Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 4 / Божхона

Масалалар мулоқотда ойдинлашади, муҳокама қилинади, ечим топади

 

Божхона органлари республикамиз минтақаларида ТИФ иштирокчилари билан очиқ мулоқотлар ўтказмоқда

 

Мутасаддининг қабулига кириш имконияти

Давлат божхона қўмитасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, божхона соҳасида улар дуч келаётган муаммоларни ҳар томонлама ўрганиш ва зудлик билан ҳал этиш мақсадида очиқ мулоқот тарзидаги тадбир ташкил этилди. ДБҚ раиси биринчи ўринбосари Б.Раимов ишбилармонларга кенг шароит яратиш, тадбиркорларга кўмакчи бўлиш долзарб вазифалардан бири сифатида кун тартибида турганини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4848-сон Фармони билан божхона соҳасида жорий қилинган қулайликлар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

Масалан, Фармон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг 24-бандига мувофиқ 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, товарларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда уларнинг божхона расмийлаштирувини белгиланган жойлардан бошқа жойларда амалга оширганлик учун 1 нафар божхона ходимининг 1 соатлик иш вақти учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ундириладиган божхона йиғими икки бараварга камайтирилди.

Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган 2016 йилда товарларнинг белгиланган жойдан бошқа жойда ўтказилган божхона расмийлаштируви учун ТИФ иштирокчилари томонидан 3,2 млрд сўм миқдорида йиғимлар ундирилган. Демак, ушбу йилдан бошлаб, бу каби харажатлар тенг ярмига қисқариб, тежалган маблағ тадбиркорнинг ўз ихтиёрида қолади.

Очиқ мулоқот давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4904-сон Фармони ижроси юзасидан божхона органлари томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, божхона соҳасига доир муаммо ва масалаларни юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилмасдан туриб, тезкорлик билан ҳал этиш борасида мавжуд имкониятлар ҳақида ахборот берилди. Жумладан, тадбиркорлар божхона соҳасида ўзларини қизиқтираётган саволлар, ўйлантираётган муаммолар ёхуд божхона қонунчилиги бузилиши ҳамда божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ариза, таклиф ва шикоятларни Давлат божхона қўмитаси раисининг www.bojxona.uz веб-сайтида очилган виртуал қабулхонасига йўллашлари мумкин.

Шунингдек, кенг аҳолига янада қулайлик туғдириш мақсадида божхона соҳасида энг кўп ва тез-тез бериладиган саволлар жамланиб, сайтдаги «Энг кўп бериладиган саволлар» бўлимига жойлаштирилди. Бу ерда божхона соҳасининг турли йўналишларига доир энг долзарб ва оммабоп саволларга жавоблар билан танишиш мумкин.

Бундан ташқари, Давлат божхона қўмитасининг аҳоли учун ­120-76-33, тадбиркорлар, шу жумладан ТИФ иштирокчилари учун 120-76-27 ишонч телефонларининг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилган. Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари ва бошқа таркибий тузилмаларининг ишонч телефонлари рўйхатини Давлат божхона қўмитаси веб-сайти бош саҳифасида жойлаштирилган «Ишонч телефонлари» саҳифасидан олиш мумкин.

Қолаверса, тадбиркорлар бевосита Давлат божхона қўмитаси ва ҳудудий божхона бошқармалари раҳбарларининг қабулига кириш, олис ҳудуддагилар эса сайёр қабулларда иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. Бинобарин, мутасаддиларнинг қабул жадвалларини ҳам Давлат божхона қўмитаси веб-сайтидан олиш мумкин.

Тадбирда иштирок этган тадбиркорлар божхонага доир ўзларини қизиқтирган саволлар, муаммолар ечими юзасидан бевосита мутасаддилардан жавоб олишди. Ечимини кутаётган масалаларни зудлик билан ҳал этиш юзасидан масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

 

Билим ва кўникмани ошириб бориш лозим

Тошкент шаҳар божхона бошқармасида божхона брокерлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари, божхона хизмати полковниги Т.Режапов қатнашди. Республикамиз ҳудудида самарали божхона назоратини йўлга қўйиш, иқтисодиётнинг ривожланишини рағбатлантириш, товар айирбошлашни тартибга солиш ва ички бозорни ҳимоялаш борасида божхона органлари олдига қўйилган вазифаларни бажаришда божхона брокерлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар асосий ёрдамчи тузилма эканлиги эътироф этилди. Шу туфайли брокерлар ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларнинг қонунчиликни мукаммал билиши ва амалда тўғри қўллай олиши ТИФ иштирокчилари ишини енгиллаштиради ҳамда божхона тизимида хато ва камчиликлар камайишига, божхона тўловлари тўғри ва тўлиқ ундирилишига ёрдам беради. Ўз навбатида мазкур мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб боришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Ҳозирда пойтахтимизда 1 300 нафардан ортиқ божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар томонидан 2016 йил давомида 140 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари тўлдирилиб, божхона органларига тақдим қилинган.

Чуқур таҳлилга асосланган маърузалар давомида божхона бошқармаси томонидан божхона брокерлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларнинг фаолиятига баҳо берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Тадбир якунида Давлат бюджетига божхона тўловларининг ундирилишида божхона органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилган ва божхона органларига белгилаб берилган истиқбол режаларнинг бажарилишида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган бир гуруҳ божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

 

Жамоатчилик маслаҳат кенгашлари тузилди

Тошкент вилоят божхона бошқармасида ташкил этилган очиқ мулоқотда тадбиркорлар ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Марказий банк, ТИФ Миллий банки, «Ўзтадбиркорэкспорт», «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, солиқ идоралари вакиллари ҳозир бўлишди.

Тадбирда ишбилармонлар манфаатларини таъминлаш, уларнинг тўлақонли фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган божхонага доир омилларни аниқлаш ва тезкорлик билан бартараф этишга алоҳида ­эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирларни янги босқичга кўтаришда Президентнинг ПФ-4848-сон Фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда. Фармон ижроси доирасида Тошкент вилоят божхона бошқармасида Жамоатчилик маслаҳат кенгаши ташкил қилинган бўлиб, унга тадбиркорлик субъектлари ва божхона брокерлик фирмалари вакиллари аъзо сифатида қабул қилинган.

Кенгашнинг асосий мақсади – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятида божхона соҳасига доир муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, божхона ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларига йўл қўймасликни таъминлашдан иборатдир.

Очиқ мулоқот ишчан руҳда, қизғин савол-жавоблар тарзида ўтказилди. Тадбиркорлар ўз фаолиятларида учраётган муаммоли масалалар ва таклифларини эркин тарзда баён қилиб, мутасадди ходимлар билан фикрлар алмашишди.

Тадбир давомида очиқ мулоқот иштирокчиларининг эътиборига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрларига доир ПҚ-2699-сон қарори билан тасдиқланган 2017 йил учун солиқлар ва мажбурий ажратмалар ставкалари ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, очиқ мулоқотда товарларни экспорт-импорт қилишда уларнинг божхона қийматини аниқлаш, божхона божларини тўлаш ва тегишли ҳисобварақларга ўтказиш жараёнида юзага келаётган турли муаммолар муҳокама қилинди. Тадбиркорлар келгусида ҳам бу каби тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш, божхона органлари ва божхона брокерлари ўртасидаги хамкорликни кучайтириш лозимлиги ҳақида таклиф киритишди.

Йиғилишда республика Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари А.Самадов иштирок этди.

 

Хатолар такрорланмаслиги керак

Самарқанд вилоят божхона бошқармасида божхона иши соҳасида янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларга таништириш мақсадида ўқув семинари ва очиқ мулоқот ўтказилди.

Семинарда божхона брокерлик ташкилотлари раҳбарлари, уларда фаолият юритаётган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар, Самарқанд вилоят божхона бошқармаси қошидаги Жамоатчилик маслаҳат кенгаши аъзолари, бошқарма таркибий тузилмаларининг масъул ходимлари, Божхона брокерлари уюшмаси, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳамда бошқа ташкилот вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда Президентнинг ­ПФ-4848-сон Фармони мазмун-моҳияти иштирокчиларга яқиндан етказилди. Тадбирда Самарқанд вилоят божхона бошқармаси қошидаги Жамоатчилик маслаҳат кенгаши фаолияти, унинг мақсади ва вазифалари, иш юритиш шакли ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Кенгаш таркибига тадбиркорлик субъектлари ва божхона брокерлик фирмалари вакилларининг аъзо сифатида қабул қилинганлиги унинг фаолиятида самарадорликни оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Семинар давомида божхона брокерлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларнинг 2016 йилдаги асосий кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Улар томонидан товарларни экспорт-импорт қилишда божхона юк декларацияларини тўлдириш жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, келгусида бу каби хатоликлар такрорланишининг олдини олиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Рақамларга мурожаат қилсак, Самарқанд вилоятида айни пайтда 24 та божхона брокерлик фирма ва ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларда 69 нафар мутахассислар фаолият юритмоқда. 2016 йил давомида божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар томонидан 22,4 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари тўлдирилиб, вилоятдаги ТИФ божхона постларига тақдим қилинган.

Очиқ мулоқотлар республикамиз минтақаларида давом этмоқда.

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати катта инспектори.

Прочитано: 1865 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика