Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 4 / Биз яшайдиган уй

Оз-оздан самарага эришиш санъати

 

Ўтган 2016 йил Тошкентдаги «Она Замин Иккинчи Коммунал» ХУМШ учун ободонлаштириш йили бўлди деб ҳисоблаш мумкин. Мирзо Улуғбек туман раҳбарияти, маҳалла қўмитаси, «Тошшаҳарнур» туман бошқармаси билан биргаликда мавзе ичидаги ёритиш масаласини ҳал этди. Уйларга туташ ҳудуддаги дарахтларни тартибга келтирди. Аслида бу ҳокимликнинг туман ободонлаштириш бошқармасининг бевосита мажбурияти бўлса ҳам, ўз маблағлари ҳисобидан уларни санитария жиҳатидан кестирди. Қуриган шохлар фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солар, ширкатнинг бошқармага мурожаатлари эса натижа бермаётган эди. Шунда у мазкур муаммони ўз кучи билан ҳал этишга мажбур бўлди. Қолган ишлар ҳам ўз навбати билан амалга оширилди. Ҳозир ХУМШ асосан жорий хизмат кўрсатиш билан машғул, сабаби уйдаги умумий мол-мулкни сақлаб туришга доир устувор вазифалар деярли бажариб бўлинди. Уларнинг айримлари якунлаш босқичида турибди.

 

Ушбу ширкатнинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда барча таъмирлаш ишлари кредит олмай, ХУМШ аъзолари бадаллари ҳисобидан бажарилади. Бундай позиция – муваффақиятли фаолият, молиявий барқарорлик кўрсаткичи бўлиб, қарз ҳисобига эмас, имконга қараб, хотиржам, оз-оздан илгари томон қадам босиш имконини беради. Бу улкан мақсадга эришиш учун оз-оздан самарага эришиш санъати бўлиб, ўз натижасини бермоқда. 1 м2 учун 400 сўмни ташкил этган умумий мулкни тутиб туришга бадал миқдори йил мобайнида бирон марта ошмаганини айтишнинг ўзи кифоя. Шаҳар бўйича ушбу кўрсаткич ўртачадан қуйи ҳисобланади. Демак, ХУМШ бюджетига бадаллар тушишини таъминлаш имконини берувчи омилкор, масъулиятли раҳбарлик ва бошқарувда бу тариф ҳисобига яшаш, уйларни тартибга келтириш, қарз олмасдан таъмирлашнинг иложи топилади. Раис уй аҳлининг маблағини тежаганда, ўз манфаатлари йўлида уларнинг ишончини суиистеъмол қилмаганда ҳам бунга эришиш мумкин.

 

Ўзгаришлар палласи

6 йил аввал ушбу ширкатга кирган 8 та уй (345 та квартира) аянчли ҳолатда бўлиб, тобора ботқоққа ботиб кетаётган эди. Том, қувурлар, йўлаклар, ертўлалар – ҳаммасидан чакка ўтаётган, тўкилиб, сочилиб кетаётган ва аллақачон таъмирталаб бўлиб қолган эди. Бу кўпчиликка жуда таниш манзара. ХУМШ аъзоларининг қарзлари бўйнида оғир тошдек унинг зиммасида эди. Картотекадан ҳеч чиқа олмади. Уй аҳли ҳамма жойга шикоят қилар, лекин ҳеч қандай ўзгариш сезилмас эди. Аввалги раҳбарият ишни йўлга қўйишга қодир эмасди.

ХУМШ бошқарувига Светлана Группер сайланганидан кейин ўзгаришлар бошланди. У йирик илмий-тадқиқот институтларидан бирида ишлар ва УЖКХ соҳасидан йироқ эди. Аслида бундай дейиш унчалик тўғри эмас. У уй-жой муаммолари билан кескин тўқнаш келди. Ўша пайтда бир неча йил томдан чакка ўтиб, квартирасини сув босарди. Ширкат муаммони ҳал этмагач, судга мурожаат этиб, масалани ҳал этишга ўзи киришиб кетди. Унинг ишга жиддий ёндашуви, принципиаллиги, масъулиятлилиги ширкатга жуда қўл келди. Тез орада Светланани ХУМШ раиси этиб сайладилар. Бу соҳани ўзлаштиришга, муаммоларига шўнғишга тўғри келди. Шу пайтга келиб бошқарув аъзоларининг янги жамоаси шаклланди. Институтида қатъий белгиланган вақтда ишласа-да, ширкатда кун бўйи тер тўкади. Дам олиш, байрам куни, таътил нималигини билмайди, чунки турар жойларда исталган пайтда кутилмаган вазият юзага келиши мумкин. 8 та уйнинг муаммосини зиммага олиш ҳазилакам юк эмас. Светлананинг феъли шундай: модомики кишилар уйларининг тақдирини ишониб топширган эканлар, виждонан, бор кучи ва имкониятини ишга солиб ҳаракат қилиши керак. Бугунги кунда бошқарув тажрибасини ўрганиш ва қатор муаммолар ечимини топиш мақсадида бу ширкатга бошқа ХУМШдагилар мурожаат қиладилар.

Вазият жиддий тус олганда биринчи навбатда ишни нимадан бошлаш керак? Бошқа соҳалар сингари аянчли ҳолатда бўлган бухгалтерияга қўл урдилар. Уйларни тартибга келтириш учун бадаллар келиб тушишини йўлга қўйиш, кредиторлик қарзини қоплаш зарур эди. Биринчи навбатда компьютер сотиб олинди, бухгалтерия ҳисоби дастурини ўрнатиб, унга барча маълумотлар қайд этилди. Бадал тўламайдиганлар билан ишлашга киришдилар. Тўлашдан бош тортганлар масаласи суд тартибида ҳал этилди. Бошқача йўл тутиш самара бермади.

Уй аҳли бадал тўлай бошлаганида ширкат картотекадан тез орада халос бўлди. Уйларни тиклашда томлар, иситиш тизимига устувор аҳамият берилди. Маблағ тўпланишига қараб таъмирлаш ишлари ўтказилди. Ана шунда уй аҳли ёрдамга келди. Ишларнинг бир қисмини кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилиш йўли билан ўз ҳисобларидан бажара бошладилар. Бу «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддасига асосан умумий йиғилиш қарори билан белгилаб қўйилди. Уй аҳли ўз маблағига материаллар сотиб олар, ширкат эса ишларни бажаришга харажатларни ҳисобга олмасдан кейинчалик чиқимларини қоплар эди. У тахминан 50%ни ташкил этарди. Кейинчалик, молиявий ҳолатини мустаҳкамлагач, молиявий имкони бўлганда 100 фоиз қайта ҳисоб-китоб қила олди. Ҳозир ҳам шу механизм қўлланмоқда. Ҳар йили умумий харажатларда мулкдорлар иштирокининг бошқа турлари билан алмаштириш мумкин бўлган мажбурий бадалларнинг бир қисми белгиланади. Бу сумма даромадлар ва харажатлар сметасига киритилади.

Ҳудудни ободонлаштириш дастуридан ташқари, 2016 йилда ширкатда электр хўжалигини таъмирлаш якунига етди. Бу анча серхаражат иш. 2 йил давомида электр шчитларда 44 та янги автовиключатель ўрнатилди. ХУМШ томни жорий таъмирдан чиқарди, йўлакларнинг бир қисмини расамадга келтирди, янги компьютер сотиб олди. Мажбурий ишлар бажарилди – уй ичидаги иситиш тизимлари профессионал жиҳатдан таъмирланди ва ювилди, ертўлаларга санитарик ишлов берилди.

Квартиралар ичидаги стоякларни алмаштиришда бошқа ХУМШларда ҳам тўқнаш келинадиган муаммо кўп юзага келди. Уйда яшовчилардан айримлари капитал таъмирлашдан бош тортдилар. Бундай ҳолларда ширкат квартира соҳибидан у таъмирлашни ўз ҳисобидан бажариши ҳақида тилхат олади. Ҳозирда айни уларда иситиш билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Баъзи квартиралар уларда яшовчиларнинг айби туфайли тўлақонли исимайди. Муаммони бартараф этиш учун Тошиссиқликэнерго қозонхона қуришни мўлжалламоқда.

ХУМШга бирлаштирилган уйларда 13 та нотурар жой мавжуд. Уларнинг эгалари учун ХУМШ аъзолариники билан деярли бир хил бадал миқдори – 1 м2 учун 450 сўм белгиланган. Бу томонларда зиддият туғдирмайди, маблағлар ўз вақтида келиб тушишини таъминлайди. Нотурар жойлар эгалари ўз офислари атрофидаги ҳудудни тоза сақлайдилар ва ободонлаштирадилар.

Раиснинг сўзларига қараганда, бошқарув аъзолари бир ёқадан бош чиқариб ишлагани, аксарият уй аҳли қўллаб-қувватлагани туфайли ширкат уйларда ўзгаришларни амалга оширишга муваффақ бўлди. Мулкдорлар ишончномалар бўйича умумий йиғилишларда иштирок этадилар. Анкеталаш воситасида ХУМШ фаолиятидаги турли масалалар юзасидаги фикрларини билиш мумкин. Ҳар бир уй бўйича алоҳида йиғилишларни ўтказиб кўрдилар, бироқ бу тўғри келмади. ХУМШ штатида 3 нафар фаррош, 2 нафар сантехник, раис, бухгалтер, электрик, паспортистка бор. Ишларни ўз кучлари билан бажаришади, ихтисосликни талаб этувчи ишларга пудратчилар ёлланади.

 

Туҳмат учун жавобгарлик

Ушбу ХУМШ иши график билан тасвирланса, тепага қараган тўғри чизиқ акс этади. Узилиш, кескин ҳаракатлар, оғиш ва пасайишлар йўқ. Яъни «парвоз» бир маромда кечмоқда ёки оз-оздан самарага эришилмоқда. Бироқ нима учун раис бир неча бор кетишга, саъй-ҳаракат қилиб ва куйиб-пишиб яратган ҳамма нарсани ташлашга уринган? Бунинг сабаби Светлана ўз ҳаётини тубдан ўзгартиришига мажбур қилган одамларда. Ҳаётларини қулайроқ қилишга, уй-жой-коммунал муаммолардан халос қилишга уринаётган кишиларда.

Светлананинг айтишича, уларнинг ширкатида (бошқа ХУМШларда ҳам бўлганидек) шундай одамлар борки, ҳеч қандай йўл билан уларнинг кўнглини олиб бўлмайди. Улар барча идораларга асоссиз шикоятлар ёзадилар. Жанжал қўзғайдилар, қўшниларни гуруҳларга бирлаштирадилар, уларни бадал тўламасликка ундайдилар, раисга, бошқарув аъзоларига қарши қиладилар, текширувлар, комиссияларни уюштирадилар. Буларнинг бари ХУМШни ишдан чалғитибгина қолмай, давлат тузилмалари ҳам муносабат билдиришга мажбур бўладилар. Раиснинг тасдиқланмаган далиллар юзасидан тушунтириш ёзишига тўғри келади. Одатда, бу мажбурий бадаллар бўйича қарзи бўлган, ҳар ишдан айб қидирувчи шикоятчиларнинг қилмиши бўлади. Улар ширкатда ичдан туриб бузғунчилик қиладиган, тинчликни бузадиган, ўз кишиси ёки айни ўзи ўрнини эгаллаши учун раисни кетишга мажбур қиладиган ҳақиқий рейдерлардир. Биров билан сан-манга бормайдиган Светлана учун рейдерлик ҳужумлари – улкан муаммо, у боис кишининг қўли ишга бормайди, ҳаммасини ташлаб кетгиси келади. Ҳозир банкдагилар қарздорлар билан боғлиқ вазиятни ҳал этишда ширкатга ёрдам бермоқдалар. Улар судга даъволар бермоқдалар. Бироқ суд қарори асосида қарзни ундириш аввалгидек мушкул. Суд ижрочиларининг иши қониқарли эмас.

Шикоят ёзувчи ва туҳматчиларни тийиш йўли бор. МЖТКнинг 40-моддасига мувофиқ, туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш ЭКИҲнинг 20 бараваридан 60 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. МЖТКнинг 41-моддаси билан эса ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш ЭКИҲнинг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Дарвоқе, Тошкентдаги ХУМШлардан бири шунга ўхшаш вазиятда ширкат аъзоси раисни ҳақорат қилгани учун судга даъво берган ва уни ютиб чиққан. Жарима тўланишидан олинган маблағлар умумий йиғилиш қарори билан ҳомийлик ёрдами сифатида уй аҳлига хизмат кўрсатувчи поликлиникага йўналтирилди.

 

Уйингизда тинчлик ҳукм сурсин

Светлана ширкат тўқнаш келадиган муаммолар ҳақида сўз очди. «Коммуналчиларга нисбатан ўтган асрда қарор топган менсимай муносабатда бўлишга шу пайтгача барҳам берилгани йўқ. Кўпинча турли тузилмаларнинг маъмуриятчилиги, ортиқча ҳомийлик қилиши, ХУМШ ишларига аралашиб, қаердадир қатнашиш, ҳозир бўлишга, нима учундир ҳисобот беришга мажбур қилиши ишлашга халақит беради. Бунақада қачон ишлаймиз? Бундай йиғилишларда ХУМШ раҳбарлари фақат таъна-дашном эшитадилар. Ширкатимизда қўшнилари учун қайғурадиган муносиб кишилар бор. Уларнинг кўнглини кўтарадиган гап айтиш жоиз эмасми?»

Раиснинг фикрича, ХУМШда мутахассис коммуналчилар ишлаши лозим. Кўп квартирали уй – мураккаб техник объект, бу соҳа билан таниш бўлмаган киши унинг конструктив элементлари, муҳандислик коммуникацияларини тушуниши мушкул. Таъмирлаш вақтида ишдан воқиф раис ҳеч қачон четдан кишиларни чақирмайди. У виждонли пудратчиларни афзал кўради. Бугун бошқарувчи компаниялар фаолиятини лицензиялаш зарурати масаласи муҳокама этилмоқда, бу эса жуда муҳим.

Квартира сотиб олган айрим кишилар бу ҳақда ширкатни бохабар қилмайдилар, алоқа боғлаш телефонларини, квартира режасидан нусхани қолдирмайдилар. Турар жойда ҳеч ким яшамайди, ширкатда эса унинг эгаси ҳақида маълумотлар йўқ дейлик. Авария ҳолатида квартирага киришнинг иложи бўлмайди. Ёки уйда таъмирлаш ишлари кетяпти, квартира эгаси эса унда яшамайди. Агар квартира ичидаги стояклар алмаштирилаётган бўлса, иссиқликсиз қоладиган қўшнилар азият чекадилар.

«Турар ва нотурар жойларни ноқонуний қайта режалаштириш – жиддий масала, – дея давом этади раис. – Бунда фуқаролар уй ичидаги иссиқлик таъминоти тизими ишига аралашиб, уни бузадилар, кейин эса қўшнилари уйлари исимаслигидан шикоят қиладилар. Биз квартирани таъмирлаш пайтида эгаси ҳатто уйнинг олд қисмини ҳам бузганининг гувоҳи бўлганмиз. Ширкат бундай ҳолларда уларга амалда таъсир кўрсата олмайди. Иссиқлик энергиясини етказиб берувчилар қўшимча иситилаётган майдон (асосан батарея пешайвонга олиб чиқилганлиги) учун тўлов ҳисоблаб ёзадилар. Истеъмолчиларга иссиқлик ускуналарини лойиҳадаги ҳолатдагидек этиб тиклаш ҳақида кўрсатма берадилар, бироқ қатъий талаблар қўймайдилар. Уларни тўлов тушаётганлигининг ўзи қониқтиради. ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 15-моддасида назарда тутилишича, ширкат жойларни белгиланган тартибда қайта қуриш, ўзгартириш, қайта жиҳозлаш тартибини келишиб олиш ҳуқуқига эга. Бироқ бу қандай тартиб, уни ким белгилаши керак, у қандай ҳаракат қилиши лозим?»

Светланадан ХУМШ раиси сифатида уни нима қувонтиришини сўрадим. – «Ўзгаришлар, – дея жавоб беради у. – Уй аҳли яхши томон ўзгариш юз бераётганини кўрса, ўзаро аҳиллик ва бағрикенглик ҳукм сурса – ҳаммаси жойида бўлади!».

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 1593 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика