Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 36 / Божхона

Посилкаларни божсиз олиш чегараси

 

1. АҚШдан Ўзбекистонга посилкаларни етказиб берувчи логистика компанияси хизматларидан мунтазам фойдаланиб келаман. Посилкамда Ford автомобилининг 1989 йилда ишлаб чиқарилган тормоз цилиндри бор эди. Уни Тошкентда сотиб олишнинг имкони йўқлиги боис Америкадан буюртирилган эди. Илгари бу товарни олиб келиш муаммо туғдирмас эди. Ҳозир эса божхонадан ўтказганлик учун 238 минг сўм миқдорида ҳақ тўлашни талаб қиляптилар. Бундай вазиятда қандай йўл тутишим мумкин? Машинам учун Тошкентда сотиб олиб бўлмайдиган автомобиль эҳтиёт қисмини ўз номимга буюртириб, уни почтадан олишим мумкин эмасми?

Алексей Н.

* * *

2. Интернет-дўкон орқали телефон сотиб олмоқчиман. Унга бож тўлашим керак бўладими? Агар керак бўлса, қанча миқдорда? Ўзбекистон халқаро почтасида қандай божлар қўлланади?

К.Ш.

 

1

Сиз эҳтиёт қисмнинг қиймати, унинг ТИФ ТН коди, шунингдек посилкада бошқа товарлар бор-йўқлигини кўрсатмагансиз. Шу сабабли почта жўнатмангиздан божхона тўловлари ундирилиши хусусида хулоса бера олмаймиз. Бунинг устига, АҚШдан посилкаларни етказиб берувчи логистика компанияси хизматларидан мунтазам фойдаланишингизни айтиб ўтгансиз. Божхона қонунчилигида товарнинг мақсади деган тушунча бор. Эҳтимол, товарлар хориждан мунтазам келиб тушаётганлиги учун божхоначилар посилкадаги юкни тижорат юки деб ҳисоблагандирлар.

 

Товарнинг мақсади

Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларида олиб ўтиладиган товарлар божхона чегараси орқали соддалаштирилган тартибда ва 23-бобда назарда тутилган имтиёзлар қўлланилган ҳолда олиб ўтилади (Божхона кодексининг ­155-моддаси).

Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигини аниқлашда бошқа мезонлар (товарларнинг миқдори, бир турдалиги ва ҳ.к.) билан бир қаторда уларни олиб ўтишнинг такрорийлиги ҳисобга олинади. Бунда айни бир шахс томонидан бир турдаги товарларнинг бир неча бор олиб кирилишига, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун товарларни олиб кириш деб қаралади.

Шу тариқа, халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган бир турдаги товарлар бир неча бор олиб кирилган ёки жисмоний шахс манзилига келиб тушганда товарларни божсиз олиб кириш нормалари қўлланмайди.

2

Интернет-дўкон орқали сиз сотиб олмоқчи бўлган телефоннинг қиймати кўрсатилган божсиз олиб кириш нормасидан ошмайди деган фикрдамиз. Агар фикримиз тўғри бўлиб, сўнгги русумдаги Vertu телефонига буюртма беришни мўлжалламаётган бўлсангиз, почта жўнатмангиздан божхона тўловлари ундирилмайди.

 

Жисмоний шахс учун лимит ҳақида

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш нормалари (АВ томонидан 10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қуйидагиларни ташкил этади:

10 АҚШ доллари – чегарадош давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон) ҳудудидан олиб кириладиган истеъмол товарлари учун;

1 000 АҚШ доллари – юқорида кўрсатилмаган давлатлар ҳудудларидан олиб кириладиган товарлар учун;

1 000 АҚШ доллари – Ўзбекистон Республикаси ҳудудига юқорида кўрсатилмаган давлатлар ҳудудларидан халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида жисмоний шахслар манзилига келиб тушадиган товарлар учун.

Божсиз олиб кириш нормаси Ўзбекистондан ташқаридан жисмоний шахслар манзилига бошқача усулда келиб тушадиган товарларга татбиқ этилмайди.

 

Божхона тўловлари

Жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадларида халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган, қиймати ва (ёки) миқдори товарларни божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормасидан ортиқ бўлган товарларнинг ортиқ қисми учун божхона тўловлари қўлланилади (Божхона кодексининг 169-моддаси).

Импорт божхона божлари ставкалари Президентнинг «Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (5.08.2009 йилдаги ­ПҚ-1169-сон) билан тасдиқланган.

Ўзбекистон ҳудудига четдан келтириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига (22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон) ­13-2-иловада тасдиқланган.

Товарларни импорт қилишда ҚҚС ставкаси солиқ солинадиган базанинг 20%ини ташкил этади (Солиқ кодексининг 206-моддаси; ПҚ-2455-сон қарорнинг 3-банди).

Товарларни божхонада расмийлаштирганлик учун божхона йиғими ставкаси олиб кириладиган товарлар божхона қийматининг 0,2%ига тенг, бироқ камида 25 АҚШ доллари ва 3 000 АҚШ долларидан ортиқ эмас (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги ­204-сон қарори).

Божхона органи томонидан божхона тўловлари ҳисобланган товарларни ўз ичига олган халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари ваколатли шахсга улар тўланганидан кейин берилади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1799 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика