳамда 1 000 та янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

 

Ер участкаларини ажратиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш таомилларини соддалаштириш ва жадаллаштириш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг иштирокисиз «ягона дарча» тамойили асосида 1 га дан ортиқ ер майдонларини ажратиш ҳужжатларини тайёрлаш ва ваколатли органлар билан келишиш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилади; аризани кўриб чиқиш жараёнини интерактив кузатиш имконияти яратилади; бино ва иншоотлар майдонларидан келиб чиққан ҳолда уларни хатловдан ўтказишнинг дифференциаллашган муддатлари белгиланади; кадастр органларининг қурилиш ва архитектура, адлия, солиқ ва бошқа органлар билан ўзаро электрон ахборот алмашинуви тизими жорий этилади; кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни қайта рўйхатдан ўтказишда уни такроран хатловдан ўтказиш тақиқланади.

 

Улуғбек Аюбов,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 1953 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика