Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 52 / Солиқ тўловчининг ён дафтарига

«Пластик»даги маблағ: даромадсиз ҳисоб-китоблар

Яқинда банклар янги хизмат – бир жисмоний шахснинг пластик картасидан бошқасиникига пул ўтказишни жорий этдилар. Бу мазкур тўлов воситасидан фойдаланиш қулайлигини оширди, зеро аввал фуқаролар пластик карточка воситасида фақат тадбиркорлик субъектлари ва давлат ташкилотлари билан ҳисоблашардилар. Бироқ шу аснода ўқувчиларимиз бундай пул ўтказмалари юридик жиҳатдан қандай расмийлаштирилиши, олувчида солиқ оқибатлари юзага келиш-келмаслиги ҳақида кўп савол берардилар. Ушбу мавзу юзасидан norma.uz сайтида экспертларимиз тайёрлаган бир нечта мунозара тусидаги материаллар, шунингдек солиқ органларининг позицияси эълон қилинган эди. Ўзбекистон экспертлари ҳамжамияти ҳам қўйилган саволларни Facebook саҳифаларида фаол муҳокама қилдилар. Материалимизда ушбу мунозаралар якунларини чиқарамиз.

 

Пластик ўтказмаларни юридик жиҳатдан расмийлаштириш

Қизиқарли далил: ҳар бир киши кундалик равишда, эҳтимол, бунга эътибор ҳам бермаган ҳолда фуқаролик-ҳуқуқий битимларни амалга оширади. Маҳсулотлар харид қилаётганимизда, йўл ҳақини тўлаётганимизда, «ойликкача» қарз олаётганимизда ва ҳатто болаларга ҳамён пули бераётганимизда – буларнинг бари қонун нуқтаи назаридан муай­ян битим ҳисобланади.

Битимлар оғзаки ёки ёзма шаклда амалга оширилиши мумкинлиги, уларни доим ҳам ҳужжат билан расмийлаштириш талаб этилмаслиги сабабли буни ҳис этмаймиз. Бироқ битимнинг битимдан фарқи бор, қонун ҳужжатларида ҳам қачон оғзаки шартнома билан чекланиш мумкинлиги, қачон эса битим мазмунини мажбурий равишда қайд этиш (мисол учун, шартнома тузиш, тилхат ёзиш ва ҳ.к.), уни нотариал тасдиқлаш ёки ҳатто давлат органларида рўйхатдан ўтказиш зарурлиги аниқ кўрсатилган. 

Шу тариқа, бир фуқаронинг пластик карточкасидаги маблағни бошқасининг карточкасига ўтказишни юридик жиҳатдан расмийлаштириш қонунчиликнинг битим шаклига қўядиган талабларига боғлиқ. Бунда иккала жисмоний шахс ўртасидаги битим иккита ҳолатда ёзма шаклда тузилади.

Биринчиси – агар унинг суммаси 10 ЭКИҲдан (1 497 750 сўмдан) ошса. Бундай миқдордаги битимлар, агар қонун ҳужжатларида бу тўғридан-тўғри талаб этилмаган бўлса, нотариал тасдиқламай ва давлат рўйхатидан ўтказмай, оддий ёзма шаклда расмийлаштирилади (ФКнинг ­108-моддаси).

Иккинчиси – суммадан (оддий ёзма, нотариал шаклда ёхуд давлат рўйхатидан ўтказилган) қатъи назар, қуйидагиларни расмийлаштиришда:

гаров тўғрисидаги шартнома (ФКнинг 271-моддаси);

кафиллик шартномаси (ФКнинг 292-моддаси);

кўчмас мулкни сотиш шартномаси (ФКнинг 480-моддаси);

мулк ижараси шартномаси 1 йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса (ФКнинг 539-моддаси), шунингдек бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси (ФКнинг 574-моддаси) ва уй-жойни ижарага бериш шартномаси (ФКнинг ­603-моддаси);

автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган Низом).

Агар қонун ҳужжатлари талаб этгани ҳолда ёзма ҳужжат расмийлаштирмасдан (нотариал тасдиқламай ёки давлат рўйхатидан ўтказмай) битта пластик картадан маблағ бошқасига ўтказилган бўлса, албатта, ҳеч ким жарима ва жазога тортилмайди. Бироқ бунинг оқибатлари юзага келиши мумкин.

Чунончи, битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади (ФКнинг 109-моддаси).

 

МИСОЛ. Агар танишингизга 1 497 750 сўмдан ортиқ маблағни қарзга ўтказиб бериб, олган пулларини қайтариш мажбуриятини ёзма равишда расмийлаштирмасангиз, у бу пулларни совға сифатида олганлигини ва ҳеч қандай қарзи йўқлигини айтиши мумкин. Ана шунда қарздор кредиторга ниманидир ваъда қилганига гувоҳ бўлганларни чақириш имкони бўлмайди.

 

Битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди, яъни умуман тузилмаган деб ҳисобланади (ФКнинг 112-моддаси). Яъни битимнинг (шартноманинг) зарур шаклига риоя этишдан унинг томонлари манфаатдордир.

 

«Пластик»ка ўтказмаларга солиқ солиш

Жисмоний шахслар ўртасидаги пластик карточкалар бўйича ўтказмалар – ҳисоб-китоб қилиш усули, шу сабабли уни Солиқ кодекси нуқтаи назаридаги даромадлар тури билан чалкаштириш ноўрин.

Пластик карталар нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш усули саналади. Пластик карточка воситасида турли битимлар: ҳадя, олди-сотди, ижара ва ҳ.к. бўйича ҳисоб-китоблар қилинади (ФКнинг 790-моддаси; АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом; АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

Ўз навбатида Солиқ кодекси муайян битим мазмуни ва моҳиятидан келиб чиқиб, банк пластик картасига келиб тушган барча маблағларни даромадлар гуруҳлари бўйича таснифлайди (Солиқ кодексининг 30-боби):

меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар;

мулкий даромадлар;

моддий наф тарзидаги даромадлар;

бошқа даромадлар.

Ушбу гуруҳлар доирасида солиқ солинадиган ёки солинмайдиган даромадларнинг аниқ турлари белгиланади.

 

Солиқ қачон тўланмайди

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини (ЖШДС) тўлаш керак бўлмаган ҳолатларни кўриб чиқамиз.

1-мисол. Ўғил онасининг карточкасига маҳсулотлар ва дори-дармон сотиб олиши учун беғараз пул ўтказмоқда. Солиқ кодексининг 178-моддасига мувофиқ, жисмоний шахслардан текин (шу жумладан ҳадя шартномалари бўйича) олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар қиймати бошқа даромадларга киради ва Солиқ кодексининг 179-моддаси 15-бандида назарда тутилган имтиёз асосида уларга солиқ солинмайди.

Яъни ҳадя сифатида карточкадан карточкага пул ўтказилса, солиқни тўлаш керак эмас.

2-мисол. Икки киши автомобиль олди-сотдиси ҳақида аҳдлашиб олди, бунда харидорнинг пластик карточкасидаги маблағни сотувчининг пластик карточкасига ўтказиб ҳисоб-китоб қилиш шарти қўйилди. Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-бандига мувофиқ, жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар мулкий даромадларга киради ва Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-бандига асосан уларга солиқ солинмайди.

Яъни фуқаро ўз мулкини сотса, умумий қоидага кўра ундан солиқ тўлаши керак эмас (диққат: ушбу қоидадан истиснолар мавжуд).

3-мисол. Бир киши бошқасига қарз сифатида йирик пул суммасини беради. Пул қарз олувчининг пластик карточкасига ўтказилади. Қарз шартномаси билан олинган маблағлар қайтарилиши назарда тутилади, шу сабабли улар даромад деб тан олинади. Бу ҳолда солиқ солинадиган база юзага келмайди ва Солиқ кодексида қарз шартномаси бўйича олинган мол-мулкка солиқ солиш назарда тутилмайди.

Яъни қарзга олинган маблағларга ЖШДС солинмайди.

 

Солиқ қачон тўланади

МИСОЛ. Квартира эгаси уни талабага вақтинча яшаши учун ижарага беришга қарор қилди. Улар ижара шартномасини туздилар ва пластик карта воситасида ҳисоб-китоб қилишга келишдилар. Ушбу маблағлар мулкий даромад сифатида таснифланади, Солиқ кодексида назарда тутилган ЖШДСдан озод қилишга доир имтиёзлар эса даромаднинг бундай турига нисбатан татбиқ этилмайди (Солиқ кодексининг 176-моддаси 3-банди).

 

Яъни мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлардан ЖШДС тўлаш зарур.

 

Савол туғилади: буни қандай қилиш керак? Бу ҳолда солиқ даромадлар тўғрисидаги декларация асосида тўланади (Солиқ кодексининг 193-моддаси 3-қисми).

 

Ким ўз даромадларини декларациялаши шарт, ким эса йўқ

Солиқ кодексининг 189-моддаси меъёрларидан келиб чиқилса, қуйидаги жисмоний шахслар ўз даромадларини декларациялашлари шарт:

мулкий даромадларни олганлар, агар уларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса;

фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадларни олганлар;

асосий бўлмаган иш жойидан моддий наф тарзидаги даромадларни олганлар;

2 ёки ундан кўп манбадан даромадларни олганлар;

Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан даромадларни олганлар;

солиқ агентлари бўлмаган манбалардан даромадларни олганлар;

Ўзбекистон резидентига айланган чет эллик жисмоний шахслар.

Қуйидаги даромадларни олган жисмоний шахслар даромадлар тўғрисида декларацияни тақдим этмайдилар:

тўлов манбаида солиқ солинган асосий иш жойидан олган даромадлар;

асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадлар, улардан ЖШДС аризага кўра белгиланган энг юқори ставка қўлланилган ҳолда ушлаб қолинган бўлса;

Солиқ кодексининг 178-моддасида назарда тутилган бошқа даромадлар (юқоридаги рўйхатга киритилмаган).

Яна саволлар туғилади:

1) солиқ солинмайдиган даромадлар билан қандай йўл тутиш лозим, солиқ тўланадиган даромадлар юзасидан ҳисобот бераётганда уларни декларацияда кўрсатиш зарурми?

2) агар солиқ солинадиган даромадлар умуман олинмаган, фақат солиқ солинмайдиган даромадлар олинган бўлса, декларация тақдим этиш зарурми?

Биринчи саволга жавоб битта. Агар солиқ тўловчи солиқ солинадиган даврда мажбурий декларацияланадиган даромадларни олган бўлса, барча турдаги – ҳам солиқ солинадиган, ҳам солиқ солинмайдиган даромадларни декларациялаш зарур. Декларация шаклининг ўзида бу назарда тутилган. Бунда, табиийки, пластик ўтказма воситасида олинган даромадлар ҳам муай­ян даромад тури сифатида акс эттирилади.

Иккинчи савол юзасидан Солиқ кодексининг 189-моддаси талқини бўйича 2 та турли хил нуқтаи назар мавжуд.

 

1-позиция. Солиқ органларининг фикрича, ҳатто фуқаро олган даромадларга ЖШДС солинмаса ҳам, бироқ фуқаро декларация тақдим этиш мажбуриятидан тўғридан-тўғри озод қилинмаган бўлса, жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни топшириши зарур (ҳар ҳолда экспертларимиз ва ўқувчиларимиз мурожаатларимизга олинган ва norma.uz веб-сайтида жойлаштирилган жавоблардан шундай хулоса чиқардилар).

 

Эҳтимол, бундан қуйидагича мантиқ чиқса керак. Декларация тақдим этиш – Солиқ кодексининг 179-моддасида назарда тутилган имтиёзга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш усули. Акс ҳолда солиқ инспекцияси олинган даромадлар табиати ҳақида ахборотга эга бўлмаганлиги сабабли солиқ солинадиган даромадни солиқ солинмайдиганидан мустақил ажрата олмайди. Бунда юқоридаги мисоллардан биридагидек ҳолат кузатилади: табиийки, ўғил онасига беғараз ёрдам беради, аммо солиқ органлари бундан бехабар бўладилар.

Шу позициядан бунга қўшилиш ёки буни рад этиш мумкин, бироқ айни пайтда бу – юзага келадиган барча оқибатлари билан бирга солиқ органининг расмий фикри.

 

2-позиция. Бошқа мутахассисларнинг фикрича, олинган барча даромадларга ЖШДС солинмайдиган ҳолларда декларация топширилмайди. Ушбу нуқтаи назар ҳам тушунарли – агар солиқ солинадиган даромад бўлмаса, уни декларациялашга ҳам ўрин йўқ.

 

Шундай бўлса-да, фуқаролар қандай йўл тутганлари маъқул?

Ечим излаб, назариядан амалиётга ўтайлик: декларация умуман топширилмагани ёхуд ўз вақтида топширилмаганлиги учун қандай жавобгарлик назарда тутилган, у қачон қўлланади?

Бунинг учун МЖТКнинг 174-моддаси 3-қисми билан ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жавобгарлик назарда тутилади. Агар декларацияни тақдим этмаслик солиқ олинадиган фойдани (даромадни) ёки бошқа объектларни қасддан яшириш, камайтириб кўрсатишга олиб келган бўлса, МЖТКнинг 174-моддаси 1 ёки 2-қисмидаги (миқдорга қараб), агар маъмурий жазо қўлланилган ёхуд йирик миқдордаги ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлса – у ҳолда ЖКнинг 184-моддасига биноан жавобгарлик қўлланади.

Бунда Олий суд бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик юзага келиши вақти масаласи юзасидан аниқ тушунтириш берган: «МЖТК 174-моддаси ва ЖК 184-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликнинг субъекти 16 ёшга тўлган, солиқ солинадиган даромад (фойда)га эга бўлган ва қонунга мувофиқ давлат солиқ органларига даромадлари ҳақида декларация тақдим этишга мажбур бўлган жисмоний шахс (Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эл фуқароси, фуқаролиги бўлмаган шахс) ҳисобланади».

Яъни фақат солиқ солинадиган даромад бўлганда жавобгарлик юзага келади. Агар у мавжуд бўлмаган ва декларация тақдим этилмаган бўлса, у ҳолда санкциялар ҳам қўлланмайди.

«Ана! Демак, солиқларни тўлашим шарт бўлмаса, декларация ҳам топширмаслик мумкин, ахир мени жазолашмайди!» – деган ўқувчи унча ҳақли бўлмайди.

Гап шундаки, қонун ҳужжатларида кўрсатилган барча мажбуриятларга ҳам уларни бузганлик учун санкциялар белгиланмаган. Бу айнан шундай ҳолат.

Бунинг устига, солиқ ҳуқуқи соҳасида билими бўлмаган оддий фуқаро қайси даромадга ЖШДС солиниши, қайси бирига солинмаслигини ажрата олмаслигини инобатга олиш лозим. Шу сабабдан билмай туриб жазога тортилмаслик учун солиқ тўловчи – жисмоний шахс Солиқ кодексининг ­192-моддасида назарда тутилган жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни ихтиёрий топшириш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин (бу ортиқча ушлаб қолинган солиқлар суммасини қайтариш имконини ҳам беради). Ана шунда ДСИ қайси солиқларни тўлашингиз шартлигини мустақил белгилашга мажбур бўлади. Ёки тегишли тушунтириш олиш мақсадида солиқ маслаҳатчисига мурожаат этиш мумкин.

 

Умид қиламизки, юқоридаги тушунтиришларимиз ўқувчиларимизга пластик карточкага олинган даромадларини декларациялаш ёки декларацияламаслик борасида тўғри қарор қабул қилишларида ёрдам беради.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, Самир ЛАТИПОВ, Олег ЗАМАНОВ,

«Norma Online» экспертлари.

Прочитано: 1891 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика