Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар қуйидаги бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди:
● биринчи ўқишда – Президентимизнинг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини (5.10.2016 йиладиг ПФ-4848-сон) ижро этиш мақсадида ҳамда 2017 йилга мўлжалланган Солиқ ва бюджет сиёсати концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини.
Қонун лойиҳасида тўловга оид тартиб-интизомни, солиққа оид маслаҳатлар бериш соҳасида кўрсатиладиган хизматлар сифатини, хорижий инвестицияларга эга бўлган корхоналарнинг ҳуқуқлари ва улар фаолиятининг кафолатларини таъминлаш назарда тутилмоқда;
● биринчи ўқишда – «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши республикамиз Президентининг «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (21.10.2016 йилдаги ПФ-4850-сон) мавжуд бўлган нормаларнинг амалиётга татбиқ этилишини таъминлайди.
Қонунлар биринчи ўқишда қабул қилинди;
● иккинчи ўқишда – «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунга кредиторлар ва қарздорларнинг суд орқали ҳимоя қилинишга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси. Бундан буён банкротлик тўғрисидаги ишда келишмовчиликларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан суднинг апелляция инстанцияси чиқарган қарорлар қайта кўриб чиқилиши лозим, яъни юқори турувчи инстанцияларга судларнинг қарори устидан шикоят қилиниши мумкин.
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати материали асосида.