Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 52 / Солиқ солиш

Туризм хизматлари: ўзи ёки воситачи орқали

 

Туризм компанияси – турагент (кичик корхона, ХХТУТ коди – 91620) чет давлатларга турларни сотади. Турларни сотишдан чет давлатдаги туроператордан унга келиб тушган маблағдан фоиз кўринишида ҳақ олади. Шунингдек ушбу компания беморларни чет давлатлардаги тиббиёт клиникаларига йўллаш хизматларини кўрсатади ва уларга келиб тушган маблағдан фоиз кўринишида ҳақ олади.

1. Туризм хизматлари воситачилик хизматларидан нимаси билан фарқланади?

2. Турларни сотишдан даромадларга қандай ставкада ЯСТ солинади?

3. Беморларни тиббиёт клиникаларига йўллашдан даромадларга қандай ставкада ЯСТ солинади?

Газетхон.

 

1

Туризм хизматлари уларни кўрсатиш учун сайёҳ билан тузилган шартнома асосида кўрсатилади. Уларга қуйидагилар киради:

меҳмонхона хизматлари – жойлаштириш воситаларида (меҳмонхона хўжаликлари, туризм комплекслари, туризм базалари, дам олиш зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, ўтовлар, миллий меҳмон кутиладиган уйлар ва туристлар камида 1 кечага тунайдиган бошқа объектлар) истеъмолчиларнинг (ижарада турувчиларнинг) вақтинча яшаши ва овқатланишини таъминлаш билан боғлиқ хизматлар;

туроператорлик хизматлари – туризм хизматлари кўрсатиш шартномаси шартларига мувофиқ туризм хизматлари комплекси ёхуд уларнинг бир қисми билан таъминланган аниқ муддатларга муайян йўналиш бўйича саёҳат қилишни ташкил этиш хизматлари (брон қилиш, жойлаштириш, ташиш, овқатланиш, рекреация*, экскурсия ва бошқа хизматлар);

экскурсия хизматлари – сайёҳларнинг маънавий, интеллектуал, ишбилармонлик ва бошқа эҳтиёжларини қондиришга қодир бўлган объектлар билан танишиш мақсадида олдиндан тузилган йўналишлар бўйича гид (экскурсовод) ҳамроҳлигида экскурсияларни ташкил этиш хизматлари (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 11.11.2003 йилдаги ­497-сон қарорига 1-илова).

Туризм фаолияти лицензия асосида амалга оширилади («Туризм тўғрисида»ги Қонун).

Воситачилик хизматлари топшириқ шартномалари (агентлик келишувлари) асосида кўрсатилади (ФКнинг 46-боби). Топшириқ шартномаси чет давлат туроператори билан тузилади. Ушбу шартнома доирасида турагент туроператор топшириғига кўра сайёҳларга туризм хизматларини реализация қилади. Турагент чет давлат туроператорига туризм хизматлари реализация қилинганлиги ҳақида ҳисоботни тақдим этади ва ҳақ олиш учун ҳисобварақ-фактура топширади. Агар топшириқ шартномаси шартларига кўра турагент ҳисоб-китобларда иштирок этса, турлар учун сайёҳлардан келиб тушадиган пул маблағлари турагент учун тушум ҳисобланмайди. Турагент оладиган ҳақ солиқ солинадиган тушум бўлади (Солиқ кодексининг 355-моддаси).

Туризм хизматларига 5%лик ставкада, воситачилик хизматларига эса 33%лик ставкада ЯСТ солинади (22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорга 10-1-илова).

 

2

Турларни сотишдан даромадларга солиқ солиш тартиби сиз, чет давлат туроператори ва сайёҳ ўртасида тузиладиган шартномалар шартларига боғлиқ.

Агар турагент муайян йўналиш бўйича аниқ муддатларда туризм хизматлари мажмуи ёхуд уларнинг бир қисми билан таъминланган саёҳатларни ташкиллаштиришга доир ўз туризм хизматларини кўрсатмай, балки уларни қайта сотиш билан шуғулланиб, бунинг учун воситачилик ҳақи олса, чет давлат туроператоридан олинган ҳаққа 33%лик ставкада ЯСТ солинади.

Туристик ташкилотлар учун ўзи ишлаб чиқарган хизмат деганда, тур доирасида транспорт хизмати кўрсатиш, яшаш, овқатлантириш, экскурсия хизмати кўрсатиш, маданий, спорт дастурларини ташкил этиш ва бошқа хизматларни кўрсатишни ўз ичига олувчи туристик хизматлар мажмуи (ёки унинг қисми) тушунилади (АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидалар).

Агар турагент туризм фаолиятига лицензияга эга бўлса ва туризм хизматларини кўрсатиш учун ­сайёҳ билан тузилган шартнома асосида уларни кўрсатса, турни сотиш бундан мустасно, бундай хизматлардан тушумга 5%лик ставкада ЯСТ солинади.

 

3

Беморларни даволаниш учун чет давлат тиббиёт клиникаларига йўллашдан даромадларга 33%лик ставкада ЯСТ солинади, сабаби улар воситачилик фаолиятидан олинган даромадлар ҳисобланади.

Чет давлат клиникаларига даволаниш учун чиқувчи фуқаролар (беморлар) турист ҳисобланмайдилар («Туризм тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси). Чет давлат клиникаларида фуқароларнинг тиббий даволаниши туризм фаолияти ҳисобланмайди, сабаби туризм хизматлари рўйхатига кирмайди (497-сон Низомнинг 2-банди).

 

Туризм хизматларининг воситачилик хизматларидан асосий фарқлари

 

Фарқи

 

Туризм хизматлари

 

Воситачилик хизматлари

 

Фаолиятга қўйиладиган талаблар

 

Лицензия.

Туризм хизматларини сертификатлаштириш («Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонун)

Мавжуд эмас

 

Шартнома шакли

 

Туризм хизматларини кўрсатишга шартнома

 

Топшириқ шартномаси (агентлик келишуви)

 

Хизматлар кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар

 

Меҳмонхона хўжаликлари, туризм комплекслари, туризм базалари, дам олиш зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, ўтовлар, миллий меҳмон кутиладиган уйлар ва туристлар камида 1 кечага тунайдиган бошқа объектлар;

туроператорлар;

экскурсияларни ташкил этувчилар

Турагентлар (воситачилар)

 

Шартнома бўйича мажбуриятлар

 

Турлар, саёҳатларни ташкиллаштириш, улар сайёҳларни жойлаштириш, овқатлантириш хизматлари, уларга транспорт, ахборот-реклама хизматларини кўрсатиш, шунингдек сайёҳнинг эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган бошқа хизматларни ўз ичига олади

 

Харидорларни излаш, турлар реализация қилинганлиги ҳақида ҳисобот тузиш

 

ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база

 

Туризм хизматларидан тушум

 

Воситачилик ҳақи

 

ЯСТ ставкаси

 

5%

 

33%

 

 

Дарина АБУХОВИЧ,

«Norma Online» эксперти.

 

 


*Рекреациясоғлом, бироқ ҳориган кишининг ўзини нормал ҳис этиши ва иш қобилиятини тиклашини кўзлаб амалга ошириладиган соғломлаштирувчи тадбирлар мажмуи. Соғломлаштириш (рекреация) билан санаторийлар, профилакторийлар, дам олиш зоналари шуғулланади.

Прочитано: 2468 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика