Ушбу сон материаллари ҳар бир ўқувчи учун қизиқарли бўлади. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппарати мутахассисининг ҳикоясидан ногиронлар ёки қарияларни парвариш қилаётганлар пенсия олиш-олмасликларини билиб оласиз.
Пенсияни ҳисоблаб чиқаришда стажни ҳисоблаш масаласи долзарблигича қолмоқда. Умид қиламизки, уларга берилган жавоблар юзага келган муаммоларни ҳал этишда ёрдам беради.
Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.
Қонунчиликдаги янгилик
Нақд пул шаклида берилади
Президентнинг 2.02.2017 йилдаги «Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2753-сон қарори қабул қилинди («СБХ»нинг 7.02.2017 йилдаги 6 (1174)-сонида чоп этилган).
2017 йилнинг февраль ойидан бошлаб қуйидаги тўловлар нақд шаклда берилади:
барча турдаги пенсиялар бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда;
тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, ижтимоий тўловлар ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда;
олий ўқув юртлари талабаларига стипендияларнинг камида 50%и.
Молия вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамиятига пенсиялар қонунчиликда белгиланган муддатда ва шаклда, тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлаш топширилди.
Бундан ташқари, Бош прокуратурага нақд пул маблағлари ўз вақтида берилишини таъминламаётган тижорат банклари раҳбарлари ва мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш бўйича нормалар амалда қандай қўлланилаётганини ўрганиб чиқиш топширилди.
Маълумот учун: Президентнинг 5.08.2005 йилдаги ПҚ-147-сон қарорида аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга банкларнинг депозит ҳисобварақларидан нақд пулларни кечиктирмай тўлаш борасида ўрнатилган тартиб бир неча марта (ойига 3 мартадан кўпроқ) бузилган тақдирда, тижорат банклари ҳудудий бўлимлари ва филиалларининг раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниши лозимлиги назарда тутилган. Шунингдек Марказий банк нақд пул маблағлари беришни мунтазам кечиктириш ҳоллари мавжуд бўлганида тижорат банкларига нисбатан қаттиқ жавобгарлик чоралари, ҳатто банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияни қайтариб олиш чораларини қўллашга ҳақлидир.
__________________________________________
Олег Заманов, «Norma Online» эксперти.
Маълумот учун!
Ишловчи пенсионерларга ПЕНСИЯ ИШ ЖОЙИДА иш ҳақини тўлаш билан бир вақтда тўланади. У АЛОҲИДА қайднома бўйича тўланади.
Долзарб масала
Нақд пул ёки пластикни танлаш – пенсионернинг хоҳиши
Президентнинг «Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (2.02.2017 йилдаги ПҚ-2753-сон) қабул қилингандан кейин пенсионерлар пенсия тўловларининг бир қисмини аввалгидек пластик карточкага олишлари мумкинми ёки улар фақат нақд пул кўринишида тўланадими деган саволлар билан таҳририятга мурожаат қилдилар.
Бу саволга ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев қуйидагича тушунтириш берди.
– Пенсияни ёки унинг бир қисмини нақд пулсиз кўринишда банк пластик карточкасида олиш истагини билдирган пенсионерлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига кўп сонли мурожаатлар келиб тушгани муносабати билан 2017 йил 1 мартдан бошлаб пенсионернинг ўзи хоҳиш билдирган ҳолдагина нақд пулсиз кўринишда пенсия тўланишига истисно тариқасида рухсат берилди (Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг 15.02.2017 йилдаги 13-227-сон хати).
Бунинг учун нақд пулсиз шаклда пенсия олмоқчи бўлган пенсионерлар яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига тегишли ариза билан мурожаат қилишлари зарур. Банк пластик карточкаси бўлмаганлар аввал тижорат банкларида шартнома расмийлаштиришлари ва уни олишлари, кейин эса яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан мурожаат қилишлари керак бўлади.
Хатда мансабдор шахсларнинг пенсионерларни нақд пулсиз шаклда пенсия олишга мажбурлаш, шунингдек пенсионерларнинг пенсияларни ёки уларнинг бир қисмини олиш шаклини эркин танлашларини чеклаш мақсадида ҳар қандай таъсир ўтказиш ҳолатида («тавсиялар» бериш, ишонтириш ва ҳ.к. йўли билан) шахсан жавобгарликка тортилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Вазият
Яқинларингизга ёрдам керак бўлса
Ҳаёт доим бир маромда кечавермайди. Бирон-бир вазият, касаллик, шароитнинг ўзгариши бир лаҳзада кундалик режаларни бузибгина қолмай, келажакда ҳам акс этиши мумкин. Хусусан, кексайганда кафолатланган пенсия олиш имкониятига таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
50 ёшида хаста отаси – I гуруҳ ногиронига қараб туриш учун ишдан бўшашга мажбур бўлган ўқувчимизнинг саволи ушбу материални ёзишга сабаб бўлди. Бу вақт пенсияни ҳисоблаб чиқараётганда стажига қўшилиш-қўшилмаслигини сўраган.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (бундан кейин – Қонун) 37-моддаси 1-қисми «д» бандида қайд этилганидек, I гуруҳ ногиронига қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланади, албатта. Бу қоида кишиларнинг 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб туриши ҳолларига ҳам татбиқ этилади.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев таъкидлаб ўтганидек, бунинг учун умумий стаж камида 7 йил бўлиши зарур.
Талаб этилаётган 7 йиллик даврга корхонанинг (ташкилотнинг) фаолият тури, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, киради. Қуйидагилар: ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш; идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат; якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан шахсий ёрдамчи, деҳқон (фермер) хўжалигидаги фаолият ҳам қўшиб ҳисобланади.
Тегишинча, агар 7 йиллик стаж бўлмаса (Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а»–«г» бандлари), қараб туриш вақти иш стажига қўшиб ҳисобланмайди.
МИСОЛ. Фуқаро Маҳмудовнинг иш стажи 9 йилни ташкил этади. У онаси – I гуруҳ ногиронига 10 йил мобайнида қараб турган. Ёшга доир пенсияга чиқиш пайтида иш стажи 19 йилни ташкил этади.
Агар иш стажи атиги 5 йил бўлса, онаси – I гуруҳ ногиронига қараб турган 10 йиллик давр ёшга доир пенсияга чиқаётганда стажга қўшиб ҳисобланмайди.
7 йиллик иш стажи мавжуд бўлиши талаби фақат ёшга доир пенсия тайинлашда қўлланади.
Ногиронлик бўйича ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган ҳолда қараб туриш бўйича стажнинг ҳисобга олиниши бирмунча фарқланади. Бу вақт иш стажи муддатидан қатъи назар стажга қўшилади (Қонуннинг 37-моддаси 3-қисми). Бунда қанча бўлса ҳам иш стажи мавжудлиги ҳақида сўз бормоқда.
МИСОЛ. Фуқаро Маҳмудовнинг иш стажи – 1 ой. У онаси – I гуруҳ ногиронига 10 йил мобайнида қараб турган. Бу ҳолда I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўйича пенсияга чиққанда унинг иш стажи 10 йилу 1 ойни ташкил этади.
Унинг иш стажи бўлмаганда эса, онаси – I гуруҳ ногиронига қараб туриш даври (10 йил) ҳисобга киритилмайди.
Бунда I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача ногирон болага, шунингдек 80 ёшга тўлган кексага қараб туриш вақти стажга фақат қараб турган ва қараб туришга муҳтож бўлган шахс билан бирга яшаган шахслардан бирига қўшиб ҳисобланади (Низомнинг 35-банди «д» кичик банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).
Қараб туриш далили у амалга оширилганлигининг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси, шунингдек ногиронликда бўлганликни (I гуруҳ ногиронлари ва ногирон болалар учун), ёшни (кексалар ва ногирон болалар учун) тасдиқлайдиган ҳужжатлар ва ўзганинг парвариши зарурлиги тўғрисида (кексалар учун) даволаш муассасасининг тиббий хулосаси асосида белгиланади. Текшириш далолатномаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан олинган маълумотлар ва қараб турилган шахслардан, шунингдек уларнинг қўшниларидан сўраб чиқиш асосида Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тузилади.
Текшириш далолатномалари ҳар 12 ойда расмийлаштирилади ва I гуруҳ ногирони ёки 80 ёшга тўлган кексаларнинг пенсия ишига тикиб қўйилади ҳамда қараб турган шахсга пенсия тайинлашда ушбу даврни иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади (Низомнинг 65-банди).
Далолатноманинг иккинчи нусхаси қараб турган шахсга берилади. Унга пенсия тайинлашда далолатномалар пенсия йиғмажилдига тикиб қўйилади. Улар махсус рўйхатга олиш китобида қайд этилади (АВ томонидан 17.11.2011 йилда 2282-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома).
Кексаларга қараб туриш далилини ҳар 12 ойда текшириш 2014 йилдан жорий этилган. Агар бундан илгари ҳам қараб турилган бўлса, бу 2014 йилдан кейин тузиладиган далолатномада қайд этилган бўлиши шарт. Бундай далолатномаларни тузишда ягона талаб қўйилади – қараб туриш даврини қараб турилган шахс тасдиқлаган бўлиши лозим.
Бемор ва кекса киши билан бирга яшаётган қариндошлар бир-бирининг ўрнини босиши мумкинми, деган савол туғилади. Айтайлик, беморни аввалига турмуш ўртоғи, кейин қизи парвариш қилди. Бундай қилиш мумкин, бироқ мазкур ҳолат қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномасида қайд этилган бўлиши керак.
Кўпинча қараб турган шахснинг ўз оиласи, уйи бўлади. У қараб туради, бироқ бу куну тун давом этмайди. Яъни келган заҳоти бемор ёки кекса қариндоши учун зарур ҳамма ишни қилиб кетади. Афсуски, бирга яшаш – қараб туриш даврини иш стажига қўшиш шартларидан бири саналади. Тегишинча, қараб турган шахслар ҳеч бўлмаса вақтинча қараб турилган киши яшаётган жойда пропискадан ўтган бўлишлари керак.
Агар бемор ёки кекса кишига қараб турган даврда қараб турувчи шахс иш ҳақи олмаган бўлса, пенсия қайси иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилиши ҳам тушунарсиз. Зеро пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллигидаги иш ҳақи қабул қилинади.
Мазкур ҳолда иш ҳақини аниқлашда қараб туриш вақти меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик даврига киритилмайди (252-сон Низомнинг 87-банди). Аввалги йиллардаги иш ҳақи ҳисобга олинади.
МИСОЛ. Фуқаро Маҳмудовнинг иш стажи 9 йилни ташкил этади. Пенсияга чиқиш арафасида охирги 10 йил мобайнида онаси – I гуруҳ ногиронига қараб турган. Тегишинча, пенсия миқдори Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а»–«г» бандларига мувофиқ қўшилган 9 йиллик иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.
Маълумот учун!
1941–1945 йиллардаги УРУШ ҚАТНАШЧИЛАРИГА санаторийларда йиллик соғломлаштириш курсини олиш ЎРНИГА йўлланма қийматига тенг компенсация ОЛИШ ҳуқуқи берилади.
Расмий жавоб
Пенсионер учун муаллифлик ҳақи
Корхона радиоизотоп маҳсулот ишлаб чиқаради. Кўпгина технологиялар ноёб бўлиб, ихтиро учун патентлар билан ҳимояланган. Муаллифлар иш берувчи билан шартномага, жорий этиш ҳақидаги далолатномага ҳамда муаллифлар ўртасидаги шартномага мувофиқ муаллифлик ҳақини оладилар.
ЯФИ қайта ташкил этилиб, кейинчалик штатлар қисқартирилгач, муаллиф ҳисобланган айрим пенсионер ходимлар ишдан бўшатилди. Яъни ҳозирги пайтда улар ишламаяптилар, иш ҳақи олмаяптилар, бироқ чиқарилаётган маҳсулот ҳажмига қараб муаллифлик ҳақини оляптилар. Декабрь ойида Пенсия жамғармаси бўлими ушбу муаллифларга ишловчи пенсионерлар сифатида пенсиянинг ярмини тўлашини бирдан маълум қилиб қолди. Бироқ улар ишламаяптилар, ишдан бўшатилганлар, иш ҳақи олмайдилар. Фақат чиқарилаётган маҳсулот қандай ҳажмда бўлса, ўша даврларда ва ўша ҳажмда муаллифлик ҳақини оладилар.
Муаллифлик ҳақи пенсия миқдорига таъсир ўтказадими?
ЎзР ФА ЯФИ «Радиопрепарат» корхонаси.
– Сизнинг ҳолатда пенсионерлар меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни тузмасдан муаллифлик ҳақини (ихтиро учун патентлар бўйича) оладилар. Уларни ишловчи пенсионерлар қаторига қўшиб бўлмайди. Фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан ёки жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар тарзида мулкий даромадларга ва ҳ.к. эга бўлган пенсионерлар билан ҳам шундай (Солиқ кодексининг 176-моддаси). Уларга пенсия тўлиқ тўланади.
Масалага янада ойдинлик киритиш учун қайси пенсионерларни ишловчилар сирасига киритиш лозимлигини эслатиб ўтамиз. Улар жумласига меҳнат шартномасига ёхуд предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган, ушбу даврда мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини тўлаши лозим бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномага мувофиқ ишларни ва (ёки) бошқа фаолиятни бажараётган, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромад олаётган пенсионерлар киради (Солиқ кодексининг 172-моддаси).
Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида асарларни (илмий, адабий, санъат) нашр қилганлик (намойиш этганлик) учун муаллифлик ҳақини олувчи пенсионерлар ҳам ишловчи дея эътироф этилади. Муаллифлик ҳақини олиш, тегишинча, тўланаётган пенсия миқдорига, башарти у ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан ошса (1.10.2016 йилдан – 292 940 сўм) (22.08.2016 йилдаги ПФ-4822-сон), таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳолда уларга ишловчи пенсионерлар сифатида пенсиянинг фақат 50%и тўланади.
2014 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан паст даромад (гонорар, тақдирлаш пули ва бошқалар) оладиган пенсионерга пенсия тўлиқ миқдорда иш жойи бўйича тўланади (252-сон Низомнинг 159-банди 2-хатбошиси).
Суғурта бадали суммасидан келиб чиқиб
Қайнотам бутун умр ишчи – қимматбаҳо мебель ишловчи дурадгор бўлиб ишлаган, қарийб 42 йиллик иш стажига эга. 2000–2004 йилларда якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланган. Барча солиқларни виждонан тўлаган. Яъни: ҳар ойда Пенсия жамғармасига 1 ЭКИҲ ва солиқ инспекциясига 6 ЭКИҲ. Пенсия жамғармасига охирги 5 йиллик (2000–2004 йиллар) учун барча ҳужжатлар ва квитанцияларни олиб келганда пенсиясини фақат 1 ЭКИҲ – ПЖга тўлаган бадалларидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқаришларини, солиқ инспекциясига тўловларини эса инобатга олмасликларини айтишган. ПЖ бўлими ҳар ойда ПЖга тўланадиган 1 ЭКИҲдан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорга пенсияни ҳисоблаб ёзиб, тўғри қилдими?
Раҳимов.
Тошкент ш.
– Якка тартибдаги тадбиркорлар иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахслар (деҳқон хўжаликларининг аъзолари, айрим фуқароларнинг юмушларини бажарувчи шахслар ва бошқалар) тоифасига киради. Уларнинг пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақининг миқдори Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади (Қонуннинг 32-моддаси 4-қисми). Улар ишланган кунлар сонидан қатъи назар – ойига 1 ЭКИҲдан кам бўлмаган миқдорда мажбурий тартибда тўланади (Солиқ кодексининг 311-моддаси 1-қисми).
Пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган аниқ бир ой (йил) учун якка тартибдаги тадбиркорнинг (чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахснинг; солиқ агенти ҳисобланмайдиган иш берувчидан даромад олувчи ходимнинг; деҳқон хўжалиги аъзосининг) даромади Пенсия жамғармасига тўланган ойлик (йиллик) суғурта бадали суммасини Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш даврида амалда бўлган ягона ижтимоий тўлов (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун) ва суғурта бадалларининг умумий ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарори билан тасдиқланган Низом).
Тўланган 6 ЭКИҲ қатъий белгиланган солиқ ҳисобланади ва Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари саналмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқилса, пенсия миқдори суғурта бадали суммаси – 1 ЭКИҲдан ҳисоблаб чиқарилади.
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун тадбиркорнинг даромади қуйидагича ҳисобланади:
149 775 / (15 + 8) х 100 = 651 195,65 сўм, бунда:
149 775 сўм – энг кам иш ҳақи – якка тартибдаги тадбиркорлар учун суғурта бадалининг ойлик суммаси;
15% – ягона ижтимоий тўлов ставкаси (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун);
8% – 2017 йилги суғурта бадаллари ставкаси.
Тадбиркорнинг ҳисоблаб чиқарилган ойлик даромади (651 195,65 сўм) унинг пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинади.
Агар у, айтайлик, 1,5 ЭКИҲ миқдоридаги суғурта бадалларини тўлаганда, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун тадбиркорнинг даромади, тегишинча, юқорироқ бўлар эди:
149 775 сўм х 1,5 = 224 662,5 сўм (1,5 ЭКИҲ ҳисобидан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркор тўлаган суғурта бадали суммаси).
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган тадбиркорнинг ойлик даромади 976 793,48 сўмни (224 662,5 / (15 + 8) х 100) ташкил этган бўларди.
Буйруқлар ва маълумотномалар – далил бўлади
Аёл тарбиячи бўлиб ишлаган ва 34 йилу 4 ойлик узлуксиз стажга эга. Меҳнат дафтарчасида 1982 йил апрелда ишга қабул қилинганлиги ҳақида фақат битта ёзув ва 2016 йил августда ишдан бўшатилганлиги ҳақида битта ёзув қайд этилган. Бунда у 2 йилу 9 ой болани парваришлаш таътилида бўлган. Хоразм вилоят Янгиариқ туман Пенсия жамғармаси бўлимида пенсиясини ҳисоблаётганда 30 йиллик стажини ҳисобга олдилар. 1991 йилда маълумотномада 9 ой кетма-кет ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи мавжудлиги, Пенсия жамғармасига ажратмалар эса кўрсатилмаганлиги боис қолганларини чиқариб ташладилар. Шунингдек меҳнат таътилида бўлган ойларни, иш ҳақи ва таътил пули бир ойда ҳисоблаб ёзилган, кейинги ойда эса иш ҳақи ва бадаллар қайд этилмаган ойларни ҳам чиқариб ташладилар. Оқибатда 4 йил иш стажига кирмади. Шу тўғрими?
М.М.
Хоразм вилояти.
– Меҳнат таътили даврларини иш стажига қўшиш учун таътилда бўлганлик ҳақидаги тегишли буйруқларни тақдим этиш ёки, имкони бўлса, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномада ҳисоблаб ёзилгани қайд этилмаган меҳнат таътили ҳақидаги маълумотларни кўрсатиш зарур.
