Мен банк билан тузилган ипотека шартномасига кўра ҳар ойда кредит тўлайман. Навбатдаги ойга қолдиқ қолди. 23.11.2016 йилда банк талабнома жўнатди, мактубни 26.11.2016 йилда (шанба куни) олдим ва банк ходимларига тўлов топшириқномаларини кўрсатган ҳолда шу куниёқ банкка кредитнинг қолдиқ суммасини, шунингдек кейинги ой учун пулни ўтказдим.
Бироқ, маълум бўлишича, банк судга даъвони ва талабномани бир куннинг ўзида берган экан. Руҳий зўриқиш, бунинг устига ҳомиладорлигим сабабли касалхонага тушиб қолдим. 15.12.2016 йилда мени судга чақирдилар, бироқ даъвогарнинг ўзи судга келмади.
Судья жорий пайтда банк олдида қарзим йўқлиги ҳақида маълумотнома талаб қилди. Ишни кўришни 21.12.2016 йилга қолдирди. Банкда ушбу маълумотномани беришдан 5 кун давомида бош тортдилар. Даъвогар такроран келмаганлиги сабабли ишни кўришни яна 2 кунга қолдирдилар. Мен ишонч телефони орқали мурожаат қилдим, шундан кейин банк даъвосини қайтариб олди.
Кўрсатилган хатти-ҳаракатлари учун банкдан маънавий зарарни суд тартибида ундириб олишим мумкинми?
Ж.Бектурсинова.
– Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги даъвоингиз (у банкка тақдим этилган ҳолда), башарти банк ходимлари ҳуқуққа зид хатти-ҳаракат қилганликларини ва сизга кўрсатилган зарарни етказганликларини исботлай олсангиз, суд томонидан қондирилиши мумкин (ФКнинг 1021-моддаси 1-қисми1).
Бироқ, даъво қилишдан аввал банк томонидан ипотека кредити тақдим этилиши ҳақидаги шартнома шартларига, шунингдек ушбу шартномага тааллуқли норматив-ҳуқуқий кўрсатмаларга эътибор беришингиз зарур.
Хатингизга қараганда, кредит шартномаси бўйича асосий қарзнинг навбатдаги (ойлик) қисмини қоплашни ва, тахминимизча, унга доир ҳисоблаб ёзилган фоизларни тўлашни атиги бир марта кечиктиргансиз. Бу ҳолда банкнинг масъул ходими кечиктириш сабабларини аниқлаши: сиз билан шахсан учрашиб, кечиктирилган ипотека кредити тўланишини таъминлаш чора-тадбирларини кўришингизни талаб қилиши шарт эди (ВМнинг 25.05.2009 йилдаги 148-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 44-банди). Ушбу талаб, фикримизча, уни бартараф этиш учун муддатни белгилаган ҳолда кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаслиги ҳолати юзага келганлиги ҳақидаги ёзма билдиришнома (моҳиятан бу ҳужжат даъвонинг ўзи) тарзида расмийлаштирилади. Эҳтимол, бу сиз банк билан тузган шартномада қайд этилгандир (Намунавий шартноманинг 8.1.4-банди 2-хатбошиси, Низомга 2-илова).
Банк 3 кунлик муддатда кредитнинг кечиктирилган қисмини қоплашни ва фоизларни тўлашни ёзма равишда (сиз билан шахсий учрашувни лозим топмай) талаб қилган. Бироқ, у қарзни тўлаш учун белгиланган муддат ўтишини кутмай, тегишли даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Ҳолбуки, бунгача кўрилган чора-тадбирлар (масалан, қарзни тўлаш талаб этилган даъво) зарур натижаларни бермаган тақдирдагина қонун ҳужжатлари кредитор банкка берилган ипотека кредитини ва ҳисоблаб ёзилган фоизларни муддатидан олдин ундириш чора-тадбирларини кўриш имконини беради (Низомнинг 45-банди).
Банк, ҳар қандай бошқа шахс сингари, ўзига тегишли бўлган фуқаролик ҳуқуқларини, шу жумладан уларни ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳам ўз хоҳишига кўра тасарруф этади (ФКнинг 9-моддаси 1-қисми). Бироқ, шу билан бирга қонун ижодкорининг белгилашича, ҳуқуқларни амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт; фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши назарда тутилади. Тадбиркорлар эса (тижорат банклари тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади) ўз ҳуқуқларини амалга оширишда иш одоби қоидаларига2 ҳам риоя этишлари керак. Бошқа шахсга зарар етказишга, бошқача шаклларда ҳуқуқни суиистеъмол қилишга, шунингдек ҳуқуқни унинг мақсадига зид тарзда амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига йўл қўйилмайди (ФКнинг 9-моддаси 3–5-қисмлари). Яъни бу билан фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш чегараларини белгиловчи қонун оқилона ва адолатли бўлмаган ҳаракатни ҳуқуқни суиистеъмол қилишга тенглаштиради.
Банкнинг хатти-ҳаракатлари, фикримизча, судда ҳимоя қилиш ҳуқуқини суиистеъмол қилишда ифодаланган ва ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширилган. Бироқ натижада бундай ҳуқуқ қонун ҳужжатлари билан рухсат берилган доирадан чиққан, бу эса сизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларингизни бузган. Бунда банкнинг содир этилган хатти-ҳаракатлар ва уларнинг оқибатларига муносабати ғаразли шаклда ифодаланган бўлиши шарт эмас – ўзига бино қўйиш ёки эътиборсизлик кўринишида етарлича эҳтиётсизлигини намоён этишининг ўзи кифоя (ўзини бундай тутишидан мақсад манфаатларингизга зарар етказиш бўлмаса ҳам, объектив равишда уларга зарар етказган). Суд ФКнинг 9-моддаси 6-қисмига мувофиқ банкнинг даъво талабларини қондиришни, агар унинг ўзи улардан воз кечмаганда, рад этиши учун барча асосларга эга эди.
Судда ҳимоя қилиш ҳуқуқини таъминлаган ҳолда асоссизлиги яққол кўриниб турган даъволар юзасидан «пўк» ишларни кўришга вақт ва маблағ сарфлашга мажбур бўлган суд тизими ишида иш ва (ёки) шахсий вақтни кетказиш, жавобгарларга етказиладиган маънавий зарар, асоссиз давлат харажатлари судлардаги асоссиз даъволарнинг асосий муаммолари десак муболаға бўлмайди.
Муддатидан олдин ва шу билан асоссиз даъвони виждонсизларча тақдим этган ҳолда судга мурожаат қилган банк суднинг меҳнати ва вақтини ҳамда суд харажатларини суиистеъмол қилибгина қолмай, сизни бекорга безовта қилиб, зарур асосларсиз куч ва маблағ сарфлашга мажбур этган. Қайд этганингиздек, шу сабабли юзага келган руҳий зўриқиш (салбий ҳолатни бошдан кечириш, безовталик ва руҳан қийналиш оқибати доим шундай бўлади) касалхонага тушишингизга сабабчи бўлган. Моҳиятан ўз вакилининг судга келишини (бунинг устига, бир неча марта) таъминламаган даъвогарнинг айби билан суд иши кўрилмаган.
Дарвоқе, банк ипотека кредити бўйича қарзингиз йўқлиги ҳақида маълумотнома беришдан бош тортганлигини исботлай олсангиз3, суд ушбу далил юзасидан ҳам сизга маънавий зарарни жавобгарнинг ҳисобидан қоплаб бериши мумкин. Бундай рад жавоби фуқаронинг қонуний манфаатларига дахлдор ахборотни олиш ҳуқуқини поймол этиши боис ҳуқуққа зид саналади ва шу билан ҳам унга маънавий зарар етказади.
Ниҳоят, маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги даъво билан бир қаторда йўқотилган вақт учун банкдан суд тартибида ҳақ ундириш талабини ҳам қўйишга ҳақлисиз. Сабаби инсофсизлик билан асоссиз талабларни қўйган ва (ёки) ишнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва ҳал этилишига мунтазам қаршилик қилиб келган тараф зиммасига суд амалда йўқотилган вақт учун иккинчи тараф фойдасига ҳақ тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин, у оқилона миқдорда белгиланади (ФПКнинг 115-моддаси).
Камол Музаффаров,
«Norma Online»
етакчи эксперти.
1Маънавий зарар етказувчининг айби борлигини талаб қилмайдиган истисноли ҳолатлар ФКнинг 1021-моддаси 2-қисмида назарда тутилган. Бироқ уларнинг сизнинг вазиятга алоқаси йўқ.
2Банк ходимларининг профессионал одоби кодексида назарда тутилишича, банклар, хусусан, мижозлар билан ўзаро ишонч, одоб ва амалий ҳамкорлик асосидаги муносабатларни ўрнатишлари, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва ҳар томонлама кўриб чиқишлари шарт; бунда банк ходимлари уларга нисбатан мулойим бўлишлари ва эътибор кўрсатишлари лозим. Шу аснода мижозларга нисбатан ҳуқуқни суиистеъмол қилишга йўл қўйиб бўлмаслиги аниқ эканлиги шубҳа туғдирмайди.
3Фуқаролик ишлари бўйича судларда ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шартлигини назарда тутинг (ФПКнинг 57-моддаси 1-қисми).