Фирмам жисмоний шахсга тегишли ЙТҲга учраган автомобилни таъмирлади. Суднинг ҳал қилув қарори билан машина эгаси жабрланувчи тараф деб тан олинди, унга ФЖМС полиси бўйича суғурта қоплами тўланиши керак. У фирмам билан талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ёки суғурта қоплами ҳисобига таъмирлаш суммасини қоплаш учун қарзни бошқа шахсга ўтказиш шартномасини тузмоқчи.
1. ЙТҲда етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасини нотариал тасдиқлаш зарурми?
2. Ушбу битим автотранспорт воситаси билан боғлиқ битим деб ҳисобланадими?
Б.Абдувосиқов.
1 |
Оддий ёзма ёки нотариал шаклда тузилган битимга асосланган талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш (қарзни бошқа шахсга ўтказиш) ўша шаклда амалга оширилиши керак. Давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим бўйича эса – худди шу тартибда рўйхатга олиниши керак (ФКнинг 320, 322-моддалари).
Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта (ФЖМС) қилиш шартномаси оддий ёзма шаклда тузилиши ва нотариал расмийлаштиришни ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмаслиги сабабли («Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси, Қоидаларнинг 2-бўлими, ВМнинг 24.06.2008 йилдаги 141-сон қарорига 4-илова) бундай шартнома бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ёки қарзни бошқа шахсга ўтказиш битими ҳам худди шундай расмийлаштирилади.
2 |
Автомототранспорт воситалари шартнома предмети сифатида чиқиши ва, тегишинча, ё бошқа шахсга берилиши (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента) ёхуд бошқа тарафга фойдаланишга берилиши (ижарага бериш, текин фойдаланиш, лизинг) ёки бошқача усулда фуқаролик ҳуқуқий муносабати предмети бўлиб чиқиши (масалан, гаров сифатида) автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларнинг муҳим аломати ҳисобланади (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 1-банди).
Кўрилаётган вазиятда эса шартнома предмети автомобилнинг ўзи эмас, таъмирлаш хизматлари кўрсатиш ҳисобланади. Тегишинча, ушбу битим автомототранспорт воситаси билан боғлиқ битим деб ҳисобланмайди.
Маҳкам Воҳидов,
юридик фанлар номзоди,
«Norma Online» эксперти.