Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 08 / Божхона

Муаммо бўлмаслиги керак

 

АҚШдан қиймати 900 долларлик макбук (фойдаланишда бўлган) буюртирдим. Етказиб берилиши учун Polar Express компанияси хизматларидан фойдаланаман. Айтишларича, божхонада муаммога тўқнаш келишим тайин эмиш: техника қимматлиги сабабли у сотиш учун мўлжалланган деб ҳисоблашар экан. Шу тўғрими?

С.Ни.

 

– Товарлар жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб кирилганда божхона органлари ходимлари Божхона кодексининг 155–157-моддалари ҳамда Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган нормаларига (АВ томонидан 10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қиладилар. Ушбу норматив ҳужжатларнинг қоидаларига кўра жисмоний шахсларга ўз эҳтиёжлари учун божхона чегараси орқали қўшни бўлмаган давлатлардан умумий қиймати эквивалентда 1 000 АҚШ долларидан ошмайдиган товарларни божхона тўловларини тўламасдан соддалаштирилган тартибда олиб киришга рухсат берилади.

Бу халқаро почта жўнатмаларида келиб тушадиган товарларга ҳам тааллуқли. Чекланган нормаларнинг ­2-1-бандига мувофиқ 52100 ёки 52200 ХХТУТ коди берилган почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар орқали товарлар келиб тушгандагина ушбу лимит қўлланади. Ушбу шартга риоя этганда божсиз олиб кириш нормасидан ва Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига акциз солиғи солинмай олиб кириладиган товарларнинг чекланган нормаларидан (АВ томонидан 13.03.1998 йилда 412-сон билан рўйхатдан ўтказилган) оширгандагина божхона тўловлари ундирилади.

Почта ҳисобланмайдиган компаниялар томонидан жўнатиладиган товарларга нисбатан божхона тўловлари татбиқ этилади.

Олиб ўтишнинг имтиёзли тартиби шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган товарларга тааллуқли. Сизнинг ҳолатда макбук ўз эҳтиёжингиз учун мўлжалланганлигига божхоначиларни ишонтириш қийинчилик туғдирмайди, сабаби товар ягона нусхада тақдим этилган. Агар бундай товарга мунтазам равишда буюртма бермаётган бўлсангиз, албатта. Айни бир шахс томонидан бир турдаги товарларнинг бир неча бор олиб кирилишига, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун товарларни олиб кириш деб қаралади (Божхона кодексининг ­155-моддаси)

 

МАВЗУГА ДОИР

 

КЎПНИ КЎРГАН КИШИНИНГ МАСЛАҲАТИ

 

Интернет-почта орқали расмийлаштирилган товарлар келиб тушишидаги муаммолар айниқса байрамлар арафасида ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилина бошлайди. Охирги марта Янги йил олдидан шундай жонланиш кузатилган эди. Хотин-қизлар куни яқинлашганда бу мавзу Ўзнет маконида яна қизғин муҳокама қилинишини англаш учун башоратчи бўлишнинг ҳожати йўқ. Мавзуга доир фикр-мулоҳазалар билан танишган мухбиримиз «посилка олишда стажга эга кишининг» (у ўзини шундай деб атайди) фойдали маслаҳатларини чоп этишни таклиф қилди. Ўринли, ҳазил аралаш тавсиялар барчага – почта жўнатмаларини қабул қиладиганлар учун ҳам, интернет-дўконлар хизматларидан фойдаланишни кўзлаётганлар учун ҳам қизиқарли бўлади деган фикрдамиз.

 

Муаммоли ҳолатлар ижобий якун топиши эҳтимолини ошириш учун божхоначи билан қандай муомала қилиш лозим?

«Буюмларингизни олиш-олмаслигингиз шу кишига боғлиқлигини аниқ билиб олишингиз лозим. Бу хизматлар кўрсатиш соҳаси эмас, сиз ҳам доим ҳақли бўладиган мижоз эмассиз. Бизда ҳокимият қўлида бўлган киши (бизнинг ҳолатда у божхоначи) кўнглига келган ишни қилиши мумкин деган фикр мавжуд, шу сабабли вазият ҳар хил тус олишига тайёр туриш, ўзини муносиб тутиб, жанжал-тўполонсиз ишни ҳал қила билиш лозим.

Божхоначилар ҳам биздек инсонлигини унутманг. Кунига нимасинидир олмоқчи бўлган сиздакалардан бир неча ўнтаси билан мулоқот қилади. Божхонадаги одамларнинг ­90%и муаммога тўқнаш келган заҳоти асабийлашиб, бақир-чақир қила бошлайди. Божхоначи бунга кўникиб қолган – кишини эшитмай, муаммосини ҳам ўрганмай, сипогина, бироқ қатъий оҳангда у билан муомалага барҳам бериб қўяқолади».

Хуллас, ўзини қандай тутиш керак эмаслигини билиб олдик. Энди қандай тутиш кераклиги ҳақида.

«Ҳеч бўлмаганда сиз билан муомала қилаётган инсон хайрихоҳлик билдиришига уриниб кўринг. Бу осон. Аввало у ерга нима мақсадда ташриф буюрганингизни ва божхоначи сиздан айнан нимани кутаётганини билишингиз лозим. Трекинг бўйича 2 ҳафтадан буён «импорт» деб қайд этилгани сабабли посилкаси аниқ ушлаб турилганини айтиб, дарча олдида жанжал қилаётган қиз ёдимга тушади. Аввалига божхоначи посилка ҳали кўздан ҳам кечирилмаганини, бинобарин, уни ушлаб турмаганликларини хушмуомалалик билан тушунтирди. Қиз импорт билан божхона кўригининг фарқига бормаслиги боис нима қилиши, қандай йўл тутиши кераклигини, бу қандай номаъқулчилик эканлигини сўрайвериб, посилка учун пул тўлаганини рўкач қилиб уни безор қилди. Охир-оқибат, унга рад жавоби бердилар, шундай бўлиши ҳам тайин эди.

Шу билан бирга меъёрдан ташқари донолик қилиш ҳам ноўрин. Яъни: «Посилкамни ушлаб турибдилар, аслида у норма доирасида, 1 000 доллардан ошмайди» қабилидаги гаплар билан божхоначининг асабига тегмаслик керак. Бу кишига ёқмайди. Шу сабабли дарчага яқинлашган заҳоти жилмайган ҳолда (хиёл табассум қилинг – буни кўзгу олдида туриб машқ қилиш мумкин) паспортингизни узатаётиб: «Мана посилка трекинги, у ушлаб қолинди шекилли, нима бўлганини билмаяпман ҳам, бир текшириб беролмайсизми» деб айтинг. Бунда кўзларингизни пирпиратиб, жилмайишда давом этинг. Шундан кейин божхоначи сиздан масаланинг моҳиятини сўрайди (лимитдан ошганми, бир турдаги товарлар кўпми ва ҳ.к.), сиз эса вазиятдан келиб чиққан ҳолда посилка тарихини айта бошлайсиз (масалан: бир турдаги товарлар кўп, чунки байрам олдидан уларни қариндош-уруғингизга тортиқ қилмоқчисиз). Агар божхоначи барча саъй-ҳаракатингизга қарамай, сўзингизга ишонмаса, қаршилик қилманг. Жиғибийрон бўлманг, акс натижага эришасиз. Шу сабабли кейин хафа бўлган ҳолатда: «Бу шароитда нима қилишим мумкин? Бундай масалаларда умуман тажрибам йўқ» деб айтинг. У сизга қандай қилиш кераклигини айтади. Масалан, божхона тўловларини тўлашни. Агар бу сумма катта бўлмай, уни тўлашга қурбингиз етса, асоссиз ҳисобланган (айтганларингизни ва тўлаган суммангизни қандайдир ҳужжатлар билан исботлай олмаган ҳолдагина уни асоссиз ҳисоблайдилар) деб ўйласангиз ҳам, тўлаб қўяқолганингиз маъқул. Аммо катта суммани тўлаш керак бўлса (мен тўқнаш келган ҳолатда «Жимбори» болалар кийими солинган посилканинг бир қутиси учун қарийб 150 доллар ҳисоблаганларидек), хафақон кўринишда бу сумма сиз учун жуда катталигини айтиб (ҳаммасини ўта мулойим ва сиполик билан айтинг), қандай йўл тутиш кераклигини сўранг. У жўнатмани қайтариб юборишни расмийлаштиришни маслаҳат беради ва ҳ.к.

Божхоначилар катта пул тўламаслик учун уларнинг назарида қандай йўл тутиш маъқуллиги ҳақида менга доим маслаҳат берганлар. «Жимбори» билан бўлган вазиятда инспектор реэкспортни расмийлаштиришни тавсия этган, чунки ҳақиқатан ҳам катта сумма ҳисобланган эди.

Агар гапингиз қовушмаса – у дўқ-пўписа оҳангида гапираётган ёки божхоначи аёл киши бўлса, уни ўзингизга хайрихоҳ қилишга уринманг, балки иложи борича жиғига тегмасликка ҳаракат қилинг. Шу сабабли тўғридан-тўғри берган саволларигагина жавоб беринг, ҳамма гапига қўшилинг ва қўлингиздан келганча ишини осонлаштириб, бамисоли йўқдек бўлиб туринг.

Умуман олганда, муомала қилиш усуллари талайгина. Бироқ бунинг учун инсон руҳиятини билиш ва турли кишилар билан мулоқот қила олиш зарур. Табиийки, ҳеч бир уринишингиз натижа бермай, ишингизни битира олмаслигингиз ҳам мумкин, бироқ тўғри ёндашувда бунинг эҳтимоли камаяди».

Интернет тармоғи
материалларидан.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради. 

.

 

 

Прочитано: 1718 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика