Масъулияти чекланган жамият (ЯСТ тўловчиси) узоқ муддат зарар кўриб ишлаётганлиги боис ихтиёрий тугатилиш ҳақида қарор қабул қилди. Корхонада ликвид активлари мавжуд эмас, зарар кўрилган ва юридик шахс олдида олинган қарз бўйича кредиторлик қарзи мавжуд. Жамият муассиси ҳисобланмиш юридик шахс ягона иштирокчи бўлганлиги боис тугатилаётган корхонага маблағларни жўнатиш йўли билан эмас, балки қарзни учинчи шахсга ўтказишга оид уч томонлама шартнома бўйича бевосита кредиторлардан қарзларини сўндирди.
Агар муассис корхонанинг қарзини кредиторларга қарзни учинчи шахсларга ўтказиш шартномаси бўйича тўлаган бўлса, Солиқ кодексининг 355-моддаси 14-бандига кўра ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъектининг муассисларидан унинг мажбуриятларини бажариш учун олинган маблағлар солиқ солишдан озод этилиши тарзидаги имтиёзни қўллаш мумкинми?
Бош бухгалтер.
– Ҳақиқатан ҳам, ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъектининг муассисларидан (иштирокчиларидан) унинг мажбуриятларини бажариш учун олинган маблағлар солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 355-моддаси).
Бироқ муассис ёрдам кўрсатаётганда, пул маблағларини тугатилаётган корхонанинг ҳисобрақамига ўтказмаган, шу боис Солиқ кодексининг 14-бандига мувофиқ қайд этиб ўтилган имтиёзни сиз қўллаб олмайсиз.
Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида низомнинг (Президентнинг 27.04.2007 йилдаги ПҚ-630-сон қарори билан тасдиқланган) 28-бандига мувофиқ кредиторлар талабларини қондириш муассислар (қатнашчилар) томонидан тугатилаётган корхонанинг банкдаги ҳисобрақамларига йўналтириладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
Демак, тугатилаётган корхонанинг қарзи қарзни учинчи шахсларга ўтказиш шартномаси бўйича сўндириладиган бўлса, Солиқ кодексининг 355-моддаси 14-бандига мувофиқ айтиб ўтилган имтиёз қўлланилмайди.
Неля ВАЛИНИНА,
«Norma Online» эксперти.