Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 6 / Божхона

«Ягона ойна» имкониятларни кенгайтиради

 

Давлат божхона қўмитасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва ОАВ ходимлари иштирокида Очиқ ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуни доирасида божхона органларида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикасида унификациялаштирилган «Ягона ойна» божхона ахборот тизимининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

 

Тадбирда ДБҚ раҳбарияти, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИКА) вакиллари, пойтахтимизда фаолият юритаётган ТИФ иштирокчилари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирок этди.

Айтиш керакки, мамлакатимизда экспорт ва импорт юкларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун зарур бўлган 20 турдан ортиқ рухсатнома ҳужжатларини Интернет ёрдамида, онлайн режимида олиш имконини берувчи «Ягона ойна» тизимининг амалиётга жорий қилиниши Президентимиз томонидан илгари сурилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида белгиланган вазифаларга мувофиқ келади.

Унификациялаштирилган «Ягона ойна» божхона ахборот тизими 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Ҳукуматлари ўртасида икки томонлама Ҳадли битим имзоланганидан сўнг бошланган. Шундан сўнг ушбу лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикасига юклатилган мажбуриятларни бажариш юзасидан республика Президентининг 2014 йил 18 августдаги «Ўзбекистон Республикасида унификациялаштирилган «Бир ойна» божхона ахборот тизимини жорий этиш йўли билан божхона хизматини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун Корея Республикаси Ҳукуматининг грантидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2224-сон қарори қабул қилинди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигининг навбатдаги ёрқин ифодаси бўлиб, уни амалга ошириш учун Жанубий Корея томонидан 5,5 млн АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилган эди.

 

Лойиҳа маҳаллий ва кореялик юқори малакали мутахассислар ҳамкорлигида белгиланган муддатда ишлаб чиқилди ва тўлиқ амалиётга жорий қилинди. «Ўзстандарт» агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси каби қатор вазирлик ва идораларни қамраб олган мазкур тизим ёрдамида бугунги кунда 20 дан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари, шу жумладан, мувофиқлик сертификати, экологик сертификат, ветеринария гувоҳномаси ва бошқа шу каби ҳужжатларни олиш мумкин.

 

Қайд этиш керакки, «Ягона ойна» ахборот тизими мамлакатимиз божхона тизими учун муҳим аҳамиятга эга бўлган, давлатимиз 1992 йилдан буён тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб келаётган Жаҳон божхона ташкилоти томонидан тавсия этилаётган халқаро стандартларга ҳам тўлиқ жавоб беради.

«Ягона ойна» ахборот тизимининг аҳамияти шундаки, илгари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари экспорт-импорт операцияларини амалга оширишида, яъни ташқи савдо шартномасини тузишдан бошлаб, товарларни жўнатгунга ёки қабул қилгунга қадар тегишли рухсатномалар олиш учун бир нечта давлат органларига мурожаат қилишлари ва ҳар бир идора учун алоҳида ҳужжатлар тўпламини тайёрлаб тақдим этишларига тўғри келар эди. Бу эса муайян даражада ортиқча вақт сарфланишига, молиявий харажатларнинг кўпайишига олиб келар эди.

«Ягона ойна» ахборот тизими эса давлат божхона хизмати органларида товарнинг келиб чиқиш сертификатини, ветеринария, фитосанитария, экологик, санитария-эпидемиологик хулосаларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиш жараёнини интерактив кузатиш имконини беради.

 

Ушбу тизимнинг ишга туширилишидан давлат органларига мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш, турли божхона тўловлари, солиқ ва йиғимларни тўлиқ ҳисоблаш ва ундириш, тадбиркорларнинг фаолиятига аралашмасдан туриб, ташқи иқтисодий жараёнларни мониторинг ва таҳлил қилиш имконини беради. 

ТИФ иштирокчилари эса молиявий харажатларни тежаш, қоғозбозлик ва бюрократик омиллардан халос бўлиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этишга янада камроқ вақт сарфлаш, бу жараёнда мантиқий назорат функциялари кўмагида турли хато ва камчиликлардан холи бўлиш каби қулайликларга эга бўлишади. Бу тизим ҳар иккала томон фаолиятида ўзаро шаффофликни янада орттиради.

 

Тадбир давомида ТИФ иштирокчилари «Ягона ойна» ахборот тизими юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

 

«Ягона ойна» ахборот тизими www.customs.uz манзилида синов тарзида ишга туширилди. Тақдимот маросимида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Квон Ёнг Ву иштирок қилди.

 

 

Ўзбекистон Республикасидан Божхона иттифоқига аъзо давлатларга чиқувчи жисмоний шахслар диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Божхона иттифоқининг Божхона кодексига ҳамда ушбу ташкилотга аъзо давлатларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ Беларусь, Россия ва Қозоғистонда тамакининг сочма тури – носни олиб кириш, қайта ишлаш, тайёрлаш ва сақлаш бутунлай тақиқланганини эслатиб ўтади.

Мазкур тартибга риоя қилмаган жисмоний шахслар ўзлари бўлиб турган давлатнинг қонунчилигига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилади ва иш судга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда биргина «Тошкент-Минск» рейси бўйича Беларусга борган ўзбекистонлик фуқаролар томонидан мазкур йўналишда 43 та божхона қоидабузарликлари содир этилган ва натижада 100 кг дан ортиқ носнинг ушбу давлатга олиб кирилишининг олди олинган.

Юртдошларимиздан ўзлари йўл олган давлатнинг божхона қоидаларига қатъий риоя қилишини сўраймиз. Бу билан Сиз нафақат ўзингизнинг, балки юртимизнинг шаънини ҳам ҳимоя қилган бўласиз.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

Прочитано: 2206 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика