Norma.uz

Дори-дармон нархини ошириш бизнес учун хавфли

 

2017 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фармацевтика бозорида муҳим ўзгаришлар рўй берди. Четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15%дан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20%дан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

 

Бу Президентнинг «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (31.10.2016 йилдаги ПҚ-2647-сон) билан назарда тутилган. Бирон-бир дорихона ёки улгуржи тузилма белгиланган энг юқори устамалардан ортиғини қўллаб, дори-дармон сотишга ҳақли эмас. Уларни ошириш, шунингдек ПҚ-2647-сон қарорнинг бошқа талабларини бузиш бизнес учун хавфли бўлиши: лицензиядан маҳрум бўлишга, маъмурий ва жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин.

Ҳужжатда назарда тутилган чора-тадбирлар мажмуи дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархини давлат томонидан тартибга солишга, аҳолининг улар билан таъминланганлик даражасини янада оширишга қаратилган.

Шуни эслатиб ўтамизки, янги чекланган савдо устамалари дори-дармонларнинг нархини белгилаш бўйича ягона, янада мослашувчан ва очиқ-ошкора тартибни ўрнатиш мақсадида жорий этилган. Бунгача четдан олиб келинадиган дори-дармонлар улгуржи сотувчилар ва дорихоналар улуши бўлган 20%дан ортиқ бўлмаган савдо устамасини қўллаган ҳолда аҳолига сотилган. Маҳаллий дори-дармонлар 20 фоизли улгуржи ва 25 фоизли чакана устама билан сотилган. Бошқача айтганда, нарх шаклланиши бобида ягона ёндашув бўлмаган. Бу чакана ва масаланинг етарлича тартибга солинмаганини суиистеъмол қилувчи улгуржи сотувчиларни тенгсиз ҳолатга солиб қўйган. Натижада дорихоналар чакана савдо учун четдан олиб келинадиган дори-дармонларга алоҳида устама қўйилмаганидан кўпинча ютқазар эдилар. Айрим улгуржи сотувчилар эса дорихоналарнинг манфаатларини инобатга олмай, талабгир препаратларга энг юқори устама белгилар эдилар. Ҳозир бу муаммолар бартараф этилди ва тузатиш киритилди.

Улгуржи сотувчилар учун дори-дармонларга савдо устамалари пасайтирилганлиги воситачилар сонининг қисқаришига ёки ишлаб чиқарувчилар билан бевосита ишлашга туртки бўлиши мумкин. Дорихоналар устамалар тартибга солиниши ҳисобига ютадилар. Бироқ аввало истеъмолчилар ютиши лозим, сабаби киритилган тузатишлар умуман олганда дори-дармоннинг асоссиз равишда қимматлашувига тўсиқ бўлиши зарур.

 

Ижтимоий аҳамиятга эга препаратлар арзонлашди

2017 йил 1 январдан бошлаб 116 номланишдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари (98) ва тиббиёт буюмлари (18) учун қайд этилган нархлар белгиланди. Улар билан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг (Давлат рақобат қўмитаси, Қўмита) www.gkk.uz сайтида танишиш мумкин.

Президентнинг мазкур қарори билан бундай препаратларнинг илгари амал қилган рўйхати кенгайтирилди. Энди уларнинг умумий сони 343 номланишдан иборат, шундан 227 таси четдан олиб келинган. Тўлиқ рўйхат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтида жойлаштирилган. Аввал ушбу рўйхат кичикроқ эди (189 та препарат). Унинг кенгайтирилгани ижтимоий-иқтисодий шароитлар юзага келтирган касалликларни даволашга мўлжалланган дори-дармонлар арзонлашишини англатади.

Ижтимоий аҳамиятга эга препаратларга улгуржи ва чакана нархларни уларнинг жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида Тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича Республика комиссияси ҳар чоракда белгилайди.

Ўтган йилнинг 27 декабрида Комиссия тендер савдолари ўтказиш учун Рўйхатга киритилган импорт дори-дармон воситаларининг йўл қўйилиши мумкин бўлган чекланган шартнома қийматини ва ҳажмларини тасдиқлади. Савдолардан кейин 227 та импорт препаратининг улгуржи ва чакана нархи тасдиқланади. Улар билан Давлат рақобат қўмитасининг веб-сайтида танишиш мумкин бўлади.

 

Мажбурий рўйхат кенгайтирилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Барча дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг янгиланган минимал рўйхатини (АВ томонидан 6.12.2016 йилда 2846-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тасдиқлади.

У қабул қилингунгача аввалги Рўйхатга 20 та дори-дармон киритилган ва улар белгиланган чакана нархда сотилар эди. Янги рўйхат анча кенгайтирилган бўлиб, халқаро патентланмаган ёки савдо номланишига эга бўлган 70 хил дори воситалари, шунингдек 6 хил тиббий буюмларни ўз ичига олган. Бу билан истеъмолчиларнинг энг талабгир дори-дармон воситаларини олиш имконини кенгайтириш кўзланган. Шу ўринда ушбу препаратлар энг юқори савдо устамаларини (15/20%) ҳисобга олган ҳолда эркин нархда сотилишини қайд этиб ўтиш лозим.

Шунингдек Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати (АВ томонидан 30.11.2016 йилда 2842-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кенгайтирилди. Янгиланган Рўйхатга 1 225 та препарат киради (192 таси – монопрепаратлар ва 1 033 таси – комплекс препаратлар), айни пайтда эски рўйхат 1 169 тани (186 та монопрепаратлар ва 983 та комплекс препаратларни) ўз ичига олган эди. Реклама тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, ушбу дори-дармонлар ОАВда, шунингдек ташқи реклама воситасида реклама қилиниши мумкин.

Республикада дорихона муассасаларида дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотиш қоидаларига (ВМнинг 6.08.1994 йилдаги 404-сон қарорига 1-илова) мувофиқ, дорихоналар ушбу Рўйхатга киритилмаган барча дори-дармонларни фақат белгиланган шакллардаги рецептларга кўра берадилар.

Врач рецептисиз бериладиган дори-дармонлар дорихона витринасига нархи кўрсатилган ҳолда қўйилади. 2842-сон Рўйхат 2016 йил 5 декабрдан кучга кирди, 2846-сон Рўйхат эса 2017 йил 13 мартдан кучга киради.

 

Сотиш нархи

Дорихона ва улгуржи тармоқдаги қарийб барча субъектларни бугунги кунда битта савол қизиқтиради: 2016 йилда сотиб олинган дори-дармон ва тиббий буюмларни қайси нархда сотиш керак? Ижтимоий аҳамиятга эга препаратлар рўйхатига киритилган 116 та препаратни белгиланган нархларда сотиш лозим. Бунда улгуржи корхоналар уларни тасдиқланган улгуржи нархда, дорихоналар – тасдиқланган чакана қийматда сотишлари шарт.

Агар 2016 йилда кирим қилинган маҳаллий препаратлар улгуржи ёки чакана нархга мувофиқ келмаса, уларни қайта баҳолаш керак. Белгиланган нархда сотиладиган дори-дармонлар рўйхатига кирмаган дори-дармонлар уларнинг улгуржи босқичда 15 фоизлик ва чакана босқичда 20 фоизлик устамани қўллаган ҳолда сотилиши шарт.

15%дан ортиқ улгуржи устама билан сотиб олинган товарлар ҳам дорихона томонидан энг юқори савдо устамасини, яъни 20%ни қўллаган ҳолда сотилиши шарт.

Улгуржи сотувчилар ўтган йили 15%дан ортиқ савдо устамасини қўллаган ҳолда сотган дори-дармонлар жорий йилнинг 1 январидан бошлаб 15%дан ортиқ бўлмаган устама билан сотилиши шарт.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида дори-дармон воситаларини сотишда белгиланган улгуржи ёки чакана нархлар тасдиқланганидан қуйи этиб қўлланиши мумкин.

 

Назорат кучаяди

Дори-дармонлар истеъмолчига етиб боргунга қадар бутун ҳаракатланиши давомида уларнинг нархлари ва бозордаги муомаласи устидан давлат назорати ўрнатилган. Нархни шакллантириш ва савдо қоидалари бузилишининг олдини олиш мақсадида Давлат рақобат қўмитаси фармацевтика бозори субъектларига хат йўллади, унда фармацевтика фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш чора-тадбирлари; қонун ҳужжатлари талабларига беписанд муносабатда бўлиш учун жавобгарлик; энг юқори устамаларни (15/20%); 343 та ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармонларга энг юқори улгуржи ва чакана нархларни қўллаш тушунтирилган. Дорихоналар пешлавҳа воситасида ўз фирма номи, юридик манзили, иш режими ҳақидаги ахборотни истеъмолчилар эътиборига етказишлари шарт. Бозор субъектлари айнан лицензия ва лицензия битимида кўрсатилган манзилда фармацевтика фаолиятини амалга оширишлари керак.

Сифатсиз ва қалбакилаштирилган; Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларини; Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний (контрафакт) нусхаларини; яроқлилик муддати ўтган; ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган; давлат тилидаги мувофиқлик сертификати ва қўллашга доир йўриқномаси бўлмаган; кирим ҳужжатларига эга бўлмаган ва тайёрланишига рухсат берилган доривор воситалар рўйхатига киритилмаган дори-дармонларни ишлаб чиқариш (ўраб-жойлаш, тайёрлаш), олиш, сақлаш, қўллаш, импорт ёки экспорт қилиш тақиқланади.

Ҳар бир дорихонада лицензия ва лицензия битимининг нусхалари; белгиланган нархлари қайд этилган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари рўйхати; барча дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган энг муҳим дори-дармонлар рўйхати; шикоят ва таклифлар дафтари; Чакана савдо қоидалари; «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун, истеъмолчилар учун зарур бошқа ахборот эътиборга ҳавола этиладиган «Истеъмолчи бурчаги» бўлиши шарт. Фармацевтика бозори субъектларига савдо қоидаларини бузиш оқибатлари, шунингдек Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органларига тушунтириш сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эгаликлари ҳақида маълумот берилди.

Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун кўрсатма (огоҳлантириш) бериш, лицензиядан маҳрум қилиш, маъмурий жарима, жиноий жазо назарда тутилган. Хусусан, дори воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартибини бузганлик; яроқлилик муддати ўтган, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган дори воситаларини сотганлик; истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақида маълумотларни тақдим этмаганлик; реклама қилиниши тақиқланган маҳсулотларни (яъни рецептга кўра берилиши лозим бўлган дори воситаларини) реклама қилганлик Қўмита томонидан иш қўзғатилишига ҳамда материалларнинг суд ва лицензияловчи органларга топширилишига олиб келади (МЖТКнинг 165-1, 178, 178-1-моддалари; ВМнинг 12.10.2005 йилдаги 225-сон, 28.10.2010 йилдаги 239-сон қарорлари).

Дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларининг энг кам рўйхати мавжуд эмаслиги; нархларни белгилаш (энг юқори устамаларни қўллаш) тартибига риоя этмаслик, шунингдек сифатсиз, шу жумладан яроқлилик муддати ўтган, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори-дармонларни сотиш лицензия талабларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланади ва назорат органи лицензиянинг амал қилишини тугатиш ҳақида хўжалик судига даъво тақдим этиши учун асос ҳисобланади («Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддаси).

Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, ўтказиш, шунингдек лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан махсус рухсатнома олмасдан шуғулланиш ЖКнинг 186-3 ва 190-моддаларига мувофиқ жавобгарлик белгиланган.

Таъминотчилар ва улгуржи савдо корхоналари маҳсулот етказиб беришда (шартнома тузишда) ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганда ва асоссиз талаблар қўйганда, шунингдек назорат органлари, ҳокимият органлари, идоралар ёки нодавлат жамоат ташкилотлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашганда фармацевтика корхонаси белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адлия органлари, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Фармацевтика бозори субъектлари савдо устамаларини қўллаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама масалалари юзасидан Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларига мурожаат қилишлари мумкин.

 

Дилшод Азимов,

Давлат рақобат қўмитасининг реклама фаолиятини назорат қилиш

ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи.

Прочитано: 2600 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика