Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимининг янги талаблари, хусусан, давлат улушига эга бўлмаган корхона ускуналарни таъмирлашга жўнатган ҳолларда қандай бўлади? БКнинг 44-моддасидаги талаблардан бирига қараганда, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар учун – товарни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари ваколатли орган билан келишилган бўлса, уни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга йўл қўйилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Агар қайта ишлашдан мақсад – ускуналарни таъмирлаш бўлса, давлат улушига эга бўлмаган корхона божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга рухсатнома олиш учун ариза бераётганда ТИАни тақдим этиши зарурми?
А.Норбоев.
– Товарни таъмирлаш, шу жумладан, уни тиклаш, модернизация қилиш, унинг бузилган ёки эскирган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёхуд тиклаш, нуқсонларини бартараф этиш товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш операцияси ҳисобланади (Божхона кодексининг 43-моддаси).
Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатлар орасида, қайта ишлаш операцияларининг туридан қатъи назар, қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлари бўлган техник-иқтисодий асослар (ҳисоб-китоблар) ҳам кўрсатилган (БКнинг 134-моддаси). Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашда, агар бундан мақсад таъмирлаш бўлса, ТИАни ариза берувчи – давлат улушига эга бўлмаган корхонанинг ўзи тузади ва тасдиқлайди, уни давлат органлари билан келишиш талаб этилмайди.
Жавобларни ЎзР ДБҚнинг Божхона назоратини ташкил этиш бўйича бош бошқармаси тайёрлади.