Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 10 / Муаммони муҳокама қиламиз

Экспортчилар учун имтиёзларни қўллаш асослари

 

Экспортчилар учун салмоқли имтиёзлар ва преференцияларни ўз ичига оладиган экспортни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими давлат даражасида шакллантирилган:

1) акцизланадиган товарларни ишлаб чиқарувчилар экспортга сотганда акциз солиғи солинмайди, акцизланадиган товарларнинг айрим турлари бундан мустасно;

2) товарларни (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) хорижий валютага экспортга сотиш бўйича оборотга ноль даражали ставкада қўшилган қиймат солиғи солинади;

3) микрофирмалар, кичик корхоналарнинг ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) экспорт қилишдан тушадиган валюта тушуми хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилинади;

4) экспортчи корхоналар учун (хом ашё товарларини сотишдан ташқари) фойда ва мол-мулк солиғи ставкалари сотишнинг умумий ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) ЭАВга экспорт қилиш улушига қараб: экспорт улуши 15%дан 30%гача бўлганда – 30%га; экспорт улуши 30% ва ундан ортиқ бўлганда – 50%га камайтирилади. Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси худди шундай ҳажмларда камаяди.

 

 

Бу корхоналар тасарруфида қолган пул, шу жумладан валюта маблағларини ўз ишлаб чиқаришини ривожлантиришга йўналтириш имконини беради.

Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидаларига (АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган) киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилган:

«Товарларни (ишларни, хизматларни) ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот тоифасига мансублиги фактини тасдиғи бўлиб, корхона томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда қўйилган белги ҳисобланади» (АВ томонидан 7.04.2016 йилда 2195-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Мазкур норма расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирган (11.04.2016 йилдаги 14-сон Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами). Бироқ товарларнинг экспорт контрактларини рўйхатдан ўтказишга доир ТСОЯЭАТ версияси ушбу санадан кейинроқ жорий этилган, ишлар ва хизматлар экспорти бўйича контрактларни рўйхатдан ўтказиш эса фақат 2016 йил 3 октябрдан амалга оширила бошлади.

Шу муносабат билан экспортчиларда савол юзага келди: «Ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) экспортга сотувчи юридик шахс ТСОЯЭАТда қайд этиш имкони бўлмаган даврда белгиланган имтиёзлар ва преференцияларга ҳақли бўладими»?

Фикримизча, бунга ижобий жавоб берилса керак.

 

«Кўринмас» экспорт

«Кўринмас» экспорт – келаётган хорижий фуқаролардан (сайёҳлардан), шунингдек уларга маҳаллий авиатранспорт чипталарини ва келган мамлакатдаги бошқа хизматларни сотишдан даромадлар.

Амалдаги қонунчиликда Ўзбекистонда «кўринмас» экспорт бор-йўқлигини кўриб чиқамиз.

Кичик бизнес корхоналари ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) экспорт қилганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд хорижий валютани қабул қилиш мумкин (АВ томонидан 12.08.2002 йилда 1165-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1-банди «а» кичик банди).

«Хорижий давлатнинг жисмоний шахси Ўзбекистон ҳудудида ишларни бажариши ва хизматлар кўрсатиши экспорт ҳисобланадими?» деган саволга жавоб қуйидаги таърифда мавжуд: «Ишларни (хизматларни) экспорт қилишишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси томонидан чет давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш. Ишлар ва хизматлар экспорт қилинганлиги факти ҳисобварақ-фактура ёхуд белгиланган тартибда расмийлаштирилган бажарилган ишлар далолатномаси билан тасдиқланади» (Қоидаларнинг 1, 3-бандлари). Ишлар, хизматлар аҳолига нақд пулда реализация қилинган ҳолларда фискал хотирали назорат-касса машинаси чеки, терминал чеки, квитанция ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлардир (Солиқ кодексининг 222-моддаси).

Қонун ҳужжатлари таҳлили қуйидаги хулосаларни чиқариш имконини беради.

Кичик бизнес корхоналари Ўзбекистон ҳудудида хорижий давлатнинг жисмоний шахси учун нақд хорижий валютага ўзларида ишлаб чиқарилган ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш ҳуқуқига эгалар. Бунда улар ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжат – фискал хотирали назорат-касса машинаси чекини (терминал чекини, квитанцияни) ёзиб беришлари шарт.

Мазкур ҳолатда амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кичик бизнес корхонаси хорижий фуқароларга ЭАВда ишлар, хизматлар кўрсатганда ёзма шартнома тузмасликка ҳақли. Шу муносабат билан уларда контрактни (шартномани) рўйхатдан ўтказиш ва ТСОЯЭАТда қайд этиш, бу билан бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматларни ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларга киритиш далилини тасдиқлаш имкони йўқ.

Бунда кичик бизнес корхонаси ўзи ишлаб чиқарган хизматларни экспорт учун ЭАВга сотганини ҳеч ким рад эта олмайди, у имтиёзлар ва преференцияларга ҳақли.

Шунингдек авиакомпаниялар ва уларнинг агентлари томонидан авиачипталар сотилганида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд хорижий валютани қабул қилиш мумкин (Низомнинг 1-банди «б» кичик банди).

Фуқаролик авиациясида электрон йўловчи чиптаси ва багаж квитанцияси йўловчи ва багаж ташиш шартномасини тасдиқлаш учун фойдаланиладиган ҳужжатлар ҳисобланади. Унда йўловчи ва багажни ҳаво орқали ташиш ҳақидаги ахборот электрон-рақамли шаклда берилади.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг авиаташув бўйича хизматлар кўрсатиши ўзи ишлаб чиқарган хизматлар экспорти ҳисобланади. Агар амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилса, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг имтиёзига эга бўлиш учун ҳар битта чиптани (шартномани) электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш ва ушбу хизмат ўзида ишлаб чиқарилганлигини қайд этиш керак бўлади.

Хорижий фуқаролар учун ЭАВда ишларни бажарувчи, хизматларни кўрсатувчи туризм соҳасидаги компаниялар, меҳмонхоналар ва бошқа тадбиркорлик субъектлари имтиёзларни қўллаши қонунийлиги муаммосини ҳал этиш мақсадида амалдаги нормага ТСОЯЭАТдаги белги имтиёзлар ва преференцияларни қўллашнинг мажбурий шарти эмаслиги, балки фақат ўз кучи билан хизматлар кўрсатилганлигидан хабардор қилиши ҳақида аниқлаштириш киритишни тавсия этамиз. Бунда солиқ органлари ушбу белгисиз ҳам амалдаги қонунчиликка риоя этилишини назорат қила оладилар. Импортчи имтиёзни қўллаши қонунийлигини тасдиқлаш учун уларга зарур ҳужжатларни тақдим этади.

Айни пайтда нафақат тадбиркорлик субъектлари – экспортчилар, балки назорат органлари ходимлари ҳам мазкур муаммо ҳал этилишидан манфаатдор.

 

Шарофиддин РЎЗМЕТОВ,

ДСҚ ҳузуридаги РАММ ТШБ директори.

 

Изоҳ: Низомнинг 2-бандига мувофиқ, моддада кўрсатилган тўловлар нақд хорижий валютада, шунингдек пластик тўлов ва кредит карточкалар орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Прочитано: 1915 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика