Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 4 / Божхона

Хизмат эътирофи

 

Тинчлик-осойишталик ҳукмрон жойда орзу-умидлар, буюк мақсадларга эришилади, эртанги кунга ишонч мустаҳкам бўлади. Ҳар бир мамлакатнинг тинчлигини сақлаш ва муҳофаза қилиш азалдан энг масъулиятли, шу билан бирга шарафли вазифа бўлиб келган. Эр киши учун ўз Ватанини, халқини, оиласини ҳимоя қилишдан зиёд мардонавор иш йўқ.

 

Давлатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишда божхона хизматининг алоҳида ўрни бор. Соҳадаги муваффақиятлар ҳар бир ходимнинг Ватанга бўлган муҳаббати, фидойилиги ва ишнинг кўзини билишига боғлиқ. Бу борада Тошкент вилояти божхона бошқармаси шахсий таркибида узоқ йиллардан бери хизмат қилаётган Дилшод Раҳимжонов номини фахр билан тилга олишади.

Божхона хизмати подполковниги Дилшод Раҳимжоновнинг меҳнат фаолиятини бошлаганига 30 йилдан ошди. Бу муддатнинг салкам 20 йили божхона идораларидаги хизмат фаолиятига тўғри келади. Шу йиллар давомида олиб борган самарали хизмати ўлароқ, бугунга келиб у божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш ва юртимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш борасида тажрибали божхоначилар сафидан жой олди. Ўтган йиллар давомида тиришқоқлиги, қатъиятлилиги, меҳнатсеварлиги ва билимдонлиги билан ҳамкасбларининг эътиборига тушди, ҳурмат қозонди.

Тажрибали раҳбар ва талабчан устоз сифатида у қўл остидаги шахсий таркибни ўз ортидан эргаштира олди. Натижада бир тану бир жон бўлиб, хизматни ҳамжиҳатликда олиб бораётган Тошкент вилояти божхона бошқармасининг соҳага доир кўрсаткичлари ҳамиша юқори бўлиб келмоқда. Масалан, биргина 2014–2015 йилларда Тошкент вилояти божхоначилари томонидан 6,7 мингга яқин божхона қоидабузарлик ҳолатлари фош қилинган. Натижада 11 млрд 750 млн сўмдан зиёд товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Айниқса наркотик моддаларнинг ноқонуний муомаласига, хусусан уларнинг юртимиз сарҳадлари орқали яширинча олиб ўтилишига қарши олиб борилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида 38,7 кг дан ортиқ наркотик моддаларнинг йўли тўсилди.

2015 йил октябрь ойида республикамиз ҳудудидан транзит тарзида ҳаракатланаётган юк поезди вагонлари «Бекобод» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан божхона назоратидан ўтказилганда, вагонлардан бирининг темир устунларидаги кўз илғамас бўшлиқларига салкам 9,5 кг «гашиш» гиёҳвандлик моддаси яширилганлиги аниқланган.

Ўша кезлари пост ходимлари яна бир жиноий қилмишни фош этишди. Бу гал қонунбузарлар вагонларнинг пайқаш қийин бўлган яширин нуқталарига 3 кг дан ортиқ «героин» гиёҳвандлик моддасини яшириб, республикамиз ҳудудидан олиб ўтишни кўзлашган эди. Аммо божхоначиларнинг зийраклиги туфайли бу «режа»лар ўз вақтида чиппакка чиқарилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган ўнлаб тезкор тадбирларда оғир ва ўта оғир жиноятлар фош этилар экан, уларнинг ортида машаққатли хизмат, уйқусиз тунлар ва баъзида хавфли вазиятлар турганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Таъкидлаш жоизки, божхона хизмати подполковниги Дилшод Раҳимжоновнинг қўлга киритаётган натижалари муносиб эътироф этилди. Хизмат бурчига виждонан ва садоқат билан ёндашганлиги ҳамда фидойилигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 25 йиллиги арафасида Президентимиз Фармони билан давлатимизнинг юксак мукофоти – «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

– Хизматда эришган камтарона ютуқларимиз замирида мамлакатимизда божхона органларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган улкан ислоҳотлар мужассамдир. Зеро, ҳозиргидек кенг шарт-шароитлар, мустаҳкам моддий-техник база яратилмаганида, юқоридаги кўрсаткичларга эришиш амримаҳол бўлар эди. Берилган юксак мукофот ва билдирилган катта ишончга жавобан, давлатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида белни янада маҳкам боғлаб, сидқидилдан хизмат қилишга сўз бераман, – дейди Дилшод Раҳимжонов.

 

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.

Прочитано: 1476 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика