Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 40 / Аудитор хабарномаси

СЙК йўқми, хайр, директор!

 


 

Ривожланишни кўзлаб ўзгартириш киритиш – яхши иш. Айниқса унга дахлдор барча субъектлар нималар юз бераётганини, ҳаммаси қайси йўналишда «силжиб, давом этаётганини», қандай оқибатларни кутиш лозимлигини ва, энг асосийси, бирор камчилик рўй берса, ким қай даражада нима учун жавоб беришини аниқ тасаввур қилсалар, бундан ҳам яхши. Ўзбекистон Аудиторлар палатасининг ижрочи директори Равшан ҲАЙДАРОВ аудит соҳасидаги янгиликлар муносабати билан юзага келган жорий вазиятни тушунтиради.

 

2016 йил 1 январда ВМнинг «Давлат улушига эга бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида»ги ­207-сон қарори кучга кирди. Самарадорликнинг муҳим ва йиғинди кўрсаткичларини (СМК, СЙК) ҳисоблашнинг тасдиқланган қоидаларида 26 та норматив кўрсатилган, уларнинг аксариятини хўжалик юритувчи субъектлар мустақил равишда, вариант сифатида – ташқи маслаҳатчилар ёрдамида белгилашлари керак. Буни биронта стандартда тасдиқланган ҳисоблаш услубиятлари мавжуд бўлмаган шароитда қилишлари лозим. Олинган маълумотлар ҳар чоракда «очиқ фойдаланиш имкони билан» жойлаштирилиши шарт.

Бунда мажбурий аудит ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъектлар ҳақида сўз бораётгани сабабли аудиторлик ташкилотлари ҳам ушбу жараёнга тортилди: улар молия йили тугагандан кейин ҳисоб-китоблар тўғри қилинганлигини текширишларига тўғри келади. Буни қандай амалга оширишларини била олмаяптилар.

Буларнинг барини хавотирланиш учун важ бўлади деб ҳисоблаш керакми? Аудиторлик ташкилотлари раҳбарларининг бу масала бўйича фикрлари бир-биридан анча фарқланади. Айримлар хавотирланиш ўринли, чунки хўжалик юритувчи субъектлар ўз нормативларини ишлаб чиқиш билан вақтни чўзадилар, уларда на ҳисоблаш услубиятлари, на бу ишни сифатли бажара оладиган мутахассислар бор, деб ҳисоблайдилар.

Бошқаларнинг фикрича, хавотирга ўрин йўқ, иккита сабабга кўра ҳаммаси жойида: биринчидан, вазият ривожи учун ҳеч ким аудиторлар зиммасига бевосита жавобгарликни юкламаган; иккинчидан, хўжалик юритувчи субъектлар «бири тоғдан, бири боғдан келиб» ниманидир ишлаб чиқишлари шарт эмаслиги, уларнинг соҳа хўжалик бошқарувидаги юқори органлари ҳаммасини ўзлари ҳисоблаб, фармойиш сифатида тарқатадилар.

Р.Ҳ.: – Жорий йил бошидан бери давлат улушига эга бўлган акциядорлик жамиятлари ва хўжалик юритувчи субъектлар ҳақиқатан ҳам ўз кўрсаткичлари рўйхатини белгилаб олишлари керак эди. Мажбурийлари – ҳаммасини тўлиқ ҳажмда қабул қилади – МҲХСга ўтмаганлар учун айрим истиснолар билан. Қўшимчалари – ўз хусусиятига қараб танлайдилар ва кузатув кенгаши даражасида тасдиқлайдилар. Ушбу иккита кўрсаткичларнинг гуруҳлари юзасидан улар ҳар чоракда ҳисоб-китоб қилишлари ва натижаларни openinfo.uz сайтида жойлаштиришлари керак.

Агар чораклик кўрсаткичлар мақбул даражага етмаган бўлса, раҳбарият мукофотдан маҳрум бўлади. Келаси чорак якунларига кўра вазият яхшиланмадими? Директор билан меҳнат шартномаси бекор қилинади. Молия йили тугагач, хўжалик юритувчи субъект ҳисоб-китоблар тўғри қилингани хусусида аудитор хулосасини олиши шарт.

Ҳозир йил якунига етмоқда, амалиёт кўплаб муҳим жиҳатларни намоён этди. Олинган тажрибани инобатга олган ҳолда ушбу хизмат тури бўйича ички стандарт ёки регламент ишлаб чиқамиз ва тавсия тусида уни аудиторлик ташкилотларига тақдим этамиз.

 

– Қандай жиҳатларни назарда тутяпсиз?

Р.Ҳ.: – Нормативлар, юқорида айтганимдек, мажбурий ва тавсия тусидаги 2 гуруҳга бўлинади. Мажбурийлари юзасидан деярли савол туғилмайди, уларнинг бари керак, бироқ иккинчи гуруҳ дарҳол танлаш муаммосини юзага келтиради. Ҳар бир субъект ўз хусусиятига эга, ушбу рўйхатдан нимани асос қилиб олиш кераклигини ҳамма ҳам тушунавермайди.

Биз мижозларимизга ўз бизнес-режаларидаги қандайдир кўрсаткичларни олишни тавсия қилдик. Бироқ унда одатда улар 3–4 та, бундан кўп бўлмайди. Рўйхатда эса – 13 та.

Иккинчидан, норматив даража... Ҳатто мезонларнинг биринчи гуруҳи учун нормативлар кўп жиҳатдан белгиланмаган. Ҳар бир корхона ва ҳар бир соҳанинг ликвидлилик, рентабеллик ва бошқа даражалари ўзига хос бўлади. Марказлаштирилган ҳисоб-китоблар мавжуд эмас ва мавжуд бўла олмайди ҳам. Хўжалик юритувчи субъектларда эса нимани қандай ҳисоблаш кераклиги ҳақида аниқ тушунча йўқ. Натижада кимдир қоғозда асоссиз фойда олиши, бошқаси эса, аксинча, сохта зарар кўриб, бир олам муаммо орттириши мумкин.

 

– Тегишли хўжалик бошқаруви органларида соҳага оид рентабеллик нормативлари бўлса керак.

Р.Ҳ.: – Биз анча йиллардан бери молиявий таҳлил билан шуғулланамиз, шу пайтгача корхоналарнинг банкротлиги аломатларини белгилаш учун мўлжалланган формула ва мезонлардан фойдаланамиз*. Булар турли тушунча саналади, тўғрими? Бироқ аудиторлар шу пайтгача ушбу кўрсаткичлардан фойдаланадилар. Ана шундай соҳа ичидаги нормативлар мавжуд бўлса ҳам, улардан ҳамма фойдаланиши учун очиқ эмас.

Субъектлар самарадорликнинг якуний натижасини ҳисоблашда тўқнаш келадиган яна бир муҳим жиҳат мавжуд. Формула мажбурий ва қўшимча кўрсаткичларни ҳам ўз ичига олади, ҳар бирининг ўз салмоғи бор.

Мисол учун, корхона норентабел, бироқ катта суммадаги асосий воситалар ва ТМЗга эга. Бунинг ҳисобига ликвидлилик коэффициенти юқори ва фондларга боғлиқ бошқа кўрсаткичлари яхшидек кўринади. Давлат улушига эга бўлган акциядорлик корхоналарида шундай ҳолатга дуч келамиз. Уларда салбий натижа кузатилган кўрсаткичлар бўйича энг кам салмоқ, жуда яхши натижага эга бўлганлари бўйича эса энг кўп салмоқ қайд этилади. Натижада рентабеллик кўрсаткичлари паст бўлганда бошқарув самарадорлигининг якуний кўрсаткичи юқори бўлади.

Мисол учун, биз 3 та кўрсаткич: рентабеллик (–5), ликвидлилик (>5) ва дебиторлик қарзининг оборотда бўлишини ҳисобладик (норматив мавжуд эмас, бироқ кўрсаткич нисбатан меъёрида дейлик). Агар якуний балл 100% бўлса, рентабелликка 1%, ликвидлиликка 80% ва оборотда бўлишга 19% берилади. Натижада самарадорлик сунъий равишда оширилади, шундай бўлиши тайин. Бироқ инвестор ишларнинг асли ҳолини эмас, фақат якуний натижани кўради.

Тўғри, мен вазиятни бўрттириб кўрсатяпман, бироқ техник жиҳатдан аниқ белгиланмаган салмоқ натижани ўзгартириш имконини беради.

Бу йил айрим корхоналар учун мажбурий ва ихтиёрий мезонларни ҳисоблашда ўзим ҳам қатнашдим. Бунинг учун услубий база ҳозирча бўлмаса ҳам, ҳисоб-китоб йўли билан қандайдир ўртача кўрсаткичларни топдик, мисол учун, 3 йиллик маълумотларни олиб, ўрта ҳисобда санаб чиқдик... Бироқ ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқа олмадик: турли даврлардаги маълумотлар бир-биридан анча фарқ қилади... Баъзи ҳолларда бу усулни умуман қўллаб бўлмайди. Айниқса бир турдаги корхоналар гуруҳи учун.

Шу сабабли шу йил тугаши билан барча амалиётчи аудиторлар билан биргаликда вазиятни муҳокама қилиб, оқилона ечим топишга уриниб кўриш лозим. Биринчидан, ҳар бир кўрсаткич мос келадиган нормативнинг ўзини топиш керак – бу осон эмас. Иккинчидан, натижа имкони борича объектив бўлиши учун ҳар бир кўрсаткичнинг мақбул салмоғини муайян доираларга солиш зарур.

 

– Агар аудиторлар аудит рейтинглари учун ўз кўрсаткичлари салмоғини қанчалик узоқ белгилаганликларини эсласак, бу соҳада ҳам жараён бироз чўзилишини тахмин қилиш мумкин.

Бошқа томондан – ўзининг барқарор ва анчагина ривожланган услубий базасига эга бўлган банк ва суғурта секторлари мавжуд. У ерда ликвидлилик, рентабеллик, салмоқ ва бошқаларга оид масалалар жуда яхши ҳисоблаб чиқарилади. Эҳтимол, ниманидир улардан андоза олган фойда берар. Бу ҳақда фикрингиз қандай?

Р.Ҳ.: – Менимча, банк тизимининг ишланмаларидан фойдаланиш мумкин ва зарур.

 

– Аудиторлар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарларига қандай тавсиялар бера оласиз? Улар нималарга алоҳида эътибор беришлари зарур?

Р.Ҳ.: – Авваламбор 2016 йил якунларига кўра аудиторлик текшируви ўтказиш учун шартнома тузаётганларида кўрсаткичлар тўғри ҳисобланганлигини текшириш ҳақидаги бандни киритишни унутмасликлари лозим.

 

– Сиз улар учун қандайдир стандартни тақдим этишни энди мўлжаллаяпсиз. Айни пайтда аудиторлар бунинг учун услубий асосларга эга бўлмай туриб изланаётган нормативларни баҳолай оладиларми?

 

Р.Ҳ.: – Гап баҳолаш имкониятида эмас, балки унинг натижалари ҳар томонлама ва ишончли эканлигида. Ҳар қандай аудитор ҳеч бўлмаганда келтирилган ҳисоб-китоблар тўғрилигини тасдиқлашга қодир. Танловни баҳолаш қийинроқ бўлади.

 

– Бу натижалар қандай расмийлаштирилади?

Р.Ҳ.: – Аудиторнинг алоҳида ҳисоботи билан. Унинг шакли ҳали бирхиллаштирилмади, ҳозир ҳар бири уни ўзи тушунганча, ички стандартлар ва регламентларга мувофиқ тузмоқда. Ушбу ҳисобот охирида аудиторнинг хўжалик юритувчи субъект ҳисоб-китобларини тасдиқлаш-тасдиқламаслиги ҳақидаги хулосаси бўлиши керак.

Йил якунларига кўра ушбу ҳисоботни бирхиллаштиришга уриниб кўрамиз ва уни тавсия тусида аудиторлик ташкилотларига таклиф этамиз. Бироқ у қандай шаклда тузилганлигига ва мазмуни қанчалик очиб берилганлигига қарамай, ҳар бир аудитор ҳар қандай ҳолда ўз иши учун жавоб беради. Шу ўринда менда ҳам ҳозирча очиқ қолаётган савол юзага келади: ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини тасдиқлашдан ташқари, биз мезонлар тўғри танланганини, шунингдек якуний натижани белгилашда уларнинг салмоғи асосланганлигини ҳам тасдиқлашимиз шартми?

 

– Очиғини айтганда, Низомнинг (ВМнинг 207-сон қарорига илова) 37-бандида аудиторлик ташкилотидан СМК, СЙК ҳисоб-китоб кўрсаткичлари ва уларнинг бажарилиш фоизларини текширишга доир профессионал консалтинг хизматлари кўрсатилганлиги ҳақида ҳисобот олиш талаб этилади. Бинобарин, ВМ қароридаги энг кам талабларни бажариш учун вазифани аниқ талқин этишнинг ўзи етарли бўлади. Қолгани буюртмачи билан алоҳида келишувга қараб қилинади. Бу ишни назорат қилиш ва натижаси учун якуний жавобгарлик масаласи бундан ҳам қизиқарлидир...

Р.Ҳ.: – Қарорда «суднинг ҳал қилув қарори асосида экспертиза ўтказиш» жараёнида «ҳисобланган СМК ва СЙК рақамларини» текшириш имконияти назарда тутилади. У ерда салмоқ ва танловнинг асослилиги ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Давлат бу борада назоратчи вазифасини ҳам зиммасига олмаслиги бошқа масала.

У акциядорларга, корхона мулкдорларига ёлланма бошқарув ходимлари ишини назорат қилиш имконини берувчи мажбурий фойдаланиладиган дастакни тақдим этди. Агар эртага мулкдорда ҳисоб-китоб борасида эмас, масаланинг моҳияти борасида шубҳа юзага келса, экспертиза предмети ҳам арифметикадан танлов ва салмоққа ўтиши мумкин.

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Юлия Яшина олиб боради.

 


*Корхоналарнинг молиявий-иқтисодий аҳволи мониторинги ва таҳлилини ўтказиш мезонларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 14.04.2005 йилда 1469-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Прочитано: 1362 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика