Norma.uz

Агар пенсионер директор бўлса

 

Мутахассис тушунтиради

 

Агар пенсионер директор бўлса

 

Пенсия ёшига етиш деганда доим ҳам ҳақли равишда ҳордиққа чиқиш тушунилмайди. Иқтисодиётнинг барча соҳаларида пенсияни расмийлаштириб улгурган мутахассислар ишламоқда. Ҳатто уларнинг кўпчилиги раҳбарлик лавозимларини эгаллаган. Ишловчи пенсионерлар билан ташкилот, Пенсия жамғармаси ўртасидаги муносабатларда чалкаш ҳолатлар юзага келиб туради.

 

Ҳамма сингари эмас

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, ишловчи пенсионерларга пенсиянинг 50%и тўланади. Ушбу меъёр барча ишловчи пенсионерларга татбиқ этилмайди1. Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра, қуйидагиларга 100 фоиз пенсия тўланади:

а) уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар2;

б) Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт орқасида ишлаган шахслар;

в) I ва II гуруҳ ногиронлари;

г) Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқаролар;

д) фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раислари;

е) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи пенсионер аёллар – ёшга доир пенсияни олганда;

ж) 2014 йил 1 январидан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тарздаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан (1.09.2015 йилдан – 254 730 сўм) паст даромад (гонорар, мукофот ва бошқалар) оладиган пенсионерлар.

Қолган барча ишловчи пенсионерларга уларга тайинланган пенсиянинг 50% миқдорида пенсия тўланади.

 


1«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 53-моддаси; Президентнинг «Ишлаётган пенсионерларга пенсия тўлаш тўғрисида»ги (20.11.1995 йилдаги ПФ-1289-сон), «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги (23.04.1998 йилдаги ПФ-1990-сон), «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи аёлларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (7.12.2004 йилдаги ПФ-3521-сон) фармонлари.

2Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) 1, 2-иловалар.

 

 

Ташкилот муассиси пенсионер бўлганда

Қолган ишловчи пенсионерлар сирасига ташкилотларнинг муассислари ҳам киради. Бунда ҳам ҳаммаси биринчи навбатда тадбиркорлик субъектининг мулкчилик шаклига боғлиқ. Булар хусусий корхоналар, масъулияти чекланган жамиятлар ва акциядорлик жамиятлари бўлиши мумкин.

Ҳар бир ҳолатни кўриб чиқамиз.

1. «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, хусусий корхона мулкдори уни раҳбар сифатида якка бошқаради, унинг номидан ишончномасиз иш кўради, хусусий корхонанинг пул маблағларини ҳамда бошқа мол-мулкини тасарруф этади, шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади, банкларда ҳисобварақлар очади, штатларни тасдиқлайди, буйруқлар чиқаради ва ҳ.к. Тегишинча, хусусий корхона мулкдори бўлган пенсионер унинг бевосита раҳбари сифатида ишловчи пенсионер деб ҳисобланади ва иш жойида 50% миқдорида пенсия олади.

2. Маълумки, масъулияти чекланган жамиятда жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи ёки коллегиал ижро этувчи органи ташкил этилади («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 39, 40-моддалари). Биринчи ҳолатда умумий йиғилиш томонидан директор, иккинчисида – бошқарув, дирекция ва бошқалар сайланади.

Агар жамият иштирокчиси – пенсионер директор ёки коллегиал ижро этувчи орган аъзоси этиб сайланса, унга ишловчи пенсионер деб баҳо берилади, чунки зиммасига юкланган мажбуриятлар учун у меҳнат ҳақи деб қараладиган ҳақ олади.

Жамият иштирокчиси жамиятнинг ижро этувчи органи таркибига кирмайдиган (жамият муассиси ҳисобланадиган) қолган ҳолларда у ишловчи пенсионер деб ҳисобланмайди ва яшаш жойидан 100% пенсия олишга ҳақли бўлади.

3. Акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи акциядорлик жамиятининг бошқарув органларидир («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 57-моддаси).

Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра кузатув кенгашининг аъзоларига ҳақ тўланиши ва (ёки) ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларининг ўрни қопланиши мумкин. Бундай тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга тенглаштирилади (Солиқ кодексининг 172-моддаси 2-қисми).

Жамиятнинг ижроия органи – директор ёки унинг бошқаруви жамият фаолиятига раҳбарлик қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, ижроия органи аъзолари бўлган пенсионер акциядорлар ишловчи пенсионерларга киради. Кузатув кенгаши аъзолари эса зиммаларига юклатилган вазифаларни бажарганлик учун ҳақ олган тақдирда ишловчи пенсионер деб ҳисобланадилар.

Қолган акциядор пенсионерлар ишловчи пенсионер деб ҳисобланмайдилар, уларга яшаш жойларидан пенсия 100 фоиз миқдорда тўланади.

 

Пенсия тўловлари

Ишловчи пенсионерлар иш жойидан пенсия оладилар. Пенсионернинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан бериладиган Ф-25 топшириқномаси бунга асос бўлиб ҳисобланади.

Топшириқномада қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

а) вилоят, шаҳар, туман, топшириқномани жўнатувчи Пенсия жамғармаси бўлимининг номи ҳамда ташкилотнинг номи ва манзили;

б) пенсионернинг фамилияси, исми, отасининг исми ва оладиган пенсия тури;

в) пенсия миқдори;

г) иш жойидан пенсия тўловининг амалга оширилиши зарур бўлган санаси.

У бўлим бошлиғи ва бош бухгалтер имзоси билан тасдиқланиб, рўйхатдан ўтказилади ва ташкилот вакили ёки пенсионерга тилхат билан берилади.

Топшириқноманинг қолган устунлари пенсионер ишлайдиган ташкилотнинг ижтимоий суғурта бўйича комиссияси ва маъмурияти томонидан тўлдирилади.

Қайта ҳисоблаш натижасида пенсия миқдори ўзгарганда, Пенсия жамғармасининг бўлими топшириқноманинг орқа тарафига янги пенсия миқдори бўйича белги киритади.

Пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтишда ҳамда пенсия тўлови шартлари ўзгарганда (масалан, ногиронлик гуруҳи ўзгариши билан боғлиқ), Пенсия жамғармасининг бўлими ташкилотнинг хабарномасига кўра олдинги топшириқномага янгисини тақдим қилади.

Юридик шахсларнинг харажатларини тўлашга Пенсия жамғармасидан маблағларни олиш учун ташкилотлар ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунига қадар муддатда Пенсия жамғармаси бўлимларига ойлик талабномаларни тақдим этадилар (АВ томонидан 9.09.2011 йилда 2262-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ягона ижтимоий тўловни тақсимлаш, шунингдек харажатларни қоплаш бўйича суммаларнинг тўланишини ва юридик шахсларнинг давлат ижтимоий суғуртаси харажатлари бўйича тўловларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 4-илова).

Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб харажатларни тўлашга Пенсия жамғармасидан маблағларни олиш учун талабномаларни электрон кўринишда тақдим этиш имконияти пайдо бўлди. Бунда талабноманинг электрон шакли қоғоз ташувчида тақдим этиладиганидан фарқ қилади, бироқ келгусида белгиланган тартибда унинг ягона шакли тасдиқланади.

Пенсияларни тўлаш учун олинган маблағлар қаттиқ назорат остига олиниши шарт ҳамда фақат талабномада назарда тутилган мақсадларга ишлатилиши мумкин. Ҳисоб-китобларда зарур суммалар қасддан бузиб кўрсатилишига ва бошқа мақсадда фойдаланилишига йўл қўйган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тўлов интизомига риоя этмаганлик учун шахсан жавобгар бўладилар.

 

Дилшод Султонов,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижрочи директори.

 

Маълумот учун!

Пенсионернинг иш куни ДАВОМИЙЛИГИДАН қатъи назар, пенсиянинг 50%и ТЎЛАНАДИ.

 

Эълон

КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ
БУХГАЛТЕРЛАРИ ДИҚҚАТИГА!

 

«Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан маблағларни олиш учун электрон талабнома бериш» интерактив хизматини такомиллаштиришда фаол қатнашганликлари ва унга доир таклифлар берганликлари учун корхоналар ва ташкилотлар бухгалтерларига миннатдорчилик билдирамиз. Электрон талабнома бериш хизматидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси сайтининг (my.soliq.uz) «Шахсий кабинет» бўлимида фойдаланиш мумкин.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан маблағларни олиш учун электрон талабномаларни бериш интерактив хизмати айни пайтда янгиланган ва сентябрь ойида тест режимида ишлайди.

Тест режимида электрон талабномалар бериш даврида маблағ билан ўз вақтида таъминламаслик ҳолларининг олдини олиш учун бир вақтнинг ўзида ушбу талабномаларни қоғоз шаклида тақдим этишни сўраймиз.

Электрон талабноманинг ягона, фойдаланиш учун қулай шаклини белгилаб олиш мақсадида корхоналар ва ташкилотлар бухгалтерларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўз таклифларини «Электрон талабнома» деб қайд этган ҳолда почта орқали ёки pension_uz@pfca.mf.uz электрон манзилига юборишларини сўраймиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси.

 

 

Кадрлар хизмати ходимининг ён дафтарига

 

Ҳужжатлар ҳақида

 

Пенсия расмийлаштириш учун ҳужжатларни тўплаш осон иш эмас. Бу керакли маълумотномаларни мустақил равишда изловчиларга ҳам, хизмат мажбуриятларига кўра ташкилот ходимлари учун пенсия ҳужжатларини тайёрловчиларга ҳам тааллуқли. Кадрлар хизматларининг ходимлари якуний манзил – Пенсия жамғармасининг бўлими гача бўлган йўлдаги бартараф этишга тўғри келадиган тўсиқларни яхши биладилар. Ўзларини қийнаётган саволларни таҳририят билан ўртоқлашдилар. ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев уларга жавоб беради.

 

– Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари пенсияни расмийлаштириш учун пенсионерликка номзодларнинг меҳнат дафтарчаларини қабул қиладилар ва уларни анча узоқ муддат ушлаб турадилар (амалиётимда бир ходимга 6 ойдан ортиқ муддатда пенсияни расмийлаштирганлар, дафтарча Пенсия жамғармасида турган). Аслида Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага кўра ходимга меҳнат дафтарчаси 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга тилхат олиб берилиши мумкин. Агар ходим меҳнат дафтарчасини қабул қилганлик ҳақида тилхат беришларини сўраса ҳам, Пенсия жамғармаси инспекторлари уни зўрға берадилар, баъзилари эса умуман бермайдилар. Пенсия жамғармаси ходимлари учун бу борада қандай қоидалар белгиланган?

– Ҳа, албатта, қоидалар мавжуд ҳамда Пенсия ишларини расмийлаштириш ва юритиш тартиби ҳамда пенсия ҳужжатларининг шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари тўғрисидаги йўриқномада (АВ томонидан 17.11.2011 йилда 2282-сон билан рўйхатдан ўтказилган) батафсил қайд этилган.

Пенсия жамғармаси инспектори Йўриқномага амал қилиб, тақдим этилган ҳужжатлар – паспорт, маълумоти ҳақида диплом, ШЖБПҲ дафтарчасининг асл нусхаларини мурожаат қилувчига қайтариши шарт. Қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари бўлимда қолади: архив маълумотномалари; меҳнат дафтарчаси; ташкилотлар берган, шунингдек суғурта бадаллари тўланганлигини тасдиқловчи (чет элда ишлайдиган, якка тартибдаги тадбиркорлик, оилавий бизнес билан, деҳқон хўжалигида банд бўлган кишилар ва ҳ.к.) маълумотномалар. Жами йиллик даромад ҳақидаги декларацияни солиқ агенти бўлмаган иш берувчидан даромад олувчи ходим тақдим этиши шарт.

Ҳужжатларни қабул қилаётганда сизга албатта бу ҳақда тилхат беришлари керак. Унинг нусхаси Пенсия жамғармаси бўлимида тақдим этилган ҳужжатлар билан бирга сақланади. Пенсия жамғармаси бўлимининг пенсия тайинлаш бўйича комиссия тегишли қарор қабул қилганидан сўнг меҳнат дафтарчаси аризачига қайтарилади.

– Пенсия жамғармаси бўлимларида тақдим этиладиган зарур ҳужжатларнинг рўйхатини берадилар. Бунда турли бўлимлар уни тузишга ҳар хил ёндашадилар. Масалан, Учтепа туман Пенсия жамғармаси бўлими рўйхатида маҳалла қўмитасидан болалари сони ҳақида олинадиган маълумотнома кўрсатилган. А4 бичимидаги 20 варақ ёзув қоғозини тақдим этиш зарур деб қайд этилган. Бу талаблар тўғрими?

– Ёшга доир пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатлар рўйхати Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) 12-бандида келтирилган.

Қуйидагилар тақдим этилиши шарт:

 иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

 иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;

 ариза берувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси (2005 йил 1 январдан кейин).

Тайинланаётган пенсия спецификациясига қараб тасдиқловчи маълумотномаларни ҳам тақдим этиш зарур. Булар ҳарбий хизматни, партизан отрядларида бўлганликни, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилганликни тасдиқлайдиган маълумотномалар бўлиши мумкин. Ҳарбийлаштирилган соқчиликда, махсус алоқа органлари ва кон-қутқарув қисмларида хизмат қилувчилар буни тасдиқлайдиган маълумотномани тақдим этадилар. Оиласида ногирон боласи ёки ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган яқин қариндоши бўлганларга тиббиёт муассасасининг маълумотномаси, ТМК, ТМЭК хулосаси керак бўлади. Ушбу талаб ногиронлик бўйича пенсияни расмийлаштиришга ҳам тааллуқли. Уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар буни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этадилар.

Шунингдек рўйхатда маълумоти ҳақидаги, болани парвариш қилиш таътилида бўлганлиги ҳақидаги маълумотномалар кўрсатилган. Бунда болани парвариш қилиш бўйича таътил берилганлиги ва таътилдан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилиниши лозим. Дипломатик корпус ходимлари хотини (эри) чет элда бўлган вақтини тасдиқлайдиган маълумотномани тақдим этишлари шарт. Офицерларнинг хотинлари уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақтни ҳужжат билан тасдиқлайдилар. Ишсизлар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги туман (шаҳар) Бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг уларни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги тақдимномасини беришлари зарур.

Пенсия сўраб мурожаат қилган ҳар бир кишига алоҳида ёндашилиши, ҳар бири ўзига хос маълумотномаларни олиб келиши кераклигини яна бир бор қайд этиб ўтаман. Низомда уларнинг жами 16 номланиши қайд этилган ­(12-банднинг «а»–«п» кичик бандлари).

Пенсия жамғармаси бўлимларининг ходимлари ушбу рўйхатда бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмаслар.

– Аслида Низомда бунинг муддати – сўнгги 10 йил кўрсатилган бўлса ҳам, пенсияни расмийлаштириш учун бутун меҳнат фаолияти давридаги иш ҳақи ҳақидаги маълумотномаларни талаб қиладилар.

Киши баъзан 40 ва ундан ортиқ йиллик иши ҳақидаги ҳужжатларни излашига тўғри келади. Одатда, ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли тўлиқ стажини ҳужжат билан тасдиқлай олмайди. Пенсия жамғармаси ходимларининг бутун меҳнат фаолиятини маълумотномалар билан тасдиқлашни талаб қилиши тўғрими?

– Аввало шунга аниқлик киритмоқчиманки, 10 йиллик меҳнат фаолияти даври фақат пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақини аниқлаш учун қўлланилади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси 1-қисми).

Пенсия тайинлаш ҳақидаги аризага иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома илова қилинган бўлиши керак (Низомнинг 12-банди). Қайси давр учунлиги кўрсатилмаган. Фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а» банди). Шу сабабли иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш талаби тўғри қўйилган.

Меҳнат дафтарчасидаги ёзувларга келсак, улар ҳар доим ҳам стажга қўшиладиган фаолият даврларини тўлиқ акс эттирмайди. Масалан, иш ҳақи сақланмайдиган таътил, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, болалар 2 ёки 3 ёшга тўлгунча уларни парваришлаш таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври, шунингдек қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбурияти юкланмаган иш берувчида ишлаш шулар жумласидандир.

Суғурта бадаллари тўланганлиги далили ташкилотлар ва архивлар берадиган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномалар билан тасдиқланади (Низомга 12, 13-иловалар).

Агар ҳужжатлар топширилмаганлиги ёки ташкилот тугатилганлиги боис иш стажини тасдиқлаб бўлмаса, бу ҳақда архив маълумотномасини олиш зарур.

Пенсия жамғармаси бўлими ҳужжатларнинг мазмунини ва расмийлаштирилганлигини баҳолаб, улар берилишининг асосланганлигини текшириш тўғрисида қарор қабул қилади ёхуд меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради (Низомнинг 57-банди).

Агар зарур ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса ёки тақдим этилган ҳужжатлар қўшимча текширишни талаб қилса, комиссия томонидан ариза берувчининг ёзма розилигига кўра, шубҳа туғдирмайдиган мавжуд ҳужжатлар бўйича пенсия тайинланиши мумкин. Агар у бунга рози бўлмаса, ҳужжатларни текшириш тамом бўлгандан кейин пенсия тайинланади (Низомнинг 118-банди).

Комиссия қарорига рози бўлмаган тақдирда, ушбу масалани судда ҳал этиш мумкин (Низомнинг 82-банди).

Пенсия жамғармаси бўлимлари пенсиялар тайинлаш масалалари юзасидан тушунтириш ва маълумотлар беришлари, шунингдек аризачига зарур ҳужжатларни олишида кўмаклашишлари шартлигини ҳам эслатиб ўтмоқчиман (Қонуннинг 43-моддаси).

– Ариза барча зарур ҳужжатлар билан қабул қилиб олинган кун пенсия учун мурожаат этилган кун деб ҳисобланади (Қонуннинг 46-моддаси). Барча ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда аризачига бу ҳақда хабар қилиш лозим.

Амалиётда бўлим ходимлари тўлиқ пакетни талаб қилган ҳолда ҳужжатлар билан илк бор мурожаат қилинган санани умуман рўйхатдан ўтказмайдилар, тегишинча, келгусида пенсия тўловлари суммасига киритиладиган 3 ойлик муддат доим ҳам инобатга олинмайди. Пенсия жамғармаси ходимлари пенсия сўраб қилинган мурожаатни қандай расмийлаштиришлари шарт?

– Йўриқноманинг 9 ва 10-бандларига мувофиқ, пенсия, ижтимоий нафақа ва бошқа тўловларни тайинлаш учун ҳужжатлар инспектор (ёки катта инспектор) томонидан кўриб чиқилади. У тақдим этилган ҳужжатлар ксеронусхаларини асл нусхалар билан солиштиради ва уларнинг аслига тўғрилигини ўз имзоси билан тасдиқлайди. Барча ҳужжатлар (асл нусхалари ва ксеронусхалари), шунингдек ариза Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи (у бўлмаган тақдирда, унинг ўринбосари)га тақдим этилади, у аризага ўз резолюциясини қўяди. Ҳужжатларнинг ксеронусхаларини асл нусхалар билан солиштириб, ушбу ксеронусхаларнинг аслига тўғрилигини ўз имзоси ва Пенсия жамғармаси бўлимининг муҳри билан тасдиқлайди.

Ариза, тақдимнома бланкаси, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ расмийлаштирилган, уларда акс эттирилган маълумотлар паспорт маълумотлари, меҳнат дафтарчаси ва бошқа ҳужжатларга мос келиши шарт. Инспектор компьютер базасига маълумотларни киритади, иш стажи, ўртача иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ёки бошқа тўловлар миқдорини ҳисоблайди ва пенсия тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисида комиссия қарори лойиҳасини тайёрлайди.

Пенсия тайинлаш бўйича комиссия ҳужжатлар келиб тушгандан сўнг 10 кун муддат ичида тегишли қарорни қабул қилади (пенсия тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш, тақдим этилган ҳужжатларнинг асослилигини текшириш, пенсия йиғмажилдида етишмаётган қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш ва бошқалар тўғрисида). Аризачини қабул қилинган қарор тўғрисида 5 кун ичида хабардор қилишлари керак.

– Пенсия ёшига тўлиш билан пенсия олиш ҳуқуқи юзага келади. Агар у талаб этиладиган барча ҳужжатларни 3 ой ичида топширишга улгурса, пенсия расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилувчининг туғилган санасини мурожаат қилинган кун деб ҳисоблаш мумкинми? Бу ойлар уни тўлаш ҳисобига киритиладими?

– Пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб исталган вақтда уни тайинлашни сўраб мурожаат қилиш мумкин. Қонуннинг 47-моддаси «а» бандига кўра, ёшга доир пенсия, агар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб 3 ой ичида уни сўраб мурожаат этилган бўлса, пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан тайинланади.

 

1-МИСОЛ. Аёл 2016 йил 1 августда 55 ёшга тўлди. Агар у 2016 йил 30 октябргача (бу кун ҳам киради) ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилса, унга пенсия 2016 йил 1 августдан бошлаб тайинланади. Агар у 2016 йил 1 ноябрда ариза берса, ёшга доир пенсия унга 2016 йил 1 ноябрдан бошлаб тайинланади.

 

Бундан ташқари, етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш учун қўшимча вақт берилади. Чунончи, Қонуннинг 46-моддаси 2-қисмига кўра, тақдимномага ёки аризага барча зарур ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда Пенсия жамғармаси бўлими корхона, ташкилот маъмуриятига ёки аризачига қўшимча равишда қайси ҳужжатлар тақдим этилиши кераклиги ҳақида хабар қилади. Башарти, улар қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши зарурлиги ҳақидаги хабарнома олинган кундан эътиборан 3 ой ичида тақдим этилса, унда пенсия тайинланиши тўғрисидаги тақдимнома ёки ариза қабул қилинган кун пенсия тайинланиши учун мурожаат этилган кун деб ҳисобланади. Тегишинча, бу давр учун тўланадиган пенсия тўловлари суммалари ҳисобланади.

 

2-МИСОЛ. Пенсия ёшига етиши билан аёл кадрлар бўлими инспектори тайёрлаган ҳужжатлар билан Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилди. Ҳужжатларни қабул қилгандан кейин Пенсия жамғармаси бўлими иккита ташкилотдаги 15 йиллик иш стажини тасдиқлаш учун қўшимча ҳужжатларни тақдим этишни сўради. 2,5 ой ўтгач у етишмаётган ҳужжатлар билан пенсияни тайинлашни сўраб яна мурожаат қилди. Ҳужжатлар қабул қилинди, пенсия унга бўлган ҳуқуқ юзага келган кундан бошлаб тайинланди. Яъни у ҳужжатларнинг тўлиқ комплектини тўплаган 2,5 ой ҳам тўловлар ҳисобига киритилди.

 

3-МИСОЛ. Киши фақат стажни тасдиқлашни талаб қилмайдиган ҳужжатлар асосида пенсия тайинланишини рад этди ва судга мурожаат қилишга қарор қилди. Суд 4 ойдан сўнг иш стажини тасдиқлади. Унга пенсия ушбу қарорни ҳисобга олган ҳолда тайинланди, бироқ барча етишмаётган ҳужжатлар топширилган кун уни тайинлашни сўраб мурожаат этилган кун деб ҳисобланди. Аризачи хабарномани олган кундан эътиборан 3 ойдан кўп вақт ўтганини ҳисобга олган ҳолда ушбу давр пенсия тўловлари ҳисобига киритилмади. Ҳисобланган пенсия барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб тўланади.

 

Маълумот учун!

Ўриндошлик бўйича ишловчи ПЕНСИОНЕРЛАРГА ПЕНСИЯ асосий иш жойидан ТЎЛАНАДИ.

 

 

Расмий жавоб

 

Текширувдан кейингина ҳисобга киритилади

 

Мен пенсияга чиқиш учун ҳужжатларни тайёрлаяпман. Зарур архив маълумотномаларининг бир қисмини тўпладим. Бироқ, айни пайтда мавжуд бўлмаган ташкилотлар, масалан, мен ишлаган ателье бор. Бош корхонаси ҳам ёпилиб кетган. Хусусий шахс сифатида на корхона қайта ташкил этилганлиги ёки тугатилганлиги, на охирги манзили ҳақидаги маълумотларни топа олмаяпман. Суғурта бадаллари ва иш ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи маълумотномаларни қаердан олсам бўлади? Пенсия жамғармаси бўлими ҳужжатларни излашда кўмаклашиши керакми? Масалан, давлат тузилмаларига (вазирликларнинг архивларига, солиқ инспекциясига) расмий сўровномалар юбориш кўринишида?

Е.Александрова.

Тошкент ш.

 

– Сизникига ўхшаш вазиятда мазкур ташкилот ҳужжатлари топширилмаганлиги, ташкилот эса тугатилганлиги сабабли улар архивда мавжуд эмаслиги ҳақида архив маълумотномасини олиш зарур.

Пенсия жамғармаси бўлими Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) 57-бандига амал қилиб, иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди ҳамда тегишли қарор чиқаради. Масалан, улар асосли равишда берилганлиги ёки меҳнат фаолиятининг айрим даврлари иш стажига киритилганлиги ёхуд чиқариб ташланганлигини текшириш ҳақида.

Қабул қилинган қарор билан рози бўлинмаган тақдирда судга мурожаат этиш мумкин.

Бундан ташқари, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддаси 6-қисмида Пенсия жамғармаси бўлимлари пенсиялар тайинлаш масалалари юзасидан тушунтириш ва маълумотлар беришлари, шунингдек аризачига зарур ҳужжатларни олишида кўмаклашишлари шартлиги белгиланган. Юқорида қайд этганингиздек, улар тегишли ташкилотлар ёки архив муассасаларига пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни тақдим этишни сўраб мурожаат қилишлари мумкин.

Шунингдек тилга олинган Низомнинг 118-бандига мувофиқ, агар ариза берувчи пенсия тайинлаш учун мурожаат қилишда назарда тутилган зарур ҳужжатларни тақдим этмаса ёки улар қўшимча текширишни талаб қилса, пенсия тайинлаш бўйича комиссия томонидан ариза берувчининг ёзма розилигига кўра, шубҳа туғдирмайдиган мавжуд ҳужжатлар бўйича пенсия тайинланиши мумкин. Агар у бунга рози бўлмаса, комиссия у тақдим этган ҳужжатларни текшириш тамом бўлгандан кейин пенсия тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

 

 

Вақт ўтди

 

73 яшар пенсионер онамга пенсия нотўғри ҳисобланганлиги ҳақида маълум қилдилар. Оқибатда у тахминан 2,5 млн сўм қарз бўлиб чиққан. 70 ёшдан ошган пенсионерларга пенсия ҳисоблашдаги бундай хатоликларни давлат «кечириши» ва уни қайта ҳисобламаслиги, шунингдек ортиқчасини қайтармаслиги ростми?

Ю.Х.

Самарқанд ш.

 

– Ёши 75 га тўлган ва ундан ошган фуқаролардан уларга тайинланган пенсия ва нафақаларнинг ҳисобланиши, шунингдек қонунчиликда кўзда тутилган имтиёзларнинг қўлланилиши тўғрилигини текшириш натижаларига кўра аниқланган, пенсионерларнинг Пенсия жамғармаси олдидаги қарзи фақат 2015 йил давомида ҳисобдан чиқарилган (Президентнинг 14.04.2015 йилдаги «Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ­ПФ-4715-сон Фармонининг 3-банди).

Мазкур меъёр 2015 йилда амал қилган.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг
пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

Буни билиш керак

 

Архивга мурожаат қилинг

Пенсия олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда стаж ва даромадларни тасдиқловчи архив маълумотномаларини олиш зарур. Ушбу ахборот зарур ҳужжатларни излаётган ўқувчиларимизга ёрдам беради.

 

Архивнинг номи

 

Манзили (мўлжал)

 

Телефонлари, қабул кунлари ва соатлари

 

Тошкент ш. Давлат архиви

 

Яшнобод тумани (собиқ Ҳамза), Тузел-2 даҳаси, 29. www.toshkent.archive.uz

 

294-25-99, 294-45-14, 294-32-60.
Душанба–жума

9.00–13.00

 

Тошкент вилоят Давлат архиви

 

Қибрай тумани, Янгиобод қўрғони, Миллий боғ кўч., 27А

 

(99895)169-59-66, (99895)196-59-66.

Душанба, чоршанба, жума

9.00–13.00

ФҲДЁ Тошкент шаҳар архиви

 

Мирзо Улуғбек

тумани, Зиёлилар кўч., 26

262-93-33.

Душанба–жума

9.00–17.00 (13.00–14.00 – тушлик)

ФҲДЁ Тошкент вилоят архиви

 

Яккасарой тумани, Шота Руставели кўч., 93

 

253-84-70.

Душанба–жума

9.00–17.00

Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви

 

Тошкент ш.,

Чилонзор тумани, Чилонзор кўч., 2

(«Ўзбекфильм» биноси)
www.mda.uz

277-04-80,

277-36-60,

277-06-68

ЎзР илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари Марказий Давлат архиви

 

Тошкент ш.,

Олмазор тумани, Нозимахоним кўч., 86

142-11-94, 202-94-78.

Душанба–чоршанба

9.00–13.00

ЎэР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги

 

Тошкент ш., Чилонзор тумани, Чилонзор кўч., 2.
e-mail: uzarchive@archive.uz,
 www.archive.uz

 

277-24-25,
277-13-35 (факс)

 

Тошкент ш. Адлия бошқармаси ҳузуридаги нотариал архив

 

Мирзо Улуғбек тумани, Зиёлилар кўч., 26

(Марказий ҳарбий госпиталь)

269-04-10.

Душанба–жума

9.00–16.00

ЎзР Савдо-саноат палатасининг Марказий архиви

 

Тошкент ш., Яшнобод тумани (собиқ Ҳамза), Илтифот кўч., 6

(«Авиасозлар» автостанцияси, собиқ «Кадишев») www. arxivtpp.uz

298-78-51, (99890) 185-91-83,

(99890) 185-91-95

Душанба–пайшанба 9.00–13.00

 

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 2583 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика