Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 10 / Амалий бухгалтерия

Ортиқча тўланган иш ҳақи қайтарилиши керак

 

Ташкилот иш ҳақи бухгалтерининг айби билан нотўғри ҳисоблангани натижасида ишдан бўшатилган ходимга керагидан ортиқ иш ҳақи тўлаган. Хато тузатилганидан кейин қайта ҳисоб-китоб қилинди, ишдан бўшатилган ходимда 6710-ҳисобварақ бўйича минусли сумма турибди.

1. Ортиқча тўланган иш ҳақини ким қоплаши керак?

2. 6710-ҳисобварақ бўйича минусли суммани (ишдан бўшатилган ходимнинг қарзини) иш ҳақи бухгалтерининг иш ҳақидан жарима ҳисобига ёпиш мумкинми?

3. Ходимнинг ортиқча берилган сумма бўйича қарзини корхона зарарларига киритиш мумкинми? Буни қандай проводкалар билан акс эттириш керак?

Замира,

МЧЖ бухгалтери.

 

1

Ортиқча тўланган суммани ишдан бўшатилган ходим қоплаши керак.

Ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган суммаларни қайтариб олиш учун, ходимнинг розилигидан қатъи назар, ҳақ тўлаш нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмасдан меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади. Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим ушлаб қолишни асоссиз ёки миқдорини нотўғри деб ҳисобласа, у ҳолда қарз суд тартибида ундирилади (МКнинг 164-моддаси ­2-қисми 3-банди).

Хуллас, ортиқча тўланган суммани корхона кассасига ёки ҳисоб-китоб рақамига тўлаган ҳолда ишдан бўшатилган ходим қайтариши шарт.

 

Бунда қуйидаги бухгалтерия проводкалари қўлланилади:

Ишдан бўшатилган ходимнинг қарзни қоплаши

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Ортиқча берилган сумма ишдан бўшатилган ходимнинг қарзига киритилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

 

Ишдан бўшатилган ходим суммани қайтарди

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»;

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

 

У қарзни ихтиёрий қоплашга рози бўлмаса, корхона даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади.

Агар ходим ортиқча тўланган суммани қайтармаган бўлса, олган даромади ҳақидаги маълумотларни ДСИга тақдим этиш лозим.

 

2

Иш ҳақи бухгалтери айбдор деб топилса, ортиқча тўланган сумма миқдоридаги зарарни қоплаши мумкин.

Иш ҳақи бухгалтеридан жарима меҳнат шартномасида, жамоа шартномасида ёки корхонанинг бошқа локал ҳужжатида назарда тутилган бўлса, уни ундириш мумкин. Бироқ жарима зарар қоплами ҳисобланмайди.

Иш берувчи (раҳбар) айбдор шахсни аниқлаш ва унинг зарарни қоплаши ҳақида қарор қабул қилиш учун етказилган зарар миқдорини белгилаш ва унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказади. Бундай текшириш ўтказилиши учун у комиссия тузишга ҳақли. Ушбу хатога олиб келган барча ҳолатларни объектив равишда кўриб чиқиш зарур. Масалан, табель ўз вақтида тақдим этилмаганлиги ёки штат жадвалига ўзгартириш киритилганлиги, маошга устамалар бекор қилинганлиги, аванс ҳисоботи тақдим этилмаганлиги ва бошқалар натижасида хатога йўл қўйилган бўлиши мумкин. Зарарнинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш учун бухгалтердан тушунтириш хати талаб қилиниши шарт (МКнинг 204-моддаси).

Комиссиянинг баённомаси ва раҳбарнинг буйруғига асосан зарар ундирилади. Етказилган зарарнинг бухгалтердан ундирилиши лозим бўлган суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки у аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтган бўлса, суд тартибида ундирилади (МКнинг 207-моддаси).

 

Бу ҳолда қуйидаги бухгалтерия проводкалари қўлланилади:

Айбдор шахснинг зарарни қоплаши

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Ортиқча берилган сумма ишдан бўшатилган ходимнинг қарзига киритилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

 

Ортиқча берилган сумма корхонага етказилган зарар сифатида акс эттирилди

 

5910-«Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

Айбдор шахсдан ундириладиган сумма акс эттирилди

 

4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»

 

5910-«Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»

 

Айбдор шахснинг иш ҳақидан зарарни қоплашга ушланмалар акс эттирилди

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

 

4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»

 

 

3

Ходимнинг ортиқча берилган сумма бўйича қарзини корхонанинг зарарларига киритиш мумкин.

Агар зарар қийматини айбдор шахслардан ундиришнинг имкони бўлмаса ёки аниқ айбдорлар аниқланмаган бўлса, корхона ўз маблағлари ҳисобига зарарни ҳисобдан чиқариши ва уларни бошқа операцион харажатлар таркибида акс эттириши шарт.

 

Бухгалтерия ҳисобида бу қуйидагича акс эттирилади:

Айбдор шахслар аниқланмаган

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Ортиқча берилган сумма ишдан бўшатилган ходимнинг қарзига киритилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

 

Ортиқча берилган сумма корхонага етказилган зарар сифатида акс эттирилди

 

5910-«Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

Зарар суммаси харажатларга киритилди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

5910-«Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»

 

 

Ҳатто айбдор шахс аниқланган ҳолда ҳам иш берувчи зарар етказилган чоғдаги аниқ ҳолатларни ва ходимнинг молиявий аҳволини ҳисобга олиб, уни ундиришдан тўлиқ ёки қисман воз кечиши мумкин. Давлат мулки шаклидаги корхоналарда ана шундай қарор, агар у жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, қабул қилиниши мумкин. Бундай ҳолда етказилган зарар корхона фойдаси ҳисобидан қопланади (МКнинг 200-моддаси).

Кўрилган зарар суммаси умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди (Солиқ кодексининг 147-моддаси 9-банди), ЯСТни тўловчилар учун – ЯСТни ҳисоблашда ҳисобга олинмайди.

Агар айбдор шахс аниқланган, кейинчалик эса раҳбар қарздан кечиш ҳақида қарор қабул қилган бўлса, иш берувчи ҳисобдан чиқарган ходимнинг қарзи суммаси унинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 5-банди). Бу даромадга ЖШДС солинади, ундан ЯИТ ва суғурта бадаллари тўланмайди.

Шу тариқа, раҳбарнинг қарорига кўра ортиқча берилган суммани корхона зарарларига ҳисобдан чиқариш мумкин.

 

Бухгалтерия проводкалари қуйидагича бўлади:

Зарарни қоплаш ҳақида қарор чиқарилган, бироқ қарздан кечилган

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Ортиқча берилган сумма ишдан бўшатилган ходимнинг қарзига киритилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

 

Ортиқча берилган сумма корхонага етказилган зарар сифатида акс эттирилди

 

5910-«Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

Айбдор шахсдан ундириладиган сумма акс эттирилди

 

4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»

 

5910-«Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»

 

Айбдор шахснинг қарзи кечилди (тўлиқ ёки қисман)

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»

 

Айбдор шахснинг жами даромади бўйича ЖШДС (кечилган қарз суммасида) ушлаб қолинди

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)»

 

 

 

Анжелика НАМ, «Norma Online» эксперти. 

Прочитано: 3923 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика