Мустақиллик йилларида божхона хизмати мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлиги даражасини оширувчи ишончли дастакка айланди. У иқтисодиётга мультипликатив таъсир кўрсатади, бу умумий макроиқтисодий кўрсаткичларда ижобий аксини топмоқда. Божхона маъмуриятчилигининг такомиллаштирилиши, божхона расмийлаштируви ва назорати мақбуллаштирилиши, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши бунга замин яратмоқда.
Глобал божхона назоратидан танлаб текширишга, божхона операцияларини амалга ошириш жараёнидаги назоратдан товарлар чиқариб юборилганидан кейинги назоратга ўтиш принциплари Божхона кодексининг янги таҳририда акс эттирилган.
Киото конвенцияси асосида
Нормаларга кўра божхона маъмуриятчилиги дастакларидан бири бўлган кейинги божхона аудити, башарти божхона назоратининг самарадорлиги сақланса, унинг максимал даражада соддалаштирилиши ва жадаллаштирилишига туртки бўлиши керак (Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш бўйича халқаро конвенция, Киото, 18.05.1973 й., бундан кейин – Киото конвенцияси). Жаҳон божхона ташкилотининг (WCO) фикрича, ахборот технологиялари ва хавфни бошқариш тизимидан фойдаланиш билан бир қаторда, бу замонавий божхона маъмуриятчилигининг энг самарали дастакларидан биридир. WCO кейинги назорат (товарларни чиқариб юборилганидан кейин текшириш) замонавий божхона назорати ва савдони ривожлантиришга кўмаклашувнинг муҳим қисми ҳисобланишидан келиб чиқади. Бир томондан, у олиб ўтиладиган товарларнинг ҳажмлари ошганда улгуриш, бошқа томондан – ташқи савдо иштирокчилари учун мақбул шароит яратиш имконини беради.
Аудит усуллари асосида назорат қилиш деганда божхона хизмати товарларга декларациялар тўғри тўлдирилганлиги ва уларда тўғри маълумотлар кўрсатилганлигига ишонч ҳосил қилиши учун кўриладиган чора-тадбирлар мажмуи тушунилади. Бунда декларациялашга тааллуқли шахслар ҳисобварақларни ҳисобга олувчи тегишли дафтарлар, ҳужжатлар, ҳисоб ҳужжатлари ва тижорат ахборотини текширадилар.
Божхона аудитининг 2 хил шакли: божхона расмийлаштирувидан кейин ўтказиладиган аудит ҳамда савдо қатнашчилари тизимларининг аудити фарқланади. Кейинги божхона аудити халқаро савдода қатнашувчи шахслар фаолиятини текшириш учун ўтказилади. Оддий божхона текширувидан фарқли равишда, божхона аудитида ташқи савдо операциясининг молиявий-хўжалик натижаси ва божхона расмийлаштируви натижасига умумий бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисоботининг бир қисми сифатида қаралади. Бундай ёндашув ташқи савдо битимларининг аниқ-тиниқ манзарасини яратиш, шунингдек бухгалтерия ҳисоби асосида божхона ва солиқ ҳисоботи маълумотларини солиштириш имконини беради.
Аудитдан мақсад – ТИФ иштирокчисининг молиявий-хўжалик фаолиятини ҳақиқатда текширишдан иборат бўлибгина қолмай, балки унинг ҳисоб иши ва сиёсатини такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқиш ҳисобланади. Бундай жараён оқибатида божхона расмийлаштируви тартиби соддалашади. Божхона аудити ТИФ иштирокчисининг ҳисоб ва ҳисобот тизимини божхона хизмати талабларига мослаштиришда ёрдам бериши керак. Божхона органлари эса ўз навбатида барча талаб ва тавсияларга амал қиладиган ТИФ иштирокчиларининг божхона назоратини соддалаштиришлари лозим.
Божхона тозалашидан кейин аудитга не ҳожат
USAIDнинг «Савдо ва даромадлар» лойиҳаси божхона масалалари бўйича эксперти Ирина Свифт кейинги назорат услубиятига тушунтириш берди: божхона товарлар чиқариб юборилгандан кейин ТИФ иштирокчисининг офисида бухгалтерия ҳисоботи ва ҳужжатларни ўрганиб, божхона ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларига риоя этилганлигини текширади. Бу божхона учун қулай, сабаби у хавф таҳлили асосида товарлар ҳақиқатан қонун ҳужжатларини бузмасдан чиқариб юборилганлигини самаралироқ аниқлай олади. Бу ички назорат яхшиланганлиги туфайли товарлар тез чиқарилиши, тозалашга харажатлар камайиши ва қонунбузарликларсиз иш кўрсаткичлари оширилишидан манфаатдор ТИФ иштирокчиси учун ҳам қулай.
Кейинги назорат – тижорат соҳасидаги фирибгарликка қарши курашиш ва хавфни бошқариш услубияти самарадорлигини текширишнинг таъсирчан чораси. У божхонада тез тозалаш ҳисобига савдо ҳажмини ошириш, бунда камроқ ходимларни жалб этиш имконини беради. Кейинги аудит – божхона назоратидаги мажбурий стандарт. Айни пайтда у АҚШ ва ЕИ мамлакатларида божхона назоратининг асосий шакли саналади. Япония, Жанубий Корея ва Хитойда ҳам кенг қўлланилади.
Мамлакатимиз қонун ҳужжатлари позициясидан
Маҳаллий божхона амалиётида кейинги божхона назорати (КБН) товарларнинг божхона қиймати, келиб чиқиши, тариф классификацияси ҳақидаги, божхона божларини тўлашдан озод қилинганлиги, божхона тўловлари суммалари қайтарилганлиги (қопланганлиги) ҳақидаги ва бошқа маълумотларнинг мувофиқлигини тасдиқлаш учун ўтказилади. Зарурат туғилганда бошқа соҳалар ҳам текширилиши мумкин.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан ҳисоби юритиладиган божхона назорати остидаги товарлар ва транспорт воситаларини ҳисобга олиш тизимини текшириш, хусусан, шахс божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартиб-таомилларини қўллаш тўғрисида ариза берганда қўлланилиши мумкин (Божхона кодексининг 200-моддаси).
Шунингдек божхона органлари товарлар чиқариб юборилганидан кейин, башарти божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган деб тахмин қилиш учун етарли ва тасдиқланган асослар мавжуд бўлса, божхона назоратини амалга оширишга ҳақли (БКнинг 201-моддаси).
КБН амалга оширилаётганда божхоначилар товарларнинг борлигини текширишга, уларни қайта божхона кўригидан ўтказишга, божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларни қайта текширишга, ҳужжатларни ҳамда ушбу товарлар билан амалга ошириладиган ташқи иқтисодий операцияларга ва ундан кейинги тижорат операцияларига тааллуқли ахборотни текширишга ҳақли. Текширув мазкур операцияларга бевосита ёки билвосита алоқадор ёхуд зарур ҳужжатларга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар жойлашган ерларда ўтказилиши мумкин.
КБНни ўтказиш учун божхона органи бошлиғининг ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг текширув мақсади, уни ўтказиш муддатлари, текширувчи божхона органи мансабдор шахсларининг таркиби ва текширилаётган давр кўрсатилган қарори асос бўлади.
КБН айни бир контракт (шартнома, келишув) бўйича кўпи билан 1 марта ўтказилиши мумкин.
КБН ҳамда божхона тўловларини қўшимча ҳисоблаш товарларнинг божхона назорати остида бўлиши тугаган пайтдан эътиборан 1 йил ичида амалга оширилиши мумкин.
Товарлар чиқариб юборилганидан кейинги назоратнинг бугунги ва келажакдаги ҳолати
КБНнинг амалдаги тизими хориждаги кейинги божхона аудитидан бирмунча фарқ қилади. Бу божхона органлари ходимлари мустақил равишда ўтказадиган назоратдир. Унинг асосий мақсади – муайян ТИФ иштирокчисининг имижини шакллантириш ва хавф даражасини аниқлаш эмас, балки қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва бюджетга тўланмаган тўловларни ундиришдир.
WCO стандартларида назарда тутилган кейинги назорат тизимини самарали амалга ошириш учун ҳуқуқий асос мавжуд. Услубий ва техник ечимларни шакллантиришда давом этиш, тегишли норматив базани ривожлантириш зарур. Бунинг учун божхона тизимини такомиллаштирибгина қолмай, божхона йиғимларини ундиришга урғу бериш принципидан савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва етказиб бериш жараёнини назорат қилишга ўтиш лозим.
Бунда хавфни бошқариш тизими (ХБТ) ва кейинги назорат, халқаро амалиёт ва Божхона кодекси талаб қилганидек, бир-бири билан боғлиқ бўлиши керак.
Келгусида божхона аудити институтини ривожлантириш учун унинг натижаларини қўллай олиш масаласи муҳим масалага айланади. Улардан қуйидаги мақсадларда:
● божхона тўловларини тўлашни кечиктириш/бўлиб-бўлиб тўлаш имкони бериладиган ТИФ иштирокчисининг молиявий жиҳатдан барқарорлиги ва тўловга қобиллигини тасдиқлашда;
● божхона расмийлаштирувида йўл қўйилган хато ва ноаниқликларни ихтиёрий тузатиш сабабларини аниқлашда;
● ТИФ иштирокчилари, шу жумладан божхона расмийлаштируви ва божхона назоратининг соддалаштирилган шаклига эришган ёки унга даъво қилаётганларининг фаолиятини баҳолашда ҳисобга олишда фойдаланса бўлади.
Қонунга итоаткор ТИФ иштирокчилари учун божхона аудити бизнес юритиш хавфсизлигини оширувчи дастакка, қўлланилаётган турли божхона назорати шакллари сонини соддалаштириш ва қисқартириш имконини берувчи усулга айланиши мумкин. Божхона хизматининг ХБТ ва кейинги назоратни қўллаши ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш тизимининг зарур элементи бўлган божхона аудити институтини ривожлантириш имконини беради.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.