Norma.uz

Қарздан фақат уни тўлаб қутуласиз

 

Ишнинг моҳияти

АЖ (ижарага берувчи) ва хусусий корхона (ижарачи) 2015 йил январида нотурар жойни офис учун 10 ойга 20 млн сўмга ижарага бериш шартномасини туздилар. Шартномага кўра ижарачи ўтган ойдан кейинги ойнинг 5-кунидан кечиктирмай ижарага берувчи томонидан алоҳида тақдим этиладиган счётлар асосида ижара ҳақини киритиш ва коммунал хизматларга ҳақ тўлаш мажбуриятини олган. Ижарага берувчи жойни ижарачига бериши ва ундан бир маромда фойдаланиш учун зарур шароитларни яратиб бериши керак эди.

2015 йил августда тарафлар шартномани 1.09.2015 йилдан ўзаро келишув бўйича бекор қилишга қарор қилишди. Сентябрда эса ижарага берувчи ижарачига 2015 йил июль-августи учун 5 млн сўмлик ижара ҳақини тўлаш даъвоси билан мурожаат қилди. Бироқ рад жавоби олди. Ижарачининг фикрига кўра, шартномани бекор қилиш қарзни сўндириш мажбуриятини бекор қилади.

Унинг важ-далилларига қўшилмаган ижарага берувчи 2015 йил сентябрида хўжалик судига қарз суммаси: 5 млн сўм асосий қарз, ижара ҳақини тўлашни кечиктирганлик учун 2 млн сўм пеня, 130 240 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисидаги даъво билан мурожаат қилди.

 

Ижарага берувчининг позицияси

– 2015 йил августида тарафларнинг келишувига кўра шартномани бекор қилдик, чунки ижарачи ҳақ тўламай қўйди ва бошқа ижарачи топдик. Шартномага ва Фуқаролик кодексининг 333-моддасига кўра ижарачи кўрсатилган ойлар учун, шартнома бекор қилинишига қарамай, ижара ҳақи ва коммунал хизматлар истеъмоли учун ҳақ тўлаши шарт. Шартноманинг 13.4-бандида назарда тутилишича, ижара тўловларини кечиктирганлик учун кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,5%, бироқ шартнома умумий суммасининг 10%идан кўп бўлмаган миқдорида пеня тарзидаги неустойка ундирилади. Шу сабабли биз суддан жавобгардан пеня ҳамда суд харажатларини ундиришни сўраймиз.

 

 

Ижарачининг позицияси

– Биз суддан даъвогар олдидаги мажбуриятларимиз тарафларнинг келишувига кўра шартнома муддатидан аввал бекор қилиниши боис АЖнинг даъвосини рад этишни сўрадик. ФК 385-моддасининг ­2-қисмига кўра шартнома бекор қилинганида тарафларнинг мажбуриятлари бекор бўлади. Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги келишувда қарзни сўндириш ва коммунал хизматлар учун тўлов тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган, шу сабабли суддан даъвони рад этишини сўраймиз.

 

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, ижарага берувчининг судга қарз суммаси: 5 млн сўм асосий қарз, ижара ҳақини тўлашни кечиктирганлик учун 2 млн сўм пеня, 130 240 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилишига сабаб бўлган юқорида баён этилган далилларни тўғри деб топди.

ФКнинг 236, 260-262, 333, 385-моддаларига асосланиб, биринчи инстанция суди даъво талабларини тўлиқ қондирди. Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу қарорни ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Юристнинг шарҳи

ФКнинг 236-моддасига кўра мажбуриятлар шартнома шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. ФК 385-моддасининг 2-қисмига мувофиқ шартнома бекор қилинганида тарафларнинг мажбуриятлари бекор бўлади. Ушбу модда 3-қисмининг мазмунидан келиб чиқишича, шартнома бекор қилинган тақдирда, агар келишувдан бошқача тартиб англашилмаса, тарафлар шартномани бекор қилишга келишган пайтдан бошлаб мажбуриятлар бекор қилинган ҳисобланади.

Иш материалларидан келиб чиқадики, шартнома бекор қилинган пайтигача тарафлар ўртасидаги мажбуриятлар бекор қилинишидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлмаган. Бинобарин, шартномага амал қилиш муддати уни бекор қилиш пайтига келиб тугамаган.

Шу тариқа, жавобгар даъвогарга ижара ҳақи бўйича қарз суммаси ва шартнома бекор қилинишига қадар амалда истеъмол қилинган коммунал хизматлар ҳақини тўлаши шарт. Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги келишувда бошқача қоида назарда тутилмагани боис, уни бекор қилиш далилининг ўзи мазкур мажбуриятни бекор қилмайди ва ижарачи томонидан унинг шартларини бузганлиги муносабати билан жавобгарлик чораларини қўллаш имкониятини истисно этмайди. Ижара шартномасини бекор қилиш мажбуриятларни келгуси даврда бекор қилишга олиб келади ва ижарага берувчини ижарачидан уни бекор қилиш пайтигача ҳосил бўлган асосий қарз суммасини талаб қилиш ва ижарачи шартнома шартларини бажармаганлиги муносабати билан неустойка ундириш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради (ФК 333-моддасининг ­1-қисми). Ишнинг моҳиятидан келиб чиқишича (13.4-банд), ижара ҳақини тўлашни кечиктирганлик учун кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,5% миқдорида, бироқ шартнома умумий суммасининг 10%идан кўп бўлмаган пеня тарзида неустойка ундириш назарда тутилган. Пеня миқдори бугунги кунда 2 млн сўмни ташкил қилади, бу ҳисоб-китоб билан тасдиқланган ва суд томонидан ҳисоблаб чиқаришнинг асосланганлиги ва тўғрилиги бобида текширилган. Шу боис ижарага берувчининг пеня ундириш талаби шартнома ва қонун ҳужжатларига асосланган.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш тўғрисида тўғри қарор қабул қилган.

Агар ижарачи судгача бўлган тартибда ижара шартномасини бекор қилиш пайтида ижарага берувчи билан ижара ва коммунал хизматлар учун ҳақни бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида келишувга келганда эди, унга неустойка ва суд харажатларини тўлашга тўғри келмас эди. Ижарага берувчи бўлиб-бўлиб тўлашни рад этган тақдирда, ижарачи ижарага берувчи билан воз кечиш ҳақи тўғрисида келишиб олиши, мажбуриятни таъминлаш чораларидан фойдаланиши, хусусан, кафиллик ёки гаров шартномасини тузиши, қарз олиши ёки ижарага берувчининг розилиги билан қарзни учинчи шахсларга ўтказиши мумкин эди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1302 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика