Norma.uz

Ишни бошладингизми – охиригача етказинг

 

Ишнинг моҳияти

1-сон МЧЖ (пудратчи) ва 2-сон МЧЖ (буюртмачи) 2016 йил январь ойининг охирида қиймати 20 млн сўмлик дизайнерлик ишларини бажаришга пудрат шартномасини туздилар. Пудратчи олдиндан ҳақ тўланган ва лойиҳалаштиришга топшириқ олингандан кейин 20 иш куни давомида кўчмас мулк объекти қурилишининг бадиий-конструкторлик дизайн-лойиҳасини ишлаб чиқиш мажбуриятини олди. Бунинг учун буюртмачи 3 банк куни давомида 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаши ва унга топшириқ бериши керак эди.

Буюртмачи ўз вақтида олдиндан ҳақ тўлади. 20 иш куни ўтгач (2016 йил март ойининг бошида) пудратчи дизайн-лойиҳа тайёрлиги ҳақида буюртмачига маълум қилди. Шартнома шартларига кўра дизайн-лойиҳани ишлар тугаши билан 5 кунлик муддатда топшириш керак эди. Дизайн-лойиҳадаги камчиликлар юзасидан даъволарни эса буюртмачи пудратчидан уни олгандан кейин 7 иш куни давомида билдириши мумкин эди. Кўрсатилган муддат ўтгач, ушбу шартнома доирасидаги мажбуриятлар тўлиқ бажарилган ҳисобланиб, иш сифати юзасидан даъволар қабул қилинмаслиги керак эди.

Маҳсулот олинган кундан кейин 20 иш куни ўтгач, буюртмачи яширин камчиликларни бартараф этишни талаб қилиб, пудратчига даъво жўнатди. Ишларни бажариш чоғида пудратчи вазифада назарда тутилган талаблардан четланиб, объект конструкцияси ва муҳандислик тизимларининг хусусиятлари билан боғлиқ хатоларга йўл қўйди.

Уларни 2016 йил апрелида аниқлаб, буюртмачи камчиликларни ўз ҳисобига бартараф этиш ва вазифага мос дизайн-лойиҳани тақдим этиш талаби билан пудратчига мурожаат қилди.

Пудратчи шартнома қоидалари, Фуқаролик кодекси талабларига суяниб ва мутахассислари йўқлигини рўкач қилиб, буни рад этди.

Шунда буюртмачи шартномада назарда тутилган ҳуқуқидан фойдаланиб, бошқа лойиҳа ташкилотини (ХК) жалб этди, у аниқланган камчиликларни бартараф этди. 2016 йил июнь ойида эса пудратчидан 6 млн сўм, шунингдек давлат божи (130 240 сўм) ва почта харажатларини (7 200 сўм) ундириш талаби билан хўжалик судига мурожаат қилди.

Даъво предмети бўйича мустақил талабларни қўймаган учинчи шахс сифатида ХК ишда иштирок этиш учун жалб этилди.

 

 

Буюртмачининг позицияси

– Биз белгиланган муддатларда мажбуриятларимизни тўлиқ бажардик. Пудратчи эса шартнома қоидаларини бузган ҳолда яширин камчиликлар билан ишлади. 2016 йил апрель ойида камчиликларни бартараф этишини сўраб пудратчига хат ёздик. Бироқ у шартнома шартларини ва бундай ихтисосликдаги мутахассислари йўқлигини рўкач қилиб, рад жавоби берди. Шу сабабли бошқа пудрат ташкилоти (ХК) билан шартнома тузишимизга ва унга камчиликларни бартараф этгани учун 6 млн сўм тўлашимизга тўғри келди. Даъвоимизни қондиришингизни сўраймиз.

 

Пудратчининг позицияси

– Дизайн-лойиҳани қабул қилаётганда буюртмачи ишдаги камчиликларни топмади. Бинобарин, шартномада кўрсатилганидек, кўрсатилган муддат ўтгач, мазкур шартнома доирасидаги мажбуриятлар тўлиқ бажарилган ҳисобланади ва иш сифати юзасидан даъволар қабул қилинмайди. Кейинчалик буюртмачининг хатида тилга олинган талаблар лойиҳалаштириш бўйича топшириқда қайд этилмаган эди, бизда конструктив ва интеграцион хусусиятлар бўйича мутахассислар ҳам йўқ. Шу сабабли даъвони рад этишингизни сўраймиз.

 

Учинчи шахснинг позицияси

– Буюртмачи дизайн-лойиҳада аниқланган объектнинг конструктив ва интеграцион хусусиятларига доир камчиликларни бартараф этишимизни сўради. Шартнома асосида бу ишни бажардик, буюртмачи бизга 6 млн сўм тўлади. Даъво асосли деб ҳисоблаймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далилларини, жавобгарнинг эътирозларини ва учинчи шахснинг фикрини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, буюртмачи даъво билан судга мурожаат қилишига сабаб бўлган юқоридаги далилларнинг тасдиғини топди.

ФКнинг 646, 647 ва 650-моддаларига асосланиб, суд жавобгардан 6 млн сўм, давлат божи ва почта харажатларини ундириб, даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондирди. Мазкур иш апелляция ва кассация инстанцияларида кўриб чиқилмади.

 

Юристнинг шарҳи

ФКнинг 647-моддаси 1-қисмига мувофиқ, пудратчи бажарган иш пудрат шартномасининг шартларига, шартлар бўлмаганида ёки тўлиқ бўлмаганида эса, одатда тегишли турдаги ишларга қўйиладиган талабларга мос келиши керак. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бажарилган иш натижаси буюртмачига топшириш пайтида шартномада кўрсатилган ёки одатда қўйиладиган талаблар билан белгиланган хусусиятларга эга бўлиши ва оқилона муддат давомида шартномада назарда тутилганидек фойдаланиш учун, агар у шартномада белгиланган бўлмаса, бундай турдаги ишнинг натижасидан одатдагидек фойдаланиш учун яроқли бўлиши керак.

ФКнинг 646-моддаси 4-қисмига мувофиқ, буюртмачи иш қабул қилиб олинганидан сўнг унда пудрат шартномасидан чекинишлар ёки ишни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкин бўлмаган бошқа хил камчиликлар (яширин камчиликлар)ни, шу жумладан, пудратчи қасддан яширган камчиликларни аниқласа, улар аниқланганидан сўнг 10 кунлик муддат ичида бу тўғрида пудратчига хабар қилиши шарт.

Шу тариқа, пудратчи ишни лозим сифатда бажариши керак эди, юқорида тилга олинган камчиликлар эса дизайн-лойиҳани қабул қилиш пайтида юзаки кўриб чиқиш чоғида аниқланиши мумкин бўлмагани ва шу сабабли яширин камчиликлар ҳисобланишидан далолат беради.

ФКнинг 650-моддаси 1-қисмига мувофиқ, агар иш пудратчи томонидан пудрат шартномасидан четга чиққан ҳолда бажарилиб, иш натижасини ёмонлаштирган бўлса ёки уни шартномада назарда тутилган мақсадлар учун фойдаланишга яроқсиз қилиб қўядиган бошқа камчиликлар билан бажарилган бўлса, башарти шартномада ушбу ҳуқуқ назарда тутилган бўлса, камчиликларни бартараф этишга қилган ўз харажатларини қоплашни талаб қилиш буюртмачининг ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Бу ҳолда яширин камчиликларни бартараф этиш учун сарф-харажат қилган буюртмачи уларни қоплаш мақсадида шартномадаги ҳуқуқидан фойдаланиб, пудратчидан 6 млн сўм миқдорида уларни ундириш талабини қўйган.

Шу сабабли суд даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш ҳақида ҳақли равишда қарор қабул қилган.

Агар жавобгар бажарган ишидаги камчиликларни ўзи бартараф этганда эди, қўшимча харажат – 6 млн сўм, давлат божи суммаси ва почта харажатларидан халос бўлар эди. Бундан ташқари, жавобгар ишларни бажариш муддатини узайтириш тўғрисида шартномага қўшимча битим тузиш ташаббуси билан чиқиши ёки шартномага кўра мустақил равишда керакли мутахассисларга эга бўлган лойиҳа ташкилотини жалб этиб, уларнинг ёрдамида аниқланган камчиликларни бартараф этиши мумкин эди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1313 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика