Norma.uz

Темир печга қайтамизми?

 

Долзарб мавзу

 

Темир печга қайтамизми?

 

Пойтахтнинг қоқ марказидаги беш қаватли уй аҳли квартираларини темир печ билан иситишларига ишониш қийин. Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида бир уйдан иборат «Альтернатива» ширкатига бошчилик қилувчи Ольга Евтушенко таҳририятимизга юборган фотосуратлар эса буни тасдиқлайди. Фотодалиллар иссиқлик тизимини ўзбошимчалик билан ўзгартириш қўшнилар ва фуқароларнинг ўзи учун нималарга олиб келишидан яққол далолат беради. Бу қабилда ўз билгича қуриш – белгиланган қонунчиликни бузиш демак. Кишилар ҳар қандай йўл билан ғаройиб истакларини амалга оширишга уринишлари оқибатида бу вазият пойтахтдаги кўп квартирали турар жой фондини табиий офат сингари қамраб олди. Ҳозирда эгаси кўнглидагидек қайта ишлов бермаган квартирани топиш мушкул. Бу истаклар қонунчиликда белгиланган меъёр ва қоидалар чегарасидан чиқади. Бу ҳолатни «даволаш» қийин, «касаллик ўтиб кетган». «Асоратларига» ҳар қадамда дуч келамиз. Оқибати нима бўлиши ҳақида деярли ҳеч ким бош қотирмайди.

 

Икки кишидан бири қоидабузарлик қилади

Ширкат раиси «Норма маслаҳатчи»нинг 22.12.2015 йилдаги 51-сони мавзувий нашрида чоп этилган «Қайта қуриш қоидалари» материалига жавобан мурожаат қилган. Ўзбошимчалик билан қуриш муаммосини газетамиз саҳифаларида кўп бор кўтарганмиз, чунки у долзарблигича қолмоқда. Таҳририятимизга келган хат ушбу мавзуга қайтишга яна бир туртки бўлди.

Ўқувчимиз фотосуратлардан ташқари уйдаги ҳолатни акс эттирувчи чизмани ҳам юборган. 80 та квартирадан 40 тасида лойиҳа ечимлари ўзгартирилган. Ахир биз сейсмик зонада яшаймиз. Кўтариб турувчи деворлари, пардеворлари ўзбошимчалик билан бузиб ташланган уй қаттиқ зилзилада тўкилиб тушмаслигига ким кафолат беради? Уй эгалари иситиш ва қайта қуриш асносида иситиш тизимига аралашиб, уни бузсалар, қишда уйни қандай қилиб иситиб бўлади?

«Етказиб берувчи иссиқлик энергиясини уй остонасигача олиб келади, қолганига ширкат жавоб беради, – деб ёзади ХУМШ раиси. – Бироқ уйда яшовчилардан бири хоналарни бирлаштирса, бошқаси батареяларни пешайвонга олиб чиқиб, бунда қувурни 17 жойидан, асосий қувурни 30–40 жойидан ортиқча қайирса, қайси бирини тўхтата оламан, ахир ҳар бири билан ёқалашмайманку. Ҳар бир қайрилган жой ҳароратни 2 градусга пасайтиради. Учинчиси эса батареяга шланг улаб, қиш бўйи сувни канализацияга оқиздиради. Тўртинчиси батареяларни қирқиб ташлаб, уйини газ билан иситади. Бундай ўзбилармонлик оқибатида бешинчи қават умуман исимайди, квартирада темир печ ўрнатилган.

Бизнинг ХУМШ 10 йиллик фаолияти давомида ертўладаги барча коммуникацияларни алиштирди, кредит олмади, ҳеч кимдан қарзи йўқ. Қайта қуриш ишлари ўтказилмаган квартиралар қишда исиб кетади. Ўзбилармонлик қилинган уйларда эса батареялар хиёл илийди. Бунда ўзингиз айбдорсиз, марҳамат қилиб ҳаммасини аслига қайтаринг. Қишда атрофга қарасангиз, айрим истисноларни айтмаганда, ҳар бир уйнинг 3–4 жойидан иситишни кўзлаб сув оқизилган бўлади. Етказиб берувчилар учун бу ҳам катта зиён. Сўнг иситиш хизмати қимматга тушаётганлигидан нолиймиз».

 

 

 

Аввал ҳақини тўлаб, сўнг тикланг

Ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан уй ичидаги иссиқлик таъминоти тизимига путур етказаётган фуқароларга нисбатан қандай таъсир чораларини кўриш мумкин? Ширкат уларга самарали таъсир қилувчи чора кўришга қодирми? Уйдаги умумий мулк (шу жумладан уй ичидаги тизимлар ва квартиралардаги асосий қувурлар) меъёрида ишлашига тўсқинлик қилиб, бошқа қўшниларга азият етказаётган фуқаролар устидан даъво аризаси ёзиб, судга мурожаат қилиш мумкин, албатта. Бироқ бу иш кўп ҳаракат, харажат, вақт талаб қилади. Миллатимизга хос хусусият туфайли кўпчилик қўшнилар билан орани бузишни истамайди.

ХУМШ Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1-илова) билан тақиқланганидек, квартиралардан сув оқизиб юборилаётгани, батареялар демонтаж қилингани, қўшимча иситиш ускунаси ўрнатилгани ва шу каби ҳолатлардан иссиқлик таъминоти ташкилотини хабардор қилиши мумкин.

Кейинги вақтда иссиқлик энергиясини етказиб берувчилар балконларда батареялар ўрнатиш ёки иситиш ускуналари билан жиҳозланган хоналарга балконларни қўшиш натижасида квартираларда қўшимча иситиладиган майдонлар юзага келгани учун истеъмолчиларнинг жавобгарлигини оширдилар. «Норма маслаҳатчи»нинг 2.08.2016 йилдаги 30-сони мавзувий нашрида чоп этилган «Бизнинг айвон эса қишда ҳам иссиқ» материалида бу ҳақда батафсил сўз юритганмиз. Бироқ аслини олганда иссиқлик энергияси етказиб берувчиларни фақат молиявий жиҳат қизиқтиради. Қўшимча майдон учун ҳақни ҳисоблаб ёзадилар, иситиш ускунасини аввалги ҳолига келтиришни эса қатъий талаб қилмайдилар. Агар бу масалага ёндашув ўзгармаса, тадбиркорлар кўп квартирали турар жой фонди учун темир печларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақида ўйлаб қолишлари ҳеч гап эмас.

 

Ширкат таъсир кўрсатиш дастагига эга бўлди

Квартира сотилишидан олдин иссиқлик таъминотчилари турар жойни текшириш далолатномасини тузадилар. Етказиб берувчидан ташқари, уни ХУМШ ҳам имзолайди. У ҳеч бўлмаса ушбу босқичда квартира эгаларига таъсир кўрсатиши жуда муҳим. Зеро кўпинча квартирани сотиш чоғида унинг аввалги эгаси инсофсиз иссиқлик таъминотчилари билан «келишиб олади» ва улар далолатномани имзолайдилар. Ширкатларнинг беғам раҳбарлари ҳам шу йўлни тутмасликларига кафолат йўқ. Бироқ жиддий, ҳалол, уй учун чин дилдан қайғурадиган ХУМШ раислари далолатномани имзолашдан бош тортиб, квартира ичидаги иссиқлик таъминоти тизимини лойиҳага мувофиқ тиклашни талаб этадилар.

Текшириш далолатномасида ХУМШ имзоси бўлишини назарда тутувчи тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат йўқ. Бу эса раиснинг имзоси бўлишини талаб қилиш яхшими ёки ёмонми деган муаммони ижтимоий тармоқларда муҳокама қилишга сабаб бўлди. Бироқ қонунчиликда ушбу далолатномани ким имзолаши шартлиги белгиланмаган. Бу вазиятда қонунлардаги ўхшаш жиҳатлардан келиб чиқиш лозим. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, ХУМШ уйдаги умумий мол-мулк (шу жумладан уй ичидаги иссиқлик таъминоти тизимлари, квартира ичидаги асосий қувурлар) ҳолати учун жавоб беради. Агар улар фуқароларни ўзбошимча қайта қуриш вақтида тўхтата олмасалар, буни кейинчалик, далолатномани имзоламай қилишлари мумкин. Квартира эгаси уни сотишда муаммога тўқнаш келиши мумкин. Ҳаммадан кўра ХУМШ уй аҳлига яқин бўлади, қаерда таъмирлаш кетаётганини билади. Айни шу сабабли у текшириш далолатномасига киритилган. ХУМШ квартира эгаларини иссиқлик таъминоти тизимини аввалги ҳолатга келтиришга мажбур қилган ҳоллар кўп бўлмаса ҳам, бор. Шунинг ўзи умид бахш этади.

О.Евтушенко уйни тутиб туриш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳам кўтаради. Булар уйга туташ ҳудуднинг санитария ҳолати, биринчи қаватлардаги квартираларга ўзбошимчалик билан тақаб солинган иморатлар, интернет-провайдерлар билан ўзаро муносабатлар хусусидаги муаммолардир. Хусусан, интернет-провайдерлардан бири уйнинг электр шчитига тўғридан-тўғри уланиб олгани боис доим томга чиқадилар, симлар эса осилиб ётади – унинг дастидан кун йўқ. Ширкат фрамугаларни алмаштирмоқчи, лекин ҳамма ойналар устидан йигирматалаб сим тушган – уларни қаерга қўйишларини билмаяптилар. Раис хўжаликларини тартибга келтириб олишларини талаб қилиб шикоят ёзди – улар ХУМШ устидан прокуратурага ариза бердилар. Операторлар (провайдерлар) билан уй аҳли манфаатларини ҳимояловчи ХУМШ ўртасидаги муносабатларни Телекоммуникация операторлари (провайдерлари)нинг хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 24.11.2015 йилда 2733-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тартибга солади. «Норма маслаҳатчи»нинг 16.02.2016 йилдаги 7-сони мавзувий нашрида чоп этилган «Ширкат–провайдер–мижоз: мулоқотнинг бошланиши» материалида бу ҳақда батафсил сўз юритганмиз.

 

Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари

уй ичидаги иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларининг меъёрида ишлашига аралашиш ва уни бузишни тақиқлайди.

(15, 87, 88-бандлар).

 

Кўп квартирали уйларда биноларнинг мустаҳкамлиги хавфсизлигини таъминлайдиган жойларни реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлашни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом (ШНҚ 1.04.05-06) билан белгиланишича:

кўп квартирали уйдаги хоналарнинг мулкдорлари ўзбошимчалик билан реконструкция қилганликлари ёки уни шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари, лойиҳа ҳужжатлари ва мазкур Низом талабларидан четланиб амалга оширганликлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар;

ўзбошимчалик билан қилинган реконструкция ҳуқуқи поймол этилган шахснинг ёхуд тегишли давлат органининг даъвосига кўра суднинг ҳал қилув қарори асосида уни амалга оширган шахс томонидан ёки унинг ҳисобига аввалги ёки лозим ҳолатга келтирилиши шарт, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

(24, 26-бандлар).

 

 

Ўзбошимча қурилиш қонунга зид

 

Қонун ҳужжатлари турар жой конструкциясига ўзбошимча ўзгартиришлар киритишни тақиқлайди. «Агар қайта ўзгартириш доирасида бажарилган ишлар ҳажми ҳатто унчалик сезиларли бўлмаса-да, унга рухсатноманинг йўқлиги далили ҳуқуқбузарлик ҳисобланади», – дейди «Лойиҳалаш, экспертиза ва баҳолаш» ШК лойиҳасининг бош муҳандиси Рустам Шарифов.

 

Қонунбузарлик ила қайта қуриш

– Аҳоли ўз квартираларида ўзгартиришни ихтиёр этган ҳар жиҳат ваколатли органлар билан келишилиши керак. Акс ҳолда Уй-жой кодексининг 16-1 ва 24-моддаларига кўра кўп квартирали уйдаги турар жой ва яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдорлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан тегишли рухсатнома олмасдан ўзларига қарашли жойни ўзбошимчалик билан қайта қурган ёки ўзгартирган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар ҳамда бу жойни ўз ҳисобларидан аввалги ҳолатига келтиришлари шарт.

Кўп ҳуқуқбузарликлар кўпинча кўзга яққол ташланади. Масалан, квартирада яшовчилар таянч деворларни бузадилар, квартирага кўчадан эшик очадилар, кириш пештоғига хоналар қурадилар, турар жой хоналари устида жакузи ўрнатадилар ва ҳоказо. Ваҳоланки, бу хатарли ғояларнинг барчаси фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин – биз сейсмик жиҳатдан хавфли минтақада яшаймиз.

Ҳар бир элемент уйни режалаштираётганда муайян босимга эга бўлади, – давом этади Рустам Султонович. – Агар унда бирор нарсани техник меъёр ва қоидаларга риоя этмасдан ўзгартирсак, конструкцияларнинг мустаҳкамлиги бузилади ва бу ҳолат уйнинг қулаб тушишига олиб келиши мумкин. Ҳозир кўпчилик европача услубга тақлид қилади: уй макони кенг бўлишини афзал кўриб, барча хоналарни битта хонага бирлаштирадилар. Айниқса эски уй-жой фондида буни махсус лойиҳасиз амалга ошириш жуда хавфли. Баъзан уй аҳлига ўзлари қилган ўзгартиришлар хавфсиздек туюлади. Масалан, пардеворни олиб ташлаб, бу қўрқинчли эмас – зеро у таянч бетон девор эмас-ку деб ўйлашади. Бироқ пардевор ҳам муайян босимга эга. Ҳатто эшик ўрнидаги аркани ҳам металл рамкалар билан мустаҳкамлаш керак. Яшовчилар эса, аксинча, уй конструкциясини оғирлаштираверадилар. Масалан, уйда гипсолит деворлар бор дейлик. У енгил қурилиш материалидир. Пардеворларни олиб ташлаб, ғишт терадилар, бу билан босимни кучайтирадилар. Шуни таъкидлаш керакки, ҳар бир ҳолат ўзига хос бўлиб, мутахассислар томонидан синчиклаб кўриб чиқишни талаб қилади.

Қайта қуриш (реконструкция) вақтида уй аҳли Уй-жой кодексига, ШНҚ 1.04.05-06, ҚМЎ 2.08.01-05 «Турар жой бинолари»га амал қилишлари керак, уларда турар жойларни қайта қуриш пайтида нималарга рухсат берилган, нималарга йўл қўйилмаслиги, нималар тақиқланганлиги белгилаб қўйилган.

 

Битимни қонуний деб ҳисоблаш мумкинми?

Қўшнисининг ўзбошимча қайта ўзгартиришлари ҳақиқатда таҳдид солаётган уй аҳли, ширкат ушбу офатни тўхтата олишадими? Тўхтата олишади. Улар судга ариза беришлари, ушбу жараённи назорат қилувчи ваколатли органларга мурожаат қилишлари мумкин. ХУМШ учун аниқ ёзиб қўйилган регламент бўлиши керак. Қонун ҳужжатларига уни ишлаб чиқиш мумкинлигини белгилайдиган меъёр киритилган. ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 15-моддаси ХУМШга кўп квартирали уйда қайта қуриш ва ўзгартиришни келишиб олиш тартибини белгилаш ҳуқуқини берган. Бироқ бунда кўп саволлар юзага келади, хусусан, ушбу тартибни ким белгилайди деган савол? ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддасида белгиланишича, бу – ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг хос ҳуқуқи. Бироқ бунда ширкатнинг ҳуқуқлари қандай бўлади? Ушбу жараёнга у қайси босқичда киришади – бошидами ёки охирида? Эҳтимол, қайта қуриш ва ўзгартиришга рухсатнома олиш учун ҳужжатлар рўйхати ХУМШ аъзоларининг ушбу масала бўйича фикрини ифодалайдиган умумий йиғилишнинг баённомали қарори билан тўлдирилиши керакдир. Ширкат ушбу жараённи назорат қиладиган органлар билан қандай ҳамкорлик қилиши лозим? Афсуски, ушбу муҳим меъёр ишламайди, у фақат қайд этилган, ҳуқуқий жиҳатдан ишлаб чиқилмаган.

Кейинги вақтда уй аҳли турар жой ўзгартирилишини қандай қилиб қонунийлаштириш тўғрисида ўйлай бошладилар. Агар буни қилишмаса, эртами-кечми кўчмас мулк объекти билан боғлиқ операциялар: сотиш, ҳадя қилиш, васият қилиш, айирбошлаш, жойни турар жойдан нотурар жойга ўтказиш ва аксинча қилиш пайтида тўсиқлар вужудга келиши мумкин. Зеро турар жойдаги барча конструктив ўзгартиришлар битимни расмийлаштириш чоғида тақдим этиладиган квартира режасида қайд этилиши, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими (БТИ) маълумотномаси билан тасдиқланиши керак. Квартирани инспектор текширмагунча маълумотнома олиб бўлмайди. У вазиятни кадастр ишининг асл нусхаси билан солиштиради. Агар ўзгартириш ўтказилган бўлса, инспектор иш очиши, уни судга бериши керак, бу ҳол жарима тўлаш ёки ўзгаришларни лойиҳага мувофиқ қайтариб тиклаш талаби билан якун топади.

Бироқ амалда кўпчилик ҳолларда ўзбошимча ўзгартириш турар жой режасида акс эттирилмаган бўлади. Квартирада йўл қўйилган ўзгартиришларни ўз ҳолига қайтариб тиклаш (бундай мисоллар тўғрисида амалда ахборот мавжуд эмас) меъёр эмас, балки қоидалардан истисно холос. Кўпинча масала белгиланган талабларни четлаб ўтиб ҳал этилади. Натижада бундай квартира янги яшовчилар учун муаммога айланади. Квартира хариди чоғида ҳушёр харидор ўзгартиришлар режада қайд этилмаганлигига эътибор қаратиши мумкин. Квартирани сотиб олиб, у келгусида турар жойни тиклаш харажатларига дуч келади. Бу ҳолат нархни тушириш, харидорлар сони камайишида акс этиши мумкин. Шундай савол туғилади: ҳужжатларда турар жойни ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар акс этмаган битимни қонуний деб ҳисоблаш мумкинми?

 

Ўзгартиришни қонунлаштирамиз

Ўзгартиришни қачон қонунлаштирган маъқул: уни ўтказгунгачами ёки ундан кейинми? Агар ўзбошимча қайта қурилган квартира сотиб олинса, нима қилиш керак? Уни қонунлаштириш керакми ёки сотишгача кутиш лозимми?

«Албатта, квартирани ўзгартиришга рухсатномани кейинга қолдирмасдан дарҳол расмийлаштирган яхши, – деб тушунтиради Рустам Шарифов. – Хизматлар нархи, жарималар миқдори ошиши мумкин, бошқа ҳолатлар ўзгариб қолади. Иккала ҳолда ҳам амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар аслини олганда бир хил.

Квартирада ўзгартиришлар қилиб бўлингандан кейин қонунлаштириш вариантини кўриб чиқамиз.

 

1

Лицензияга эга бўлган лойиҳа ташкилотига қилиб бўлинган ўзгартиришни қонунлаштириш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиш лозим. Аризага турар жойга эгалик ҳуқуқини белгилайдиган ҳужжатлар, квартира режаси, паспорт нусхаси, унда яшовчилар сони тўғрисида маълумотномани илова қилиш керак.

 

2

Лойиҳа ташкилоти ходимлари квартирани кўздан кечирадилар ва қилинган ишларнинг техник ва санитария меъёрларига мувофиқлиги хусусида хулоса чиқарадилар. Агар ўзгартириш юзаки (косметик) бўлса ва кишиларнинг ҳаёти, саломатлиги учун таҳдид туғдирмаса, қайтариб тиклаш талаб қилинмаслиги мумкин – бунда мулкдор жарима билан қутулади. Агар қатъий конструктив ўзгартиришлар қилинган бўлса, мутахассисларнинг хулосасига асосан ҳаммасини лойиҳага мувофиқ аввалги ҳолатга келтириш лозим.

 

3

Кўздан кечириш натижалари бўйича лойиҳа ташкилоти туман архитектори, туман ҳокими билан келишув ўтказади, ҳоким уни тиклашга рухсатнома беради.

 

4

Квартира мулкдори лойиҳа ташкилотига турар жойни қайтариб тиклаш бўйича лойиҳага буюртма беради.

 

5

Турар жой эгаси ўз кучлари билан ёки пудратчи ёрдамида ўзгартиришларни қайтариб тиклайди. Лойиҳа ташкилоти ишларнинг бажарилиши устидан муаллифлик назоратини ўтказади. Улар якунланганидан кейин бажарилган ишларнинг лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида далолатнома тузилади.

 

6

Агар сўз бирламчи ўзгартириш тўғрисида борса, у якунланганидан кейин мулкдор квартира режасига ўзгартиришлар киритиш учун БТИга мурожаат қилиши керак.

 

Ана шу механизм ваколатли органларнинг рухсатисиз жой режасини ўзгартиришга йўл қўйган нотурар жой мулкдорларига ҳам татбиқ этилади.

Турли идораларга югурмаслик учун уй аҳли ўзгартиришни умумийлаштириш бўйича хизматларнинг ҳаммасини лицензияга эга бўлган лойиҳа ташкилотига буюртиришлари мумкин. Шу жумладан бизнинг «Лойиҳалаш, экспертиза ва баҳолаш» ШКга ҳам, у уй-жой-фуқаролик ва ишлаб чиқариш мақсадидаги бинолар, иншоотлар қурилиши, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланишига лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

 

 

Вазият

 

ХУМШни банкрот қилса бўладими?

 

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани маҳалла қўмитасида бир неча ХУМШ аъзоларини бошқарувчи компания (БК)ни ёқлашга ундадилар. БК директори, ҳокимлик ва маҳалла вакиллари бор кучлари билан йиғилганларни бундай келишувнинг афзалликларига ишонтирмоқчи бўлишди: «Шартнома тузасиз, хизматларни буюртирасиз – шунда ҳамма ташвишлардан халос бўласиз». Бинобарин яқин орада Ҳамид Олимжон майдонидаги барча баланд қаватли уйларни БК бошқаради деб қўшимча қилдилар.

 

Бу чақирувлар аҳолига унчалик таъсир кўрсатмади шекилли, ҳар ҳолда баъзилар иккиланиб қолишди, бошқалар бепарво бўлди, ғазабланганлар ҳам топилди: «Бизга сизнинг БК керак эмас!» Фақат битта кўп қаватли уйда яшовчилар хурсанд бўлишди: «Биз эса ёқлаймиз!». Бироқ уй хўжалигини БК ёрдамида бошқаришнинг афзал томонларини англамаганликлари учун эмас, азбаройи уларнинг қўл-оёқларини боғлаб турган бир талай муаммолардан халос бўлиш истагида шундай дейишди. «Мана шу бош оғриғини энди бошқарувчилар ҳал қилаверишсин!» – хурсанд бўлишди улар.

Уларнинг ширкатидаги вазият жуда ёмон эди. Ширкатнинг боши суддан чиқмасди. Ҳисобрақамда пул йўқ. Суднинг етказиб берувчиларга 30 млн сўм тўлаш кераклиги ҳақидаги ҳал қилув қарорлари ярим йилдан бери низолашиб келинарди. Нотурар жой мулкдори билан боғлиқ муаммолар тугуни кўп йиллардан бери ечилмай келарди. Ушбу мулкдор кўп йиллардан бери бадаллар тўламас, ширкатдан бир неча миллион сўм қарздор эди, уй ичидаги коммуникацияларга ноқонуний тарзда уланиб олганди. Бунинг устига, ХУМШнинг бадал тўлаш бўйича талабига жавобан барча инстанцияларга шикоятларни ёғдирарди. Суднинг унга доир ҳал қилув қарорлари бажарилмас эди.

Ана шу ХУМШ раиси ўз лавозимидан қандай қилиб халос бўлишни билолмай юрарди. Бош оғриғини БК зиммасига юклаш мумкинлигидан хурсанд бўлди. Бинобарин, компанияда кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиш тажрибаси бор-йўқлиги, хизматлар қанча туриши, улкан кредиторлик қарзига эга бўлган ширкат уларни тўлай олиш-олмаслиги масаласи ҳеч кимни қизиқтирмасди. Хайриятки, учрашувга кутилмаганда келиб қолган бошқарув аъзоси шу масалани кўтариб қолди. Жўяли саволга БК директори чўрт кесиб жавоб берди: «Ҳеч қўрқинчли жойи йўқ, биз сизни... банкрот қиламиз. Қарзлар бўлмайди, ишни «оқ варақ»дан бошлаймиз...». Бу гап уй аҳлининг кўнглини кўтариб юборди ва айни вақтда ХУМШ аъзоларининг ҳам, ташвиқот компанияси ташаббускорларининг ҳам бутунлай ҳуқуқий саводсиз эканликларини намойиш этди.

Ахир ўз ихтиёрини биринчи дуч келган БКга топширишга тайёр турган ХУМШ аъзолари ҳатто ўз пулларини кимга топшираётганларини ўйлаб ҳам кўрмадилар. Улар яқиндагина тасодифий кишилар лифтларга хизмат кўрсатганлик учун уч баравар пул ундирганлигини унутдилар. Мукаммал таъмирлаш учун олинган кредит аслини олганда кейин ном-нишонсиз йўқолган ташкилот томонидан сифатсиз бажарилган ишлар туфайли ҳавога учирилган. Яна эски ҳаммом, эски тос...

ХУМШни тугатиш учун ўта жиддий вазият юзага келган бўлиши керак. ХУМШнинг пойтахт уюшмасидан бизга хабар беришларича, ширкатлар фаолиятининг тажрибасида бу жуда кам учрайди ва кўпинча суд тартибида бўлади. Агар тўлов тўламаганларнинг бирортаси ширкатни тугатиш – бу йиллар давомида йиғилиб қолган мажбурий бадаллар бўйича қарздорликдан ёки салмоқли кредиторлик қарзидан қутулишнинг осон йўли деб ўйласа катта хато қилади. ХУМШнинг Тахминий устави 13.7-бандида ширкатни тугатиш учун асослар юзага келган тақдирда ХУМШ аъзолари таркибидаги тугатиш комиссияси тузилиши, у барча кредиторлар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириши ва ширкатни рўйхатдан ўтказган органни хабардор қилиши лозимлиги назарда тутилган.

ХУМШ бошқаруви аъзосининг маълум қилишича, йиғилиш ўтказилганидан кейин икки-уч кун ўтгач ҳокимликда ҳам, маҳалла қўмитасида ҳам унга БК директорининг фамилияси, ҳатто аҳолини унга тарғиб қилишган компания номининг ўзини айта олишмаган.

Албатта, кўп квартирали турар жой фондини бошқаришда бошқарувчи компанияга катта аҳамият берилади. Бироқ бунда ширкат турли хил қаллобликларнинг қурбонига ҳам айланиб қолмаслиги керак. Ўз уйларига қай тарзда хизмат кўрсатилиши кераклиги тўғрисидаги сўнгги қарорни ХУМШ аъзолари чиқаришлари керак. Умумий мол-мулкни бошқаришни тижорат тузилмаларига юклашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Умуман олганда, қонунчиликка биноан бошқарувчи компанияни ширкат танлов асосида танлаши лозим. Маҳалла ва ҳокимлик профессионал БК ёрдамида уйга хизмат кўрсатишнинг афзалликларини тушунтиришда катта роль ўйнашлари мумкин. Бироқ бу қатъий маъмуриятчиликка айланиб кетмаслиги жуда муҳим. ХУМШ бошқаруви ва аъзолари бошқарувчи компанияларни танлашда янада кўпроқ мулоҳазали бўлишлари керак. Бунда улар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам билишлари шарт.

 

 

Таҳририят почтасидан

 

Тўлайликми ёки йўқми?

 

3 йил давомида «Евгения Коммунал» ширкатимиз умуман ишламади. 2015 йил охирида уй аҳли 2013–2015 йиллардаги давр учун коммунал хизматлар ҳақини тўлаш кераклиги, акс ҳолда қарз суд тартибида ундирилиши ҳақида билдиришнома олдилар. Бир неча ой аввал эса уй эшигида худди шу огоҳлантириш билан қарздорларнинг рўйхати пайдо бўлди.

Уй аҳлининг кўпчилиги бунга эътибор бермади, чунки илгари кимга тўлашни билмаётган эдик. Ҳозир эса катта миқдордаги қарз юзага келган. Қўшнимнинг айтишича, бизга янги ХУМШ раиси тайинланибди, буни унинг ўзи айтибди. Лекин уни ким ва қачон тайинлагани маълум эмас.

Билишимча, ХУМШ ишини ташкил этиш ҳақидаги низомга кўра раис уйда яшовчиларнинг умумий йиғилишида сайланади, яшовчилар билан жамоа ёки якка тартибдаги шартнома, жорий йилга смета тузилади. Буларнинг ҳеч бири қилинмаган. Ўша пайтдан буён 8 ой ўтди, бироқ шу пайтгача раис уй аҳли билан бирон марта расман учрашмади, ишлар режасини муҳокама қилмади, ваҳоланки бу унинг зиммасидаги мажбуриятдир.

Айни шу киши раис бўлишига қарши эмасмиз (зеро ушбу серғалва лавозимни эгалламоқчи бўлганлар кўп эмас), қарзни тўлашдан ҳам бош тортмаяпмиз – кўпчилик уни тўлаб ҳам бўлди. Бизга нотаниш бўлган киши ўрнимизга барча қарорларни қабул қилишини истамаяпмиз. Ширкат деярли фаолият юритмаган 3 йил учун қарзни тўлашни талаб қилиши қанчалик тўғри? Раиснинг тайинлангани қонунийми? Пулларимиз нимага сарфланаяпти? Қонун ҳужжатларига мувофиқ қандай иш тутишимиз кераклигини тушунтириб берсангиз.

Н.Денисенко.

 

– Аввало хатолар устида ишлаймиз. Уй аҳли ширкатга коммунал хизматлар ҳақини эмас, умумий мулкни тутиб туришга ойлик бадалларни тўлайдилар. ХУМШ ишини ташкил этиш ҳақида низом деган ҳужжат мавжуд эмас. Ширкат ўз фаолиятида қўллайдиган асосий ҳужжатлар Уй-жой кодекси, ХУМШ тўғрисидаги Қонун, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг намунавий устави (ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон қарорига 1-илова) ҳисобланади. Ширкат хусусий уй-жой мулкдорлари билан жамоа ёки якка тартибдаги шартномаларни тузмайди. Қонун ҳужжатларида фақат яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари билан шартномалар тузилиши назарда тутилган (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 6-моддаси). ХУМШ ва унинг аъзолари ўртасидаги умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ ўзаро муносабатлар ХУМШ тўғрисидаги қонун ҳамда ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарорлари билан тартибга солинади (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 30-моддаси).

3 йил давомида ХУМШ «умуман» ва «деярли» ишламагани кишини таажжубга солади. «Умуман» дегани буткул ишламади дегани. «Деярли» дегани эса кам ишлаганидан далолат беради. Яъни ҳали ундан умид бор. Шу сабабли раисга даъво билдиришдан олдин 3 йил давомида ширкат бирон-бир иш қилган-қилмаганини аниқлаб олиш зарур. Бунинг учун тафтиш комиссияси ушбу даврдаги ХУМШ фаолиятини текшириб, унинг натижаларига кўра бу давр учун бадалларни тўлаш ёки тўламаслик ҳақида хулоса чиқариши керак.

Тафтишчилар навбатдан ташқари умумий йиғилиш чақирилишини талаб қилишга ҳақлилар, унда текширув натижаларини тақдим этадилар, ХУМШ аъзолари эса кўпчилик овоз билан улар бўйича қарор қабул қилишлари керак. Ширкат аъзолари ҳам раис ёки бошқарув муайян даврда қилинган ишлар ҳақида ҳисобот беришини талаб қилиб навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақириш ташаббуси билан чиқишлари мумкин. Бунинг учун улар ХУМШда камида 10% овозга эга бўлишлари керак (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 20-моддаси).

Бироқ бу вазиятда уйда яшовчиларга ҳам савол туғилади. Агар ширкат тугатилмаган, уй аҳли ХУМШ таркибидан чиқиши ҳақида умумий йиғилишнинг қарори чиқарилмаган бўлса, демак, у юридик жиҳатдан фаолият юритувчи ширкат ҳисобланган, турар жой мулкдорлари унинг аъзоси деб ҳисобланишда давом этганлар. Ҳаммасини тақдир измига ташлаб, 3 йил давомида уйга кимдир хизмат кўрсатиши ҳақида ҳеч ким қайғурмаганлигида ким айбдор? Раис бўлмаган бўлса – йиғилиш ўтказиб, уни сайлаш керак эди. Бу ишлар қилинмаса бегона кишилар пайдо бўлади. Бу йиллар давомида ХУМШнинг кредиторлик қарзи ошиб боргани аниқ. Агар ширкат аъзолари шунча йил бадал тўламаган бўлсалар, муддати ўтган кредитлар ҳам тўпланиб қолган. Энди уларни ким тўлаши керак?

ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг ­26-моддасига мувофиқ, ХУМШ бошқаруви раиси умумий йиғилиш томонидан ширкат аъзолари орасидан сайланади. Яъни у сизга қўшни бўлиши, ХУМШга бирлашган уйлардан бирида яшаши керак. Ижрочи директорни эса бошқарув тайинлайди, бироқ уни ҳам умумий йиғилиш тасдиқлайди.

Бошқарув раиси ва бошқарувчи (ижрочи директор) ХУМШ аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этмаган тақдирда, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг бошқарув раисини чақириб олиш ҳамда бошқарувчини (ижрочи директорни) лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги таклифларини, шунингдек ана шу лавозимларга номзодлар бўйича тавсияларини кўриб чиқиш умумий йиғилишнинг ваколатларига киришини ХУМШ аъзолари билишлари керак (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддаси).

 

 

Фойдали ахборот

 

Тарифлар ўзгаради

 

1 октябрдан янги тарифлар белгиланади:

иссиқ сув ва иситиш тизимига

Аҳоли учун иссиқ сув таъминотига янги тариф ҳисобга олиш асбоби мавжудлигида бир кубометр сув киши бошига бир ойда 3 736,92 сўмни (ҳозир – 3 459,9 сўм) ва ҳисоблагичсиз ҳақ тўлаганда 14 593,56 сўмни (ҳозир – 13 511,73 сўм) (умумий душхоналари бўлган ётоқхоналарда – киши бошига 10 856,2 сўм, ҳозир – 10 051,42 сўм) ташкил этади.

Марказий иситишга тариф иситиш майдонининг бир квадрат метри учун 1 169,7 сўмдан 1 263,35 сўмга оширилади.

 

газ

Ҳисоблагич мавжуд бўлганда 10 кубометр табиий газ нархи ҳозирги 2 260 сўм ўрнига 2 461,2 сўмни ташкил қилади.

Ҳисоблагич мавжуд бўлмаганда овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун фойдаланиладиган 10 кубометр газ учун 4 225,9 сўм (ҳозир – 3 908,3 сўм), иситиш учун эса – 1 973,7 сўм (ҳозир – 1 812,5 сўм) тўлашга тўғри келади.

 

совуқ сувга

Аҳоли учун бир кубометр водопровод сувининг қиймати 170 сўмдан 180 сўмга (1,5 коэффициенти – 270 сўм билан) оширилади, канализация хизматлари ҳақи эса илгари белгиланган 110 сўм ўрнига 115 сўм бўлади.

Хусусий сектор уйларида бир кубометр сув тарифи канализацияли уйларда 280 сўмдан 295 сўмга, канализациясиз уйларда эса 170 сўмдан 180 сўмга оширилди.

 

электр энергиясига

Аҳолига бериладиган 1 кВт-соат электр энергиясининг қиймати 182 сўмдан 191 сўмга; электр плиталари билан жиҳозланган турар жойлар аҳолиси учун 91 сўмдан 95,5 сўмга оширилди.

 

Манба: «Вечерний Ташкент»

14.09.2016 йилдаги 193 (13 256)-сон.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради. Муаллиф олган суратлар.

Прочитано: 2083 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика