Юртимизда ҳарбийлик соҳасида, божхона соҳасида таълим олиб, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш учун ғайрат-шижоат кўрсатиш ниятида бўлган ёшлар кўп. Бинобарин, маълумингизким, жорий йилнинг 1 февралидан мазкур Олий ҳарбий божхона институтига 2017–2018 ўқув йили учун божхона иши ва ҳуқуқшунослик таълим йўналишлари бўйича ҳужжатларни қабул қилиш бошланди. Ўз навбатида бу институтга қандай кирилади, божхоначи бўлиш истагида юрган ёшларга қандай талаблар қўйилади, деган саволлар ўқишга киришга номзодлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтириши табиий. «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексининг Кадрлар бўлими бошлиғи Жамол ИРБУТАЕВ шу масалалар хусусида сўзлаб берди.
Аввало савол туғилади: Олий ҳарбий божхона институтига (кейинги ўринларда – Институт) ўқишга қабул қилиш қайси меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади?
– Институтга ўқишга кирмоқчи бўлган номзод-абитуриентлар Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисида низом (ВМнинг 3.06.2014 йилдаги 141-сон қарори билан тасдиқланган, 141-сон Низом) ҳамда Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 5.03.2015 йилда 2659-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 2659-сон Низом) қоидалари билан пухта танишиб чиқишлари керак.
Институтга кириш учун номзоднинг маълумоти ва ёшига доир чекловлар мавжудми?
– Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом (ЎзР Президентининг 14.01.2006 йилдаги ПҚ-257-сон қарори билан тасдиқланган, 257-сон Низом) талабларига жавоб берадиган:
● ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотига эга бўлган;
● ҳарбий хизматни ўтамаган 17 ёшдан 21 ёшгача (қабул йилида 17 ёшга тўладиганлар) бўлган;
● ҳарбий офицерлар таркиби унвонларига эга бўлмаган ҳарбий хизматчилар ёки ҳарбий хизматни ўтаган 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ушбу институтга ўқишга киришлари мумкин.
Шунингдек, барча номзодлар 257-сон Низом талабларига жавоб бериши шарт. Масалан, номзодларнинг бўйи ўғил болалар учун 170 см дан, қиз болалар учун 165 см дан паст бўлмаслиги лозим.
Институтга ўқишга киришда қандай ҳужжатлар топшириш лозим?
– Номзодлар Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаларидаги ишчи гуруҳларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишади:
● ариза (билдирги);
● паспорт нусхаси;
● туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси. Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома алмаштирилган ёхуд фамилия, исм, отасининг исми ва бошқа маълумотлар ўзгартирилган бўлса, бу ҳақда ФҲДЁ органининг маълумотномаси нусхаси;
● яқин қариндошларининг паспорти, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳномаси, никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳномаси, вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлим ҳақида гувоҳномаси ва ногиронлик гувоҳномаси нусхалари;
● олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (асли ва нусхаси);
● 3 х 4 см ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз ва бурчаксиз) ҳамда 9 х 12 см ўлчамдаги 2 та фотосурат (бош кийимсиз);
● номзод томонидан қўлда ва компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;
● анкета;
● ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) ва яшаш жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома (яшаш жойидан берилган маълумотномада номзоднинг оила аъзолари кўрсатилади);
● маълумоти тўғрисидаги (умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар) ҳужжатлар (асли ва нусхаси) ҳамда рейтинг дафтарчаси (баҳолар табели) нусхаси;
● чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси;
● меҳнат дафтарчаси (асли ва нусхаси) (агар мавжуд бўлса);
● ота-онасининг Институтга ўқишга киришга розилик хати.
Номзоддан айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш учун қўшимча равишда зарур ҳужжатлар ва маълумотлар талаб қилиниши ёки тегишли ташкилотлардан сўраб олиниши мумкин.
Ҳужжат топшириш жараёнида номзодларнинг ота-оналари моддий масъуллик тўғрисида огоҳлантирилади. Бунинг мазмун-моҳияти нимада?
– Бу жуда муҳим жиҳатлардан ҳисобланади. Ҳарбий хизматчиларни олий ҳарбий таълим муассасалари ва Сержантларни тайёрлаш мактабларида ўқитишга сарфланган бюджет маблағларини давлатга ундириш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 27.10.2009 йилда 2024-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, номзодлар, уларнинг ота-оналари Институтга ўқишга киришидан олдин Институт раҳбарияти томонидан моддий масъуллиги тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирилади. Бу талаб 2659-сон Низомда ҳам белгиланган.
Яъни, Институтга қабул қилинган талаба ўқишни тамомлаганидан сўнг 5 йил муддат давомида ўз хоҳишига кўра ёки республикамиз божхона органларининг Интизомий уставига асосан божхона органларидан бўшатилса ёхуд содир этилган жинояти учун озодликдан маҳрум этилса улардан ўқитишга сарфланган бюджет маблағлари ундириб олинади.
Божхона органларида хизмат вазифасини бажараётган вақтда ҳалок бўлган ходимнинг фарзанди Институтга имтиёзли равишда ўқишга кириши мумкинми?
– 141-сон Низомнинг 51-бандига асосан хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари дастлабки ва ҳарбий-профессионал танлаш натижалари ҳамда вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари тақдимномалари асосида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан тест синовларисиз танловдан ташқари олий ҳарбий таълим муассасасига имтиёзли қабул қилиниши белгиланган.
Ҳарбий академик лицейни тамомлаб, Институтга абитуриент сифатида ҳужжат топширганларга имтиёзлар борми?
– Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳарбий академик лицейлар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 17 февралдаги 21-сон қарори талабларига мувофиқ республика ҳарбий академик лицейлари битирувчиларига олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга қабул қилишда тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча баллар қўшиш шаклида имтиёз берилади.
Институтга киришда яна қандай имтиёзлар мавжуд?
– «Илғор сержант» номинациясида Республика турининг ғолиблари бўлган сержантлар, халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари Институтга тест синовларисиз ўқишга қабул қилинадилар. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга имтиёзли кириш учун ҳарбий қисм (муассаса) қўмондонлигининг тегишли тавсиясига эга бўлган фуқароларга ўқишга киришда тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида, Қуролли Кучларнинг сержантлар таркиби лавозимларида 5 йил бенуқсон хизмат қилган сержантларга эса ижобий тавсифномалар, қўмондонлик, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда ютуқлар бўлган тақдирда олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга қабул қилишда тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 20 фоизи миқдорида қўшимча баллар қўшиш шаклида имтиёз берилади.
Агар номзод бир вақтнинг ўзида мазкур имтиёзларнинг бир нечтасига эга бўлса, улар томонидан тўпланган баллар йиғиндисига имтиёзлар бўйича энг юқори балл қўшилади.
Номзодларни ўқишга қабул қилиш нечта босқичда амалга оширилади?
– Амалдаги тартибларга мувофиқ Институт тингловчилари контингентини сифатли бутлаш учун қуйидаги 4 босқичли комплекс танлаш амалга оширилади:
ҳарбий-профессионал йўналиш;
дастлабки танлаш;
ҳарбий-профессионал танлаш;
тест синовлари.
Мазкур босқичларни амалдаги тартибларга мувофиқ ташкил этиш, номзодларни танлаш ва қабул қилиш учун Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва «Тошкент-АЭРО» ИБКда ишчи гуруҳлар, Институтда эса қабул комиссияси ташкил этилади.
Дастлабки танлаш тадбирларида иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди. Бунда номзодларнинг ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш, якка тартибда суҳбатлашиш, индивидуал-психологик ўрганиш, умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш, тиббий кўрикдан ўтказиш каби тадбирлар ўтказилади.
Дастлабки танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган ҳамда шахсий ҳужжатлари йиғмажилди тўлиқ расмийлаштирилган номзодларни ўқишга юбориш тўғрисида тегишли шаклда хулоса қабул қилинади ва у номзоднинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдига тикилади. Номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдлари ҳудудий бошқармалар томонидан қабул йилининг 1 июнига қадар Институтга юборилади. Сўнгра Институтда ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари ўтказилади. Унда номзодларнинг ҳужжатлари, психофизиологик хусусиятлари ўрганилади, тиббий кўрик ўтказилади, ёзма иш (диктант) олиш, компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражаси текширилади.
Ҳарбий-профессионал танлов қандай тартибда баҳоланади?
– Номзодларнинг ҳарбий-профессионал танловдан ўтиши баллик тизимда баҳоланади. Бу танловдан ўтиш учун улар камида 12 балл тўплашлари лозим. Масалан, номзод психофизиологик ўрганиш бўйича 2 балл, ёзма иш (диктант) бўйича 3 балл, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражаси бўйича 3 балл, якка тартибдаги суҳбатда 3 балл тўплади, дейлик. Умумий ҳисобда 11 балл йиғилди. Демак, бу абитуриент танловнинг кейинги босқичига қўйилмайди.
Унутмаслик керакки, номзодлар учун ҳарбий-профессионал танлов тадбирлари қайта ўтказилмайди.
Барча босқичлардан кетма-кет ўтиб, сўнгги босқич – якка тартибдаги якуний суҳбат қабул йилининг 30 июнига қадар коллегиал принцип бўйича ўтказилади. Якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари бўйича номзодни Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларини топширишга қўйиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилинади.
Институтга ўқишга кириш тартиби тўғрисидаги батафсил маълумотларни қаердан олиш мумкин?
– Бундай маълумотни олиш учун доимий рўйхатдан ўтган манзил бўйича ҳудудий божхона бошқармаларининг кадрлар бўлимига мурожаат қилиш лозим. Жумладан, «Тошкент-Аэро» ИБКнинг 120-86-30, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг 120-86-00 ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг 120-76-76 телефон рақамларига қўнғироқ қилиш мумкин.
Давлат божхона қўмитаси барча ҳудудий бошқармаларининг тўлиқ рўйхати www.bojxona.uz сайтида жойлаштирилган. Мазкур мавзудаги батафсил маълумотлар сайтнинг «Энг кўп бериладиган саволларга жавоблар» саҳифасида мавжуд.
Ҳужжатларни қабул қилишнинг якуний муддати қачонгача?
– Институтда ўқиш истагидаги абитуриентлар 2017 йилнинг 1 февралидан 1 апрелига қадар ариза билан божхона органларининг Кадрлар хизматларига мурожаат қилишлари лозим. Белгиланган муддатдан кейин тақдим этилган аризалар қабул қилинмайди.
Ҳусен ТАНГРИЕВ тайёрлади.