Номзод ЎзДЖТУни битирган («Таржима назарияси ва амалиёти» ихтисослиги бўйича бакалавр). Сўнгра ирригацияда «Атроф муҳитни муҳофаза қилиш (геоахборот тизимлари)» ихтисослиги бўйича магистратурани якунлаган. Аввалига 9 ой менежмент-стажёр лавозимида ишлаган. Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича таълим олгандан кейин 3 йилга гувоҳнома олган, бу даврда заводда ММ ва ТХ бўйича мутахассис лавозимида ишлаган, яхши тажрибага эга. Бироқ ММ бўйича мутахассиснинг олий техник маълумотга эга бўлиши талаб қилинади.
Олий техник маълумотга эга бўлмаган номзодни ММ ва ТХ бўйича муҳандис лавозимига қабул қилиш мумкинми?
А.Умаров.
– Қонун ҳужжатларида иш берувчига бундай имконият берилади.
Айрим ҳолатларда Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида (ВМнинг 19.06.2015 йилдаги 164-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланган маълумотнинг энг паст даражасига ёки йўналишига эга бўлмаган, лекин етарли даражада амалий тажрибага эга бўлган, ўзларига юкланган лавозим вазифаларини тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажарадиган ходимлар маълумотнинг тегишли даражасини ёхуд маълумотнинг бошқа йўналишини талаб қиладиган лавозимга қабул қилиниши мумкин, агар қонунчиликда бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса (Классификаторнинг 19-банди).
Шуни қўшимча қайд этамизки, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича муҳандис лавозимига педагогик маълумотга эга номзодлар ҳам қабул қилиниши мумкин (Классификациянинг 1084, 1084-1-бандлари, Классификаторга 2-илова).
Абдусалом Рисқуллаев,
«Norma Online» етакчи эксперти.