Биринчи Президентимиз Ислом Каримов кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жамиятимизнинг, тараққиётимиз ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт, деб таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 октябрда имзолаган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон ана шу мақсадларнинг амалда тўлиқ рўёбга чиқишига янги имкониятлар яратади.
Мазкур Фармон кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган. Тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш учун қулай шароит яратади. |
Соҳани қўллаб-қувватлашга эътибор кучаяётгани бежиз эмас. Мазкур тармоқ нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда асосий бўғин, балки аҳоли бандлиги ва даромадлари манбаининг, фаровонликка эришишнинг муҳим омилига айланди. Зеро, тадбиркорларимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш билан бирга, давлатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам салмоқли улуш қўшмоқда.
– Тадбиркорларнинг сафи кенгайиб бораётгани, иқтисодиётдаги ҳиссаси жадал ўсаётгани уларнинг эркин фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароит яратилаётгани туфайлидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши котиби Эркин ЖЎРАЕВ. – Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизими йилдан-йилга такомиллашмоқда.
Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ва жойларда унинг ҳудудий комиссиялари ташкил этилгани, хўжалик юритувчи субъектларда ўтказилаётган текширишларни мувофиқлаштириш тартиби жорий этилгани шу йўналишда учраётган муаммоларга барҳам беришга замин яратди. Бу билан назорат қилувчи идораларнинг истаган пайтда хоҳлаган корхонада текшириш ўтказиш амалиётига чек қўйилди. |
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишнинг тартибга солиниши баробарида текширишлар сони йилдан-йилга қисқартирилмоқда. Хусусан, 2009 йилдан кейинги даврда режали тартибда текширилаётган корхоналар салмоғи улар умумий сонининг 1 фоизидан ошмаяпти. Ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларида ўтказилиши керак бўлган текширишларни янада қисқартириш чоралари кўрилмоқда. 2016 йилда тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган режали текширишлар 2015 йилга нисбатан 10 фоизга қисқаргани бунинг яққол далилидир.
Текширишларнинг камайиши тадбиркорларнинг вақтини беҳуда олиш, кайфиятига салбий таъсир кўрсатиш каби ҳолатларга барҳам бериб, уларнинг самарали фаолият юритиши учун янада кенгроқ имконият яратаётир. |
Янги Фармон билан эндиликда тадбиркорларнинг бу борадаги имкониятлари янада ортди. Чунки шу асосда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланган.
Бу хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун янада қулай шарт-шароитлар яратилишига йўл очади. Мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига олиб келади. Бу ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилаётганидан далолатдир. |
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойили соҳа вакилларини ҳуқуқий ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутиб келмоқда. Фармон билан бу тамойилни тўлиқ рўёбга чиқариш механизми янада мустаҳкамланди. Давлат органлари, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар бу тамойилнинг сўзсиз амалга оширилишига бевосита масъул этиб белгиланди.
Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди. Тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар бевосита айбдорлардан ундирилиши таъминланади. Бу ноқонуний текширишлар барҳам топиши, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти асоссиз тўхтатилиши ва зарар етказилишига йўл қўймасликка олиб келади. |
Фармоннинг энг муҳим жиҳатидан бири – 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши белгиланганидир. Юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида фақат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно, албатта.
Фармонга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан парламент назорати шаклларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил этилади. Бу институт тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашда, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда муҳим ўрин тутиши шубҳасиз. |
Фармон қоидаларини рўёбга чиқариш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 аниқ чора-тадбир амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Бу каби чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани мамлакатимизда тадбиркор ва ишбилармонларга, айниқса, кичик бизнес вакилларига эркин ва самарали иш юритиш, иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишда янги имкониятлар яратмоқда. Бу халқимиз фаровонлиги ошиши, мамлакатимиз тараққиёти янада юксак поғоналарга кўтарилишида муҳим аҳамият касб этади.
Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА шарҳловчиси.