Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш ва уларнинг фаолияти тўхтатиб қўйилишига йўл қўймасликка қаратилган, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича молия-хўжалик фаолияти текширувларини (тафтишларни) тайинлаш, ўтказиш ва уларнинг муддатини узайтиришнинг аниқ процессуал тартиби амалиётга жорий этилди.
Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги ЎРҚ–418-сон Қонуни билан Жиноят-процессуал кодекси «Тафтиш» деб номланувчи алоҳида боб билан тўлдирилди. Маълумки, Жиноят-процессуал кодексининг 87-моддасига мувофиқ, қўзғатилган жиноят иши бўйича далилларни тўплаш тафтиш тайинлаш ва ўтказиш йўли билан ҳам амалга оширилади. Бунда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни тафтиш қилиш иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни текширилаётган субъектларнинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларини ўрганиш ҳамда таққослаб кўриш йўли билан олиш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади.
Эътиборли жиҳати шундаки, тадбиркорлик субъектини тафтиш қилиш фақат унинг қонун ҳужжатларини бузганлиги фактлари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида амалга оширилади ва бунда тафтишга тадбиркорлик субъектининг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолияти қамраб олиниши мумкин.
Тафтиш суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан тайинланади.
Жиноят ишлари бўйича тафтишни Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти, давлат солиқ хизмати, Молия вазирлигининг ва ҳудудий молия органларининг мутахассислари ўтказади. Зарур ҳолларда, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарорига ёхуд суднинг ажримига кўра бошқа давлат органлари ва ташкилотларнинг ходимлари ҳам тафтиш ўтказиш учун жалб этилиши мумкин.
Қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 28.01.2016 йилда 2757-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1–3-бандларига мувофиқ, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширишлар уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектларининг ваколатли вакиллари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилади.
Текшириш бошланишидан олдин, текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширишда иштирок этиш учун адвокатни жалб этиш ёки унинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилади, бу ҳақда баённома тузилади. Бунда адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқининг рад этилиши тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни текширишнинг кейинги босқичларига жалб этиш учун монелик қилмайди.
Агар тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни жалб этиш истаги билдирилган бўлса, текширишни бошлаш адвокат етиб келгунга қадар 24 соатга тўхтатиб турилади. Адвокат 24 соат ўтгандан кейин тадбиркорлик субъектини ҳимоя қилишга киришмаган тақдирда, текшириш унинг иштирокисиз бошланади.
Тафтиш ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши мажбурий ҳисобланади: тафтиш тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим; ваколатли органнинг тафтиш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи; тафтиш ўтказувчи шахснинг хизмат гувоҳномаси; тафтишга рухсат бериш тўғрисидаги махсус гувоҳнома.
Тафтиш ўтказиш учун тайинланган шахслар текширилаётган субъектнинг мансабдор шахсларини ёки вакилларини тафтиш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар билан тафтиш ўтказиш бошлангунига қадар таништириши, шунингдек текширувларни рўйхатдан ўтказиш китобига тегишли ёзувларни киритиши шарт.
Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили тафтиш ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни, ахборотни ва материалларни тафтиш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар олинганидан ва улар билан танишиб чиқилганидан кейин тақдим этиши шарт.
Тафтиш ўтказиш муддати 30 календарь кундан иборат бўлиб, зарур бўлган ҳолларда текширилаётган субъектнинг ҳужжатлари ҳажми, фаолиятининг тури ва кўламлари ҳисобга олинган ҳолда, тафтиш муддати тафтиш ўтказувчи шахснинг асослантирилган илтимосномасига кўра терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан узайтирилиши мумкин. Бунда тафтишнинг умумий муддати уни ўтказиш муддатлари узайтирилиши инобатга олинган ҳолда, дастлабки тергов ва суд мажлисида жиноят ишини муҳокама қилишнинг муддатларидан ошмаслиги керак.
Тафтиш давомида текширилаётган субъектнинг ҳудуди ва бинолари текширувдан, шунингдек мол-мулки инвентаризациядан ўтказилиши мумкин.
Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахсига ёки вакилига тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатнома топширилган кун тафтиш ўтказиш тугалланган кун деб ҳисобланади.
Жиноят-процессуал кодексининг 18710-моддасида текширилаётган субъект мансабдор шахслари ва вакилларининг (жиноят процесси принциплари билан уйғунлаштирилган) ҳуқуқлари акс эттирилганлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Тафтиш ўтказувчи шахслар томонидан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2412-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарса, шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганда Жиноят кодексининг
1922-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Отабек Ибрагимов,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.