Ижтимоий тармоқларда «Mondelez International» компаниясининг Ўзбекистондаги расмий ва эксклюзив дистрибьютори бўлган «Star Distribution» МЧЖнинг истеъмолчиларга мурожаати пайдо бўлди. Унда айтилишича, республиканинг турли савдо шохобчаларида яроқлилик муддати ўтиб кетган «Alpen Gold» шоколади аниқланган. Виждонсиз сотувчилар завод шарт-шароитида қўйилган стикерларни ўчириб, устига янги саналарни ёпиштирганлар. Бутун дунёда машҳур бўлган шоколаднинг обрўсини ўйлаб ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, дистрибьюторлар харидорларни маркировкани текшириш ва уларга бундай далиллар тўғрисида хабар қилишни сўраяптилар.
«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси сотувчиларнинг яроқлилик муддати, ишлаб чиқариш санаси, сақлаш шартлари кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни реализация қилишга қабул қилишларини тақиқлайди. Янги йил олдидан савдо корхоналарида сотувлар авж олади. Байрам арафасидаги шов-шув тўлқинида дўконларнинг токчаларидан ҳамма нарса, ҳатто ўз муддатини ўтаб бўлган маҳсулотлар сотиб олинади. Шу вақтда виждонсиз ходимлар харидорларни кўп пул сарфлашга, муддати ўтган, истеъмолга яроқсиз бўлган маҳсулотга иккинчи ҳаёт бериб, уни сотиб олишга мажбур қилиш учун турли найрангларни қўллайдилар. Улар янги йил дастурхонига маҳсулотларни сотиб олишни охирги кунларга қолдирадиган фуқаролар азбаройи байрам дастурхонини тўлдириш учун уларни яроқсиз товарлардан ҳимоя қиладиган маркировкага эътибор бермасликларидан фойдаланиб қоладилар. Айтмоқчи, байрам арафасидан бошқа кунларда ҳам пештахталарда муддати ўтган товарларни учратиш мумкин.
Албатта, қонунлар, давлат стандартлари, санитария қоидалари ва нормалари, қоидалар ва бошқа ҳужжатлар истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари посбонидир. Улар озиқ-овқат маҳсулотининг сифатига нисбатан талабларни белгилайди. Бироқ виждонсиз ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар харидорларнинг ҳуқуқий саводсизлигидан ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда фойдаланиб, қонун ҳужжатларини менсимайдилар.
Мутахассислар яроқлилик муддати ўтган маҳсулотнинг саломатлик учун хавфлилигини қайд этадилар. У секин таъсир кўрсатадиган бомба бўлиб, аста-секин организмни заҳарлайди. Узоқ муддат истеъмол қилинганда бундай маҳсулот руҳий чалғишлар, моддалар алмашувининг бузилиши, атеросклероз, қаришга олиб келиши мумкин.
Маҳсулотнинг яроқлилик муддатини қонунга хилоф равишда узайтириш учун савдо ходимлари қандай найранглардан фойдаланадилар? Биринчидан, ҳеч нарсани ихтиро этмасдан, муддати ўтган маҳсулотни ўз вақтида сотувдан олиб қўймайдилар. Бунда эътиборли истеъмолчи қийинчиликсиз найрангни аниқлаши мумкин, бироқ у кўпинча ишлаб чиқарилган муддатга қарамайди. Энг кенг тарқалган алдаш усули – маркировкани ўзгартириш, бунда маҳсулот ишлаб чиқарилган сана ювиб ташланади, бошқаси ёпиштирилади, олиб қўйилади, у оборотга такроран киритилади. Хоҳиш бўлса харидор бунда ҳам истеъмолга яроқсиз маҳсулотни аниқлаши мумкин. Бироқ нима учун у бундай қилмайди? Дўконга ишонади, ўзи нима қилиши мумкинлигини ва сифатни қандай назорат қилишни билмайди.
Маҳсулотнинг яроқлилик муддати ўтмаган бўлса-да, у еб бўлмайдиган ҳолга келган, яъни бузилган ҳоллар ҳам учрайди. Демак, сақлаш шартларига риоя этилмаган, уларни ҳам маркировкада кўрсатиш керак. Кўпинча тайёр маҳсулотлар ва термик ишлов бериладиганлари биргаликда сақланишини кўриш мумкин. Ёки сут маҳсулоти совутиш камерасида жойлаштирилмаган, балки иссиқ жойда пештахтага қўйилган. Сариёғ қоронғи жойда эмас, балки ёруғда сақланса, у ачийди, саломатлик учун хавфли моддалар ажралиб чиқади.
Агар сотувчилар тортиладиган маҳсулотларни (товуқ, гўшт, қийма, балиқ ва ҳ.к.) белгиланган муддатда сотишга улгурмасалар, кўпинча уларни янги яроқлилик муддати билан бирга ҳавоси сўриб олинган ўровга жойлайдилар. Қирқиладиган маҳсулотлар билан ҳам шундай қилинади. Сотилмай ётган пишлоқларнинг умрини узайтириб, улардан мағорни қирқиб оладилар; колбаса ва сосискаларни ёғ билан мойлайдилар; эскириб кетган конфетларни янгилари билан аралаштирадилар. Бундай кашфиётларда савдо ходимлари ўз маънавий масъулиятини унутиб, оқибатлар тўғрисида ўйламайдилар.
Муддати ўтган маҳсулотларга қандай қилиб тўқнаш келмаслик мумкин? Аввало жуда эътиборли бўлиш, маҳсулотлар маркировкасини ўқиш керак. Яъни биринчи навбатда – ўзини ўзи назорат қилиш. Озиқ-овқат маҳсулотлари бозорида бугунги йирик супермаркетлар тармоғи жадаллик билан ривожланяпти, истеъмолчиларнинг аксари уларни афзал кўряпти. Уларга товарлар сифати, ассортимент, хизмат кўрсатиш даражаси маъқул келяпти. Кўп ишлаб чиқарувчилар бошқа, бундан майда тузилмаларга намуна бўлаётган, савдо ва хизмат кўрсатишда яхши муомала қоидаларини кўрсатаётган ушбу йирик савдо марказларига ўз маҳсулотларини етказиб бериш учун ўзаро рақобатлашмоқдалар.
Шуниси эътиборга лойиқки, бир қатор катта супермаркетларнинг ўзлари яроқлилик муддати ўтган маҳсулотни айирбошлашга кафолат берган ҳолда харидорларни тайёрлаш муддатларига эътиборни қаратишга чақириб, сотилаётган маҳсулот сифати устидан истеъмолчиларнинг жамоатчилик назоратини ташкил этадилар. Яъни харидорларга уларнинг ҳуқуқлари тўғрисида эслатадилар. Бу мақбул тамойил. Ўз обрўлари тўғрисида ўйлаб, бундай савдо марказларининг раҳбарияти фуқароларнинг озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати хусусида ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларига тезкор равишда муносабат билдирдилар. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бирлашма ходимларининг айтишларича, сифатсиз маҳсулотга нисбатан шикоятлар камайган.
Нима қилиш керак?
Сиз озиқ-овқат маҳсулоти сотиб олдингиз, уйда унинг эскирганлигини, яроқлилик муддати ўтганлигини билиб қолдингиз. Нима қилиш керак?
1 |
Ҳатто ўровини очган бўлсангиз ҳам, уни дўконга қайтаришингиз мумкин. Агар истеъмолчига камчиликлари бўлган товар сотилган бўлса, у ўзининг танлашига кўра сотувчидан уни худди шундай лозим сифатли товар билан алмаштиришни ёки нархини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда бошқа русумдаги худди шундай товар билан алмаштиришни ёки нархни мутаносиб равишда камайтиришни ёки шартномани бекор қилишни талаб қилишга ҳақлидир («Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси).
2 |
Сотувчи муддати ўтган товарни харидни тасдиқлайдиган касса чеки асосида қабул қилиши керак. Агар сиз чекни сақламаган бўлсангиз – ҳеч ҳам ғам чекманг. Товарни харид қилиш далилини сиз билан бўлган гувоҳ тасдиқлаши мумкин. Дўконларга видеокузатув камералари ўрнатилган, уларнинг ёрдамида ҳам шундай қилиш мумкин.
3 |
Агар сотувчи муддати ўтган маҳсулотни қабул қилишдан бош тортса, 2 нусхада даъво аризаси ёзинг ва уларни рўйхатдан ўтказинг. Бир нусхасини сотувчи ёки дўкон раҳбарига беринг, иккинчи нусхасини ўзингизда қолдиринг.
4 |
Муддати ўтган маҳсулотни қабул қилиш ёки бошқа талабларни бажаришдан бош тортилган тақдирда ИҲҲЖФ, унинг шаҳар ёки туман бўлинмалари, Давлат рақобат қўмитасига мурожаат қилинг.
5 |
Агар муддати ўтган маҳсулотни истеъмол қилиш саломатликка зарар етказса, сиз судга маънавий зарарни қоплаш талаби билан мурожаат қилишга ҳақлисиз.
Муддати ўтган маҳсулотдан ўзини ҳимоялаш учун истеъмолчилар нималарни билишлари керак? Бунинг учун 0265-09-сон СанҚваН «Озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддатлари ва уларни сақлаш шартларига қўйиладиган гигиеник талаблар»га мурожаат қиламиз.
Овқат офат келтирмасин
♦ Яроқлилик муддати қандай маҳсулотларга белгиланади?
Яроқлилик муддати сифати улар тайёрланган пайтдан бошлаб муайян муддат ўтганидан кейин ёмонлашадиган ва инсон саломатлиги учун хавфли хоссалар ҳосил қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларига белгиланади. Шу муносабат билан уларнинг вазифасига кўра фойдаланиш учун яроқлилиги йўқолади (2.4-банд).
♦ Қандай маҳсулотлар тез бузиладиган деб ҳисобланади?
Махсус ҳарорат ва (ёки) бошқа режимлар ва қоидалар таъминланмаса инсон саломатлигига зарар етказиши мумкин бўлган маҳсулотлар тез бузиладиган ва алоҳида тез бузиладиган маҳсулотлар деб ҳисобланади. Улар совуқ шароитларда сақланади ва қисқа муддатли реализация қилиш учун мўлжалланган (2.6-банд).
♦ Гарчи улар тез бузилувчиларга кирса-да, баъзи маҳсулотларга нисбатан яроқлиликнинг анча узоқ давом этадиган муддати белгиланган. Бу ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайдими?
Бу ишлаб чиқарувчи тайёр маҳсулотларни шикастланишдан ва органолептик хоссаларнинг ўзгаришидан янада ишончли ҳимоя қилиш имконини берадиган янги технологияларни қўллаши билан боғлиқ. Янги технологиялар янада узоқ вақт сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш имкониятини беради. Бироқ бунинг яроқлилик муддати ва маҳсулотларни сақлаш шартлари тартибини Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайдиган комплекс санитария-эпидемиологик тадқиқотлар ўтказиш билан асосланиши керак (2.10–2.13-бандлар).
♦ Этикеткадаги озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати тўғрисидаги ахборот ўз ичига нимани олиши керак?
Этикеткадаги озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилиги муддати тўғрисидаги ахборот алоҳида тез бузиладиган маҳсулотлар, болалар учун ва парҳез маҳсулотлар учун ишлаб чиқаришнинг соати, куни, ойи, йилини; тез бузиладиган маҳсулотлар учун – кун, ой ва йилни; тез бузилмайдиган маҳсулотлар учун – ой ва йилни кўрсатишни, шунингдек уларни сақлаш ва истеъмол қилиш қоидалари, шартларини назарда тутиши керак (3.1.4-банд).
♦ Дўкон озиқ-овқат маҳсулотини қайта ўраши ва яроқлиликнинг янги муддатини белгилаши мумкинми?
СанҚваН завод ўрови очилганидан кейин яроқлиликнинг янги муддатини белгилаш мақсадида дўконлар томонидан тез бузиладиган маҳсулотларни қайта ўраш ёки қайта қадоқлашга йўл қўймайди. Тез бузилувчи маҳсулотларни ўров очилганидан кейин 12 соатдан ошмайдиган муддатда, сақлаш шартларига риоя этган ҳолда, реализация қилиш керак (3.1.6; 3.1.7-бандлар).
♦ Музлатилган маҳсулотларни муздан туширишга, ҳавоси сўриб олинган ўровга такрорий жойлаштиришга йўл қўйиладими?
Вакуум остидаги плёнкаларга ишлаб чиқарувчилар томонидан ўраб-жойлаштирилган тез бузилувчи маҳсулотларни корхоналар томонидан ҳавоси сўриб олиб такрорий жойлаштириш СанҚваНни бузиш ҳисобланади. Шунингдек дўконларда музлатилган озиқ-овқат маҳсулотларини муздан туширишга йўл қўйилмайди (3.1.11; 3.1.12-банд).
Жуда тез бузилувчи ва тез бузилувчи маҳсулотларни сақлаш шартлари ва яроқлилик муддатлари*
Маҳсулотнинг номи
|
Яроқлилик муддати
|
Сақлаш ҳарорати (°С)
|
Сут ва сут маҳсулотлари, пишлоқлар
|
||
Сут, қаймоқ (сливка), сут зардоби, пастерланган пахта (ардоб): истеъмол идишида; |
36 с
|
4±2
|
фляга ва цистерналарда
|
36 с
|
4±2
|
Қайнатилган сут
|
5 сут.
|
4±2
|
Суюқ сут-қатиқ маҳсулотлари
|
72 с
|
4±2
|
Бифидобактериялар билан бойитилган суюқ сут-қатиқ маҳсулотлари
|
72 с
|
4±2
|
Табиий қимиз (бия сутидан), сигир сутидан қимиз
|
48 с
|
4±2
|
Ряженка (қизариброқ ивиган қатиқ)
|
72 с
|
4±2
|
Сметана (қаймоқ) ва унга асосланган маҳсулотлар
|
72 с
|
4±2
|
Творог ва творог маҳсулотлари
|
72 с
|
4±2
|
Творог ва иссиқлик бериб қайта ишлатилган творог маҳсулотлари
|
5 сут.
|
4±2
|
Сут оқсилига асосланган пастасимон маҳсулотлар
|
72 с
|
4±2
|
Творогдан таомлар – тез пишадиган варениклар, творог сирниклар, творогли масаллиқлар, балишлар
|
24 с
|
4±2
|
Творогдан запеканкалар, пудинглар
|
48 с
|
4±2
|
Хонаки пишлоқ
|
72 с
|
4±2
|
Қаймоқдан тайёрланган пишлоқлар
|
5 сут.
|
4±2
|
Оби-тобига келтирилмаган юмшоқ ва тузланган пишлоқ
|
5 сут.
|
4±2
|
Пишлоқ сариёғи
|
48 с
|
4±2
|
Сўйиладиган барча турдаги ҳайвонлар, паррандалар гўштидан тайёрланадиган колбаса маҳсулотлари
|
||
ДСТ бўйича тайёрланадиган қайнатилган колбасалар: олий навли; |
72 с
|
4±2
|
биринчи ва иккинчи навли
|
48 с
|
4±2
|
Буғ-газ ўтказмайдиган қобиқларда ДСТ ва O’zDSt бўйича қайнатиладиган колбасалар: олий навли, консервантлар қўшилган, тансиқ турдаги; |
24 с
10 сут. |
4±2
|
биринчи навли;
|
8 сут.
|
4±2
|
иккинчи навли
|
7 сут.
|
4±2
|
ДСТ асосида тайёрланадиган сосискалар, қайнатилган сарделькалар, ичига гўшт солинган нонлар
|
72 с
|
4±2
|
Буғ-газ ўтказмайдиган қобиқлардаги сосискалар, қайнатилган сарделькалар
|
7 сут.
|
4±2
|
Қайнатилган, қирқилган ва бошқа шаклга киритилган атмосфера шароитида вакуум остида ўраб-жойлаштирилган колбасалар, сосискалар, сарделькалар
|
5 сут.
|
4±2
|
Қайнатилган гўшт маҳсулотлари (сон гўшти, суяксиз сон гўшти, прессланган чўчқа ва мол гўштлари, ветчина, бекон, прессланган қорамол ва қўй-эчки гўшти, ҳил-ҳил от ва қўй гўшти, қази)
|
72 с
|
4±2
|
Қайнатилган, қирқилган ва бошқа шаклга киритилган атмосфера шароитида вакуум остида ўраб-жойлаштирилган гўшт маҳсулотлари
|
5 сут.
|
4±2
|
Ўпка-жигарли, қондан тайёрланган колбасалар
|
48 с
|
4±2
|
Қайнатилган, калла-поча қўшилган колбасалар, сосискалар, сарделькалар
|
48 с
|
4±2
|
Парранда гўштидан тайёрланиб, қайнатилган колбаса маҳсулотлари (колбасалар, гўштли нонлар, рулетлар, сосискалар, сарделькалар, ветчина ва б.): олий навли; |
72 с
|
4±2
|
биринчи навли
|
48 с
|
4±2
|
Парранда гўштидан тайёрланиб, қайнатилган бошқа шаклга киритилган атмосфера шароитида вакуум остида ўраб-жойлаштирилган колбаса маҳсулотлари
|
5 сут.
|
4±2
|
«Мен истеъмолчиман» рукнини махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.
*Норматив ва (ёки) техник ҳужжатлар бўйича тайёрланадиган жуда тез бузилувчи ва тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган яроқлилик муддатлари ва уларни сақлаш шартлари, агар яроқлиликнинг бошқа муддатлари халқаро шартномалар ва контрактларда қайд этилмаган бўлса, 0265-09-сон СанҚваНнинг 1-иловасида кўрсатилган. Янги, шу жумладан янги технологиялар бўйича тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларининг худди шундай турлари учун 1-иловада кўрсатилган ўша яроқлилик муддатлари ва сақлаш шартлари белгиланиши мумкин (2.9-банд).
1-иловада кўрсатилган маҳсулотларнинг худди шундай турлари учун сақлаш муддатлари ва (ёки) ҳароратлар миқдоридан ошадиган маҳсулотларнинг яроқлилик муддатлари ва сақлаш шартлари (узайтирилган), шунингдек 1-иловада ўхшаши бўлмаган маҳсулотларнинг янги турларига доир яроқлилик муддатлари ва сақлаш шартлари белгиланган тартибда асосланиши керак (2.11-банд).