Ходимни дам олиш кунлари – шанба ва якшанбада хизмат сафарига юбордилар. У ҳақиқатан ҳам дам олиш кунларида ишлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга.
Ташкилот ходим 2 та дам олиш кунида ишлагани ўрнига 4 та отгул беришга ҳақлими? Ушбу отгулларни табелда ишга чиқмаганлик деб расмийлаштириш ва иш ҳақини ҳисобламаслик мумкинми?
М.Аҳмаджонов,
директор.
– Йўқ, 2 та дам олиш кунида ишлаганлик учун фақат 2 та отгул берилиши мумкин.
Дам олиш кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Бироқ дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Бунда дам олиш кунидаги иш учун оддий тартибда – камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади (МКнинг 157-моддаси).
Ходимнинг хоҳишига кўра отгул қуйидаги тарзда берилиши мумкин:
1) ходим иш берувчи билан отгул кунини келишиши ва ишлаган куни ўрнига бошқа дам олиш куни беришни сўраб ариза тақдим этиши шарт;
2) иш берувчи буйруқ чиқариши керак, унинг асосида ходим ўз отгулидан фойдалана олиши мумкин.
Иш вақтининг ҳисобини юритиш табелида ходим отгул олиб дам олган кун «Д» белгисини қўйган ҳолда дам олиш куни сифатида қайд этилади, дам олиш кунида ишлаганда эса – иш куни сифатида «И» белгиси қўйилади.
Жўрабек Муротов,
«Norma Online» эксперти.