Ходим хорижий хизмат сафарида, унинг муддатига 4 та дам олиш куни – иккита шанба ва иккита якшанба куни киради.
Ходим бу пайтда хорижий хизмат сафарида бўлса, дам олиш кунларига иш куни сифатида ҳақ тўлаш керакми?
М.Муқимова.
– Ходим хорижий хизмат сафарида бўлган даврда, агар дам олиш кунларида ишни бажаришга жалб этилган бўлса, бундай кунларга ҳақ тўланиши керак.
Умумий қоидага кўра дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланади. Бироқ истисноли ҳолларда иш берувчи ўз фармойиши билан айрим ходимларни бу кунларда ишга жалб этишига фақат жамоа шартномасида белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади. Агар у тузилмаган бўлса, – иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади (МКнинг 130-моддаси 1-қисми).
Хорижий хизмат сафари вақтида ходим ишлаб чиқариш заруратига кўра дам олиш кунлари ишлаган бўлса, бу кунлардаги иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Дам олиш кунидаги иш учун ходимнинг хоҳишига қараб, яъни унинг ёзма аризаси бўлганда, ҳар бир дам олиш куни учун 1 кун отгул берган ҳолда бир ҳисса миқдорда ҳақ тўланиши мумкин (МКнинг 157-моддаси).
Хорижий хизмат сафарида бўлган ходим дам олиш кунлари ишламаган бўлса, бу кунларга ҳақ тўланмайди, улар учун фақат хизмат сафари харажатлари тўланади (МКнинг 171-моддаси; АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1-банди).
Камол Музаффаров,
«Norma Online» етакчи эксперти.