Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 2 / Амалий бухгалтерия

Қайта ишлашга берилган хом ашё билан боғлиқ операциялар

 

Корхона бетон аралашмалар, йиғма темир-бетон конструкциялар ва буюмларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади (ХХТУТ коди – 16140). Айрим буюртмачилар бетон аралашмалар тайёрлашимиз учун қайта ишлашга берилган хом ашё – цемент тақдим этадилар. Биз уни 003-ҳисобвараққа эмас, балки корхонанинг тасдиқланган ҳисоб сиёсатига кўра нархини кўрсатмай миқдор ифодасида 1091-«Қайта ишлашга қабул қилинган материаллар» ҳисобварағига кирим қилдик. «1С: Бухгалтерия» дастурида 003-ҳисобварақдан қайта ишлашга берилган хом ашёни ҳисобдан чиқаришнинг имкони йўқ, сабаби 003-ҳисобварақда қайта ишлашга берилган материалнинг миқдори кўринмайди. 21-сон БҲМСнинг 438-бандига мувофиқ, 003-«Қайта ишлашга қабул қилинган материаллар» ҳисобварағи тайёрлов корхоналари ҳақини тўламайдиган ва реализация ҳажмига киритилмайдиган, буюртмачининг қайта ишлашга қабул қилинган хом ашё ва материаллари (қайта ишлашга берилган хом ашё) мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги ахборотни умумлаштиришга мўлжалланган. Хом ашё ва материалларни қайта ишлаш ёки қўшимча ишлаш бўйича харажатлар ҳисобини (буюртмачининг хом ашё ва материаллари қиймати бундан мустасно) харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларда юритамиз. Қайта ишлашга берилган материални топшираётганда буюртмачи цементни топшириш юкхати ва қабул қилиш-топшириш далолатномасини ёзиб беради. Ой якунланганда иккала томон имзолаган ва иккита муҳр билан тасдиқланган белгиланган шаклдаги тайёр маҳсулотни қабул қилиш-топшириш далолатномасини ва қайта ишлашга берилган материалдан фойдаланганлик ҳақидаги ҳисоботни буюртмачига тақдим этамиз. Шунингдек қийматини қайд этмаган ҳолда қайта ишлашга берилган цементдан тайёр маҳсулот тайёрлаш ва реализация қилиш учун буюртмачига ҳисобварақ-фактура ёзиб берамиз (сабаби у буюртмачининг мулки ҳисобланади).

1. Қайта ишлашга берилган хом ашё ҳисобини 003-ҳисобварақда эмас, балки нархини кўрсатмай миқдор ифодасида 1091-ҳисобварақда юритиш хато ҳисобланадими?

2. Бу қайта ишлашга берилган цементни реализация ҳажмига киритиш учун асос бўладими?

Газетхон.

 

1

Ҳа, қайта ишлашга берилган хом ашё ҳисобини 003-ҳисобварақда эмас, балки нархини кўрсатмай миқдор ифодасида 1091-ҳисобварақда юритиш хато ҳисобланади. Қайта ишловчида олинган, қайта ишлашга берилган хом ашё 003-«Қайта ишлашга қабул қилинган материаллар» балансдан ташқари ҳисобварағида қайта ишлашга берилган хом ашёни қайта ишлаш шартномасида назарда тутилган нархларда ҳисобга олиниши лозим. Ушбу ҳисобварақ юзасидан таҳлилий ҳисоб хом ашё ва материалларнинг буюртмачилари, турлари, навлари ва улар турган жойлар бўйича юритилади.

Агар сиз фойдаланаётган «1С: Бухгалтерия» дастуридаги 003-ҳисобварақда қайта ишлашга берилган материал миқдори акс этмаса, буни тузатиш мумкин. Қайта ишлашга берилган хом ашёни бунинг учун назарда тутилган ҳисобварақларда тўғри ҳисобга олиш мақсадида ихтисослаштирилган хизмат кўрсатувчи ташкилотни таклиф этишингиз мумкин, у дастурга тегишли ўзгартиришларни киритади.

Қайта ишлашга берилган хом ашёни қайта ишлаш билан боғлиқ операциялар Қайта ишлашга берилган хом ашё билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 15.03.2010 йилда 2086-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ҳисобга олинади, ўз фаолиятингизда унга амал қилишингиз лозим.

Қайта ишлашга берилган хом ашёдан маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусияти шундаки, хом ашё ва ундан тай­ёрланган маҳсулотга мулк ҳуқуқи қайта ишловчига ўтмайди.

Ташкилот мулк ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ шартнома шартларига кўра унинг тасарруфида бўлган товар-моддий захиралар шартномада назарда тутилган нархда балансдан ташқари ҳисобварақларда акс эттирилиши керак (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМС).

Шу тариқа, қайта ишловчида олинган, қайта ишлашга берилган хом ашё 003-«Қайта ишлашга қабул қилинган материаллар» балансдан ташқари ҳисобварағида қайта ишлашга берилган хом ашёни қайта ишлаш шартномасида назарда тутилган нархларда ҳисобга олиниши лозим.

Материалларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларда (1000) корхонага тегишли хом ашё ва материаллар мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги ахборот умумлаштирилади (Йўриқноманинг 89-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова).

Корхонага тегишли ТМБ ҳисоби юритилиши керак бўлган материалларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларда (сизнинг ҳолатда 1091-ҳисобварақда) қайта ишлашга берилган хом ашёни ҳисобга олиб, бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибини бузаяпсиз. Бу эса жазо қўлланишига ва мансабдор шахсларга нисбатан ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-1-моддаси).

 

2

Йўқ, қайта ишлашга берилган хом ашёни материалларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлардан ҳисобдан чиқариш уларнинг қийматини реализация ҳажмига киритиш учун асос бўла олмайди.

Қайта ишлашга берилган хом ашё ҳисобини материалларни ҳисобга олувчи 1091-ҳисобварақда юритаётганлигингиз сабабли уларнинг буюртмачига топширилишини бошқа активларнинг чиқиб кетиши сифатида баҳолаш мумкин. Бошқа активларнинг (уларга хом ашё ва материаллар киради) чиқиб кетишидан олинган даромадлар солиқ тўловчининг бошқа даромадлари ҳисобланади ва улар реализация ҳажмига киритилмайди.

Материалларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) материалларнинг чиқиб кетишидан олинган даромаддан уларнинг баланс қийматини чегириш орқали аниқланади (4-сон БҲМСнинг 50-банди). Сизнинг ҳолатда қайта ишлашга берилган хом ашё олинган қийматда ҳисобдан чиқарилиши инобатга олинса, корхонангизда солиқ солинадиган даромад юзага келмайди.

Бироқ ҚҚС тўловчиси бўлсангиз, қайта ишлашга берилган хом ашё қийматини буюртмачининг фойдасига материалларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлардан (1000) ҳисобдан чиқариш ушбу материалларга мулк ҳуқуқини бериш деб баҳоланиши ва ушбу оборотларга ҚҚС ҳисоблаб ёзиш учун асос бўлиши хавфи мавжуд (Солиқ кодексининг 199-моддаси 1-қисми ­1-банди, 200-моддаси).

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2253 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика