Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 37 / Жиноятга жазо муқаррар

Ишончга асосланган хавфли ўйин

 

Вилоят маркази йўлларидаги баннерлар, шаҳар маъмуриятининг кириш залидаги, тиббиёт муассасалари йўлакларидаги, бозорлардаги плакатлар одам савдоси билан шуғулланувчиларнинг қурбони бўлиш хавфидан огоҳ этади. Бироқ, шифокор ёки амалдор ҳузурига кириш учун навбатда турган кишилар ана шу огоҳлантиришларга эътибор қаратганликларини сира кўрмадим. Бу нима – она сути билан кирган бепарволикми? Йўқ, албатта. Бу фуқароларимизда одамфурушлар қармоғига кимдир илинар, лекин мен эмас деган фикрнинг ўрнашиб қолганлиги аломатидир. Бунинг устига замонавий қулфурушнинг қурбонига айланган кишиларимиз билан бундай воқеалар хорижда юз беряпти-да. Одамфурушлик Ўзбекистонда бўлиши эса миямизга сиғмайдиган ҳол. Бироқ, айтишади-ку, баъзан таёқ ҳам милтиққа айланиб қолиши мумкин…

 

Биринчи воқеа

Навоийдаги дала ҳовлиларнинг қурилиши шаҳардаги турар жойлардан ҳеч ҳам фарқланмай қолди. Илгари дала ҳовли деганда шаҳарликлар дам олиш кунларида келадиган жой тушуниларди, ҳозир ундай эмас. Бугунги дала ҳовлилар кишилар йиллаб яшайдиган одатдаги уй-жой даҳасидан фарқланмайди. Айтмоқчи, навоийлик кўп пенсионерлар худди шундай қилишяпти ҳам. Мулк ҳуқуқини сақлаган ҳолда улар квартираларини фарзандлари, набираларига қолдириб, ўзлари дала ҳовлиларга кўчишяпти. Водопровод, газ, электр бор. Биргина ноқулайлик – ҳожатхона ҳовлида жойлашган – бунга чидаса бўлади.

Агар дала ҳовли участкаларига прописка қилишга ижозат берилса, маҳаллий уй-жой бозорида уларнинг қиймати томорқали уй-жойларнинг нархлари билан тенглашиб қоларди.

Бироқ, бу камчиликнинг катта ютуқли жиҳати ҳам бор экан. Кўчиб келувчилар дала ҳовлиларни сотиб оладилар, хилма-хил йўллар билан шаҳарга, масалан, ётоқхонага пропискадан ўтиб оладилар, дала ҳовлида тинч-осойишта яшаб, шаҳарда ишлайдилар.

Ана шу тарзда Самарқанд вилоятидан кўчиб келган Марям Ҳайитова1 навоийлик бўлиб қолди. Қўшнилари уни оқкўнгил ва меҳрибон аёл деб билишарди. Ёши ўтинқираб қолган ана шу «оқкўнгил ва меҳрибон» хоним кўпчиликка ўзининг икки нафар мўмина ва меҳнаткаш жиянлари туфайли яхши таниш. Улар қўшниларнинг полизларида эгатларга қарашар ва рўзғорларга кўмаклашардилар. «Хотиржам» ҳаёт бир йилдан кўпроқ давом этиб, «меҳрибон хола» «жиянлари» – Навоийга пул топиш учун келган қизлардан паспортларини олиб қўйганлиги, уйда ва бошқа кишиларнинг уйларида ишлашга мажбур этганлиги, бунинг устига фоҳишалик қилишга ундаганлиги маълум бўлиб қолди.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди одамфуруш ва қўшмачи аёл ишига тўғри баҳо бериб, уни 6 ярим йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм чиқарди.

 

Иккинчи воқеа

Албатта, бизнинг воқелигимизда бундай ҳодисалар деярли учрамайди дейиш мумкин. Бироқ бу муаммо борлигидан кўз ҳам юмиб бўлмайди, зеро ватандошларимиз ҳақиқатан ҳам хорижда одам савдоси қурбонига айланган ҳоллар учрайди. Хусусан, судларнинг одамфурушлик бўйича ишлар билан тўлаётган архивлари шундан далолат беради. Бунинг устига ушбу ишлардаги айбдорлар хориждан келадиган қандайдир ёлловчилар эмас, балки одам савдосини ўзига бизнес-фаолият қилиб белгилаб олган ўзимизнинг атрофимиздаги фуқаролардир.

Икки норасида боланинг онаси бўлган Муҳаббат Акромова аввал ҳам жиноят содир этгани учун судланган эди. Ўз вақтида у қалбаки ҳужжатлар билан Қозоғистонга борган. У ердан Қирғизистонга ўтган ва Бишкекдан Дубайга учган. Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида у фоҳишалик билан шуғулланган. Уйга қайтгач, ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг эътибор марказига тушди. Чегарадан ноқонуний тарзда ўтгани учун у жиноий жавобгарликка тортилди ва суд қилинди. Бироқ ўшанда, 2012 йилда у жазодан осон қутулди, чунки амнистияга тушганди.

Хориж тажрибасини ўзлаштириб ва у ердаги тартиб-қоидаларни ўзида синаб, у «қиёфа»сини ўзгартиришга, фоҳишаликдан одамфурушликка ўтишга қарор қилди. Ишга дугоналари Наргиза Усмонова ва Азиза Юсуповани жалб этди. Терговда аниқланишича, 3 йил мобайнида жиноятчи-дугоналар Акромова ишлаб чиққан Ўзбекистон–Қозоғистон–Қирғизистон йўналиши бўйича Уммон ва БААга Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидан 10 нафар қизни жўнатди, бу ерда улар фоҳишахоналарга сотилди.

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди учала айбдорни ЖКнинг 135-«Одам савдоси» (жазонинг энг юқори муддати – 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) ва 223-«Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш» (жазонинг энг юқори муддати – 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) моддалари бўйича айбдор деб топди. Усмонова ва Юсупова қамоқда 7,5 йил, Акромова эса 5,5 йил бўлади.

 

Учинчи воқеа

Одамфурушлар руҳшунос сифатида қанчалик уддабурон эканликларини айтиш қийин, бироқ алдаш технологияси қандайдир алоҳида жиҳатлари билан ажралиб турмайди. Мияларни чалғитиб, кишиларни хорижга ишлаш учун боришга мойил қилиш учун мақсадли аудитория – одатда танишлар ва танишларнинг танишлари қидириб топилади. Бунда эътибор ишонч ва муваффақиятни намойиш этишга қаратилади.

Акромованинг фоҳишалик бўйича ҳамкасби, вилоят марказида яшовчи Анора Аюпова Дубайда 4 йил қолиб кетди. Уйга қайтгач, бадавлат кишиларникида беморларга қараб ўтирганлиги ва кўп пул топиш имкониятига эга бўлганлигини айтиб берди. Хорижда мўмай пул топиш бўйича рекламани ўзининг мисолида келтиргани ишончли чиқди. Анорага қулоқ солишди, унга ишонишди. Агар у харид қилган қимматбаҳо юмшоқ мебель, сотиб олинган автомобиль, ялтиллатиб таъмирланган квартирани намойиш қилиб турса, ким ҳам ишонмайди дейсиз. Анора ўз ­аудиториясидагилар учун Амирликларда ҳам, Туркияда ҳам касалларга қаровчи, оқсоч, официантка бўлиб ишлашда ёрдам бера оладиган «содда ва шинаванда» қиз бўлиб кўринади. 2 йил ичида у БААга 12 қиз-жувонни чиқариб юборган.

 

Сўз охирида

Шуни айтиш жоизки, бундай «меҳрибонлар» исталган маҳалла, исталган мавзеда учраб қолиши мумкин. Навоий вилоятининг ИИБ ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Мирзаевнинг айтишича, яқинда нафақат одамфуруш Лейла Аҳмедовани фош этишга, балки Бишкекдан у Туркияда касаначи бўлиб ишлашни ваъда қилган навоийлик қизлар гуруҳини қайтаришга ҳам муваффақ бўлинди.

8 йил аввал «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган эди. Ўшанда давлат раҳбарининг қарори2 чиқди, унга асосан мамлакатда Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ишлай бошлади. Ушбу ҳужжатлар асосида шакллантирилган ҳуқуқий механизмлар ва кўрилган чоралар бундай жиноий «касб»ни барҳам топтиришга қаратилган тезкор қидирув ва профилактика тадбирларини тизимлаштириш имконини берди.

Бироқ мазкур ишда битта жуда муҳим жиҳатни ажратиб кўрсатиш керак. Масалани ғоятда хилма-хил давраларда меҳнат жамоалари ва ўқув юртлари синфларида, маҳаллаларда муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Жорий йилда, масалан, Идоралараро комиссиянинг қарорига кўра «Одам савдоси – замонамиз муаммоси» лойиҳаси амал қилди, унга кўра муассасаларда маънавият соатлари ёки махсус йиғилишларда ушбу мавзу батафсил муҳокама қилиняпти.

Бироқ негадир ушбу ишда одам савдосининг қурбонлари эътибор марказидан четда қоляпти. Тошкентда қулфурушларнинг ҳаракатларидан азият чекканлар учун реабилитация маркази ишлаяпти. Ҳозир у ерда Навоий вилоятидан 14 киши бор, улар соғломлаштириш ва тиклаш таомиллари курсларини ўтаяптилар. Айни шу кишилар одам савдоси муаммоси муҳокама қилинадиган йиғилиш ва учрашувларда асосий маърузачи бўлишлари керак. Улар ўзларининг шахсий тажрибаларида васвасага тушиш ва хатога йўл қўйиш «баҳоси»ни билиб олдилар. Айнан улар қалбда муҳрланадиган оғриқли хотиралардан сўзлаб беришлари мумкин.

 

Амир Маҳмудов,

мухбиримиз.

Навоий шаҳри.

 


1Барча исм ва фамилиялар ўзгартирилган. Ҳар қандай мос тушишлар тасодифийдир.

2Президентнинг «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (8.07.2008 йилдаги ПҚ-911-сон).

Прочитано: 1570 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика