Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 4 / 26 январь – Халқаро божхоначилар куни

Иқтисодий хавфсизлик ва халқаро ҳамкорлик чорраҳасида

 

Мустақил Ўзбекистоннинг тобора ривожланиб бораётган халқаро алоқаларининг ажралмас ва муҳим қисмини божхона соҳасидаги ҳамкорлик ташкил қилади. Ўзбекистон 1992 йил 28 июлда Жаҳон божхона ташкилотининг фаол аъзосига айланди ва божхона амалиётлари билан боғлиқ 20 дан ортиқ халқаро конвенцияларга бевосита ва билвосита аъзо бўлди. Айни шу жиҳатни инобатга олсак, мамлакатимизда божхона соҳасида халқаро ҳамкорликнинг илк тамал тоши қўйилганига бу йил 25 йил тўлмоқда.

 

Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти

Ўзбекистоннинг 1995 йилда ЖБТнинг Сиёсий комиссияси аъзолигига 2001 йилда эса Молия қўмитаси таркибига сайланиши мамлакатимиз халқаро божхона ҳамжамияти томонидан ҳам муносиб эътироф этилаётганидан далолат беради. Ушбу кўп йиллик ҳамкорлик республикамиз ҳуқуқий базасини халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа меъёрларига яқинлаштиришга имкон берди. Божхона соҳасидаги қонунчилигимиз умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан бирхиллаштириш ҳамда уйғунлаштириш йўналишида ривожланмоқда.

Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида халқаро конвенциянинг (Киото конвенцияси) 1999 йил июнда маъқулланган янги версияси ЖБТнинг энг катта ва муҳим ютуғига айланди. Кенгашнинг 2005 йилдаги сессияларида Хавфсизлик ва жаҳонда савдони енгиллаштириш бўйича ҳадли стандартларнинг қабул қилиниши ҳам халқаро божхона ҳамжамияти учун муҳим воқеа бўлди.

Ушбу ташкилотнинг фаолияти ­дунё миқёсида товарларни таснифлаш, келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш, божхона қийматини баҳолаш, юкларни етказиб беришда хавфсизликни таъминлаш, халқаро савдо жараёнларини соддалаштириш, муаллифлик ҳуқуқи муҳофазаси ҳамда контрабанда ва коррупцияга қарши курашиш, ташкилотга аъзо давлатлар божхона хизматларини модернизация ва ислоҳ қилишга йўналтирилган дастурлар, тавсиялар, услубий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва амалий ёрдам беришга қаратилган.

Мазкур йўналишларда ЖБТ билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, 2016 йилнинг июнь ойида Бельгия пойтахти Брюсселда ўтказилган ЖБТга аъзо давлатлар божхона хизмати раҳбарларининг навбатдаги сессиясида ҳам мамлакатимиз делегацияси фаол иштирок этиб қайтди.

 

Жаҳон божхона ташкилоти тарихига назар

ЖБТнинг тарихи 1947 йилдан бошланган. Дастлаб Европанинг 13 та давлатини ўзида бирлаштирган ва Ишчи гуруҳ тарзида фаолиятини бошлаган мазкур бирлашма 1950 йилда Кенгаш тарзида фаолият олиб бориш учун ўз Конвенциясини имзолади. 1952 йилга келиб, мазкур Конвенция кучга кирди. 1953 йилнинг 26 январида эса Кенгашнинг Инаугурация сессияси бўлиб ўтди. Шу тариқа 1983 йилда илк бора Божхона ҳамкорлиги кенгашининг (ҳозирги ЖБТ) 30 йиллиги муносабати билан 26 январь – Халқаро божхоначилар куни дунё бўйлаб кенг нишонланадиган бўлди.

1994 йилдан Кенгаш Жаҳон божхона ташкилоти номини олди ва унга ҳозирда 180 га яқин давлат аъзо ҳисобланади. Конвенциянинг 1952 йилдан кучга кирганини инобатга олсак, жорий йилда ЖБТ (WCO) ташкил этилганига расман 65 йил тўлди.

Дунё бўйлаб савдо айланмасининг 98%и ЖБТга аъзо давлатлар улушига тўғри келади. Унинг расмий тиллари – инглиз ва француз тили, баъзи қўмиталарда испан ва рус тилидан ҳам фойдаланадилар. ЖБТнинг юқори органлари сифатида барча аъзо мамлакатларнинг раҳбарларидан иборат Кенгаш, 24 давлат вакилларини ўз ичига олган Сиёсий комиссия ва 17 мамлакат вакилларидан иборат Молия қўмитаси фаолият юритади. ЖБТнинг доимий ишлайдиган органи – Котибият Брюсселда жойлашган бўлиб, унда 105 та ходим, жумладан 68 давлатнинг доимий вакиллари фаолият юритади. ЖБТ қароргоҳида наркотиклар ва ўта хатарли товарларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишда ахборотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қилувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи Марказий тармоқ (CEN) ташкил этилган бўлиб, у 11 та минтақавий алоқа узели (RILO)ни ўз ичига олади.

ЖБТ фаолиятида соҳага доир халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа ҳуқуқий нормаларини ишлаб чиқиш, ўзгартиришлар киритиш ва амалиётга жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу йўналишда ЖБТнинг Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилган бўлиб, бу орқали мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тижорат айирбошловини уйғунлаштиришга эришилмоқда. Натижада бугунга келиб барча товарларни ташишга нисбатан қўлланиладиган халқаро қоидалар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий қилинди.

 

Ўзбекистон ва халқаро ташкилотлар: божхона соҳасида ҳамкорлик

Давлат божхона қўмитасининг халқаро божхона ҳамкорлиги фақатгина ЖБТ билан чекланмайди. Республикамиз божхона органлари бошқа йирик халқаро ташкилотларнинг ҳам божхона ишига доир дастур ва лойиҳаларида фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланувига қарши курашиш бўйича тажриба алмашишга доир халқаро тадбирларида, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Божхона ҳамкорлиги бўйича махсус ишчи гуруҳи йиғилишларида, МДҲ Божхона хизматлари раҳбарларининг кенгаши мажлислари, Осиё тараққиёт банкининг Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги дастури, Япониянинг JICA ва Кореянинг KOIKA халқаро ҳамкорлик бўйича ташкилотлари ўқув курсларида фаол иштирок этиб келинмоқда.

2010 йил 3 май куни ЖБТ Бош котиби Кунио Микурия Давлат божхона қўмитасига ташриф буюрди.

 

Давлатлараро ҳамкорлик

Хорижий давлатлар божхона хизматлари билан халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган икки томонлама алоқаларни ривожлантириш устувор ҳисобланади. Бу борада 123 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган, шундан 32 таси ҳукуматлараро ва 91 таси хорижий идоралараро шартномалардир.

Бугунги кунда бошқа давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни келгусида янада кенгайтириш борасидаги ишлар фаоллашган. Бир қатор чет эл божхона органлари билан олдиндан ўзаро маълумотлар алмашинуви  тартиби йўлга  қўйилганлиги муҳим аҳамиятга эгадир. Чунончи, божхона чегаралари орқали ҳаракатланган товар ва транспорт воситалари тўғрисида олинган электрон ахборотларни таққослаш орқали маълумотлар ҳаққонийлиги таъминланмоқда. Бу борада Хитой, Россия, Беларус,  Украина, Қозоғистон, Қирғизистон божхона хизматлари билан икки томонлама ҳужжатлар имзоланган. 2016 йилда Россия, Тожикистон ва Қозоғистон божхона хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик янада фаоллашди.

Бундан ташқари, божхона ходимларининг хорижий мамлакатларда ўтказилаётган ўқув курслари, семинар ва бошқа анжуманларда мунтазам иштирок этиши шахсий таркибнинг касбий маҳорати ва кадрлар салоҳиятини оширишга ёрдам бермоқда. Бунда фаолиятга илғор ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этган чет эл божхона хизматлари тажрибаларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Йил сарҳисоби

Республикамизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида, божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини янада оширишда божхона назоратининг замонавий механизмлари ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, божхона постларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, контрабанда ва божхона қонунлари бузилишига қарши курашишни кучайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2016 йилда божхона ишининг ягона қонунчилик базасини халқаро стандартларга мос равишда шакллантириш, божхона маъмуриятчилигининг барча босқич ва даражаларида ҳуқуқий норма ва ёндашувларни бир хилда қўлланилишини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш мақсадида янги таҳрирдаги Божхона кодекси кучга кирди.

Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-4848-сон Фармонининг қабул қилиниши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона соҳасида ҳам бир қатор қулайлик ва енгилликларни тақдим қилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларнинг экспорти бўйича тузилган экспорт шартномаларини божхона органларида ҳисобга қўйиш тартиби 2017 йилнинг 1 январидан бекор қилинди.

Фармон билан тасдиқланган Дастурга мувофиқ товарларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда божхона расмийлаштирувини белгиланган жойлардан бошқа жойларда амалга оширганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ундириладиган божхона йиғими икки бараварга камайтирилди.

Мазкур Дастур билан божхона органларига юклатилган товарнинг келиб чиқиш сертификатини, ветеринария, фитосанитария, экологик, санитария-эпидемиологик хулосаларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиш жараёнини интерактив кузатиш имконини берадиган «Ягона дарча» идоралараро ­ахборот ­тизимини тўлиқ жорий қилиш ишлари эса якуний босқичга етиб келди ва яқин кунларда тизимнинг тақдимоти бўлиб ўтади.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида 2016 йилда тадбиркорларга Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона тўловлари бўйича 13,3 трлн сўм миқдорида имтиёзлар берилди.

Бу имтиёзлар асосан мамлакатимизда ички ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадларида, маҳаллийлаштириш дастури доирасида, шунингдек маҳсулот ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта таъмирлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган дастурлар ижроси бўйича четдан олиб келинган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хом ашё материалларига қўлланилган.

2016 йилда божхона бошқармалари, комплекс ва постларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг «Хўжайли» ўтказиш пункти кенгайтирилди ва қайта қурилди, Самарқанд вилоятининг 6 қаватли янги маъмурий биноси бунёд этилди, «Ғишткўприк» божхона комплексининг маъмурий биноси таъмирланди ҳамда мобил сканер қурилмаси ва автотарози учун майдон барпо этилди.

2016 йилда божхона ходимларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини янада яхшилашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 25 йиллиги ва «14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан божхона органларида хизмат қилаётган бир гуруҳ божхона ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига Сергели туманида қуриб битказилган 40 хонадондан иборат замонавий, барча шарт-шароит ва қулайликларга эга бўлган 2 та янги хизмат уйларининг калитларини тантанали равишда топшириш тадбири бўлиб ўтди.

Ўтган 2016 йилда божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 19 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 68 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида ушлаб қолинди.

 

Эътироф

Бундай натижаларга асосий эътиборни божхона тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш, божхона назоратини ва контрабандага қарши курашни кучайтириш, фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, товарларнинг ҳақиқий миқдори ва қийматидан келиб чиқиб божхона тўловларини ундириш эвазига эришилмоқда.

Божхоначиларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати ҳамиша эъзозланиб, муносиб эътироф қилиб келинмоқда. Ўтган йилда божхона органларида ўрнак кўрсатиб хизмат қилиб келаётган 7 нафар ходим, жорий йилда эса 2 нафар божхона хизмати ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди.

Тизимда ўрнак кўрсатиб хизмат қилиб келаётган 200 нафардан ортиқ ходимга «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил» эсдалик нишонлари билан мукофотланди. Бу эса республикамиз божхона органларида масъулият ва шараф билан хизмат қилаётган божхоначиларимиз фаолияти муносиб эътироф этилаётганидан далолатдир.

 

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати катта инспектори.

Прочитано: 2515 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика