ЯСТ тўловчи ишлаб чиқариш корхонаси балансида турган ва 2 йил аввал фойдаланишга киритилган янги технологик ускунани жорий ижарага берди.
Янги технологик ускуна ижарага берилганда ягона солиқ тўлови бўйича имтиёз кимда ҳисобланиши керак – ижарага берувчидами ёки ижарага олувчидами?
О.Сафаров,
МЧЖ бухгалтери.
Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси тушунтиради:
– ЎзР Президентининг 14.03.2007 йилдаги «Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-3860-сон Фармонининг 3, 4-бандларига мувофиқ, солиққа тортишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланиладиган юридик шахслар учун беш йил давомида ягона солиқ тўлови тўлашда солиққа тортиладиган базани харид қилинган янги технологик жиҳозлар қийматига тенг, аммо солиққа тортиш базасининг 25 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда камайтирган ҳолда солиқ имтиёзлари жорий этилган.
Шунингдек, қуйидагилар белгилаб қўйилган:
ушбу Фармонда кўзда тутилган солиқ имтиёзлари мазкур харажатлар амалга оширилган солиқ давридан бошлаб, технологик ускуналар бўйича эса – навбатдаги ҳисобот солиқ даврида ускуналар ишга туширилган пайтдан бошлаб қўлланилади;
технологик жиҳозлар харид (импорт) қилинган пайтдан бошлаб уч йил ичида сотиб юборилган ёки текинга берилган бўлса, қайд этиб ўтилган солиқ имтиёзларининг амал қилиши бекор қилинади, бюджетга тегишли солиқлар тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланади. Технологик жиҳозлар харид (импорт) қилинган пайтдан бошлаб уч йил ичида сотиб юборилган ёки текинга экспортга берилган бўлса, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бекор қилинади ва бюджетга божхона тўловлари тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланади.
Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 11.06.2007 йилда 1688-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1-бандига мувофиқ, «янги технологик жиҳоз – чиқарилган санадан бошлаб уч йилдан ошмаган технологик жиҳоз».
ЎзР Фуқаролик кодексининг 535-моддасига биноан «мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади».
Юқоридагилардан келиб чиқилса, ускуна ижарага берилаётганда ягона солиқ тўловини тўловчи корхона ягона солиқ тўловини харид қилинган янги ускуна қийматига тенг, аммо солиқ солинадиган базанинг 25%идан кўп бўлмаган миқдорда камайтирган ҳолда солиқ имтиёзини қўллашга ҳақли.
Президентнинг ПФ-3860-сон Фармони 4-банди билан технологик жиҳозлар харид (импорт) қилинган пайтдан бошлаб уч йил ичида сотиб юборилган ёки текинга берилган бўлсагина, имтиёзларнинг амал қилиши бекор қилиниши назарда тутилган.
Ю.НАСИМЖОНОВ,
Тошкент шаҳар
ДСБ бошлиғининг ўринбосари.