Аёл бюджет ташкилотида тарбиячи бўлиб ишлаганини ҳисобга олиб, Пенсия жамғармаси бўлимининг пенсия тайинлаш бўйича комиссияси Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлангани ҳақида маълумотлар бўлмаган 1991 йилдаги 9 ойни иш стажига қўшиш (қўшмаслик) масаласини кўриб чиқиши мумкин.
Агар аёл Пенсия жамғармаси бўлимининг меҳнат фаолияти даврларини иш стажига қўшиш (қўшмаслик) ҳақидаги қарорига қўшилмаса, юқори органга ёки судга мурожаат қилишга ҳақли.
Бу кимга керак?
Юнусобод туман Пенсия жамғармаси бўлимига пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилдим. Бунинг учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда ФҲДЁдан маълумотнома олиб келишимни ҳам сўрашди. Гап шундаки, бир пайтлар никоҳдан ўтганман. Турмушим бузилганига анча бўлган. Ажрашгандан сўнг фамилиямни ўзгартирмаганман. Бўлим ходими иккинчи марта турмушга чиқмаганлигим ҳақида маълумотнома олиб келишимни сўради. Пенсия тайинлашда бундай маълумотнома нима учун керак? Ҳужжатлар рўйхатида бундай маълумотнома қайд этилмаган. Пенсия жамғармаси бўлимининг талаблари тўғрими?
Н.Самонина.
Тошкент ш.
– Бу ҳолда Пенсия жамғармаси бўлими ходимининг талаблари ҳуқуққа зид. Ёшга доир пенсия тайинлаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатида (252-сон Низомнинг 12-банди) фамилия, исм, ота исми ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ҳужжат назарда тутилган – сизнинг ҳолатда никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома шундай ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Тегишинча, агар фамилиянгизни ўзгартирмаган бўлсангиз, ёшга доир пенсия тайинлаш учун, шу жумладан такрорий никоҳ тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этишни талаб қилиш ҳуқуққа зид.
Қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган
Ўзбекистон Қуролли Кучларида фельдшер лавозимида контракт бўйича хизмат қилганман. Тиббиёт билим юртини тугатганман, тегишли тиббий мутахассислик бўйича ўрта махсус таълим олганман. 2 йил ўқиганман. Тиббиёт билим юртида ўқиш ҳарбий стажга кириши мумкинми? Агар мумкин бўлса, бу қайси қонунда қайд этилганлигини айтсангиз.
Эргаш Ю.
Чирчиқ ш.
– Қонун ҳужжатларида тиббиёт билим юртида ўқиш ҳарбий стажга кириши мумкинлигини белгиловчи норма мавжуд эмас.
Олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, докторантурада, катта илмий ходим-изланувчилар институтида ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «е» банди).
Зафаржон Хўжаев,
ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг
пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.
Бизга мактуб йўллабсиз
Мажбурий иштирокчилар
Мен – Ўзбекистон Қуролли Кучлари пенсионериман. Пенсиямни Мудофаа вазирлиги тўлайди. Айни пайтда ишлаяпман. Иш ҳақимдан ШЖБПҲга бадаллар ушлаб қоляптилар. Шу тўғрими?
Н.Ч.
Тошкент ш.
– Меҳнат фаолиятини меҳнат шартномалари бўйича амалга ошираётган фуқаролар, улар жумласига ишловчи пенсионерлар ҳам киради, агар ушбу ходимлардан қонунга мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушланса, жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчилар сифатида жамғариб бориладиган пенсия тизимининг мажбурий иштирокчилари ҳисобланадилар. Фуқароларнинг ШЖБПҲга мажбурий бадаллари бюджетга тўланадиган солиқлар ва мажбурий тўловларга тенглаштирилади (АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1, 2-бандлари).
Улгурмадингизми – тўланг
Қариндошим – ногирон пенсионер. У объектив сабабга кўра пенсияни 4 ой кеч расмийлаштирди. Тегишинча, солиқ инспекцияси шу давр учун мол-мулк солиғини ундириб олди. Квартира майдони
50 кв.метрдан кичик. Солиқ органларининг хатти-ҳаракатлари тўғрими?
Реутова.
Тошкент ш.
– Пенсионернинг мулкида бўлган умумий майдондан 60 кв.м ҳажмидаги мол-мулкка жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи солинмайди (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 19-иловага изоҳларнинг 2-банди). Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси асосида берилади (Солиқ кодексининг 275-моддаси 1-қисми 5-банди). Шу тариқа, солиқ органи пенсия расмийлаштирилгунга қадар бўлган давр учун солиқни ҳақли равишда ушлаб қолган.
Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида I ва II гуруҳ ногиронларига ҳам берилади (Солиқ кодексининг 275-моддаси 1-қисми 6-банди).
Кимга қачон берилади
Боқувчимни йўқотганлигим муносабати билан пенсия оламан. Ишга кирмоқчиман. Бунда пенсия тўлашда давом этадиларми?
Нишонов.
Тошкент ш.
– Боқувчисини йўқотганлик муносабати билан пенсия олувчи киши ишга жойлашса, унга ишловчи пенсионер сингари 50% миқдорида пенсия тўлайдилар. Бу қоида уни тўлиқ миқдорда олиш ҳуқуқига эга бўлган пенсионерларга татбиқ этилмайди. Уларга қуйидагилар киради: уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар; Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт орқасида ишлаган шахслар; I ва II гуруҳ ногиронлари; Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқаролар; фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раислари; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи пенсионер аёлларга – ёшга доир пенсияни олганда. Шунингдек фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва ёшга доир пенсияларнинг энг кам миқдоридан паст даромад оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.
Ишловчи фуқаро (васий) бошқа оила аъзоларига (васийликка олинганларга) боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олса, унга тўлиқ миқдорда пенсия тўланади (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 2, 22-бандлари).
АКТ – амалда
ШЖБПҲдаги ҳисобни ЯИДХП орқали текширинг
Ўзбекистон Халқ банки Ягона давлат хизматлари порталида жисмоний шахслар учун янги интерактив хизматни тақдим этмоқда.
Энди фуқаролар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги (ШЖБПҲ) жамғармалар ҳолати ҳақидаги ахборотни онлайн режимида олишлари мумкин. Бунинг учун жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами бўлган ЭРИ-калитига эга бўлиш зарур.
Хизмат автоматик равишда, куну тун ва бепул тақдим этилади. Зарур ахборотни олиш учун ШЖБПҲ рақамини албатта қайд этган ҳолда электрон шаклни тўлдириш керак бўлади. Хизмат кўрсатилиши учун бошқа ҳужжатлар сўралмайди. Жавоб фойдаланувчининг шахсий кабинетига ва электрон почтасига юборилади.
____________________
Саида Жонизоқова,
мухбиримиз.
Хорижда
Суғурта принципларида
Бозор иқтисодиёти шароитида Қирғизистонда суғурта принципларига асосланган пенсия тизими модели танланган. Пенсия миқдори шаклланишида суғурталанган шахслар ҳам, иш берувчилар ва давлат ҳам иштирок этади.
Республикада яшовчи суғурталанган фуқаролар, давлат пенсия ижтимоий суғуртасига бадаллар тўловчи хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар пенсия олиш ҳуқуқига эгалар.
Шахслаштирилган ҳисоб пенсия тизимининг негизи бўлади. Қонун ҳужжатларига мувофиқ уни республика Ижтимоий фонди юритади.
2010 йил 1 январдан буён Қирғизистон Республикасида учта компонентдан таркиб топган пенсия тизими фаолият юритади:
давлат мажбурий солидар пенсия тизими;
мажбурий жамғарма компоненти;
ихтиёрий шахсий жамғарма тизими.
Пенсия миқдори суғурталанган шахс қўйилмасига бевосита боғлиқ – қўйилма қанча кўп бўлса, шахсий суғурта ҳисобварағида жамғарилган суғурта бадаллари қанча кўп бўлса, пенсия миқдори шунча кўп бўлади.
Пенсиялар қуйидаги сабабларга кўра тўланади:
кексалик (пенсия ёшига тўлганлик);
ногиронлик;
боқувчисини йўқотганлик.
Бир нечта асосга кўра пенсия олиш ҳуқуқи юзага келган шахсларга уларнинг танловига кўра битта пенсия тайинланади.
Суғурта бадаллари, иш берувчилар ва республика бюджети маблағлари пенсия тўловларининг манбаи ҳисобланади. Давлат ижтимоий суғурта тизимида ёшга доир пенсияга чиқаётганда ёш билан боғлиқ бир қатор имтиёзлар (алоҳида меҳнат шароитлари, катта меҳнат стажи ва ҳ.к.) назарда тутилган. Ҳар бир ҳолатда қонун ҳужжатлари билан тўлов манбаи белгиланган. Масалан, алоҳида меҳнат шароитлари учун пенсиялар иш берувчининг маблағларидан, ёшга доир пенсиялар – ижтимоий суғурта маблағларидан тўланади. 5 ва ундан ортиқ бола туққан ва уларни 8 ёшгача тарбиялаган она, болаликдан ногирон фарзанднинг онасининг ёшга доир пенсиялари – республика бюджети маблағларидан тўланади ва ҳ.к.
Умумий пенсия солидар (базавий ва суғурта пенсияларидан) ва жамғарма қисмлардан таркиб топган, базавий ва суғурта қисмларидан ташкил топган боқувчисини йўқотганлик учун пенсия бундан мустасно. Пенсияларнинг фақат суғурта қисмлари индексация қилинади.
Эркаклар учун пенсия ёши 63 ёшни, аёллар учун 58 ёшни ташкил этади.
Интернет тармоғи материалларидан.
Бизнинг маълумотнома
ЎЗБЕКИСТОНДА кўпгина бошқа мамлакатларда бўлгани сингари солидар пенсия тизими амал қилади, бунда айни пайтда ишловчи кишилар ўз ажратмалари билан давлатнинг ҳозирги пенсионерларни таъминлаш харажатларини қоплайдилар. У «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади.
Давлат пенсияларининг қуйидаги турлари белгиланган: ёшга доир; ногиронлик бўйича; боқувчисини йўқотганлик муносабати билан.
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда; аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар. Бунда қонун ҳужжатларида муддатидан олдин ёшга доир пенсияга чиқиш учун анча кенг имкониятлар назарда тутилган (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган 1, 2, 3-рўйхатлар). Қўшимча равишда – Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашганлар учун, кўп болали оналар учун, болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари, лилипутлар, 54 ёшдан пенсия олиш имкониятига эга бўлган аёллар ва б. учун бошқа имтиёзлар назарда тутилган.
Ёшга доир пенсиялардан ташқари, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан нафақа тўланади. 65 ёшга тўлган фуқаролар ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
2005 йилда «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун амалга киритилиб, унда мамлакатимиздаги пенсия тизимининг иккинчи – жамғариб бориладиган элементи белгиланди. У фуқароларнинг жамғарма ҳисобварақларида шахсий пенсия маблағлари жамғарилиши принципига асосланган.
Пенсия тизими асосан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида тўпланадиган иш берувчилар ва ходимларнинг мақсадли ажратмалари ҳисобига молиялаштирилиб, унинг маблағларидан пенсиялар тўланади.
Пенсия жамғармаси маблағлари қуйидаги манбалардан шаклланади:
меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан иш берувчиларнинг ажратмалари (ягона ижтимоий тўлов);
меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари;
товарлар, ишларни сотиш ҳажмидан мажбурий ажратмалар;
бошқа даромадлар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг бадаллари ва фуқароларнинг ихтиёрий суғурта бадаллари.
Бунда ЯИТ Пенсия жамғармаси даромадларининг асосий манбаи ҳисобланади.
Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.