Ишга қабул қилишда тиббий маълумотномани («086/У» шаклидаги) тақдим этиш мажбурийми, бу қайси қонун ҳужжатларига кўра белгиланган?
Е.Лопатина.
– Меҳнат шартномаси тузиш (ишга қабул қилиш) чоғида айрим тоифадаги ходимлар ёки ишлар учун тиббий кўрикдан ўтиш ва тиббий маълумотномани тақдим этиш мажбурийдир (МКнинг 214-моддаси 1-қисми).
Улар қуйидагилардир:
♦ 18 ёшга тўлмаганлар;
♦ 60 ёшга тўлган эркаклар;
♦ 55 ёшга тўлган аёллар;
♦ ногиронлар;
♦ меҳнат шароити ноқулай ишларда (бундай ишларнинг турлари АВ томонидан 29.08.2012 йилда 2387-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 2-илова билан белгиланган), тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;
♦ озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар (Низомга 3-илова);
♦ умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари (Низомга 3-илова).
Иш берувчи МКнинг 214-моддасига мувофиқ (иш давомида) вақти-вақти билан юқоридаги тоифадаги ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт, ходимлар эса ўз навбатида улардан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмаслар. Шу билан бирга, агар ходим ўз соғлиғининг ҳолати меҳнат шароити билан боғлиқ ҳолда ёмонлашган деб ҳисобласа, у навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилишга ҳақлидир. Ходимларнинг меҳнатидан уларнинг соғлиғи ҳолатига тўғри келмайдиган ишларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Валерия Ляндрес,
кадрлар хизмати ходими.