Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 7 / Иш берувчининг ён дафтарига

Ишдан «қочган» бухгалтернинг мероси

 

– Қадримга етмаяпсизлар, сизлардан кетаман! – деди бухгалтер ва ўз сўзининг устидан чиқди. Ўзидан кейин қолган нарса – бир тўда тушунарсиз ҳужжатлар ва чалкаш маълумотларни ўз ичига олган ишчи компьютер бўлди. Ҳисобот топшириш вақти эса келиб қолди. Иш таҳдидли тус ола бошлади, зеро раҳбар ҳам, қолган ҳамкасблар ҳам бухгалтерия ишидан умуман бехабарлар. Бундай вазиятда нима қилиш керак?

 

Бухгалтерни ишни тугатишга мажбур этиш мумкинми?

Мажбурий меҳнат, албатта тақиқланган. Шу боис меҳнат дафтарчаси, ҳисоб-китоб берилишини тўхтата туриб, бухгалтерни бирор-бир ишни охиригача бажаришга (мисол учун, йиллик ҳисобот топширишга) мажбур этиш қонунга хилоф ва юридик жиҳатдан хавфли – мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи тўлашга, МЖТКнинг 49-моддасига кўра ЭКИҲнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима тўлашга тўғри келиши мумкин.

Бироқ бундай вазиятдан чиқиш йўлини топса ҳам бўлади. Зеро тажрибали раҳбар ҳар доим захирада салмоқли далил-исботга эга бўлади. Неустойка ана шундай далил-исботдир. Қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредиторга тўлаши шарт бўлган, қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган пул суммаси (жарима ёки пенялар) неустойка ҳисобланади (ФКнинг 260, 261-моддалари).

Бунда неустойка тўлаш меҳнат шартномасида ходим ўз хоҳиши билан ишдан бўшайдиган тақдирда қайд этилиши мумкин (МКнинг 99 ва 104-моддалари). Бироқ бунинг учун бир мажбурий шарт бор – меҳнат шартномаси муддатли бўлиши керак. Иш берувчининг фойдасига, қонун муддатли меҳнат шартномаларини бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаганда унинг функцияларини амалга оширадиган ходим билан, 5 йилгача бўлган даврга ёки муайян ишни бажариш вақтига тузишга йўл қўяди (МКнинг 76-моддаси).

Неустойка миқдори иш берувчи ва ходим ўртасидаги битим билан белгиланади ҳамда иш берувчи томонидан ходимнинг манфаатларини кўзлаб қилинган харажатлар, ишлаб берган даври ва бошқа ҳолатларга боғлиқ ҳолда табақаланиши мумкин. Масалан, агар иш берувчи ўз бухгалтери малака оширганлиги ёки унинг стажировкаси учун тўласа, шартномада бухгалтер неустойка сифатида ушбу харажатларга тенг суммани тўлаши кераклиги белгиланиши мумкин.

Моҳиятан олганда, тарафлар тўловлар ҳажмини эркин белгилашлари мумкин. Бироқ неустойка – бир-бирларини тақозо этадиган нарса, тегишинча, ходим тўлайдиган неустойка иш берувчи учун унинг миқдоридан ортиб кетиши мумкин эмас.

Албатта, иш берувчи томонидан неустойка малаканинг етарли эмаслиги ёки саломатлик ҳолатининг мувофиқ келмаслиги оқибатида, шунингдек ходим пенсия ёшига етганлиги сингари асосларга кўра меҳнат шартномаси муддатдан аввал бекор қилинганда тўланиши кўп раҳбарларга адолатсизлик бўлиб кўриниши мумкин, бироқ қонун нима бўлганда ҳам қонун-да!

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, меҳнат шартномаси тарафларнинг хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилинганда неустойка тўланмайди (МКнинг 106-моддаси).

Ҳар қандай ҳолда неустойка ишни тезроқ ташлаб кетмоқчи бўлган бухгалтерингизни ушлаб турадиган самарали дастакдир. Зеро ишдан бўшаши учун унинг тўлашига тўғри келади. Бироқ буни қўллаш учун муддатли меҳнат шартномасини тузиш, унда неустойка миқдорини кўрсатиш ва ҳ.к. тўғрисида аввалдан ўйлаш керак бўлади. Агар бундай ҳаракатлар қилинмаган бўлса, ўз ходимингиз билан энг ноқулай пайтда хайрлашишга тўғри келади.

 

Жадвалда муддатли меҳнат шартномаси тарафлари томонидан неустойка тўлашнинг аниқ ҳолатлари келтирилган:

 

Ходим

 

Иш берувчи

 

1. Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинганда (МКнинг 99-моддаси), бундан у ўз ишини давом эттиришининг имкони йўқ бўлган ҳоллар (ўқув юртига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳоллар) мустасно.

2. Меҳнат шартномаси ходимнинг айбли ҳаракатларига асосан (ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги – МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари) бекор қилинганда

Меҳнат шартномаси қуйидагилар сабабли иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда:

технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги (МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди);

ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши (МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди);

ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши (МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 5-банди);

корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги
(МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 6-банди);

ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда
(МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-банди).

 

Кетишга-ку, кетди – буёғига ким жавоб беради?

Бухгалтер – жавобгарлик билан боғлиқ касб. Бироқ унинг вақт билан боғлиқ чегаралари борми? Иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилиб бўлинган бухгалтерга нисбатан ишдаги камчиликлар учун бирор-бир моддий даъволар билдириши мумкинми? Мисол учун, илгари ишлаган бухгалтернинг айби боис вужудга келган бухгалтерия ҳисоби хатоларини тузатиш учун аудитор ёллашга тўғри келса ёки у солиқлар суммаларини нотўғри ҳисоблаб ёзганлик ёки уларни ўз вақтида тўламаганлик туфайли ташкилотга молиявий санкциялар қўлланса. Ишдан бўшаган бухгалтер барча мажбуриятлардан озод бўлиши мумкинми?

МКнинг 198-моддасида айтилишича, ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт.

Бевосита етказилган ҳақиқий зарар деганда иш берувчининг мавжуд мол-мулки (шу жумладан иш берувчи учинчи шахслардан ижарага олган мол-мулк) амалда камайганлиги ёки ёмон ҳолатга келганлиги, шунингдек иш берувчининг ортиқча тўловлар қилиш зарурати тушунилади.

Агар иш берувчи бухгалтер ишидаги камчиликларни тузатганлик учун бошқа шахсларга (шу жумладан ошиб кетган ишлар ҳажмлари учун иш ҳақини ошириш сифатида янги бухгалтерга) ёки давлатга пеня, жарима тўлашга мажбур бўлса (Солиқ кодексининг ­17-боби), у бухгалтер томонидан зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади*.

Ходим моддий жавобгарлигининг алоҳида вақт чегараларини қонун белгиламайди. Мазкур ҳолда ФК белгилаган даъво муддати – 3 йил қўлланади. Тегишинча, меҳнат шартномасини бекор қилиш далили зарарни қоплаш талабини тақдим этишга тўсқинлик қилмайди.

Бироқ шуни ҳисобга олиш лозимки, ходимнинг моддий жавобгарлиги чегараси мавжуд. У ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи билан чекланади (МКнинг 201-моддаси).

Тўлиқ моддий жавобгарлик МКнинг 202-моддасида назарда тутилган ҳоллардагина бошланади (улар асосан мол-мулкни бут сақлашни таъминлашга тааллуқли ва ортиқча тўловлар билан боғланмаган).

Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилиб бўлинган ва унинг иш ҳақидан ушлаб қолишлар мумкин бўлмаган ҳолларда МК 207-моддасининг иккинчи қисмига асосан судга мурожаат қилишга йўл қўйилади.

Шу тариқа, агар бухгалтер ўзидан кейин ҳисоб ишини аянчли ҳолатда қолдирган бўлса, уни ўз хатоларини мустақил равишда тузатишга ундашнинг қонуний дастаклари мавжуд. Акс ҳолда унга ушбу хатоларни тузатиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини тўлашга тўғри келади.

Бироқ олдинги ва янги бухгалтернинг жавобгарлигини чегаралаш муаммоси ҳам мавжуд бўлиб, у ҳам катта аҳамиятга эга.

 

Янги бухгалтер нималарга жавоб беради-ю, аввалгиси нимага жавобгар?

Эртами-кечми, ишдан бўшаган бухгалтер ўрнига янги мутахассис келади.

Албатта, уни янги молия йилидан бошлаб ишга қабул қилиш қулай, зеро бундай қилганда жавобгарликни ҳам чегаралаш қийин бўлмайди – молия йили ёпилган, кейингиси эса энди бошланган. Бироқ эски бухгалтер йил мобайнида ишдан бўшаса, бу иш мураккаблашади.

Амалиётда кўпинча иккала бухгалтернинг иш даврлари эътиборга олинади. Ҳақиқатан ҳам, янги мутахассис у ҳали ишламаган давр учун қандай қилиб жавоб бериши мумкин? Ташкилот бухгалтериясида эски бухгалтер ишдан бўшашидан сўнг вужудга келган муаммолар учун жавобгар бўлиш янада ғайритабиий ҳисобланади.

Бироқ реал ҳаётда воқеа ва жараёнлар улар иши даврларининг вақт чегараси ичида ривожланиши мумкин. Масалан, бухгалтерия ҳисобининг бошланғич ҳужжатларини аввалги бухгалтер, улар асос бўлган ҳисоботни эса янги бухгалтер тузганда.

Мазкур ҳолда, фикримизча, қуйидаги далиллардан келиб чиқиш лозим. Бухгалтерия ҳужжатлари бошланғич ҳужжатлар ва ҳисоботларга бўлинади, ҳисоботлар эса бошланғич ҳужжатлар асосида тузилади. Шу тариқа, бошланғич ҳужжатдаги хато туфайли бухгалтерия ҳисобида хатолар вужудга келганда жавобгарлик уни имзолаган бухгалтер зиммасига тушади. Ва аксинча, агар ҳисоботда бошланғич ҳужжатларда бўлган ахборот бузиб кўрсатилса, жавобгар янги бухгалтер бўлиши керак.

Ушбу қоида анча универсал бўлиб, уни нафақат моддий, балки маъмурий, шунингдек жиноий жавобгарлик масалаларини кўришда ҳам қўллаш мумкин. Шу сабабли раҳбар бухгалтер билан меҳнат шартномасини бекор қилаётганда бухгалтерия ҳужжатларининг рўйхати ва уларни қабул қилиш-топширишга алоҳида эътибор қаратиши керак.

Юқорида айтилганларни якунлар эканмиз, қонун ҳужжатлари бухгалтер иш сифатини таъминлашнинг неустойка ва етказилган зарарни ундириш сингари самарали кафолатларини назарда тутишини таъкидлаймиз. Бунинг учун меҳнатга оид муносабатларни ўз вақтида ва лозим даражада расмийлаштириш зарур. Бироқ бу ҳам ҳар доим нопрофессионал бухгалтер етказган зарарни тўлиқ ундиришни кафолатламайди. Бундан ташқари, меҳнат шартномаси бекор қилинганда бухгалтерия ҳужжатларини рўйхат бўйича қабул қилиш-топширишни таъминлаш лозим. Бунга эришиш учун эса бухгалтерия ҳисобини ташкилотнинг бутун фаолияти давомида тўғри юритишни таъминлаш жуда муҳимдир.

 

Самир Латипов,

«Norma Online» эксперти.

 

 


*Ҳар бир аниқ ҳолатда камчилик учун бухгалтернинг айби борлиги индивидуал тарзда, қонун ҳужжатлари ва унинг мажбуриятлари рўйхати қайд этилган лавозим йўриқномаларидан келиб чиқиб белгиланади. Мазкур мажбуриятлар турли ташкилотларда бир-биридан кескин фарқ қилиши мумкин.

Прочитано: 1383 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика