30 январь – 2016 йилда асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотнома тақдим этишнинг сўнгги куни.
Солиқ қонунчилигига мувофиқ ушбу маълумотномани жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришлари, ушлаб қолишлари ва тўлашлари шарт бўлган юридик шахслар – солиқ агентлари тақдим этишлари лозим.
Бундай солиқ агентларига қуйидагилар киради:
- юридик шахслар – Ўзбекистон резидентлари;
- фаолиятни Ўзбекистон Республикасида амалга оширувчи доимий муассасалар;
- чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналари.
Маълумотномада асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар – Ўзбекистон резидентлари ва норезидентлари тўғрисидаги маълумотлар (алоҳида варақларда) қайд этилади. Улар қуйидагилар бўлиши мумкин:
- ўриндошлик асосида ишга қабул қилинган ходимлар;
- пудрат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги бошқа шартномалар бўйича ишни бажарувчи шахслар;
- солиқ агентидан даромадлар олган, бироқ у билан меҳнат муносабатларида бўлмаган шахслар (масалан, юридик шахс томонидан ташкил этилган ютуқли акцияда текин мол-мулк ёки ютуқ олган).
Маълумотноманинг тегишли устунларида жисмоний шахснинг Ф.И.Ш., СТИР, доимий яшаш жойи манзили, у олган даромадлар суммаси (солиқ солинадигани ва солиқ солинмайдигани алоҳида-алоҳида), ушлаб қолинган ва бюджетга тўланган ЖШДС суммаси.
Маълумотнома солиқ агенти ҳисобга олинган жойдаги ДСИга тақдим этилади. Унинг тасдиқланган шакли жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) келтирилган.
Жисмоний шахсларнинг қуйидаги даромадлари бўйича маълумотнома тақдим этилмайди:
- дивидендлар, фоизлар тарзидаги;
- ЖШДСнинг белгиланган энг кам ставкаси бўйича солиқ солинадиган (ижарага беришдан олинган даромадлар, кўчмас мулкни сотишдан олинган даромадлар);
- ёзма ариза асосида белгиланган энг юқори ставка бўйича ЖШДС солинадиган.
Солиқ агентлари асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган шахснинг талабига кўра унга тўланган даромадлар ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишлари шарт. Ушбу маълумотнома унга жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация билан бирга ДСИга тақдим этиш учун зарур.