Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 41 / Амалий бухгалтерия

Тиббиёт ҳамшираси учун таътил

 

2016 йил март ойида поликлиникага ишга кирдим. Қачон таътилга чиқа олишимни айтсангиз. Тиббиёт ходими қанча муддатга таътилга чиқиши мумкин, таътил пули қандай ҳисобланади?

Ф.Умарова.

 

 

– Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин берилади (МКнинг 143-моддаси), яъни сизнинг ҳолатда сиз 2016 йил октябридан аввал таътилга чиқа олмайсиз.

Меҳнат тўғрисидаги қонунларда белгиланган энг кам таътил муддати 15 иш кунини ташкил этади (МКнинг 134-моддаси). Меҳнат, жамоа шартномалари ёки муассасанинг бошқа локал ҳужжати билан кўпроқ муддатли таътил белгиланиши мумкин. Бунда меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун албатта йиллик қўшимча таътил берилиши эътиборга олинади (МКнинг ­136-моддаси). Тиббиёт ходимлари меҳнат шароити ўзига хос ишда ишлашлари, унинг айрим турлари эса соғлиқ учун хавфли ва меҳнат шароити ўта оғир деб эътироф этилгани ҳисобга олинса, уларга қўшимча таътил берилиши керак. Бундай таътил муддати Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 15.09.2014 йилдаги 263-сон қарорига 1-илова) мувофиқ белгиланадиган меҳнат шароитларига қараб, бироқ 33 кундан ортиқ бўлмаган муддатга белгиланади.

Таътил пулига келсак, у Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибига (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова) мувофиқ аниқланадиган ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб умумий тартибда ҳисобланади. Яъни ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда уни ҳисоблаш даврида тарификация бўйича белгиланган иш ҳақидан ошган сумманинг 1/12 қисмига оширган ҳолда (биринчи йил ишловчиларга; 6 ой тўлиқ ишлаганларга 1/6 га; 7 ой тўлиқ ишлаганларга 1/7 га ва ҳоказо) ҳисоблаб чиқарилади. Уларга мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради.

Иш ҳақининг тариф қисмидан ошувчи тўловларни аниқлаш учун ходим таътилга чиқиши вақтидан олдинги 12 ойга тенг ҳисоб-китоб даври ҳисобга олинади. Бунда ходим ой бошидан таътилга чиқмаса, балки, масалан, 2016 йил 15 сентябрдан чиқса, ҳисоб-китоб даври жорий йил август ойидан 12 ой орқага ҳисоблаган ҳолда, яъни 2015 йил сентябригача (сентябрь ойи ҳам киради) ҳисобланади.

Таътил пули суммасини аниқлаш учун ўртача иш ҳақи ҳисоб-китоб қилингандан кейин ўртача кунлик иш ҳақи ҳисоблаб чиқарилади (ўртача иш ҳақи 25,4 га бўлинади), у таътилдаги иш кунлари сонига кўпайтирилади.

 

МИСОЛ. Тоифага эга бўлмаган тиббиёт ҳамшираси 2016 йил 1 апрелда туман поликлиникасига (муассасаларнинг 1-тури) ишга қабул қилинган. 2016 йил 4 октябрдан унга 24 иш куни (15 кун – асосий ва 9 кун – қўшимча) давом этадиган таътил берилди.

Тиббиёт ҳамширасининг базавий тариф ставкаси – 518 821 сўм, қўшимча тўлов ва устамалари йўқ. 2016 йил июнь ойида иш натижаларига кўра тиббиёт ҳамширасига мукофот – 300 000 сўм ҳисобланган. Ҳисоб-китоб даврида (2016 йил апрель–сентябрь ойларида) бошқа тарифдан ортиқча тўловлар тўланмаган.

Таътилгача фақат 6 ой ишлангани сабабли ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашда тарифдан ортиқча қисм (мукофот) 6 га бўлинади. Ўртача ойлик иш ҳақи 568 821 сўмни (518 821 + (300 000 / 6)), таътил пули суммаси эса 537 469 сўмни (568 821 / 25,4 х 24) ташкил этади.

 

Людмила ВОЛОСНОВА,

«Norma Ekspert» мутахассиси.

Прочитано: 2719 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика