ЯСТ тўловчи корхона иккита фаолият турини амалга оширади. Асосий тури – ишлаб чиқариш, иккинчиси – қурилиш-монтаж ишлари. Ишлар ҳажми йўқлиги сабабли қурилиш-монтаж ишларида банд бўлган ишчилар ойига 1 200 соатдан 900 соат ишлаб бермоқдалар. Ишланмаган соатлар учун иш ҳақи ҳисобланади. Ишланган соатлар учун иш ҳақи 2000-ҳисобварақда ҳисобга олинади ва 9100-ҳисобварақда ёпилади.
Ишлар ҳажми йўқлиги муносабати билан қурувчиларнинг ишланмаган соатларига ҳақ тўлашга доир корхона харажатларини қайси ҳисобварақда акс эттириш лозим?
Бухгалтер.
– Ходимнинг айбисиз юзага келган (ишлар ҳажми йўқлиги боис), ишлаб чиқаришнинг ички сабабларига кўра бекор туриш вақти учун ишчиларга ҳисоблаб ўтказилган иш ҳақи ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатлар таркибида ишларнинг ишлаб чиқариш таннархига (2010-ҳисобварақ) киритилади (Низомнинг 1.5.5-банди, ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарорига илова).
Бекор туриш вақти учун иш ҳақи ҳисоблаб ёзилиши:
Дт 2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»;
Кт 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашишлар».
Алоҳида ҳисоб объектлари ўртасида умумишлаб чиқариш харажатларини тақсимлаш (тақсимлаш тартиби корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланади):
Дт 2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;
Кт 2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари».
Қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши далилига кўра:
Дт 9130-«Бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»;
Кт 2010-«Асосий ишлаб чиқариш».
Ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади (МКнинг 159-моддаси). Ходимнинг айбисиз бекор туриб қолиш ҳақини тўлашда ўртача ойлик иш ҳақи кейинги 2 календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланади (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илованинг 5-банди).
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.