Ходимани ишдан бўшатишда савол юзага келди. У 126 кунга (1.06.2015 йилдан 7.09.2015 йилгача) ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан. Ишга қабул қилинган сана – 1.05.2015 йил, ишдан бўшатилган сана – 1.05.2016 йил.
1. Фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни қандай қилиб тўғри ҳисоблаш мумкин?
2. Ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда болани парваришлаш таътили таътил олиш ҳуқуқини берадиган стажга киритиладими?
3. Ходимани ишдан бўшатишда фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни ҳисоблашда ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳисобга олинадими?
Х.Акмалхонов,
кассир.
1 |
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади (Меҳнат кодексининг 151-моддаси).
Таътил муддати таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш йилидан (иш стажидан) келиб чиқиб ҳисобланади. Иш йили календарь йилдан фарқланади, ҳар бир ходимнинг ўз иш йили бўлади. Иш йилининг бошланиши ходим меҳнат шартномасига кўра корхонада ишлаган биринчи кундан бошлаб ҳисобланади ҳамда қонун ҳужжатларига ва ички локал ҳужжатларга мувофиқ таътилни ҳисоблаш учун стажга қўшиладиган даврларни ҳисобга олади.
Фойдаланилмаган таътил учун пулли компенсация миқдори ишдан бўшаш санасида фойдаланилмаган таътил кунларининг тегишли сонида олинган ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади. Таътил вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова) 1-бандига мувофиқ аниқланади. Компенсация суммаси ўртача ойлик иш ҳақини кунлардаги иш вақтининг ўртача ойлик муддатига (6 кунлик иш ҳафтаси ҳисоб-китобида – 25,4 кунга) бўлиш йўли билан ҳисобланади ва календарь бўйича таътилдаги иш кунлари сонига (шанба кунларини ҳисобга олиб) кўпайтирилади.
Фойдаланилмаган таътил учун компенсация ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш бўлиб (Солиқ кодексининг 175-моддаси 1-банди), меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киритилади (Солиқ кодексининг 172-моддаси) ва унга шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ажратмалар, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари билан бирга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади (Солиқ кодексининг 307-моддаси).
2 |
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлиш вақти йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшилади (МКнинг 142-моддаси). МКнинг 142 ва 234-моддаларига асосан жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа локал ҳужжатида ёки меҳнат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, болани парваришлаш таътили ҳақ тўланадиган йиллик таътил олиш ҳуқуқини берадиган стажга қўшилмайди.
МИСОЛ. 2015 йил 1 майда ишга тушган ходима 126 кун (1.06.2015 йилдан 7.09.2015 йилгача) ҳомиладорлик ва туғиш таътилида, 2015 йил 7 сентябрдан 2016 йил 1 майгача эса болани парваришлаш таътилида бўлган. 2016 йил 1 майдан ишдан бўшади.
Ушбу ҳолатда 2015 йил 1 июндан 7 сентябргача бўлган давр таътил пулини ҳисоблашда стажга қўшилади.
Агар жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа локал ҳужжатида ёхуд ходима билан тузилган меҳнат шартномасида болани парваришлаш таътили йиллик ҳақ тўланадиган таътилни олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшилиши назарда тутилмаган бўлса, бундай таътил ҳисобга олинмайди. Тегишинча, унга 2015 йил 1 майдан 7 сентябргача бўлган даврда фойдаланилмаган йиллик меҳнат таътили учун компенсация тўланади.
Агар корхонангизда таътил пулини ҳисоблашда болани парваришлаш таътиллари вақти стажга киритилиши назарда тутилган бўлса, бунда 2015 йил 1 май–2016 йил 1 майдаги иш вақти учун компенсация тўланади.
3 |
Ходимани ишдан бўшатишда фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни ҳисоблашда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақанинг суммаси ҳисобга олинмайди. Таътил вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда суғурта бадаллари ҳисобланадиган иш жойидаги иш ҳақининг барча турлари ҳисобга олинади (Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг 1-банди). Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа суғурта бадаллари ҳисобланмайдиган бошқа даромадларга киради (Солиқ кодексининг 178-моддаси 1-банди). Шу сабабли ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа суммаси фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни ҳисоблашда инобатга олинмайди.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma Online» эксперти.