Norma.uz

Суднинг ҳал қилув қарорлари ижросига нима монелик қилади

 

Суднинг ҳал қилув қарорлари ижросига нима монелик қилади

 

«MOST» МЧЖ томонидан банк сектори, мамлакат турли минтақалари хўжалик юритувчи субъектларининг вакиллари, адвокатлар ва амалиётчи юристлар учун ташкил этган семинар суд ҳал қилув қарорларининг ижроси долзарб масалаларига бағишланди.

Семинарни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти (бундан кейин – Суд департаменти, Департамент) марказий маҳкамаси ходимлари – суриштирувчи Насим Бурхонов ва хўжалик судлари қарорларини ижро этиш бўлимининг инспектори Суҳроб Турсунов олиб бордилар.

 

Қонун «ҳарфи»га урғу

Семинарни олиб борувчилар иштирокчиларга «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг қоидаларини тушунтирдилар. Хусусан, барча босқичларда: ижро иши юритишни қўзғатишдан бошлаб уни тугатишгача судларнинг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этишнинг қонун-қоидаларини, шу жумладан суд ҳужжатларини мажбурий ижро этишнинг айрим чораларини кўриб чиқдилар. Суд ижрочилари ва ижро ишини юритиш тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ижро йиғимини ундириш масаласи, шунингдек айрим процессуал ҳаракатларни содир этиш муддатлари эътибордан четда қолмади.

Насим Бурхонов таъкидлаганидек, Қонуннинг 23-моддасида белгиланган ихтиёрий ижро этиш учун 5 кунлик муддат календарь кунларда ҳисобланади. Муддат ижро ишини юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқарилган куннинг эртасидан бошлаб тугай бошлайди. Бизнес тузилмаларининг Департаментга келиб тушаётган мурожаатларини ҳисобга олиб, шу жумладан Қонунга мазкур муддатни тадбиркорлик фаолияти субъектларининг манфаатларини кўзлаб оширишни назарда тутадиган тузатишлар киритиш лойиҳаси ишлаб чиқиляпти.

 

Жарима асосланган бўлиши керак

Семинарда суднинг ҳал қилув қарорлари ижро этилмаслиги ва айбдор шахсларни маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка тортиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Баъзида солинаётган жарима миқдори ундириладиган қарз суммасига мувофиқ бўлмайди, корхона мансабдор шахсларининг айбдорлик даражаси ва бошқа объектив омиллар ҳисобга олинмайди. Н.Бурхоновнинг маълум қилишича, Суд департаментининг марказий маҳкамаси томонидан МЖТКнинг 198-1-моддасида белгиланган санкцияларни қўллаш тартиби тўғрисида ички идоравий кўрсатмалар берилган. Уларда, бошқалар билан бир қаторда, ҳуқуқбузарлик содир этилишига таъсир кўрсатган барча омилларни ҳисобга олиш зарурати назарда тутилган. Шу жумладан айбдорларда узрли сабабларнинг борлиги ҳам. Ҳужжат яқин вақт ичида ҳамма танишиб чиқиши учун Суд департаментининг расмий сайтида чоп этилади.

 

Муаммолар босқичма-босқич ҳал этилади

Суд ҳал қилув қарорлари ижросининг умумий ижобий динамикаси қайд этилди – 2015 йилда уларнинг 80%и ўз вақтида ижро этилган.

Бунда семинар раҳбарлари бир қатор муаммоли масалаларни ҳам четлаб ўтмадилар.

– Суд ижрочиларининг ишга ҳаддан ташқари кўмилиб кетганлиги аввалгидек долзарб муаммодир, – деб маълум қилади Насим Бурхонов. – 2011 йилда тасдиқланган Суд ижрочиларининг иш ҳажми меъёрларига (АВ томонидан 10.03.2011 йилда 2207-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра бир суд ижрочисининг иш юритувида бўлган ишларнинг ўртача сони ойига 20 та атрофида бўлиши керак. Айни пайтда айрим туманларда Департамент бўлинмаларига ҳар ойда минглаб ижро ҳужжатлари келиб тушади. Шу тариқа, ушбу минтақаларда ходимларнинг ишга кўмилганлиги меъёрий кўрсаткичлардан 40-50 баравар ошади. Ҳар бир ишга суд ижрочиси ўз иш вақтининг кўпи билан 20 дақиқасини ажратиши мумкин, бу эса, албатта, меъёрга зид.

Амалиётнинг кўрсатишича, хўжалик ишлари бўйича кўпчилик қарорлар сўзсиз асослар бўйича чиқарилади. Шу муносабат билан хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида юзага келадиган низоли вазиятларни судгача ҳал этиш чораларига тез-тез мурожаат қилиш ва уни ҳал этишнинг бошқа усуллари иш бермаган «иложи топилмайдиган» ҳоллардагина ишни судга юбориш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек маъмурий жарималарни тўлиқ ва ўз вақтида ундиришни таъминлаш ҳамда улар ихтиёрий тўланиши тартибини соддалаштириш зарурлиги таъкидланди. Агар қарздорга тўловни тўлаш учун узундан-узоқ навбатга туриш ва қўшимча харажатларни тўлашга тўғри келмаса, жарималарнинг ихтиёрий сўндирилиши фоизи кўп маротаба ошади. Шу сабабли ҳозир манфаатдор идоралар билан ушбу тўлов дастакларини он-лайн режимда жорий этиш чора-тадбирлари муҳокама қилиняпти.

Бу эса Суд департаменти бўлинмаларига иш ҳажмини қисман камайтириш имконини беради ва, ўз навбатида, умуман уларнинг ишида ижобий акс этади.

Қарздорлар ва ижро этиш ишларини олиб боришнинг ягона идоралараро базасини шакллантириш, шунингдек унга банк, солиқ, божхона ва ички ишлар органларини интеграциялаш масаласига алоҳида тўхталди. Бугун, мисол учун, республикадан ташқарига чиқиши тақиқланган шахсларнинг маълумотлар базалари мавжуд. Базага барча фуқаролар кира оладилар, бу эса реал режимда чиқишга тақиқнинг мавжудлигини текшириш имкониятини беради.

Уни такомиллаштириш ва идоралараро ҳамкорлик соҳасига АКТни янада кенг жорий этиш иши давом эттирилаверади.

 

Айбдор кимлигини билганда нима қилиш керак

Тадбир иштирокчилари ижро органи ходимларининг баъзида учраб турадиган самарасиз ишлаши, мансаб мажбуриятларини бажаришга бир ёқлама, расмий тарзда ёндашувлари далилларига ҳам эътибор қаратишди. Ушбу мажбуриятлар умуман бажарилмаган ҳоллар ҳам учрайди, бу эса энг аввало ундирувчига салбий таъсир кўрсатади.

– Суд ижрочилари томонидан ҳуқуқ ва қонуний манфаатларнинг ҳар қандай бузилишлари тўғрисида Суд департаментнинг ишонч телефони (1008; ­237-61-86) орқали хабар қилинг. Шунингдек сиз ишнинг ҳақиқий ҳолатини кўрсатган ҳолда ўз хавфсизлиги идоравий инспекциясига ёзма ариза юборишингиз ва унга тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжуд нусхаларини илова қилишингиз мумкин, – дейди иштирокчиларга Насим Бурхонов. – Буни ЯИДХП ҳукумат портали орқали ҳал қилиш мумкин. Департамент электрон мурожаатларнинг узлуксиз мониторингини амалга оширади. Ҳар бир қайд этилган ҳолат бўйича биз синчиклаб текширув ўтказамиз ва бузилган ҳуқуқ ҳамда эркинликларни тиклаш чораларини кўрамиз, – деб ишонтирди у.

 

Суднинг ҳал қилув қарорларини ижро этишнинг долзарб масалалари билан «Norma Online» эксперти Олег ЗАМАНОВ танишди.

Прочитано: 1727 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика